Савол: “Қуръондан бошқа далилни тан олмайман, мен учун фақат Қуръон далилдир. Қуръон таржимасини ўқиб, шу билан амал қиламан” деганлар ҳақ эмасми? Мусулмонларга Аллоҳнинг китоби кифоя эмасми? Бошқа далилларга не ҳожат?
Жавоб: Буни айтган кишида заррадай самимият йўқ десак хатолашмаймиз. Шундай бемаънигарчиликни гап деб гапириб юрганлар Қуръони каримга умуман ишонишмайди. Шояд Қуръони каримга имон келтиришганда эди, ушбу китобнинг айтганларига ҳам ишонган бўларди.
Аллоҳу таоло мусулмонларга “Фақат менга тобе бўлинглар, фақат менга итоат қилинглар” деб буюрмаган. Балки расулига ва олимларга ҳам итоат қилишни амр қилган. Қуйидаги ояти карималарни қайси мазҳабсиз инкор қила олади:
“Эй мўминлар, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат қилинглар!” (Анфол, 20) (Расулга итоат ҳам Қуръони каримнинг амридир.)
“Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат қилса, буюк бахтга эришибди.” (Аҳзоб, 71)
“Айтинг (Эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз менга итоат қилинглар, шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади.” (Ол-и Имрон, 31)
“Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига имон келтирмаган бўлса, бас, Биз ундай кофирлар учун дўзахни тайёрлаб қўйганмиз.” (Фатҳ, 13) (Расулига ишонмаганлар шаксиз кофир бўлади. Расулуллоҳга ишониш дегани У зотнинг билдирганларининг барчасини қабул этиш, ишониб барчасини ёқтириш деганидир.)
“Айтинг: “Аллоҳга ва пайғамбарига итоат қилинглар!” Агар юз ўгирсалар бас, албатта Аллоҳ бундай динсизларни севмайди.” (Ол-и Имрон, 32) (Фақат Аллоҳдан эмас, Расулидан ҳам юз ўгирганлар кофир бўлади.)
“Пайғамбарнинг ўзлигидан сизларга берган нарсаларини олинг, у зот сизларни қайтарган нарсалардан қайтинглар!” (Ҳашр, 7)
“У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади.” (Аъроф, 157) (Демак Аллоҳу таоло ҳаром қилиш ҳуқуқини Расулига ҳам берган.)
“Кимки расулига итоат этса, демак Аллоҳга итоат этибди.” (Нисо, 80)
“Ким Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлса, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.” (Аҳзоб, 36)
“Ким Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилса, уни (Аллоҳ) остидан дарёлар оқиб турадиган Жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этади. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилиб, Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлган Жаҳаннамга киритади.” (Нисо, 13-14)
“Ихтилофли бир ишнинг ҳукмини Аллоҳ ва Расулидан (Китоб ва суннатдан) англанг!” (Нисо, 59)
“Биз қайси пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз.” (Нисо, 64)
Аллоҳу таоло Расулига Қуръонни изоҳлашни, ҳукм чиқаришини амр қилиб, имон, итоат ва калима-и шаҳодатда ҳам Расулини ўзи билан бирга тақдим қилмоқда. Буни қуйидаги ояти карималардан кўриш мумкин:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом) Сизга одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун Қуръонни нозил қилдик.” (Наҳл, 44)
