...

Ёлғон гапириш

Савол: Ёлғон гапириш ҳақида динимизда нима дейилган?

Жавоб: Ёлғон гуноҳларнинг энг жирканчи, айбларнинг энг ёмони, қалбларни қорайтирадиган бутун ёмонликларнинг бошидир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Ёлғон – мунофиқлик эшикларидан биридир.” (Ибн Адий)

“Имон соҳиби ҳар хил хато қилиши мумкин. Лекин хоинлик қилолмайди ва ёлғон гапиролмайди.” (Ибн Абу Шайба, Баззор)

“Тўғри бўлинг, тўғрилик яхшиликка, яхшилик эса Жаннатга олиб боради. Ёлғондан сақланинг, ёлғон фисқ-фужурга, фисқ эса Жаҳҳанамга олиб боради.” (Бухорий)

“Сўз билан чиқарилган фитна қилич билан чиқарилган фитна кабидир. Ёлғон гапириш, туҳмат-бўҳтон қилиш билан чиқарилган фитна қилич билан чиқарилган фитнадан ҳам ёмондир.” (Ибн Можа)

“Савдогарларнинг кўпи гуноҳкордир. Кўп қасам ичиб гуноҳга ботадилар ва ёлғон гапириб савдо қиладилар.” (Ҳаким)

“Алдаган киши Жаҳаннамликдир.” (Табароний)

Жаноби Пайғамбаримиз ёлғон гапирган кимсанинг оғзи бир тарафдан қулоғига қадар темир чангак билан йиртилишини, оғзининг нариги томонига ўтганида аввалги йиртилган томони соғайиши, сўнгра яна такрор йиртилиши ва бу шаклда қиёматга қадар қабрида азоб чекишини билдирганлар. (Бухорий)

Бир киши Жаноби Пайғамбаримизга дедики:

- Тарк этолмаган уч гуноҳга тутулдим. Булар – зино, ёлғон ва ичкилик.

Пайғамбаримиз марҳамат қилдиларки:

- Ёлғонни мен учун тарк эт!

Бу кимса “Хўп бўлади” деб кетди. Бир гуноҳ ишламоқчи бўлган вақт “Агар бу гуноҳни ишласам, Расулуллоҳ сўраганларида ҳа десам, айбим очилиб қолади. Йўқ десам, ёлғон гапирган бўлиб, берган ваъдамда турмаган бўламан” деб ўйлади. Шу тариқа нариги икки гуноҳдан ҳам воз кечди. (Ширъа)

Буюклар айтадики:

Ўғлим, ёлғондан сақлан. У чумчуқ гўшти каби шириндир. Ундан жуда оз кимса қутулади. (Луқмон Ҳаким)

Аллоҳу таоло ҳузурида энг катта хато, ёлғон гапиришдир. (Ҳазрати Али)

Ёлғончи билан хасис Жаҳаннамга тушади. Фақат қайси бири чуқурроққа ташланади, билмайман. (Шабий)

Тўғри билан ёлғон бири иккинчисини қалбдан чиқаргунга қадар курашадилар. (Малик бин Динор)

Дили тилига, гапи ишига мос бўлмаслик мунофиқликдан. Мунофиқликнинг асоси эса ёлғондир. (Ҳасан Басрий)

Асҳоби киром наздида ёлғондан ҳам ёмон нарса йўқ. Чунки улар ёлғон билан имоннинг бир ерда бўлмаслигини билардилар. (Ҳазрати Оиша)

Савол: Мен тижорат билан шуғулланаман. Баъзан қасам ичаман, ёлғон гапираман. Менга нимани маслаҳат берасиз?

Жавоб: Ҳар бир мусулмон ўзига қилиниши истамаган нарсани кофирларга ҳам қилмаслиги керак. Сотиладиган молни ортиқча мақтамаслик лозим. Чунки ҳам ёлғон гапирган, ҳам алдаган, ҳам зулм этган бўлади. Ҳатто тўғри бўлса ҳам, харидорнинг биладиган нарсасини гапирмаслик керак. Чунки бу ҳам фойдасиз гап бўлади. Қиёматда ҳар бир гапирган сўзига жавоб беради.

Савдода қасам ичишга келсак, ёлғон нарсага қасам ичиш ҳаромдир. Яъни катта гуноҳдир. Тўғри нарса учун қасам ичган бўлса, арзимаган нарса учун Аллоҳу таолонинг исмини гапириш ҳурматсизлик бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Савдода “Валлоҳи шундай, Худо ҳаққи бундай” деб қасам ичган кимсага ва “Бугун эмас,эртага кел” деб сўзида турмаган косибга ёзиқлар бўлсин!” (Дайламий)

“Молини қасам ичиб, сотишга ҳаракат қилган кимсага қиёматда марҳамат этилмайди.” (И.Ғазолий)

Савол: Ёлғон қайси ҳолларда жоиз?

