...

2. Арафот водийси, Жабали Раҳма...

Арафот водийси, Жабали Раҳма...

АРАФОТ майдонида қайси томонга қараманг, дарров бир пайғамбарнинг манқибаси келади хотирга.... Одам алайҳиссалом билан Ҳавво волидамиз икки асрлик ҳасратларидан мана шу жойда қутулишган эди. Сарвари олам жанобимиз видо хутбаларини мана шу ерда берган эдилар. РАҲМАТ тоғини зиёрат қилган завж ва завжалар “Ё Раббий Одам отамиз билан Ҳавво онамизга берган улфату муҳаббатингни бизларга ҳам насиб айла” деб ниёз қиладилар. Ва албатта Сарваримиз билан Ҳадижа волидамизга берилган улфатни ҳам...

 - - Сарваримиз изларидан-2

М. Саид АРВОС қаламидан


ҲАЖ АРАФОТДИР

 Ҳажнинг фарзи учта. Эҳромга кириш,

\

Арафотда вақфага туриш ва зиёрат тавофи. Ҳожи номзодларининг

Арафа куни (Зулҳижжанинг 9-и) Арафот майдонида бўлишлари шарт. 

Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз тақиқланган мевани егач жаннатдан чиқарилган, ер юзига юборилган эди. 
Одам алайҳиссалом Сарандиб оролига (Цейлон) туширилади, момо Ҳавво эса, Жидда атрофига. На қўни-қўшни, на бир дўст-ёр бор. Қайга борсанг танҳо, қайда боқсанг саҳро.... 

Иккаласи ҳам кўп пушаймон бўлишади, роппа-роса 200 йил йиғлаб ёлворишади. Токи ҳазрати Одам: “Ё Раббий, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳурматига бизни авф айла” дегунларича.

- Сен Уни қаердан танийсан? Уни ҳали яратмадим-ку?!

- Ё Раббий, қарадимки Арши аълода исми исмингла ёзилибди. Уни беҳад севишингни шундан фаҳмладим.
Аллоҳу таоло уларни ҳабибининг хотири учун кечиради. Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз Арафот майдонида топишишади.

Уларнинг бир-бирларига қовушишлари кўз ёшларни дарё қиладиган тарзда бўлади. Асрларга чўзилган айрилиқ, бу – айтишга осон... Айнан шунинг учун илк инсонларнинг илоҳий раҳматга эришган Раҳмат тоғини зиёрат қилган завж ва завжалар “Ё Раббий, Одам отамиз билан Ҳавво онамизга берган улфату муҳаббатни бизларга ҳам насиб айла”- деб ниёз қилишади. 

Кейин Муздалифа ва Мино орқали Маккага келишади. Одам алайҳиссалом малакларнинг ёрдами билан Каъбани бунёд қилади. Энди умрининг охиригача ҳар йили ўша бинога келиб ҳаж қиладиган бўлади. 

Сўнгра Шомга бориб  жойлашади. Ер куррасида бирон одам зоти йўқ улардан бошқа. Ўзлари экиб, ўзлари ўришади. Унни ўзлари угишиб, ўзлари қоришади хамирни. Мол-чорва боқишади, ўзлари соғишади сутларини. 

 Ип йигиради, кийим тўқийди, уй қуради. (Демак илк одамларнинг ғорларда яшаганлиги ёлғон!)

Ҳаётлари машаққатлидир. Теваракда чўпон, деҳқон, тикувчи йўқ. Ҳамма нарсага ўзлари қарашади. Шу тариқа ойлар-йиллар ўтади, фарзандлари туғилиб, ўсиб-унишади. Дастёрларимиз бор, энди пича дам олишга фурсат топадиган бўлдик деб турганларида ўғилларидан Қобил қотил бўлади. Хобил тупроқ бағрига тушади...

Ла роҳата фид дуня. (Дунёда роҳат бўлмайди) Ҳавво волидамиз 20 марта ҳомила қолдилар ва Шит алайҳмссаломдан ғайри барча фарзандлари эгиз туғиладики, бири қиз, бири ўғил. Бири қиз бири ўғил... 

Ҳазрати Одамнинг ўғилларига ўз эгизлари бўлмиш қизни никоҳлаш тақиқланган. Лекин келаси сафар туғилган эгизлардан қиз қариндошларини никоҳлаши ҳалол. Шунинг учун барчаси шу тариқа уйланиб, оила қуришарди. 
Қобил билан туғилган қиз (Иқлима) беҳад барно, у Хобилга завжа бўла олади. Лекин Қобил бунга рози бўлмайди, исён қилади. Ўз қардошига тузоқ қуриб қўлини қонга белайди. Ўша кундан бошлаб қариндошлар орасида никоҳга чек қўйилади.

Энди ёшлар амаки ва ҳола фарзандлари билан оила қуришни бошлайди. 

Одам фарзандлари самовий китоблардан тиббиёт, кимё, ҳисоб, фалакиёт ўрганишади. Турфа тилларда гаплашишади, лавҳалар устига ёзув ёзишади. Улар ҳам намоз ўқиб, ғусл олишади. Жаброил алайҳиссалом ҳазрати Иброҳимга ҳажнинг қандай бажо келтирилишини ўргатаётиб тез-тез “Орафта?” (тушундингми) – деб сўрайди. Улуғ пайғамбар “Орафту” (тушундим) деб жавоб беради. Шу боис Арафот исми ўша кундан бизга ёдгор.

