...

14. Қутлуғ даъват ва қўпол инкор

Биз Маҳзум ўғиллари Абди Маноф ўғиллари билан ҳамиша пойгада

бошма-бош кетаётган икки отдай эдик, бирданига улар “Биздан Расул чиқди!” дедилар. Энди бунга тенг келадиган жавоб тополмасдик. Ё қабул қилишимиз керак, ё инкор! Аслида Муҳаммаднинг айтаётганлари тўғри, лекин мусулмон бўлсам, маккалик аёллар орқамдан кулмайдими? Айниқса “Алпқомат Амр ҳам Абдулмутталибнинг етимига бўйин эгибди-да” дейишса борми, бунга асло тоқат қилолмайман.

- - Сарваримиз изларидан - - 14

М. Саид АРВОС қаламидан

Муборак ҳижрат сабабли мадиналиклар Сарваримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) билан танишадилар. Аксари илк кўришларида мусулмон бўладилар. На бир мўъжиза талаб қилишади, на бир савол қотишади. Қалбдан теран таслимот билан “Аманно” деб, ҳалқага қўшилардилар.

Ибни Салом аслан яҳудий олими эди. Қавми орасида жуда ҳурматли эди. Расулуллоҳни кўриши билан дарров имон келтиради. Ҳеч иккиланмай, шу оннинг ўзида-ёқ...

Уни таниганлар “Яхшику-я, лекин роса саволлар тайёрлаб қўйганинг қани?” дейдилар. У эса “Ҳеч ҳожат қолмади.”- дейди шивирлаб, - “Бундай гўзал юзнинг соҳиби ёлғон гапирмайди” - деб жавоб беради.

***

Ҳолбуки қурайшликлар Расулуллоҳни анча яқиндан танирдилар. Тўғрилигини, жўмардлигини, меҳмонсеварлигини яхши билар, уни “Амин” деб мадҳу сано қилишарди. Имон келтиришадими ё келтиришмайдими, бу ўзларининг иши, албатта.

Лекин шунча нафрат, шунча душманликнинг сабаби недир ажабо?

Бу муборак зотдан уларга нима керак ўзи?

Сарвари коинот жанобимизга душманликда худди мусобақалашаётгандай жон куйдираётган исмлар орасида биттаси доимо олдинда эди: Амр бин Ҳишом ал-Муғира.

Бу шахс ўжарлик билан жаҳолатда шунчалик оёқ тираб туриб олгандики, исми оламга “Абу Жаҳл” деб танилди...

***

Фахри олам Каъбанинг ёнида ўтирган кунларнинг бирида ёнига Жаброил алайҳиссалом келади. Мушрикларнинг энг ҳаддидан ошганларидан Ос бин Воилнинг оёғига, Асвад бин Мутталибнинг кўзига, Хориснинг қорнига, Асвад бин Яғваснинг бошига, Валиднинг болдирига бир ишорат қўяди.

Улардан Ос бин Воилнинг товонига тикан киради. Оёғи туянинг бўйнидек шишиб кетади ва қийнала-қийнала жон беради...

Асвад бин Мутталиб бир дарахт тагида ўтирганида кўзларини зулмат қоплаб, кўр бўлади. Бошини дарахтларга уради...

Хорис бин Қайс эса бир куни шўр балиқ еб, шундай чанқоқ тутадики, тўйганини билмай сув ичаверади. Охир-оқибат қорни ёрилиб ўлади.

Асвад бин Абди Яғвас Боди Самум деган жойга кетганди. Бирданига юз-қўли қоп-қора тус олади. Ваҳимага тушиб, уйига қайтади. Лекин оиласи уни танимай, уйга киритмайди. Аламидан бошини уйининг эшигига уриб парчалайди...

Валид бин Муғира ўқ ясайдиган устахона ёнидан ўтаётганида болдирини бир темир парчаси чизиб кетади. Қонни тўхтата олмайдилар...

Уларнинг бешаласи ҳам дучор бўлган фалокатнинг сабабини билиб “Муҳаммаднинг Аллоҳи мени ўлдирмоқчи” деб дод солишади.