Жавоб: Ёлғон гапириш ҳаром, жуда катта гуноҳдир. Ўлмаслик учун ўлакса гўштини ейиш жоиз бўлгани каби ўлимдан қутулиш учун ёлғон гапириш жоиздир. (Ҳадиқа)

Ҳазрати Савбон айтдики: “Ҳар қанақа ёлғон гуноҳдир. Фақат бир мусулмонга фойдаси теккан ёки бир мусулмонни зарардан қутқарган ёлғон бундан истиснодир.”

Ёлғон гапириш жоиз бўлган ҳоллардан баъзилари қуйида келтирилган:

1. Жангда. Ҳазрати Али жангда қаттиқ жароҳат олганида қаршисига бир душман қилич билан чиқиб “Энди сени менинг қўлимдан ким қутқара олади?” дейди. Ҳазрати Али ҳам бармоғи билан у кимсанинг ортини кўрсатиб “Майли жанг қиламиз. Фақат сизлар икки киши бўлиб жанг қиласизларми?” дейди. У душман орқамдаги ким экан деб қараганида ҳазрати Али қилич тортиб, душманини зарарсиз ҳолга келтиради. Душман ярадор инсонга қилган ўзининг ҳийласига қарамай “Менга ҳийла ишлатиб, енгдинг” дейди. Ҳазрати Али “Аслида сен менинг ярадор бўлишимни пойлаётган эдинг” деди ва қуйидаги ҳадиси шарифни билдирди: “Ҳарб – ҳийладир.” (Ибн Сунний, Ибн Лал)

2. Икки мусулмонни яраштириш учун. Уч кундан ортиқ аразлашиб юриш гуноҳдир. Аразлашиб қолган икки мусулмонни яраштириш учун ёлғон гапириш жоиздир. Ҳадиси шарифларда буюрилдики:

“Икки кишини яраштириш нафила намоз, рўза ва садақадан анча фазилатлидир.” (Термизий)

“Икки кишини яраштириш ва хайрли иш учун гапирилган сўз ёлғон ҳисобланмайди.” (Муслим)

“Икки мусулмонни яраштириш учун уларга бир-бири ҳақида яхши гап етказиш ёлғон ҳисобланмайди.” (Ибн Лал)

Жаноби Пайғамбаримиз табассум қилганларида ҳазрати Умар бунинг сабабини сўради. Расулуллоҳ дедиларки: “Умматимдан икки киши Аллоҳу таолонинг ҳузурига чиқди. Улардан бири деди:

- Ё Рабби, бу одамдан ҳаққимни олиб бер!

Аллоҳу таоло буюрди:

-          Бу одамнинг ҳаққини бер!

-          Ё Рабби, унга берадиган ҳеч бир яхшилигим қолмади. Қандай бераман?

Аллоҳу таоло ҳақ соҳибига буюради:

-          Бу одамнинг яхшилиги қолмади. Нима қиласан?

-          Унда гуноҳларимни олсин.

Аллоҳу таоло ҳақ соҳибига буюради:

- Бошингни кўтариб, Жаннатнинг бу муҳташам кўшкларига қара!

Ҳақ соҳиби бошини кўтариб, кўшкларни кўриб деди:

-          Ҳа, кўрдим. Бу муҳташам кўшклар қайси шаҳид, қайси сиддиқ ёки қайси Пайғамбарга тегишли?

-          Бу кўрган муҳташам кўшкларинг бадалини тўлаганлар учундир.

-          Ё Рабби, бу кўшкларнинг бадалларини ким ўтай олади?

-          Сен ўтай оласан.

-          Қандай тўлайман, буни тўлашга нимам ҳам бор?

-          Ҳаққингни бу биродарингга бағишла, шунда бу кўшкка соҳиб бўласан.

-          Бағишладим, ё Рабби!

-          Қани энди, биродарингни қўлидан тутиб, Жаннатга киринглар!”

Жаноби пайғамбаримиз давом этиб “Аллоҳдан қўрқинг ва ораларингизни яхшилашга ҳаракат қилинг. Чунки Аллоҳу таоло қиёмат куни сизларнинг ораларингизни яхшилайди” деб марҳамат қилдилар. (Хараитий)

3. Икки мусулмоннинг аразлашиб қолишининг олдини олиш учун.

