Савол: Баъзилар "Тоғдаги мевалар ҳайвонларнинг ризқи бўлгани учун бизнинг ейишимиз жоиз эмас" дейишади. Шу сабабдан дўлана, наъматак, қизил, қўзиқорин ейиш гуноҳми? Бундан ташқари, йиртқич ҳайвонларнинг ризқи бўлган ёввойи ҳайвонларни овлаб ейиш жоизми?
Жавоб: Барчаси жоиздир. Ояти карима ва ҳадиси шарифларда буларнинг ҳалол эканлиги очиқча билдирилган. Қуръони каримда маолан буюриладики: “Аллоҳнинг қуллари учун яратган (ердан чиқарган) зийнат ва тоза ризқларни ким ҳаром қила олади?” (Аъроф, 32)
“Ерда бўлган барча нарсани сизнинг эҳтиёжингиз учун яратдим.” (Бақара, 29)
“Бариқа” китобидаги ҳадиси шарифда Аллоҳу таоло “Эй Одам ўғиллари, сизларни ўзим учун яратдим. Жонли-жонсиз барча нарсаларни эса, сизлар учун яратдим”- деб марҳамат қилган.
Демак, ёввойи мевалар ҳам, ёввойи ҳайвонлар ҳам инсон учун яратилган.
Ҳеч ким Қуръони каримда ҳам айтилганидек Аллоҳу таолонинг ҳалол қилганини ҳаром қила олмайди. Кичик балиқ катта балиқларнинг насибаси бўлиши мумкин. Бир кийик ҳам арслоннинг, қуён эса бир жониворнинг насибаси бўлиши мумкин. Лекин булар инсонларнинг ҳам ризқи бўлиши мумкин. Тоғда ўсган меваларни, ўтларни ва ҳайвонларни ейишни тақиқлаш динимизга зиддир. Шунинг учун нақлни асос қилиб олмаган, ўз фикрига кўра ёзилган китобларни ўқиш дуруст эмас. Агар фалончи олимнинг китобида шундай дейилган деб нақлни асос қилиб олмаса, бундай китоб қийматсиздир.