Маълумки, Пайғамбаримиз туғилмасидан аввал отасини, 6 ёшида эса фидокор онасини йўқотади. Уни аввал бобоси Абдулмутталиб, сўнгра амакиси Абу Толиб ва унинг аёли Фотима бинти Асад ўз қарамоғига оладилар... Эй онажон! Аллоҳ сизни раҳматига олсин! Ўзингиз оч қолиб, мени тўйдирардингиз. Ўзингиз киймай, мени кийинтирардингиз. Гўзал неъматларни аввало менга илинардингиз. Буларни фақат Аллоҳ розилиги учун қилардингиз.
-- Сарваримиз изларидан - 9
М. Саид АРВОС қаламидан
Ҳазрати Абдулмутталибнинг неваралари кўп эди, лекин Абдуллоҳнинг ёдгори бўлмиш неварасиниг
ўрни бошқа эди. Уни ҳаммасидан ўзгача кўрар, бир гапини икки қилмасди. Вафотидан олдин ўғил-қизларини йиғиб “Муҳаммадни қайси бирингизга омонат қолдирсам экан?”- деди. Тўнғич ўғли Абу Лаҳабнинг бойлиги кўп, лекин марҳаматдан унчалик насиби йўқ. Шояд бу гавҳардек неварасини унга топширса, зариф етимга қўпол муомала қилишидан қўрқади. Яна битта ўғли Абу Толиб эса фақир, лекин шафқат-марҳаматда ҳаммадан илгарида. Биродари Абдуллоҳнинг ўғлини қарамоғига олишга ўзи ҳам жону-дилидан рози. Абдулмутталиб неварасининг ҳам фикрини билмоқчи бўлади, аммо бунга ҳожат қолмайди. Исми гўзал Муҳаммад уйқудан энди турганди. Ҳали уйқуси очилмаган ҳолда уйга йиғилиб ўтирган амакилари ва аммаларига ҳайратланиб қарайди. Сўнгра бориб амакиси Абу Толибнинг қучоғига ўтириб, бўйнидан қучоқлайди. Масала ҳал бўлганди, айтиладиган бошқа гап қолмаганди.
Абу Толиб Яманга, Шомга бориб келадиган бир карвончи эди. Ягона жиянига ўзидан кўра кўпроқ аёли Фотима бинти Асад қарарди. Фотима фидокор бир аёл эди. Тиниб-тинчимас, йўқчиликка ва қийинчиликка бардош кўрсатиб, оилани оёқда тутиб турарди. Тўрт ўғли, тўрт қизи бўлишига қарамай, мушфиқ қалбида Муҳаммад Мустафонинг ўрни бўлак эди. Уни таърифлаб бўлмайдиган бир меҳру шафқат билан бағрига босарди.
Фотима хоним овқатни дастурхонга қўйиши билан ўғил-қизлари талашиб-тортишиб таомга отилишарди. Ҳабибуллоҳ ниҳоятда зариф эди, бир чеккада қўлини ҳам узатмасдан турарди. Фотима волидамиз Унинг улушини бўлак қилиб, ҳатто бироз кўпроқ ажратарди. Нурли етимни юзини кулдириш учун ўзини ўтдан-чўққа урарди. Ушбу камтаргина хонадонга нурли етимнинг кириб келишидан ҳарқанча вақт ўтмай, уйда ошкора баракат сезила бошлади. Бир товоқ сут барчасини тўйдирарди, кичкина нон етиб-ортарди. Ўртага бир ҳовуч хурмо қўйсалар, еб бўлганларида ҳовуч-ҳовуч данак чиқарди.
Муҳаммад гўдак каби ухлар, кулганида юзидан нур порларди. Эрталаблари ювинган ва покланган ҳолатда уйғонар, топ-тоза бўлиб, ундан энг гўзал ифордан ҳам ёқимли ҳид келарди. Кечқурунлари болалар кўчадан чанг-тупроққа беланиб қайтардилар. Фотима хоним барчасини кутдириб қўйиб, аввало Ҳабибуллоҳнинг юз-қўлини ювар, ўпиб-ҳидлар, алоҳида эътибор билан сочларини тарарди. Саккиз нафар фарзанди бўлишига қарамай, Уни ҳаммасидан аъло кўрарди. Агар фарзандлари 80 нафар бўлганида ҳам муносабати ўзгармасди, Муҳаммадга бўлган муҳаббати ўзгача эди, жигарпораларига бўлган меҳри бунга тенглаша олмасди.
