Савол: “Қуръон ва суннат турганда мазҳабларга эргашилмайди. Шахсан мен Аллоҳнинг каломини ҳеч бир мазҳаб олимининг сўзига алишмайман. Шунинг учун ўзим тайёрлаб, ўзим амал қиламан. Қуръон турганда бошқа нарсаларга не ҳожат? Ҳадислар ҳам шундай. Аллоҳнинг каломи турганда ҳадисларнинг нима кераги бор?” дейишади. Нима, Расулуллоҳ ва мазҳаб имомлари Қуръонга зид гапиришганми?
Жавоб: Бу сафсатага “демагогия” дейилади. Бу рўпарасидаги одамни чалғитиб, адаштириш учун “тўғрига ўхшаб кетадиган нотўғри сўз айтиш” деганидир. “Аллоҳнинг каломини ҳеч бир мазҳаб олимининг сўзига алишмайман” дейди. Ислом оламида бунинг аксини айтаётган одам борми ўзи? Расулуллоҳнинг ва мазҳаб имомларининг айтганларига эргашиш, бошқаларнинг сўзини Аллоҳ каломидан баланд тутиш дегани эмас-ку! Бу фақат бемазҳаб зиндиқлар ишлатадиган пасткаш демагогик усул. Ўзича Қуръон маъноси деган таржималар тўпламини ўқиб, тушунган алламбалолари Қуръон бўлади-ю, лекин Пайғамбаримиз ё мазҳаб имомларининг Қуръони каримдан тушунганлари, ҳошо, Қуръондан фарқли бўладими? Бу қандай журъат!? Бу қандай худосизлик!? Қандай ақлсизлик!?.
Бу бетавфиқлар уялмай мусулмонларга ўшқириб “Нимага Аллоҳ каломига эмас, бошқа манбаларга мурожаат қиласанлар?” дейишади. Ушбу диннинг соҳиби, пайғамбари, Аллоҳу таолонинг ҳабиби бўлган Расулуллоҳнинг ёхуд У зотнинг ворислари бўлмиш мазҳаб имомларининг англаганлари Қуръонга хилоф бўладиган даражада таҳликали бўлса, биз ялангоёқларнинг Қуръондан англаганларимиз қанақасига дин бўлади деб сира ўйлаб кўришмайдими? Ҳамманинг оятдан ўз (!) англагани ишончли далил (!) бўлади-ю, Расулуллоҳ ва Унинг ворислари бўлган олимларнинг оятдан тушунганлари қанақасига ишончли далил бўла олмайди?
Дин нақлга асосланади. Ўзбошимча тушунганларимиз асло ва қатъо динда далил бўлолмайди! Ўзимизча оятлардан қилган хулосалармизга “Мана шу Қуръон бўлади” дейиш асло дуруст эмас! Агар шундай бўлганида эди, дунёда қанча одам яшаса шунча диний қараш юзага келарди. Бошқа айтганда дин деган нарсанинг ўзи қолмасди.
Савол: Мазҳабга эргашишдан ҳазар қиладиган биттаси бундай дейди: “Ҳақ бўлган Қуръон ва Суннат! Бирон нарса айтган одамнинг сўзи Қуръон ва суннатга мос келса, у киши ҳақ аҳлидир. Мос келмаса ҳақ аҳли эмас. Ҳақни фақат Қуръон ва Суннат аниқлаб, исботлайди. Имоми Аъзамнинг ёки бошқа олимларнинг гаплари билан ҳақ исботланмайди.” Шу гаплари тўғрими?