Умрачилар ва ҳожи номзодлари Жабали Раҳмани нотўғри равишда Арафот тоғи дейишади. Тўғри Арафот номли тоғ бор, лекин у водийнинг шарқ томонида жойлашган. Арафот водийсида жабали Раҳмадан бўлак тоғ мавжуд эмас. Тоғ дейишимиз албатта одат бўлгани учун шундай. Баландлиги тақрибан 65 метр чамасида. Ҳаммаси бўлиб 166 зинапоядай келадиган яшил-яшил қоя тошлар Сарваримиз видолашув ҳажжида мана шу ширингина тепанинг этакларида вақфага турадилар. Зотан вақфа “тўхтаб туриш” демакдир. Унда мўминлар қиблага юз бурадилар, бўйин букиб, дуога қўл очадилар. 
Пайғамбаримиз видо хутбасини масжиди Намира жойлашган жойда (у пайтлардаги номи масжиди Иброҳим эди) ирод қиладилар, пешин ва асрни жам қилиб ўқийдилар. 

Аллоҳу таоло Одам алайҳиссаломнинг қиёматгача келадиган зурриётларини белидан зарралар ҳолида чиқариб уларга савол қотди: “Аласту би Роббикум?” (Мен сизларнинг Рабингиз эмасманми?) Барчаси бир овоздан балао(Балий, ҳа) дейишди. Қолубалао деб хотираларда қолган ҳодисанинг ҳам мана шу Арафот водийсида юз бергани ривоят қилинади. 

Арафотга аёл қўли тегди

Аббосийлар оиласидан Амат-ул-азиз хоним, ҳам бобоси ва амакиси, ҳам эри ва ўғли халифа бўлган жуда сийрак зотлардан биридир. Ҳануз уч ёшларидаёқ отаси вафот қилади. Унинг тарбияси бобоси Абу Жаъфар ал Мансур зиммасига ўтади. Ширингина қизча оппоққина, дўмбоққина ва жарангли овозию чучук тили билан бобосининг ягона эрмагига айланади. Севимли неварасини ҳамиша “оппоқ кўпик” ёхуд “сариёғ пуфаги” маъноларига келадиган бир лақаб билан чақирадиган бўлади: “Зубайда!”

Халифа Мансур кичкина неварасини диний илмлар билан зийнатлайди. Зубайда хоним араб тили соҳасидаги усталиги ва етуклиги билан донг таратади. Айниқса балоғат илмида жуда моҳирдур.

Зарни заргар таниганидай унга сарой йигитларидан Ҳорун Рашид ошиқи беқарор бўлади. Катталар муносиб кўргач, фотиҳалар ўқилади, никоҳ қийилади.

Халифа Маҳди ўғлига оламга достон бўғуси тўй-тантана қилиб беради. Донғи шунчаликки Зубайда хонимқиз билаклари ва бўйнига тақилган тақинчоқларнинг оғирлигидан ўрнидан тура олмай қолади. 

Ёшлар Дижла қирғоғидаги бир қасрда бахт уйларига қадам босишади, роҳату фароғатдалар. Мақому мартаба, лавозиму дабдаба Ҳоруннинг ҳаёлида ҳам йўқ. Лекин агар валиаҳд бўлсанг, барибир тинчингга қўйишмайди. Халифа отаси уни волий қилиб Мағрибга юборади. Ёнига Яҳё бин Холид Бармакийдек тажрибали давлат одамини қўшади. Маълумки баландда шамоллар ҳам аёвсиз эсади. Шундай кунлар келадики бир қарабсиз сургунда, бир қарабсиз зиндонда. 
Аслида Ҳорун салтанат дардида эмас, Зубайда билан тарки халойиқ қиладиган кичкинагина бир кулба кифоя унга. Дунё қочганни қувлайди дейишади-ку. Бир қарабсизки хилофат тахтида.... 

Тожу тахт, мавқе-мартаба Зубайданинг бошини айлантиришдан ожизлик қилишади. У яна хайру эҳсон ортида елиб югуради. Масалан ҳожиларнинг Арафот, Муздалифа ва Минода сув қахтлигидан безор бўлганликларини кўриб (828) ўйлаб ҳам ўтирмай келтириб бутун мужавҳарларини майдонга тўкади. Лойиҳа бўйича, то Тоифдан (тақрибан 200 км масофадан) сув келтирмоқчи. Осон иш эмас, аслида. Бандлар, каналлар учун миллионлаб мисқол олтин ҳарж қилинадики бу миқдор Зубайда хонимни ҳам аллақачон мажолини қуритади. Лекин хўжайини дастак бўлиб, иш чигалланган пайтда ҳазинасини очади хайр эгаларининг хизматига. Ниҳоят сув ариқларни тўлдириб келади, жабали Раҳма атрофидаги чашмалардан оқиб саҳрога ҳаёт олиб келади. Ҳожилар тўйиб-қониб ичишади, бонийси бўлмиш икки ёшнинг дунё ва охират саодатлари учун дуо қилишади. 

Кунлар ўтади, даврон айланади, Зубайда хоним вафот этади. Севган яқин жувонларидан бири тушида кўради саховат тимсоли аёл қаҳрамонни. Қандай бахтки, раҳматли хоним турли-туман неъматлар, эҳсонлар қуршовида ... “Албатта-да”- дейди- “шунча хайру ҳасанотлар қилдингиз, ҳожилар, уларнинг мустажоб дуолари...” 

- Йўқ, мени қутқарган нарса сиз ўйлагандай сув ариқлари эмасди. Бир куни надималарим билан суҳбат қуриб ўтиргандик. Муаззин овози эшитилди. Бармоғимни дудоғимга текказиб, “сукут сақлаб қулоқ берайлик” ишорати қилдим.

Мени ўша ҳаракатим учун мағфират қилишди.

давоми бор...

Келаси қисм: Оташ таслим бўлган кун.