...

Ҳадиси шариф душманларининг ҳийласи

Савол: Қуръонда “Ҳадислар уйдирмадир” деган оят бор экан. Бу тўғрими?

Жавоб: Ҳадис – “қадим” (эски) сўзининг зиддидир. Яъни “янги” дегани. Бундан ташқари “сўз” ва “хабар” деган маъноларга ҳам келади. Қуръони каримда учрайдиган барча “ҳадис калималари, “сўз” ва “хабар” маъносида келган. Истилоҳда, яъни Ибора сифатида Расулуллоҳдан ривоят қилинган хабарларга ҳадис дейилади. Ҳадиси шариф Расулуллоҳнинг шарафли, муборак сўзларидир.

Динни йўқ қилишни мақсад қилган кимсалар ёмонлашни аввало олимлардан, мазҳаблардан бошлашди. Сўнгра ҳадиси шарифларга ҳужум қилишди. Саҳиҳ бўлса ҳам ҳадиси шарифга душманликларини яширишмади. Лекин ҳар бир мусулмон биладики, ҳадиси шарифларга душман бўлиш “Расулим ваҳийдан бошқа нарса гапирмайди” деб буюрган Аллоҳу таолога душманликдир! Бу Аллоҳ душманлари “Ёлғиз далил - Қуръон” деган шиор тагида ҳадислардан бошлаб, исломиятни йўқ қилишга уринишмоқда.

Аллоҳу таоло Расулига эргашишни Ўзига тобе бўлиш билан бирдек деб таъкидламоқда ва Расулининг буйруғи билан Ўз буйруғини бир-биридан ажратиб, алоҳида алоҳида тақдим қилишга уринганларга кофир демоқда. Масалан:

“Кимки Расулга итоат қилса, демак Аллоҳга итоат қилибди.” (Нисо, 80)

“Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат қилса, буюк бахтга эришибди.” (Аҳзоб, 71)

“Пайғамбарнинг ўзлигидан сизларга айтганларини олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсалардан қайтинглар!”(Ҳашр, 7)

“Айтинг (Эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз менга эргашинглар, шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади.” (Ол-и Имрон, 31)

“Унга эргашингки, шояд ҳидоят топурсиз.” (Аъроф, 158)

Бу оятларга қармай баъзи беимонлар тарафидан ҳадисларга қарши уруш эълон қилинди. Мазҳабсизлар Қуръондаги “гап-сўз” маъносида ишлатилган “ҳадис” калимасини атайлаб “ҳадиси шариф” маъносида ишлатилгандек қилиб кўрсатишга уринишяпти. “Тўғри бўлмаган сўз” деган оятни “Тўғри бўлмаган ҳадис” деб таржима қилишяпти. бундай оятларда ўтган “ҳадис” калимасини “гап-сўз” деб таржима қилмай, жўрттага “ҳадиси шариф” деб тақдим қилишяпти. Масалан “Қуръондан сўнг қайси сўзга ишонадилар?” оятини “Қайси ҳадисга ишонадилар” деб ўзгартиришган. Ҳолбуки Қуръони каримда “ҳадис” калимаси баъзан “Қуръон” деган маънода ҳам ишлатилган. У ҳолда ҳар учраган “ҳадис” калимасини “ҳадиси шариф” сифатида кўрсатишга уриниш ўзларининг гапларига ҳам зид бўлади. Масалан:

“Агар улар ушбу ҳадисга (каломга, сўзга, яъни Қуръон сўзига) иймон келтирмасалар, эҳтимол сиз уларнинг ортидан афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қилурсиз.” (Каҳф, 6)

“Аллоҳ ҳадисларнинг (сўзларнинг) энг гўзалини бир китоб ҳолида нозир қилди.” (Зумар, 23)

“Энди сизлар мана шу ҳадисга (сўзга, яъни Қуръон каломига) ажабланяпсизми?” (Ва-н-нажм, 59)

“Оламларнинг Рабби тарафидан нозил қилинган бу Қуръони каримга фақат пок кишиларгина қўл текказа оладилар. Сизлар мана шу ҳадис – Қуръонга бепарволик кўрсатяпсизми?” (Воқеа, 77-81)

Қуръони каримда ўтадиган “лаҳв-ал ҳадис” ибораси “беҳуда сўз, бемаъни гап” деган маънога келади. Бир оятда маолан “Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўл)ни масхара қилиш учун беҳуда сўзларни сотиб олурлар.” (Луқмон, 6)

Ҳадис душманлари бу ердаги “беҳуда сўз”  деган бирикмага “уйдирма ҳадис” деб маъно беришган. Мана шундай ҳийлаларга алданиб қолмаслик керак.