...

4. Ҳажда нима учун саъй қиламиз? Нима учун тош отамиз?

Қалтис имтиҳон! Иброҳим алайҳиссалом уч нарса билан имтиҳон қилинади. Бири олов билан, иккинчиси мол-мулки билан, учинчиси эса фарзанди билан... Буюк набий Жаноби Ҳақнинг амри олдида заррача тараддуд қилмай, садоқатини исботлайди. Қандай содиқлик... Ҳазрати Исмоил отасининг "сени қурбон қиламан" деган амрини севинч билан қаршилайди. Фақат “Қўл-оёғимни яхшилаб боғлангки, сизни ранжитадиган бирор иш қилиб қўймайин. Кейин либосингиз этагини ҳам кўтариб олинг, қоним кийимингизга сачрамасин”,- дейди.

 - Сарваримиз изларидан - 4

М. Саид АРВОС қаламидан

Кетма-кет етти тош

Ҳожи номзодлари Муздалифада нўхат катталигидаги тошларни тўплайдилар. Улар бу тошларни

“Бисмиллоҳ, Аллоҳу акбар, роғман лиш-шайтон ва ҳизбиҳи” деб жамаротга қарата отадилар.

Ҳазрати Иброҳим билан Сора бахтли ҳаёт кечирсалар ҳам, узоқ йиллардан бери бефарзандлар. Ёшлари ҳам анча жойга борганди. Айниқса биби Сора фарзанд кўриш иштиёқида ўз ёғига ўзи қовруларди. Бир куни ўзи гап бошлаб, Иброҳим алайҳиссаломга “Ҳожарга уйланинг, зора ундан фарзанд кўрсангиз”,- деб таклиф қилади. Сўнгра Ҳожарни қуллиқдан озод қилиб, ўз қўллари билан набийга турмушга беради. Улардан ҳазрати Исмоил туғилади.

Исмоил таъриф этиб бўлмайдиган даражада чиройли чақалоқ эди. Чунки унинг пешонасида Нур-и Муҳаммадий порлаб турарди. Мазкур нур Ҳожар онамизнинг ўғлига ўтгандан кейин ҳазрати Сорага маҳзунлик чўкади, ғам-андуҳини яширишга қодир бўла олмай уларнинг бошқа жойга кетишларини истайди. Ва амр келади: “Соранинг кўнглини хушнуд қил, истагини бажар!”

Жаброил алайҳиссалом Жаннатдан Буроқ билан келади. Ҳазрати Иброҳим Ҳожар волидамиз билан ўғли Исмоилни олиб ҳозир Макка жойлашган минтақага бир зумда элтади. У замонларда у ерларда ҳеч ким яшамас, чор тараф тоғу тош, зоғ кўринмас иссиқдан қовурилган макон эди. Иброҳим алайҳиссалом уларга бир сават хурмо, бир кўза сув қолдириб, ўзи Шомга қайтиш учун тайёргарлик кўра бошлайди. Ҳожар онамиз жовдираган боқиш билан “Бизни бу ерда нима учун қолдириб кетяпсиз? На еб-ичадиган нарса, на гаплашадиган бир инсон бор”,- дейди. Иброҳим алайҳиссалом сукут қилади. Ҳожар онамиз: “Бизни қолдириб кетишингизни Раббимиз амр этдими?”- деб сўрайди. Иброҳим алайҳиссалом “Ҳа”,- деб жавоб беради. Ҳожар онамиз бошқа савол қотмайди. Чуқур таваккул билан “Раббим бизни ташлаб қўймайди”- деб, эрини кузатиб қўяди. Иброҳим алайҳиссалом Санийя деган жойга етганда тўхтаб, Каъбага ўгирилади-ю қўлларини дуога очади. Оталик меҳри билан жуда гўзал дуолар қилади уларга...

Ҳожар онамиз хурмоларни ейди, сувни ичади, гўдагини эмизади. Бироз муддат ўтгач қўлларида ҳеч вақо қолмайди. Ажабо, бу атрофда сув топилармикин? Чақалоғини тупроққа ётқизиб, аввал Сафо тепалигига чиқади, уфқларга термулади, сувдан на из, на нишон бор. Кейин этакларини тўплаб, Марва тепалиги сари илдамлайди... Қизил, қора тепалар... Сап-сариқ саҳро ястаниб ётибди. На бир томчи сув, на бир кўкат, на бир Аллоҳнинг қули бор. Исмоил очлик ва чанқоқдан тупроқда жажжи оёқ-қўлларини қимирлатар, том маънода ажзини арз қиларди...