“Сизларга Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва ҳадисни) ўргатадиган ва билмаган нарсаларингизни билдирадиган бир пайғамбар юбордик.” (Бақара, 151) Имоми Шофеъий ҳазратлари айтадики: “Бу оятдаги ҳикмат, суннатдир. Аввал Қуръон, кейин ҳикмат билдирилган.” (Рисола, 78-бет)
Бу ҳақидаги ҳадиси шарифлар қуйидагилардир:
“Жаброил Қуръон билан бирга унинг изоҳи бўлган суннатни ҳам келтирди.” (Доримий)
“Менга Қуръоннинг мисли қадар яна ҳукм берилди.” (И. Аҳмад)
“Бир замонлар келиб, фақат Қуръондаги ҳалол ва ҳаромларни қабул қилинг дейдиганлар чиқади. Шуни яхши билингки, Пайғамбарнинг ҳаром қилиши, Аллоҳнинг ҳаром қилиши билан бирдир.” (Термизий, Доримий)
“Менга итоат қилган одам Жаннатга киради, менга исён қилган эса, Жаннатга киролмайди.” (Бухорий)
“Умматим бузилганида суннатимга маҳкам тутинган кишига шаҳид савоби берилади.” (Ҳаким)
“Ихтилофли замонларда суннатимга ва хулофаи рошидиннинг суннатига қаттиқ ёпишинг!” (Термизий)
“Менга итоат қилган киши, Аллоҳга итоат қилган, менга осий бўлган эса, Аллоҳга ҳам осий бўлган бўлади.”(Бухорий)
Мазҳабсизлар диндаги тўрт далилнинг иккитасини қабул қилмасдан "Китоб ва суннатдан бошқа далил йўқ", дейишади. Бу борада мазҳабсизларни ҳам йўлда қолдирган чаламуллалар ҳатто "китоб ва суннат" таъбирига ҳам жоҳилларча ҳужум қилиб “Қуръонга қаноат қилмасдан энди "суннат" деган ном билан янги дин чиқаришмоқда. Қуръонни олиб келиш билан Пайғамбарнинг иши тугади, у бор йўғи почтальон эди, вазифаси тугади, тамом вассалом” дея суннатни худди Қуръондан бўлак алоҳида йўналишдек кўрсатишга уринишади. Ояти карималар бўлса, уларнинг кофир бўлганликларига далолат қилмоқда.
Кўриб турганимиздек, фақат Қуръон деб, Расулга итоат қилмаганларнинг қаллоб кофир эканликларини Аллоҳ ва Расули билдирмоқда. Уларнинг Қуръонга ишонаман дейишлари мана шу томондан ҳам ёлғон. Чунки Қуръонни оят-оят тўплаганлар ҳам, ҳадиси шарифларни ривоят қилиб етказганлар ҳам муҳтарам Саҳобалар эди. Уларнинг бир гапига ишониб, бир гапини инкор қилишнинг ўзи нотўғри. Расулуллоҳ ундай адашганларнинг чиқишини мўъжиза сифатида 14 аср аввал башорат қилган эдилар.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Бир замонлар келадики, мени ёлғончига чиқаришади. Бир ҳадис айтилганда “Расулуллоҳ бундай сўзни айтиши мумкин эмас. Уни қўй, Қуръондан гапир” дейишади.” (Абу Яъло)
“Баъзи кибрли кишилар чиқади ва “Аллоҳ Қуръонда айтилганлардан бошқа нарсани ҳаром қилмаган” дейишади. Қасам ичаманки, менинг ҳам амр қилган ва тақиқлаган нарсаларим, қўйган ҳукмларим бор. Буларнинг сони Қуръондаги ҳукмлардан анча кўп.” (Абу Довуд)
“Қуръондан бошқа далилни қабул қилмайман дейдиган кимсалар пайдо бўлади.” (Абу Довуд)
Қуръони каримда “Фақат Қуръонга эргашинг” дейилмаган, “Аллоҳга ва расулига итоат қилинг” дейилган. Аллоҳнинг Расулига аҳамият бермай, Қуръоннинг изоҳи бўлган ҳадисларни далил сифатида кўрмайдиган кимсалар Қуръоннинг таъбири билан кофир бўлишади.