Ҳабибуллоҳ амакиси Абу Толибнинг уйида фароғатли кунларни ўтказди. Толиб, Акил, Жаъфар, Али, Умми Хоний, Жумона, Райта ва Асмо билан биродар тутинди. Ҳазрати Хадижа билан уйлангунга қадар шу ерда яшайди.
Келинойиси Фотима бинти Асадни шунчалик ҳурмат қилардики, биринчи туғилган қизига ўша янгасининг исмини беради. Орадан йиллар, узоқ йиллар ўтади.
Пайғамбарлик билан вазифалантирилгандан кейин илк ошкора таблиғини қариндошларига қилади. Абу Толибнинг фарзандлари дарҳол исломни қабул қилиб, Унинг сафига қўшиладилар. “Менга қайси бирингиз ёрдамчи бўлади” деб сўраши билан кичик ёшдаги Али (родиаллоҳу анҳ) ўрнидан отилиб туради. Абу Толиб ва Фотима бинти Асад Расулуллоҳни ҳимоя қилади, қўлларидан келганича қўриқлаб-қўллайдилар. Фотима бинти Асад эрига тез-тез Шом сафарини, роҳиб Боҳирани хотирлатиб, унинг мусулмон бўлишини орзу қиларди.
Абу Толибнинг вафотидан кейин мўминлар ҳомийсиз қолиб, маккалик мушрикларнинг азияти ҳаддидан ошади. Фотима бинти Асад ўғли Али билан мунаввар маконга ҳижрат қилади, муҳожирлардан бўлади.
Сарвари олам уларни Мадинада тез-тез зиёрат қилиб, ҳолларини сўраб турарди. Ҳатто ўсмирлик йилларида улар хонадонида одатланганидек бир чеккага чўзилиб, қайлула ҳам қилиб оларди.
Расули акрам “Мендан бир парчадир” деб таърифлаган қизлари Фотимани ҳазрати Алига турмушга беради. Янгаси билан қуда бўладилар. Фотима бинти Асад Фотима бинти Муҳаммаднинг қайнонаси бўлиб, иффатли, зариф, латиф келинини қаттиқ эъзозлайди.
Фотимат-уз Заҳро ҳам отаси “Она” деган аёлни “она” дейди... Шу гўзалликни қаранг.
Қутлуғ ҳижрат кунидан тўрт йил ўтади. Шу куни Ҳабибуллоҳ маҳзун эди. Маҳзунлигининг сабабини сўраганларга“Онам вафот этди” деб жавоб бердилар. Марҳумага кафан бўлсин деб эгнидаги кўйлагини ечиб беради. Жаноза намозини шахсан ўзлари ўқийдилар. Ҳеч ким учун қилмаган хизматларини қиладилар, қабрга ўз қўллари билан қўядилар, лаҳад тупроғини кўз ёшлари билан ҳўллайдилар.
Дафндан кейин “...Эй онажон! Аллоҳ сизни раҳматига олсин! Ўзингиз оч қолиб, мени тўйдирардингиз. Ўзингиз киймай, мени кийинтирардингиз. Гўзал неъматларни аввало менга илинардингиз. Буларни фақат Аллоҳ розилиги учун қилардингиз. (Саҳобаларга ўгирилиб) Бу аёл менинг иккинчи онам эди. Амаким Абу Толибдан кейин менга бу аёлчалик яхшилиги теккан киши бўлмади. Унга Жаннат либослари кийдирилсин деб, кўйлагимни кафан қилдим. Қабр ҳаёти роҳат бўлсин деб қабрига тушдим”- деб марҳамат қилдилар. Сўнгра қўлларини очиб бир дуо ўқидилар: “Иғфирли умми Фотимата бинти Асад ва васси алайҳа мадҳалаҳа би-ҳаққи Набиййика вал Анбиё-иллазина мин қабли иннака арҳамурроҳимин. (Ё Рабби, менга оналик қилган Фотима бинти Асадни авф этгин! Қабрини кенг қилгин. Пайғамбарингнинг ва мендан аввал келган пайғамбарлар ҳурмати учун унга раҳматингни зиёда қилгин, эй марҳаматлиларнинг марҳаматлиси...)”
Бу дуони ўқигач, юзлари ёришади. Чунки Жаброил алайҳиссалом мужда келтирган эди. Фотима бинти Асад (родиаллоҳу анҳа)нинг қабрлари Мадинада Жаннат-ул Боқийда. Умра ва ҳажга борганлар зиёрат қилишни унутмасинлар.