Ҳажга борганлар Сафо билан Марва тепаликлари орасида бориб-келиб саъй қилаётганларида мана шу ҳодисани хотирлашлари, Ҳожар онамизни ёдга олишлари, бу муҳтарама онанинг бошдан кечирганларини қалбларида ҳис этишлари керак.

Бир зум ўзингизни чақалоғингиз билан чўл ўртасида ёппа-ёлғиз қолганингизни тасаввур қилиб кўринг. Мана шундай таслим бўла оласизми сиз ҳам Аллоҳга?

Сен Ҳаққа эт таваккул,

Тафвиз эту роҳат қил.

Сабр айла ва рози бўл,

Кўрайлик Мавло найлар,

Найласа, гўзал айлар.

Ҳожар онамиз Сафо ва Марва тепалари орасида еттинчи бор бориб-келишида бир овоз эшитади. Қараса ўғлининг ёнида Жаброил алайҳиссалом турибди. Муборак товони билан заминни тимдалайди ва шу ердан шаффоф сув отилиб чиқади... Ҳазрати Ҳожар шошилиб бориб, унинг атрофини тошлар билан ўрашга уринади. Бу билан бирга “Зам! Зам!” (тўхта, тўхтагин) деб ҳайқиради. Ундай демаса, ирмоқ бўлиб оқарди.

Жибрил-и амин бу ер ҳақида маълумот беради: “Ҳақ таоло бу сувни тўхтатмас, тоширур. Бу мақом масжид бўлур, ўғлинг эса, пайғамбар.”

Унга Байтуллоҳнинг тупроқ тагида қолган ўрнини, қолдиқларини кўрсатади. Замзам она-боланинг ҳам чанқоғини, ҳам очлигини қондиради. Бу нарса вақт ўтиб, кўчманчи қабилаларнинг эътиборини жалб қилади. Журҳумийлар келиб, бу ерга жойлашиш учун изн сўрайдилар. Ҳожар онамиз “Рухсат, лекин Замзам булоғида мулкиёт даъво этмаслик шарти билан”- дейди. Макканинг қуйи қисмида уйлар кўтарилиб, шу тариқа шаҳар қурила бошлайди. Журҳумийлар араб тилида равон, чиройли гаплашардилар. Исмоил алайҳиссалом уларнинг орасида улғаяди, шу сабабдан фасиҳ тилли эди. Сора хоним анча йиллар кейин ниҳоят Иброҳим алайҳиссаломга Ҳожар онамиз ва ҳазрати Исмоил билан кўришишга ва бирга яшашга рухсат беради... Ота ўғлига шунчалик ҳасратки таърифига тил ожиз...

Зулҳижжанинг саккизинчи куни (тарвия куни) Иброҳим алайҳиссалом ибодат қилган меҳробда мудраб кетади, тушида бир фаришта “Аллоҳу таоло ўғлингни қурбон қилишингни буюрмоқда”- дейди. Бу туш раҳмонийми ёки шайтоний деб кун бўйи ўйлаб юради. Кечаси яна ўша туш! (Зулҳижжанинг тўққизи – Арафа.) Учинчи кеча яна худди шу тушни кўргандан кейин ҳеч шубҳаси қолмайди. Ҳожар волидамизга “Исмоилимни ювиб-тараб, поклагин. Кўзларига сурма, бошига хушбўй ҳидлардан сургин. Энг гўзал либосларини кийсин. Чунки дўстнинг ҳузурига боради”.- дейди. Исмоилга “Ёнингга арқон ва пичоқни олгин. Аллоҳ розилиги учун у ерда қурбонлик сўямиз”- деб айтади. Абу Ҳурайранинг (родияллоҳу анҳ) ривоятига кўра, шайтон фурсатни бой бермайди. Бир қария қиёфасида Ҳожар онамизнинг олдига келиб “Иброҳим ўғлингни қаерга олиб кетганини биласанми?” деб сўрайди.

- Бир дўстининг ҳузурига.

- Йўқ, қасам ичаманки уни сўйишга олиб кетди.

- Нимага сўйсин, ўғли-ку?

- Чунки Аллоҳ шундай амр қилди деган гумонда у.

- Амр қилган бўлса, итоат лозим. Қандай аъло!

Шайтон уни алдай олмаслигига кўзи етиб, энди Исмоил алайҳиссаломнинг ёнида пайдо бўлади.

- Отанг сени қаерга олиб кетаётганини биласанми?

- Дўстининг зиёратига!

