Савол: Бир иш сабабли ифторни қанчага кечиктириш жоиз?
Жавоб: Шом вақти киргани қатъий билинса, аввал хурмо ё сув каби бир нарса билан рўза очилади. Сўнгра намоз ўқилади. Тезда овқатланиб олиб сўнгра намозни ўқиш ҳам жоиз. Фақат ифтор дастурхонида турли таомлар бўлгани учун шом намози макруҳ вақтга кечиктирилиши мумкин. Шу жиҳатдан аввал намозни ўқиш сўнгра аста-секин овқатланиш дуруст бўлади. Вақтнинг киргани қатъий билинмаса, аввал намозни ўқиш керак. Кейинроқ вақтнинг кирмаганлиги аниқ бўлса, намозни қайта ўқиб олиши мумкин. Лекин вақти кирмасдан рўза очиладиган бўлса, рўзаси бузилган бўлади. Уни тиклаш мумкин эмас. Вақтнинг киргани қатъий билинса, аввал рўзани очиб, намозни ўқигандан кейин овқатланиш керак.
Ҳадиси шарифда “Ифторда шошилинг” деб марҳамат қилинган. (Ҳаким) Шошилишнинг сўнгги вақти мўътабар китобларда юлдузлар кўрингунгача эканлиги билдирилмоқда. Бу эса тахминан шом кирганидан ярим соат кейин. Ҳадиси шарифда “Юлдузлар кўринмасдан туриб ифтор қилган киши суннатимга амал қилган бўлади” деб марҳамат қилинган. (Ибни Ҳиббон)
Савол: Ифтор қилишдан олдин қайси дуо ўқилади?
Жавоб: Қуёш ботганлиги аниқ бўлганидан кейин ифтордан аввал аузу бисмиллоҳ айтиб “Аллоҳумма ё восиал-мағфираҳ иғфирли ва ли-валидаййа ва ли-устозия ва лил-муминина вал муминат йавма йақумулҳисоб” ўқилади. Маъноси қуйидагича: “Эй мағфирати кенг бўлган Аллоҳим! Қиёмат куни ҳисобга тортилаётганда мени, ота-онамни, устозимни, эркак ва аёл бутун мўминларни авф этгин!”
Бир-икки луқма еганидан кейин “Заҳабаззама вабталлатил уруқ ва саба-тал-ажр иншаллоҳу таоло” дейилади ва овқат ейишда давом этади. Бу ифтор дуосининг маъноси қуйидагича: “Очлик тугади. Томирларимизнинг сувга қовушиш вақти келди, иншаллоҳ савоб ҳосил бўлди.”
Рамазонда қуйидагича дуо қилинади: Ё Рабби, бизни Рамазони шарифнинг саодатига ноил айлагин! Рамазони шарифда авфу мағфират қилган ҳамда жаҳаннамдан озод қилган қулларингни орасига бизларни ҳам қўшгин!
Савол: Бир жойга ифторликка борганда шомнинг фарзини ёки суннатини овқатдан кейин ўқиса бўладими?
Жавоб: Вақтнинг киргани қатъий аниқ бўлса аввал рўзани очиб, сўнгра шом намозини ўқиш керак. Ундан кейин овқатланади. Намозни макруҳ вақтга қолдирмаслик керак. Шом намозини юлдузлар кўрингунгача (тахминан ярим соатга яқин) кечиктирмаслик лозим. Ортида суннати бўлган намозларда фарздан кейин охирги суннатни дарров ўқимаслик макруҳдир. Ифторни баҳона қилиб, бир мажбурият бўлмасдан шомнинг суннатини тарк этиш жоиз эмас.