Роҳиб Боҳира
Абу Толибнинг иши карвончилик эди. Яна бир гал сафарга тайёргарлик кўраётган вақтида исми гўзал Муҳаммад туясининг жиловини тутиб “Мени бу ерларга ташлаб қаерга кетяпсиз, агар отам бўлганида эди...” дейди. Абу Толиб Унинг маҳзунлигига бардош бера олмай “Сен хафа бўлмасанг бўлди” деб уни ёнида олиб кетади. Анча юриб, кўҳна Бусрага яқинлашадилар.
Бу ерда бир катта Сурёний монастири бор эди. Роҳиби Абу Идос, бизга Боҳира номи билан танилган, анча қариб қолганди. Ёлғиз ҳаёт кечирар, ҳужрасидан камдан-кам ташқарига чиқарди. Астрономия, фалакиётдан ўқиган, табиблик ҳам қиларди. Боҳира китоблардан охир замон пайғамбари ҳақида ўқиган, Унинг уммати бўлишни жон-дилдан орзу қиларди. Ўша куни бир ерда тинч ўтиролмай, қайта-қайта узоқдан кўринган карвонга тикиларди. “Шу тепаларидаги булут, уларга эгилаётган дарахтлар... Булар ким бўлдийки? Ёки!..”
Қурайшли савдогарлар одатда шу ерда дам олишга тўхтардилар. Отларини суғорар, туяларини чўктирар, ювиниб-покланиб, бироз ҳордиқ чиқарардилар. Боҳиранинг карвон билан қизиқиши кўрилмаган ҳол эди, лекин шу куни уларнинг ёнига келиб, бутун карвонни таомга чақиради. Бадавлатми, фақирми, қулми ким бўлса, барчасини... Қурайшликлар уни тентак деб ўйлайдилар. Лекин таклиф қилганидан кейин бориш керак. Жаноби Пайғамбаримиз 12 ёшда бўлгани учун уни карвон бошида қолдирадилар. Роҳиб меҳмонларни бирма-бир кўздан кечириб, карвон олдида ҳечкимни қолдириб келмадингларми деб сўрайди. Зеро Ҳабибуллоҳга соя қилиб юрган булут ҳалиям шу ерда эди. Дарахтлар таъзимга эгилмоқда, қоялар саломга турмоқда. Расулуллоҳ амакиси Хорис “Ҳаммамиз шу ердамиз, фақат нарсаларимиз бошига жиянимни қолдириб келдик” дейди.
- Илтимос, уни ҳам чақиринглар.
- Албатта, ҳозир чақирамиз.
Ҳабибуллоҳ ичкарига кириб, Абу Толибнинг ёнига ўтиради. Боҳира излаганини топиб, чеҳраси ёришади. Абу Толибдан “Кимингиз бўлади?” деб сўради.
- Ўғлим.
- Янглишмаяпсизми? Унинг ота-онаси вафот этган бўлиши керак.
- Ҳа, тўғри. Укамнинг ўғли, лекин мен ҳам уни ўз ўғлимдан ортиқ кўраман.
- Манави кўзларидаги қизиллик ҳар доим бўладими?
- Ҳа.
- Елкасини кўрсам бўладими?
Бола амакисига қарайди. Абу Толиб “Очақол, ўғлим. Ҳар ҳолда бир билгани бўлса керак”- дейди. Қари роҳиб муҳри нубувватни кўриши билан ҳаяжондан қалтираб “Сен охир замон пайғамбарисан, мен ишондим, имон этдим. Қани энди ўша кунларга етсам-у, хизматингда бўлсам”- деб ҳайқиришни бошлайди. Меҳмонлар бу гапга донг қотишади. Эртаси кун йўлга шайланишади, чунки Шомга ҳали анча масофа бор эди. Боҳира шоша-пиша Абу Толибнинг ёнига бориб “Кетманглар, шу ерда қолинглар. Менинг билганларимни яҳудийлар ҳам билади, сизларга бирон зарари тегади деб қўрқаман” дейди. Абу Толиб кам-кўп деб ўтирмай молларини Бусра бозорида сотиб, ҳаялламасдан у ердан юртларига қайтишади.
Мана шу воқеадан бирнеча йил ўтиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) 20 ёшларида ҳазрати Абу Бакр билан яна Бусрага борадилар. Абу Бакр егулик у-бу нарса сотиб олиш учун монастир эшигини қоқади. Боҳира “Анави дарахтнинг тагида ўтирган ким?” дейди.
- Муҳаммад бин Абдуллоҳ!
- Валлоҳи У Ҳотамал анбиёдир (пайғамбарларнинг охиргиси). Исо алайҳиссаломдан бери ҳеч ким у ерга ўтирмаган...
Шу кундан бошлаб Абу Бакрнинг қалби Расули акрам муҳаббати билан тўлиб-тошади.