Жавоб: Бу бемазҳаб “Қуръон ва суннат” деб асл мақсадини шу чиройли сўзларнинг орқасига яширяпти. Қуръон ва Суннат айни ҳақиқатдир. Лекин ўша бемазҳабдан сўранг, Қуръон ва Суннатдан кимнинг тушунгани ўлчов бўла олади? Мужтаҳид олимларникими ёхуд бемазҳаб зиндиқларникими? Дуч келган ялангоёқ мазҳабсиз Қуръон ва Суннатга қараб “Имоми Аъзам нотўғри айтган, у ҳақ аҳли эмас” деб хулоса қилиш ҳуқуқига эга эмас! Қуръон ва Суннатни энг яхши тушунадиганлар мужтаҳид олимлардир, масалан уларнинг энг буюги Имоми Аъзамдир. У зот “Ҳақ мана шу” деса, шунга эргашилади. Мазҳабсизнинг ўзича тушунганига икки дунёда ҳам эргашилмайди. Бир мисол келтирайлик: Мазҳабсиз ҳариф “Қуръонда Кавсар сурасидаги “Аллоҳ учун қурбонлик қил!” амрини кўриб, қурбонлик сўйиш ҳаммага фарз” деса, унинг Қуръондан тушунгани ҳақ эмас. Ҳеч бир мужтаҳиднинг мазҳаби “Қурбонлик сўйиш ҳаммага фарз” демаган. Демак бизга ўхшаганларнинг Қуръон билан, Суннат билан ҳақни топишимиз деярли мумкин эмас. Бир баққолнинг қонундан, конституциядан тушунгани билан бир ҳуқуқшуноснинг тушунгани бирдек бўлмайди. Устига устак Қуръони каримни ҳаққоний равишда англаб етиш, конституцияни тушунишдек осон эмас. Мазҳабсизларнинг ҳақ хабарларга зид ҳолда Қуръони карим ва Суннатдан ўзбошимча чиқарган ҳукмлари асло ҳақ бўлолмайди. Шунинг учун ҳақни топиш фақат тобе бўлган мазҳабининг ҳукмига эргашиш билан амалга ошади.
Сарвари коинот (алайҳиссалом) Қуръонни шарафли дўстларига (Асҳоби киромга) изоҳлаб, шарҳлаганлар. Қуръони каримни Пайғамбаримизнинг тушунтирганларидан озгина ўзгача шарҳлаган кимсанинг қилган хулосаси ёки ҳукми куллиян яроқсиздир. Нима ёки кимнинг Ҳақ эканлиги фақат Расулуллоҳ, Асҳоби киром ва мазҳаб имомларининг кўрсатмалари орқали маълум бўлади. Мазҳабсизларнинг Қуръони карим ва Суннатлардан калта ақллари билан тушунганлари билан ҳақни, ҳақиқатни топиш мумкин эмас. Улар “Ҳақ кишиларга қараб топилмайди” деган сўзи билан мазҳаб имомларини назарда тутишяпти. Ўз ифлос нафсларида тушунганларини эса ҳақ деб қабул қилиш безбетлигидан ҳам зиғирча ҳаё қилишмаяпти. Шунинг учун бу аблаҳлар Қуръон маъноси деган уйдирма таржималар ўқиб, ҳижоб оятларини тушунмаганликлари каби, Расулуллоҳнинг шарҳлаганларига ҳам эътибор бермай “Қуръонда аёлларнинг ўраниб юришлари ҳақида ёзилмаган” дейишдан тап тортишмаяпти. Спиртли ичимликларнинг ҳаром қилиниши ҳақидаги оятларни ҳам тушуна олмаганликлари ва яна Расулуллоҳнинг изоҳларига эътибор қилмаганликлари учун “Маст қилмайдиган даражада, ўзини биладиган даражада кам спирт ичишнинг зарари йўқ” дейишдан қўрқишмаяпти. Бунинг устига “Мен Қуръондан олиб гапиряпман” дея ўз ифлос калласида тушунганларини Қуръон деб даъво қилаяпти. Ҳижоб ва ароқ-хамр ҳақида Расулуллоҳнинг билдирганларини, аҳли суннат олимларининг ушбу ояти карималар борасидаги изоҳотларини менсинмаяпти. “Улар ҳам одам, динни уларнинг фикрига қараб ўрганамизми” дейишади. Қуръони каримдан ўзича тушунганлари дин бўлади-ю, ҳақ бўлади-ю, Имоми Аъзамнинг ва бошқа мазҳаб имомларининг тушунганлари “одамнинг фикрлари, кўз қарашлари” бўлиб қолармиш, ҳақ дин бўлмасмиш. Шунинг учун “одам” ҳам бўла олмаган мазҳабсизларнинг тўрт ҳақ мазҳабга зид сўзларига эътибор бермаслик керак.