...

13. Нур тоғи, нурли ғор

Ҳаж ва умра сафарига борганлар куннинг хоҳлаган палласида тоққа чиқадилар. Айниқса кун ботаётганда манзара жуда чиройли тус олиб, майин шабада эсади. Шом ва хуфтон вақтларида атрофдан элас-элас азон овозлари эшитилади. Илк ваҳий тушган ғор унчалик катта эмас. Ичи намозга тура оладиган даражада баланд ва сажда қила оладиган даражада кенг. Бошқача айтганда оёқда тик тура оладиган ва ёта оладиган катталикдаги ғор.

--- Сарваримиз изларидан --- 13

М. Саид АРВОС қаламидан

Хиро (араблар унга Жабал-и Нур дейишади) Каъба-и муаззаманинг

5 км шимоли-шарқида жойлашган тик бир тоғдир. Баландлиги 621 метр. Макка-и мукарраманинг денгиз сатҳига нисбатан баландлиги ҳисобга олганда ушбу тоғ унчалик ҳам баланд ҳисобланмайди. Тоғнинг бир томони бағоят тик, иккинчи томони эса, нисбатан қияроқ. Узоқдан қараганлар уни худди рукуга эгилган инсон шаклига ўхшатишади. Авваллари тоққа чиқиш қийин эди, оёқ остидаги тошлар думалаб, йиқилиб яраланганлар бўларди.

Ҳозирда ғорга олиб чиқувчи деярли йўл деса ҳам бўладиган цемент ва тошдан номига зиналар солиниб, омонат тутқичлар ўрнатилган ҳали тугалланмаган зинапоянинг борлиги дилни қувонтади. Лекин бу хайрли ишга давлат унчалик хайрихоҳ эмас, ишни асосан Ҳиндистон, Бангладеш ва Афғонистондан келган фуқаролар қилишмоқда. Улар қўлларидан келганича пастдан қум, цемент, сув орқалаб чиқишиб, бир кунда битта ё иккита зина ясашмоқда. Бу ерга келиб-кетаётган- (аксарият турк зиёратчи)лар ушбу хайрли ишга бир-икки чақа ташлаб ўтиш орқали, ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Илк ваҳий келган ғор намозда тура оладиган даражада баланд ва саждага бора оладиган даражада кенг. Бошқача айтганда оёқда тик тура оладиган ва ёта оладиган катталикдаги ғор. Бу ғор биз хаёл қилган ғорлардан эмас. Бир неча қоя тошнинг устма-уст тушиб, ораларида ғовак ҳосил қилишидан ташкил топган. Ҳаж ва умрага борганлар куннинг ҳар соатида у ерга чиқмоқда. Айниқса кун ботаётганда у ерда манзара жуда чиройли тус олиб, майин шабада эсади.

Шом ва хуфтон вақтларида атрофдан элас-элас азон овозлари эшитилади.

Масжиди ҳарамнинг чироқлари ёнганида қибла истиқоматини топиб, намоз ўқишингиз мумкин. Зинапоялар анча тикроқ ва чарчатадиган турдан. Ёшлар 40-45 дақиқада чиқа олади. Қариялар эса кўпи билан 1-1,5 соатда чиқади. Қарироқ зиёратчиларнинг барчасидан шу гапни эшитасиз: “Эҳ! Ёшроқ вақтда келишимиз керак экан!”

Сўнгги йилларда тоғнинг чўққисига бир маймун тўдаси жойлашиб олган. Кичкина, ёқимтой бўлган бу "тоғликлар" бу ерга ўзлари келиб қолганми ёки биров атай олиб келиб ташлаб кетганми номаълум.

Тасаввур қилинг, бошқа қитъалардан келган мўминлар ўша "тоғликлар" билан меваларини, нонларини, сувларини бўлишмоқда. Аллоҳу таоло қуруқ қоялар устида уларнинг ризқларини то оёқларигача етказиб бермоқда. Тоғнинг чўққисида бир омонат буфетча ҳам бор. У ердан чой, газли сув ичиб, дўппи, тасбеҳ сотиб олишингиз мумкин. Электр генератордан фойдаланадилар.

Таърифига тил ожиз

Жабал-и нур илк ваҳийга гувоҳ бўлганидек “Шаққ-ус-Садр” (Пайғамбаримизнинг кўкси ёрилиб, ювилиши) ва “Шаққ-ул-Қамар” (ойнинг иккига бўлиниши) мўъжизаларига ҳам шоҳид бўлган. Ҳаж ва умрага келган инсонлар ҳар бир тошни мана шундай ҳислар ва ўйлар билан босишади, ҳар қадамда Пайғамбаримизнинг изларини, ҳидларини излашади.

Вал ҳосили калом, ғоятда файзли, баракатли бир макон.

Аллоҳу таоло барчамизга боришни, кўришни насиб айласин. Баъзи нарсаларни таърифлашга тил ожизлик қилади!

Расулуллоҳнинг ифори синггиб қолган

Зиналардан хорғин-хорғин кўтарилиб, маррага яқинлашганда бирдан Хиро ғори кўриниш беради-ю одамда чарчоқ ҳисси батамом йўқолиб, юрак уриши тезлашади. Сўнгра оламларга раҳмат бўлган ҳазрати Пайғамбаримизнинг ғорнинг тошларига синггиб қолган муборак ифоридан тўйиб-тўйиб ичларига тортишишади. Кейин дуолар ва кўз ёшлари...