Оралари бузилиб қолиш қаршисида турган икки мусулмоннинг аразлашиб қолишининг олдини олиш учун ёлғон гапириш жоиздир. Яхшиликка сабаб бўлган ёлғон, фитнага сабаб бўлган ҳақиқатдан афзалдир.

4. Турмуш ўртоғи билан яхши муносабатда бўлиш учун.

Эр-хотин оралари бузилмаслик учун ёлғон гапириш мумкин. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

Турмуш ўртоғи  билан  яхши муносабатда бўлиш учун ёлғон гапириш жоиздир.” (Ибн Лал)

Эр-хотин бир-бирини идора этиш учун ёлғон гапирса, гуноҳ бўлмайди.” (Муслим)

Ибни Арком ҳазратлари ҳазрати Умарга “Аёлим мени севмайди. Севмаслигини юзимга очиқ айтди. Бундай аёл билан бирга яшашни истамайман” деди. Ҳазрати Умар аёлдан “Нима учун эрингизга бундай дедингиз?” деб сўради. Аёл “Ёлғон гапирмаслик учун. Ёки бу ҳолда ёлғон гапиришга изн борми?” деди. Ҳазрати Умар “Албатта бу ҳолатда ёлғонга изн бор. Бир аёл эрини севмаса ҳам, уни ранжитмаслик учун ёлғон гапирса, гуноҳ бўлмайди” деб буюрди.

5. Золим кишидан бир мусулмоннинг қаердалигини яшириш учун.

6. Мусулмоннинг молини золимдан ҳимоя қилиш учун.

7. Мусулмонни мамнун этиш учун.

Бир дўстимиз бир янги кийим олса ёки тиктирса, бу бизга ёқмаса ҳам, бу либос сизга жуда ярашди дейиш жоиз бўлган ёлғонга киради. Бир мусулмонни севинтириш учун бир баҳона излаш керак. Ҳадиси шарифда “Фарзлардан кейин Аллоҳу таолонинг энг севган иши – бир мўминни севинтиришдир” деб марҳамат қилинган. (Табароний)

Одатда аёллар безанишга берилган, кийимларига кўп эътибор берадилар. Олган бир либоси учун “Бу кийим сенга жуда ҳам ярашибди” дейиш ёлғон бўлмайди. Чунки динимиз аёли билан яхши муносабатда бўлиш учун ёлғон гапиришни жоиз кўрган. Айниқса, ҳақли бўлган мақтовни қизғаниш – аҳмоқликдир.

8. Мусулмоннинг айбини, гуноҳини ва сирини бекитиш учун.

Ёш бир мусулмон туҳматга учраб, ҳибсга олинибди. Ҳукмни кутаётганида ўзига туҳмат қилганларни, улар билан бирга ҳукмдорни ҳам лаънатлаб, сўкади. Бироз муддат бақириб-чақиради. Ҳукмдор саройидан туриб бу фарёдларни эшитади. Аммо масофа узоқ бўлгани учун нима деб сўзлаганини тушунмайди. Икки вазирини ёнига чақириб, унинг нима деб бақираётганини сўрайди. Биринчи вазир “Ҳукмдорим, у “Аллоҳ авф этганларни азиз этади” ҳадиси шарифини сўзламоқда. “Авф этганларнинг жойи – Жаннат” демоқда. Сиздан авф сўрамоқда” дейди. Бу гап ҳукмдорга ёқиб “Уни авф этдим, озод этинг” деб буюради. Иккинчи вазир эса дарҳол шошилиб “Ҳукмдорим, бу вазирингиз сизга ёлғон гапирмоқда. У йигит авф сўраётгани йўқ, сизни сўкяпти” деди. Шунда ҳукмдор “Эҳ вазир, сен кераксиз жойда тўғри гапириб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлишни истяпсан. Бу вазирнинг ёлғони эса, бир жонни қутқарди. Шуни унутмаки, иш битирган ёлғон, фитнага сабаб бўладиган рост гапдан афзалдир”  деди.

Ҳукмдор кераксиз жойда рост гапни гапирган вазирини вазифасидан озод этиб, ёлғон гапириб, бир айбсизни ҳибсдан қутқарган вазирини ўзига бош вазир этиб тайинлади.

9. Фақирга икром кўрсатиш учун.

Биз сотувчи бўлсак, бир фақир келиб ёққан молини олмоқчи бўлса-ю, аммо қиммат бўлса. Биз бу молни 10 сўмга олган бўлсакда, фақирга “Буни 5 сўмга олдим, устидаги 1 сўм менинг фойдам, 6 сўмга олақолинг” десак, бу жоиздир, гуноҳ бўлмайди.

10. Ҳақ бўла туриб, қаршисидагига “Сен ҳақлисан” дейиш.

