Қуръонда ҳамма нарса очиқ-ойдин эмас

Савол: Ҳадисларсиз, фақат Қуръон билан амал қилсак бўладими?

Жавоб: Ҳадиси шарифлар ёрдамисиз Қуръони карим билан амал қилиш мумкин бўлмаганидек, мазҳаблар ёрдамисиз ҳам ҳадиси шарифлар билан амал қилиш мумкин эмас. 

Имоми Шаъроний ҳазратлари айтади: "Имоми Байҳақий “Далоил” китобида шундай ривоят қилган: Асҳоби киромдан Имрон бин Ҳусайн (родиаллоҳу анҳ) шафоат ҳақида баъзи ҳадисларни нақл қилади. Шу ердагилардан бири айтадики:

- Сиз бу ҳадисларни нақл қилдингиз, лекин биз булар ҳақида Қуръондан ҳеч бир оят топа олмадик.

Имрон бин Ҳусайн ҳазратлари айтади:

- Сен Қуръонни ўқидингми?

- Ҳа.

- Қуръонда бомдод намозининг фарзини икки, шомникини уч, пешин, аср ва хуфтон фарзининг тўрт ракъат эканлиги ҳақида оят топдингми?

- Йўқ.

- Бўлмаса, буларни кимдан ўргандинг? Биздан (Асҳоби киромдан) ўрганмадингми? Биз ҳам Расуллоҳдан ўрганмадикми? Ёки бўлмаса Қуръонда қирқ қўйдан бири, фалон бойликдан шунчаси закот тариқасида берилади деган аниқ ҳукм топдингми?

- Йўқ.

- Ундай бўлса, буларни кимдан ўргандинг? Биздан ўрганмадингми? Биз ҳам Расулуллоҳдан ўрганмадикми? Ҳаж сурасида “Эски уйни (Каъбани) тавоф қилсинлар” оятини ўқимадингми? У ерда Каъбани етти марта тавоф қилинг деган буйруқ бормиди?

- Йўқ.

- Аллоҳу таолонинг Қуръонда мана бундай деб буюрганини эшитмадингми? “Пайғамбар сизларга ниманики айтган (берган) бўлса, шуларни олинглар. Нимани тақиқлаган бўлса, улардан сақланинглар.” (Ҳашр, 7)

Ҳазрати Имрон яна айтдики: “Биз Расулуллоҳдан ўрганган сизлар билмаган ҳали анча нарсалар бор.” (Мезон-ул-кубро) 

Қуръонга кўра ибодат 

Савол: “Намоз, закот ва рўза каби ибодатларни ҳадислар ёки мазҳаблар бўйича эмас, Қуръон бўйича бажариш керак” дейдиганлар учраб турибди. Нима, ҳадислар ва мазҳаблар Қуръонга зидми?

Жавоб: Мазҳабсизлар “Мазҳабга эмас, Расулуллоҳга эргашамиз” дейишарди. Булар эса, “Ҳадисга эмас, Қуръонга эргашамиз” деганларига қараганда мазҳабсизларнинг бир оқими эканлиги шундан маълум. Бунақа бемаъни чиқишлар динни одам қўли билан бошқатдан қуриш (реформа) ва жаҳаннамга йўлланма бериш ҳаракатларидир. Бу “Давлатни қонунлар, фармонлар, қарорлар бўйича эмас, фақат конституция бўйича бошқариш керак” деган бемаъниликдан ҳам ошиб тушган тентак гап. Конституцияда барча нарса тафсилоти билан ёзилмайди. Конституция масалаларнинг ва ҳукмларнинг тафсилотини қонунларга ҳавола қилади. Бутун уммат бирлашса, Қуръони каримдан ҳатто намознинг фарзларини, намозни бузадиган нарсаларни, намознинг ракъатларини ҳам топа олмайди. Закотнинг фарзини, қанча миқдор берилишини, ушр қанча берилишини Қуръони каримдан топа олмаймиз. Намознинг, закотнинг, рўзанинг фарзларини, рўзани бузадиган нарсаларни Қуръони каримдан топиб бўлмайди. Буларни РАСУЛУЛЛОҲ билдирганлар! Пайғамбаримизнинг билдирганларини эса мазҳаб имомлари изоҳлаб, маълум бир услубда тартиблаганлар. Шунинг учун намоз, рўза ва закот каби ибодатларни фақатгина мазҳаб ҳукмлари ёрдамида бажариш мумкин. Қуръони каримни ҳатто ҳадиси шарифлардан тушунганимиз бўйича ҳам татбиқ қила олмаймиз.

Расулуллоҳнинг кўрсатмаларини ва мазҳабларни гўёки Қуръони каримга зиддек қилиб кўрсатишга уриниш кофирликдан бошқа нарса эмас. Қуръони каримда “Расулимга итоат қилинг” деб буюрилган. Расулуллоҳга эргашмаслик Қуръони каримга, яъни Аллоҳу таолога итоат қилмаслик бўлади. Ҳадиси шарифларда бундай  деб марҳамат қилинди:

 “Баъзи кибрли кишилар чиқади “Аллоҳ Қуръондагилардан бошқа нарсани ҳаром қилмади” дейдилар. Қасам ичаманки, менинг ҳам амр қилган, тақиқлаган, қўйган ҳукмларим бор. Буларнинг сони Қуръондаги ҳукмлардан анча кўп.” (Абу Довуд)

“Ҳали Қуръондан бошқа далилни тан олмайман дейдиган кимсалар чиқади.” (Абу Довуд)

“Бир замон келадики, мени ёлғончига чиқаришади. Бир ҳадис ўқилганида “Расулуллоҳ бунақа гапни айтмайди. Уни қўй, Қуръондан гапир” дейишади.” (Абу Яъло)

“Фақат Қуръондаги ҳалол ва ҳаромларни қабул қилинглар дейдиганлар пайдо бўлади. Шуни яхши билингки, Пайғамбарнинг ҳаром қилиши, Аллоҳнинг ҳаром қилиши билан бирдир.” (Термизий, Доримий)

“Жаброил алайҳиссалом менга Қуръон билан бирга унинг изоҳи бўлган суннатни ҳам олиб келди.” (Доримий)

“Менга Қуръондан бошқа яна шунча ҳукм ҳам берилган.” (И.Аҳмад)

Имоми Шароний ҳазратлари айтдики:

“Бизга фақат Қуръондан гапир” деган бир ҳарифга Имрон бин Ҳусайн ҳазратлари “Эй аҳмоқ! Қуръондан намозларнинг неча ракъат эканлигини била оласанми?” деди. Ҳазрати Умар фарзларни сафарда неча ракъат ўқиш кераклигини Қуръондан топа олмадик, деган одамларга “Қуръондан топа олмаганимизни Расулуллоҳдан кўрганимиздек бажарамиз. У ҳазрат сафарда тўрт ракъатлик фарзларни икки қилиб ўқирдилар” деб буюрган. (Мезон-ул-кубро)