Савол: Ҳадис инкорчилари “Ҳадислар динда далил бўлганида эди, дин нуқсон бўларди. Чунки ҳеч бир ислом олими билган бутун ҳадисларини китобларига ёзмаган. Масалан “Муслим”да бўлмаган бир ҳадиснинг “Бухорий”да бўлишига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бу ҳолатда шу ҳадисда билдирилган ҳукм динга кирмаган ва дин нуқсон бўлиб қолган бўларди” дейишади. Бунга қанда жавоб бериш мумкин?
Жавоб: Ҳадис дегани Расулуллоҳнинг ваҳийга асосланган сўзлари деганидир. Ҳадислар Исломиятнинг бир парчасини эмас, тамомини ўз ичига олган. Чунки Пайғамбаримиз Қуръони каримни изоҳлаб, оятларни шарҳлаб исломиятни бизга билдирганлар. “Булар ояти карима, бу эса ҳадиси қудсий, мана бу ҳалол, наригиси ҳаромдир” деганлар. Буларни ҳаммасини албаттаки Аллоҳу таолонинг амри билан айтганлар. Агар Расулуллоҳнинг айтганлари, хабар берганлари, билдирганлари далил бўлмаса, унда умуман дин деган нарсанинг ўзи қоладими?
“Ҳадислар, яъни Расулуллоҳнинг айтганлари далил бўлмайди” дейиш "Қуръон мен учун далил бўлолмайди" деган билан баробардир. Чунки бу гап Қуръони каримнинг “Расулимга итоат қилинг, унинг билдирганларига эргашинг” деган амрини инкор қилиш бўлади. Яъни бу исломиятни йўқотишнинг бошқача йўли.
“Муслим”да бўлган бир ҳадис “Бухорий”да бўлмаслиги мумкин, “Бухорий”даги ҳадис ҳам “Муслим”да бўлмаслиги мумкин.“Кутуб-и ситта”даги бошқа ҳадислар ҳам шундай. Бирида бўлиб, бошқасида бўлмаган ҳадислар албатта учрайди. Уларнинг барини бир олимнинг ўз китобига ёзиши шарт эмас. Асҳоби киром бутун ҳадисларни ривоят қилганлар. Ҳадис китобларининг барчасини бир жойга тўпласак, динда ҳеч бир қусурли ҳукмнинг қолмаганлиги аён бўлади.
Қуръони карим ҳадиси шарифлар билан изоҳлангани учун, динимизда тушунилмай қолган кам ва нуқсон масала қолмаган. Намознинг ракъатлари, фарзлари, вожиблари, намозни бузадиган хусуслар каби кўп нарсалар Қуръони каримнинг амри бўйича, ҳадиси шарифлар ёрдамида баён қилинган. Ҳадиси шарифларни далил деб қабул қилмаслик, Қуръони каримнинг далил эканлигини тан олмаслик бўлади. Ҳадиси шарифлар далил бўлмаса, ҳукмларни Қуръони каримдан қандай топамиз?
Ҳадисларнинг далил эканлигини инкор қилиб “далилимиз Ёлғиз Қуръон” дейдиганлар қатъиян самимий эмас, чунки Аллоҳу таоло “Фақат менга тобе бўлиб, фақат менга итоат қилинглар” деб буюрмаган. “Расулимга ҳам итоат қилинглар!” деб буюрган. Агар ҳадислар ишончсиз, динимиз нуқсон бўлса, Аллоҳу таоло “Динингизни тамомладим” деб марҳамат қилмасди. Бордию ҳадислар нуқсон бўлса, уни, астағфируллоҳ, Аллоҳу таоло билмасмиди? Жаноби Пайғамбаримизга эргашиш кераклигини амр қилган бир неча ояти карима қуйида келтирилган:
“Пайғамбарнинг ўзи сизларга берган нарсаларни олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсалардан қайтинглар!”(Ҳашр, 7)
“У Пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади.” (Аъроф, 157) (Аллоҳу таоло ҳаром қилиш вазифасини Расулига ҳам берганди.)
“Ким Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилса, уни (Аллоҳ) остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этади. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилиб, Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлган жаҳаннамга ташлайди.” (Нисо, 13-14)
“Биз қайси пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз.” (Нисо, 64)
“Сенга одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни шариат аҳкомларини) баён қилиб беришинг учун Қуръонни нозил қилдик.” (Наҳл, 44)
“Бу ерда “баён қилиш” дегани ояти карималарни бошқа сўзлар билан ва бошқача услубда тушунтириш деганидир.”(Ҳужжатуллоҳи алал-оламин)
Бу ҳақида ворид бўлган ҳадиси шарифлар қуйидагилар:
“Жаброил Қуръон билан бирга унинг изоҳи бўлмиш суннатни ҳам келтирди.” (Доримий)
“Менга Қуръоннинг мисли қадар яна шунча ҳукм берилди.” (И.Аҳмад)
“Фақат Қуръондаги ҳалол ва ҳаромларни қабул қилинглар, дейдиганлар чиқади. Шуни яхши билингки, Пайғамбарнинг ҳаром қилиши, Аллоҳнинг ҳаром қилиши билан бирдир.” (Термизий, Доримий)