- Йўқ, у сени сўймоқчи!

- Ота ҳам ҳеч ўз ўғлини сўядими?

- Рабби шундай буюрган деган гумонда шу ишни қилмоқчи.

- Агар амр чиндан Уники бўлса, жони дилим билан розиман.

Шайтон бу сафар Иброҳим алайҳиссаломга келади.

- Эй Иброҳим, ҳа бу шайтоннинг васвасаси бўлмасин тағин. Қара, кейин пушаймон бўлиб юрмагин!

Иброҳим алайҳиссалом унинг шайтон эканлигини билиб, гапларига қулоқ солмайди.

Ибн-и Аббос (родияллоҳу анҳ) ривоятига кўра, Иброҳим алайҳиссалом уни рад этиб, йўлида давом этади. Лекин Жамрат-ул-улода яна қаршисидан чиқади. Иброҳим алайҳиссалом унга еттита кичик тош отиб, ёнидан ҳайдайди. Жамрат-ул-вустода такрор қаршисига чиққанида, яна еттита тош отади. Орсиз шайтон Жамрат-ул-куброда (Ақаба жамраси) яна келиб, алдашга уринади. Яна етти тош отилгандан кейин умидини узиб, узоқлашади.

Бир қалбда битта севги

Бусайр тоғига келадилар. Иброҳим алайҳиссалом ўғлига кўрган тушини айтиб беради. Исмоил алайҳиссалом бу хабарга хурсанд бўлиб, таслимиятини билдиради: “Сиз амр этилган ишни қилинг, ота. Мени сабр қилувчилардан топасиз.”

- Ўғлим, мен сени қурбон қиламан десам, сен севиняпсан.

- Нимага қувонмайин, ахир ёлғиз орзум Унинг розилигига эришиш эмасмиди? Лекин қўл-оёғимни қаттиқ боғланг, яна сизни ранжитадиган бирор ҳаракат қилиб қўймай. Этагингизни ҳам йиғиб олинг, қоним устингизга сачрамасин. Кўряпсизми, ота, кўк эшиклари очилиб, фаришталар бизга боқмоқда.

Ҳазрати Иброҳим Ҳақ таолонинг исмини айтиб, пичоқ тортади. Лекин пичоқ ўтмайди. Яна бир марта қувват билан тортади, яна кесмайди. Ҳазрати Исмоил “Ота, юзимга боқманг. Бўлмаса раҳмингиз келади, шоҳ қон томирим мана бу ерда”,- дейди.

Оловга “куйдирма” деган амрни берган Зот пичоққа ҳам “кесма” деб буюрган бўлса, бечора, қандай қилиб кесарди.

Ўша пайтда Аллоҳу таолодан ваҳий келади: “Эй Иброҳим, тушингни тасдиқ қилиб, садоқатингни кўрсатдинг. Энди бошингни кўтариб, тоққа қара!”

Жаброил алайҳиссалом қирқ йил Жаннатда боқилган бир қўчқор билан кўринади ва такбир айтишни бошлайди:“Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!” Иброҳим алайҳиссалом давом этади: “Ла илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!” Исмоил алайҳиссалом ҳам уларга қўшилади: “Аллоҳу акбар ва лиллоҳил ҳамд!”

Ҳозирда биз айтадиган ташриқ такбири мана шундан келиб чиққан.

Ҳазрати Иброҳим қўчқорни тутиб, қурбон қилади. Қайтиб келганида Исмоил алайҳиссаломнинг оёқ-қўллари ечилганлигини кўради. Жаъфар-и Содиқ ҳазратлари нақл этади. Иброҳим алайҳиссалом Ҳақ таолога муножотда бўлди: “Ё Рабби, нима учун Исмоилни қурбон қила олмадим? Бунинг ҳикмати нима?”

- Уни бўғизлатиб қўярмидим, унинг пешонасида Ҳабибимнинг нури бор!

Аллоҳу таоло дўстларининг қалбидан бошқа севгиларнинг кетишини хоҳлади. Одам алайҳиссалом Ҳавво онамизга майл кўрсатганди. Яъқуб алайҳиссалом “Юсуфим, Юсуфим” дерди. Пайғамбаримиз ҳам фарзандини жуда севарди. Аллоҳу таоло Иброҳимни олди. Ҳасан ва Ҳусайннинг (родиаллоҳу анҳум) шаҳодат хабарини берди. Маккани ҳеч жойга алмаштирмасдилар, ҳижрат амри келди. Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳам ҳазрати Исмоилга муҳаббати зиёда эди.