Нур тоғида кечаси яна-да гўзал

Нур тоғи кечаси бутунлай бошқача бўлади. Лов-лов порлаётган Макка-и мукаррамага боқаркансиз, бу нурлар дарров Каъбадан акс этади. Сўнгра инсон қалбига бир ҳазинлик чўкади. Бир ғалати ва ғариб ҳолат сизни шундай чулғаб олади-ки...

Инсофсиз қамал!

Вақтики жаноби Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳали-ҳануз илк ваҳийнинг таъсирида эдилар. Варақа бин Навфалга мурожаат қиладилар. Қари олим, Сарвари коинотнинг пешоналаридан ўпиб “Қасам ичаманки, Сен Исо алайҳиссалом хабар берган Набийсан. Яқинда сенга таблиғ ва жиҳод вазифаси юклатилади. Кошки ёш бўлсам-да, сени ҳижратга мажбур қилганларида ёнингда турсам”- дейди.

- Мени ўз она ватаним Маккадан чиқариб юборишадими?

- Оламда ҳеч бир Набий йўқки, ўз қавмидан душманлик кўрмаган бўлсин. Бу билан тинчишмайди, сен билан ҳали юзма-юз жанг ҳам қилишади.

Варақанинг айтганлари бир-бир рўёбга чиқади. Пайғамбаримизнинг атрофида кўплаган ёшлар, қуллар тўпланади. Зодагонлар истеҳзо билан қараб, лаб чўчайтиб, мазах қилишади. Мушрикларда меҳрнинг-марҳаматнинг "мим"и ҳам йўқ, имонлилар устига ҳа деб ҳужум қилишади. Ўйлаб кўринг, уларни чексиз бахту саодатга чорлаган шундай меҳрибон Расулнинг йўлига тиконлар сочиб, саждада турганларида устларига туянинг ичак-чавоқларини уйиб ташлашади.

Саййид-ул анбиё ўзига раво кўрилган қабихликлардан зиёда, мўминлар учраган зулмга куяди. Қайноқ тошлар остида эзилган Билол, ханжар билан тилкаланган Ёсар, туяларга боғланиб танаси иккига ажртилган Сумаййа... Ваҳоланки Сумаййа хоним қаригина бир аёл эди... Нима бўлганда ҳам бир она эди!

Ҳазрати Хадижа Пайғамбаримизнинг ғамларига шерик бўлар, дардларига малҳам. Исмига яраша (Кубро) буюк аёл эди, шунча тазйиқу таъналар қаршисида қўрқмайди, жилмайди, йиқилмайди... Қийин вақтларда Расул-и кибриёнинг ёнидан бир зумга ҳам айрилмайди. У гўё қақраган саҳро ўртасидаги ҳаёт водийси кабидир, ҳар қандай шароитда юзидан табассумини канда қилмайди.

Биъсатнинг (рисолатнинг) еттинчи йили... Мушриклар ораларида бир аҳднома ёзишади, тагига имзо қўйишади. Аҳднома шарти шу: “Мусулмонлар уйларидан ҳайдаб чиқарилади-да ҳаммаси битта маҳаллага қамалади. Улар билан ҳеч ким кўришмайди, гаплашмайди. Улардан ҳеч нарса сотиб олинмайди ва сотилмайди.” Уй қамоғидан озгина фарқи бор... Ҳозирда бунга давлатаро ҳуқуқда "эмбарго" (иқтисодий қамал) дейишади. Бу иш кўзланганидан ҳам ортиқ қаттиққўллик билан амалга оширилади. Натижада очарчилиликдан аёлларнинг сути қуриб, гўдаклар бир томчи сутга зор бўлиб қоладилар. Мусулмонлар очиқ қамоқда тутилаётган Абу Толиб маҳалласи деб аталадиган маҳалладан кўкларга оҳу-фиғонлар кўтарилади. Маккага келган мусофирлардан битта-яримта бу маҳаллага дуч келиб, мусулмонларга бирон луқма егулик берадиган бўлса, мушриклар томонидан уриб-қувиларди. Берган нарсани ҳам олиб қўйишарди. Пайғамбаримиз ҳазрати Хадижанинг бутун бойлигини охирги тийинигача мўминлар учун сарфлайди. Лекин бу бойлик қачонгача етарди? Ўзлари ҳам фақирлар сафига қўшилади. Тасаввур қилинг, ҳурматига коинот яратилган Сарвар, очликдан қоринларига тош боғлайдилар.

Зулмлар ҳаддан зиёд ортгач мўминларга ҳижрат йўли кўринади. Саййид-ул Башар Ҳабашистонга ишорат қиладилар. Маккада Абу Бакр, Умар, Ҳамза (родиаллоҳу анҳум) сингари атиги бирнеча оила мўмин қолади.... 

Маккадаги ёлғиз ҳомийларини (Абу Толибни) ҳам тупроққа топширишгандан кейин барчаси етим қолади. Сўнгра... Сўнгра вафодор рафиқаларини, Хадижасини Дор-ул бақога жўнатадилар. Қайси бирига куйсинлар? Қайси бирига қайғурсинлар? Ўша йилни "Ҳузн йили" деб номлайдилар.

Икки улуғ паноҳлари дор-и бақога кўчсалар ҳам, ҳазрати Али отаси Абу Толибни йўқлатиб қўймайди. Онаси ҳазрати Фотиманинг ҳам юкини елкасига олади.