Оилада жанжалнинг олдини олиш учун улардан бири наригисига “Сен ҳақсан” дейиш керак. Иккиси ҳам “Мен ҳақлиман” деса, бошлари жанжалдан чиқмайди. Иккиси ҳам “Сен ҳақсан” деса, у ҳолда уйда илоҳий ишқ бошланади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Аллоҳ розилиги учун авф этган кишини Аллоҳу таоло юксалтади.” (Муслим)

“Авф этингки, ўзингиз ҳам авф этиласиз!” (И.Аҳмад)

“Дағал муомалада бўлган кимсага қарши юмшоқ муомалада бўлсангиз, зулм этганни авф этсангиз, сизни маҳрум этган кимсага эҳсон қилсангиз, сиздан узоқлашганга яқинлашсангиз юксак даражаларга қовушасиз.” (Баззор)

Бу каби нарсаларда ёлғон гапириш жоиздир. Масалан, ичкилик ичган ёки бошқа бир гуноҳни ишлаган кимсадан “Сен гуноҳ ишладингми?” деб сўраганларида, ёмон намуна бўлмаслик учун “Йўқ, гуноҳ ишламадим” дея олади. Ҳадиси шарифда “Ёмон иш қилган кимса буни яширишга ҳаракат қилсин!” деб буюрилган. (Ҳаким)

Савол: Ёлғоннинг жоиз бўлган жойлари бор. Баъзи кимсалар буни бутунлай рухсат деб тушуниб, доимо ёлғон гапирадилар. Ота-онасига ва бошқа катталарга ақлга сиғмайдиган ёлғон гапларни гапирадилар. Баъзан ёлғони маълум бўлиб қолса, ҳазил деб қутулади. Ёлғон гапириш динимизда катта гуноҳ эмасми?

Жавоб: Ёлғон Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам катта гуноҳ сифатида билдирилмоқда. Ояти каримада маолан “Аллоҳнинг оятларига ишонмаганлар, фақат ёлғон гапирадилар” деб бурилган. (Наҳл, 105)

Кўриб турганимиздек, ёлғон гапириш имонга зиддир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Ёлғон иймонга терсдир.” (Байҳақий)

“Ёлғон мунофиқлик аломатидир.” (Бухорий)

“Мунофиқнинг уч аломати бор. Ёлғон гапиради, гапида турмайди ва омонатга хиёнат этади. Бундай кимса мусулмон эканлигини гапирса ҳам, намоз ўқиса, рўза тутса ҳам, мунофиқдир.” (Бухорий)

“Мўминнинг ахлоқи турлича бўлиши мумкин. Аммо у хоин бўлмайди ва ёлғон гапирмайди.” (Ибн Аби Шайба, Баззор)

Ёлғоннинг зарарлари ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифларда билдирилган:

“Ёлғон Жаҳаннам эшикларидан бир эшикдир.” (Хатиб)

“Ёлғондан сақланинг! Чунки ёлғон гуноҳга, гуноҳ эса Жаҳаннамга етаклайди.” (Бухорий)

“Ёлғон ризқни камайтиради.” (Исфахоний, Абушшайх)

“Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Улар бир-бирига хиёнат этмайди ва ёлғон гапирмайди.” (Термизий)

“Маслаҳат сўраган кимсага ёлғон гапирган киши унга хиёнат этган бўлади.” (Ибн Жарир)

Кулдириш учун ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапириш жоиз эмас. Ҳадиси шарифда “Инсонларни кулдириш учун ёлғон гапирган кимсага ёзиқлар бўлсин!” деб буюрилган. (Абу Довуд)

Ҳазрати Абдуллоҳ бин Амир баён қилади:

Кичиклигимда Расули Акрам уйимизга келибди. Ўйнагани кетаётганимда онам менга “Абдуллоҳ, кел мен сенга бир нарса бераман” деб чақирди. Расули Акрам “Нима берасан?” деб сўрадилар. Онам “Хурмо бераман” деди. Шунда Расулуллоҳ буюрдиларки: “Агар ҳеч нарса бермасдан, алдаганингда эди, ёлғон гуноҳи ёзиларди.” (Ширъа)

Савол: 1 апрелда ҳазиллашиш жоизми?

Жавоб: Ёлғон гапирмасдан ҳазиллашиш ҳар вақт жоиз. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Дўстингизни ранжитадиган ҳазил қилманг!” (Термизий)

“Баҳсга киришмаган, ҳақли бўлса ҳам ҳеч кимни ранжитмаган, ҳазил ёки кулдириш учун ёлғон гапирмаган, яхши ахлоқли бўлган мусулмон Жаннатга киради.” (Термизий)