Браҳманизм авлоддан-авлодга ўтадиган, касталарга бўлинишга асосланган жамоатчилик ақидасини ўз ичига олган ҳинд динидир. Каста имтиёз жиҳатидан юқоридан пастга қараб, ўлчовлари чекланган жамият синфларидир. Ҳиндистондаги ислом олимларидан Мазҳари Жон-и Жонон ҳазратлари айтадики: “Браҳманизм Исо алайҳиссаломнинг туғилишидан асрларча аввал Ҳиндистонга туширилган ҳақиқий, илоҳий бир дин эди. Кейинчалик бузилиб, кофир бўлдилар.” (14-мактуб)
Браҳманлар бир яратувчига ишонсалар ҳам, пайғамбарларга ишонмайдилар. Бузуқ ақидаларига кўра, Браҳма энг етук ва доим сукут сақлайдиган бир илоҳ бўлиб, барча нарсанинг аслидир. Лекин бу илоҳ бошқа илоҳ воситасида ишларини бажаради. Улардан бири Вишну, наригиси Сивадир.
Браҳманларга кўра, Браҳма дунёни ва барча нарсани яратган. Бутун яратиш ишларини у қилади, унинг аломати қуёшдир. Вишну ақлдир. Ҳамма нарсани ҳимоя қиладиган, яъни ҳимояловчи илоҳдир. Ичида бўлган замонга ҳукм этади. Аломати сувдир. Сива эса ҳаёт ва ўлим тангрисидир. Ичида бўлган замонга ва келажакка ҳукм этади. Адолат ва интиқом унинг ишидир. Аломати оловдир.
Браҳманлар тангрилари Вишнунинг самода яшашига ишонадилар. Бошқа тангрилар Вишнуга ер юзида шайтонлар пайдо бўлганлигини, осойишталик ва интизомни бузганликларини ва уларни жазолаш учун ер юзида инсон шаклида туғилиши лозимлигини айтадилар.
Браҳма ақидасига кўра, Вишну ҳозирга қадар дунёга 9 марта турли шаклларда (инсон, ҳайвон ёки гул) келган. Ҳозирда унинг ўнинчи келиши кутилмоқда. Вишнунинг дунёга бир ҳайвон сифатида келиши сабабли ҳайвон ўлдириш тақиқланган. Шунинг учун ақидапараст браҳманлар асло гўшт емайдилар.
Браҳманларнинг бир бўлими бўлган мажусийлар оловга, сигирга ва тимсоҳга сиғинадилар, ўликларини кўммайдилар. Минораларда сақлаб, уларни қузғунларга едирадилар. Бошқа бир бўлими сихлардир. Яна ҳиндуистлар ҳам бор. Улар пастки табақа халқнинг бутун хурофотларига ишонадилар. Бу ақиданинг энди ҳеч бир қиймати қолмаган, бутунлай чегарасидан чиққан.
Браҳман ақидасида бутлар ҳам бор. Бутларнинг жинси, маъноси, ейиладиган ва ейилмайдиган нарсалар, гуноҳлар ва буларга бериладиган жазолар Манава Дҳарина Шастра китобларида ёзилган.
Браҳманларнинг тўрт синфи
Инсонларни тўрт синфга бўладилар:
1- Браҳманлар. Жуда обрў-эътиборли бўлиб, сўзларига ҳеч ким қарши чиқолмайди. Улар ақидаларининг муқаддас роҳибларидир. Вазифалари Муқаддас Видо китобини ўқиш ва бошқа браҳма мансубларига йўл кўрсатишдир. Ҳеч ким амрларига қарши чиқмайди. Барча улардан тортиниб турадилар.
2- Жангчилар. Бу синфга ҳукмдор, рожа ва буюк давлат одамлари киради. Уларга Кришна дейилади.
3- Савдогарлар, деҳқонлар. Уларга Вайанса дейишади.
4- Қишлоқликлар, ишчилар ва хизматчилар.
Бу тўрт синфдан чиқарилган кишиларга Паря номи берилади. Уларга ҳайвон каби муносабатда бўладилар. Инсон каби яшашга ҳақлари йўқ. Бошқа синфдаги инсонлар билан бутун алоқалари узилади.
Браҳманлар инсонларга браҳман роҳибларининг сўзларини тинглаш ва уларга ҳамма вақт бўйсуниш, Манава китобига кўра амал қилиш, парялар билан ҳеч алоқа қилмаслик, ҳеч бир жонзотни ўлдирмаслик каби хусусларни талқин этадилар. Ҳозирги кунга қадар Ҳиндистонда сигир энг муқаддас ҳайвондир. Инсон бўлмаган бутун махлуқларнинг рамзидир. Уни ўлдириш, бир браҳманни ўлдириш билан баробар бўлиб, асло авф этилмайди. Руҳ ва бадан ҳақида билим бермайдилар. Таносуҳга, яъни инсон ўлганидан кейин руҳининг такрор бошқа бир шаклда дунёга келишига ишонадилар. Инсонни муқаддас бир борлиқ сифатида қабул этадилар. Лекин аёлларга ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ берилмаган.
Ҳиндистонда Ганга дарёсини муқаддас ҳисоблайдилар. Бу дарёда чўмилишни, унинг сувини ичишни, ўлганларини бу дарёга оқизишни муқаддас вазифа деб биладилар.