“Бизга фақат Қуръондан гапир” деган бир кимсага Имрон бин Ҳусайн ҳазратлари “Эй аҳмоқ! Қуръондан намозларнинг неча ракат эканлигини била оласанми?” дедилар. Ҳазрати Умар "фарзларни сафарда неча ракат ўқиш кераклигини Қуръондан топа олмадик", деган кишиларга “Биз Қуръондан топа олмаганимизни Расулуллоҳдан кўрганимиздек бажарамиз. У зот сафарда тўрт ракатлик фарзларни икки қилиб ўқирдилар” деб марҳамат қилди. (Мезон-ул-кубро)
Расулуллоҳга итоат қилишнинг аҳамияти тушунилиб етилса, Қуръони каримнинг изоҳи бўлган ҳадиси шарифларга ҳам итоат қилишнинг кераклилиги яққол билинади. Ҳадиси шарифлар бўлмаганида, намозларнинг неча ракат эканлиги ва қандай ўқилиши, закот, рўза, ҳажнинг фарзлари, ҳуқуқ илмларини билолмас эдик. Яъни ҳеч бир киши буларни Қуръони каримдан чиқара олмас эди. Қуръони каримни англаш учун унинг изоҳи бўлган ҳадиси шарифларга эҳтиёж бор. Ҳадиси шарифларни англаш учун эса, олимларга эҳтиёж бор. Аллоҳу таоло “Пайғамбардан сўранглар, олимлардан сўранглар” деб буюрган. Ҳамма Қуръонни тўлиқ ва тўғри тушуна олганда, унда умматга Пайғамбарнинг нима ҳожати бор эди? Уммат айнан Қуръони каримни тўғри англай олмаганликлари учун 72 бузуқ фирқа юзага келди.
Ояти карималар маоли:
“Агар унинг ҳукмини пайғамбардан ёки улул-амрдан (масъуллар, олимлардан) сўраганларида эди, уни билиб олган бўлардилар.” (Нисо, 83) (Демак, улул-амрга ҳам итоат этилиши керак.)
“Бу мисолларни фақат олим бўлганларгина англай оладилар.” (Анкобут, 43)
“Агар билмасанглар, аҳли илмлардан сўранглар!” (Наҳл, 43)
Бу оятлар Қуръони каримни англаш борасида мутлақо олимларнинг изоҳига эҳтиёж борлигини кўрсатиб турибди. Чунки "Қуръон таржимаси" деган китобларни ўқиган киши оятлардан муроди илоҳийни, яъни Аллоҳнинг нима демоқчи бўлганини асло тушуна олмайди. Балки таржимоннинг билим савияси бўйича оятларга берган маъносию қилган изоҳларини тушунади. Шу боис жоҳил ёки нотўғри эътиқодли кишининг Қуръон таржимасини ўқиган киши Аллоҳу таолонинг ҳақиқатда нимани амр, нимани тақиқлаганини эмас, балки таржимоннинг оятлардан тушундим деб гумон қилган ва ўз ақли билан тушунтиришга уринган хулосаларинигина ўрганади. "Қуръоннинг таржимаси, маъноси ёки маоли" деб сотувга чиқарилган китобларни ўқиган одам бу китоблардан амал ва ибодатга тегишли масалалару ҳукмларни ўргана олмайди. Эътиқодга оид масалаларни ўрганиши эса, умуман мумкин эмас. Чунки 72 залолат фирқаси Қуръони каримга нотўғри маъно берганликлари туфайли йўлдан адашишган.
Қуръони карим диннинг конституцияси ҳукмидадир. Юз минглаган ҳадиси шарифлар билан изоҳланган. Олимлар Қуръони карим ва ҳадисларни шарҳлаганлар. Бу шарҳларсиз Қуръони каримга амал қилиб бўлмайди. Бугунги давлатларнинг конституциялари ҳам худди шундай. Қонунлар, фармонлар ва суд қарорлари билан давлат бошқарилмоқда. Буларсиз ёлғиз конституция билан давлатни бошқариб бўлмайди. Конституция масаланинг ечимини доимо қонунларга ҳавола қилади. Қуръони карим ҳам масаланинг ҳукмини доим Расулуллоҳга ва олимларга ҳавола қилади. Хулоса, ёлғиз конституция билан давлат бошқарилмайди, Қуръон таржимасидан эса дин ўрганилмайди.