***

Биъсатдан аввал Пайғамбаримизнинг қизлари Умму Гулсум ва Руқаййа (родиаллоҳу анҳума) Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утайба ва Утба билан унаштирилганди.

Сарвари олам таблиғни бошлаганларидан кейин Абу Лаҳабнинг аёли Умму Жамил ўғилларини четга тортиб “Муҳаммаднинг қизларини талоқ қиласанлар. Шунда улар ҳеч кимнинг юзига қарай олмайдиган бўлишади” дейди. Утайба талоқ билан кифояланмай Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига келиб “Сени ҳам, олиб келган динингни ҳам тан олмайман” дея турткилаб кўйлакларини йиртади.

Ҳабибуллоҳнинг кўнгли қаттиқ оғрийди. “Тилайманки Аллоҳу таоло кўппакларидан бирини устингга юборсин” дейдилар. Абу Лаҳаб буни эшитиб, хавотир билан ўғлининг оқибатини кута бошлайди.

Шу кунларда Утайба бир карвонга қўшилиб, Шомга йўл олади. Зарқа дейилган жойда бироз дам олишга тўхтаганларида бир арслон атрофларида айлана бошлайди. Утайба бошига тушадиган фалокатни тушуниб, дод-войни бошлайди. “Шу арслон мени тилка-пора қилади. Муҳаммаднинг айтганлари чиқди” деб уввос солади. Дўстлари Утайбани ўрталарига олиб “Қўрқма, бу ерда шунча қуролли одам бор-ку, яқинлашолмайди. Сен юзингни бекитиб ёт, шунда танимайди” дейдилар.

Кечанинг ярмида арслон қайтадан келиб, ҳидлаб-ҳидлаб Утайбани топади ва тишларини бўғзига ботириб, Жаҳаннамга йўллайди.

Абу Лаҳаб бу ҳодисага ҳечам ажабланмайди, фақат “Эҳ, айтмаганмидим...” дейди, холос.

***

Қурайшликлар замонида ҳазрати Иброҳим ва ҳазрати Исмоил таблиғ қилган Ханиф динига мансуб эдилар. Сўнгра тавҳид ақидасидан узоқлашиб, Каъбани бутларга тўлдирадилар. Лотга, Манотга ростдан ҳам Худо деб ишонишармиди бизга қоронғу, лекин бу ишдан мўмайгина пул топишарди. Каъба зиёрати учун Арабистоннинг тўрт томонидан келган одамларни кутиб олиб, даромадли савдолар қилишарди. Ичларидан баъзилари Хорундек бойиб кетади. Бойлари ўзларига мослаб, бир тартиб ўрнатадилар. Уларнинг сўзлари қонун, осиб-сўйиб, хоҳлаганини тортиб олиб, яна ҳеч кимга ҳисоб бермайдиган бир низом қуришган эди. Йилларча давом этган шундай ёвуз бошқарув оқибатида айтганларини қилдиришга одатланиб қолишган, ўта кетган кибрли, кек сақловчи ва хасис гуруҳга айланганди.

Лекин шунча ҳайвонийликларига қарамай яна ўзларининг “Ўзгача, тангриниг назари тушган” ликларига ишонишарди, авом халқ билан бир ерда бирга ўтиришдан ҳазар қилишарди. Қулларни ва ҳеч кими йўқ одамларни ҳайвонлар билан тенг кўришарди.

Ҳолбуки Фахри олам худди шу кунларда халқ орасида юриб “Тароқнинг тишларидек тенг” бир жамият ҳақида гапирмоқда эдилар. Уларга бу тенглик асло хуш ёқмайди. Огоҳлантирилган азобларга қарамай, ширкда оёқ тираб туриб олиб, мавқеларини сақлаб қолишга уринадилар.

Жаноби Расулуллоҳ “Ла илоҳа иллаллоҳ денг ва саодатга эришинг!” дедилар. Абу Жаҳл “Бу гапларни бизни Аллоҳнинг олдида таблиғингга гувоҳ қилиш учун айтаётган бўлсанг, оввора бўлмагин. Мен у ерда вазифасини бажарди, динини таблиғ қилди, деб айтаман” деди.

