«Ва кутубиҳи»: Аллоҳу таоло нозил қилган китобларга ишондим, деганидир. Аллоҳу таоло бу китобларни баъзи пайғамбарларига Жаброил алайҳиссалом билан ваҳй, яъни ўқитиш орқали, баъзиларига эса лавҳа узарига ёзилган ҳолда, баъзиларига малаксиз, эшиттириш орқали нозил қилди. Нузул бўлган барча битиклар Аллоҳ каломи бўлиб, абадий ва азалийдирлар. Ҳеч бири махлуқ эмас. Самовий китоблардан бизга билдирилганлари бир юз тўрт дона бўлиб, барчаси ҳақдир. Булардан ўн суҳуф - Одам алайҳиссаломга; эллик суҳуф - Шит алайҳиссаломга;ўттиз суҳуф - Идрис алайҳиссаломга; ўн суҳуф - Иброҳим алайҳиссаломга; Таврот - Мусо алайҳиссаломга; Забур - Довуд алайҳиссаломга; Инжил - Исо алайҳиссаломга; Қуръони карим - Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлган.
Аллоҳу таоло инсонларнинг дунёда ҳузур-ҳаловатда яшашлари, охиратда абадий саодатга эришишлари учун, илк инсон ва илк пайғамбар бўлган Одам алайҳиссаломдан охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломгача жуда кўп пайғамбарлар воситасида китоблар юборган. Бу китобларда иймон ва ибодат асослари баён ва изоҳ қилиниб, инсонлар муҳтож бўлган ҳар мавзуда маълумот берилганди.
Булардан Қуръони карим охирги илоҳий китобдир. Қуръони карим нозил бўлгач, ўзидан аввалги бутун илоҳий китобларнинг ҳукмлари бекор қилинди. [Бу Оли Имрон сурасининг 85-ояти билан собитдир:«Ким исломдан бошқа дин ахтарса, (билсинки ўша дин) ундан қабул қилинмайди ва у охиратда ютқазганлардан бўлади».]
Жаброил алайҳиссалом, Қуръони каримни, Муҳаммад алайҳиссаломга йигирма уч йилда келтирди. Қуръони карим, 114 сура, 6236 оятдан иборатдир. Баъзи китобларда бу рақамларнинг ўзгача берилиши, Қуръони каримдан бир неча оят чиқариб ташлаш ёки бир неча оят илова қилишдан эмас, балки бир узун оятнинг бир неча оятга ажралиб саналишидан юзага келган. Чунки, Қуръони карим нозил бўлганидан бери унга ҳеч қанақа ўзгартириш киритилмаган ва бундан кейин ҳам киритила олмайди. Аллоҳ каломи бўлган бундай китоб, инсонлар тарафидан ёзилган бўлиши асло мумкин эмас.
Пайғамбаримизнинг “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” охиратга ташрифларидан кейин илк халифалари бўлган ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ “родияллоҳу анҳ” Қуръони каримнинг оятларини бир китобда тўплатдилар. Натижада «Мусҳаф» вужудга келди. Асҳоби киромнинг тамоми бу Мусҳафдаги оятларнинг ҳақ, яъни Аллоҳ каломи эканлигини бир овоздан иттифоқла тасдиқлашди. Учинчи халифа ҳазрати Усмон “родияллоҳу анҳ” эса, бу мусҳафдан яна олти дона ёздириб, баъзи вилоятларга юбордилар.
Қуръони каримни, арабий аслидан ўқиш мақсадга мувофиқдир. Чунки, бошқа ҳарфлар билан ёзилган нусхасига Қуръони карим дейилмайди. Қуръони каримни ўқиш адаблари қуйидагича:
а) Мусҳафни қўлга олаётганда таҳоратли бўлиш, қиблага қараб ўтириш ва диққат билан ўқиш керак.
б) Шошилмасдан, (арабча биладиган бўлса) тушуниб ўқиш керак.
в) Китобга қараб ва ҳар бир ояти каримага ҳурмат кўрсатиб, охиригача ўқиш керак.
г) Тажвид қоидаларига риоя этиш лозим.
д) Аллоҳу таолонинг каломини ўқиётганини унутмаслик керак.
е) Қуръони каримнинг амр ва тақиқларига амал қилиш керак.