Мадина-и мунавваранинг бир кўриниши (1910 йиллар)

Кўр-кўрона қайсарлик...

Абу Жаҳл Ирош исмли бир ўзга юртликдан туя сотиб олганди. Лекин ҳақини тўламай “Эртага кел, индинга кел” деб ортга ташларди. Бечора одам қурайшликлардан орага тушиб Абу Жаҳлдан пулини олиб беришларини сўраб илтимос қилса ҳам, ҳеч ким у билан низолашишга журъат этолмасди. Биттаси “Бор, Муҳаммадни излаб топ. Абу Жаҳл фақат ундан ҳайиқади, қўрқади” деб маслаҳат беради. Аллоҳнинг Ҳабиби ғариб йўловчининг гапини қайтармайди. Абу Жаҳлнинг эшигини қоқиб, бир оғизгина “Шу одамнинг ҳақини бер” дейдилар. У золим, муттаҳам бўлса, шамдек эриб, дарҳол туянинг ҳақини келтириб, олдиларига қўяди.

***

Абу Жаҳл уйининг кираверишига бир чуқур қаздиради. Режаси бўйича, Расулуллоҳни меҳмонга чақиради-ю ҳалиги чуқурга қулатмоқчи бўлади. Лекин бир куни тайёргарлик билан бўлиб ўша чуқурга ўзи ағнаб кетади... Арқон туширадилар етмайди, нарвон берадилар чоҳ яна-да чуқурлашиб кетади, хуллас нима қилсалар ҳам уни чуқурдан чиқара олмайдилар. Қараса, ҳеч бир натижа чиқмайдиган. “Бориб, Муҳаммадни чақириб келинглар. Мени фақат У чиқара олади” дейди минғирлаб. Расули Акрам келиб, муборак қўлларини узатадилар (ҳолбуки чоҳ жуда чуқур эди) ва осонлик билан тортиб оладилар.

***

Муғира ибн Шуба айтади: Бир кеча Абу Жаҳл билан Макка кўчаларида кезиб юргандик. Расулуллоҳга дуч келиб қолдик. “Эй Ҳакамнинг отаси, Кел, Аллоҳга ва Расулига тобе бўлгин. Мен ҳам сенга дуо қиламан!” дедилар.

- Эй Муҳаммад, илоҳларимизга тил текказиб, уларга сиғинишдан бизни қайтараётган сен эмасмисан? Агар гапларинг ҳақ эканлигини билсам, сени ранжитмасдим.

Расулуллоҳ кетганидан кейин Абу Жаҳл менга қараб “Худо ҳаққи, Муҳаммаднинг айтганлари айни ҳақиқат! Биз уни болалик йилларимиздаёқ “Муҳаммад-ул Амин” деб чақирардик” деди.

- Унда сени имон келтиришдан тўсиб турган нарса нима?

- Агар мусулмон бўлсам, маккалик хотинларнинг устимдан кулишларидан қўрқаман: “Алпқомат Амр ҳам Абдулмутталибнинг етимига бўйин эгибди-да” дейишса борми, бунга асло тоқат қилолмайман.

***

Аслида, Абу Жаҳлнинг куфрда қадалиб туриш учун бундан бошқа сабаблари (!) ҳам бор. “Биз (Маҳзум ўғиллари) шон-шараф хусусида Абди Маноф ўғиллари билан ҳамиша талашиб-тортишиб, ортда қолмай келамиз. Улардан эл-юртга таом тарқатган, ҳадялар улашган не-не сахийлар чиқди, бизлардан ҳам чиқди... Улардан шоирлар, мерганлар чиқди. Биздан ҳам... Улардан қабилалар ораси сулҳни таъминловчи элчилар чиқди. Биздан ҳам... Каъбанинг хизматига талабгор бўлдилар “хўп” дедик. Сув тарқатиш ва байроқдорлик хизматини олдилар, индамадик. Улар билан биз худди пойгада тенгма-тенг кетаётган икки отдек эдикки, улар кутилмаганда “Биздан Расул чиқди!” дедилар. Энди бунга муносиб жавоб топиш мумкин бўлмасди. Ё айтганларини қабул қилиб қўл қовуштиришимиз керак, ё инкор!...”