Китоб бериш

Савол: Бидъат фирқасида бўлган дўстимга бузуқ йўлда эканлигини билдиришим керакми?

Жавоб: Унга “Сенинг юрган йўлинг бузуқ, нотўғри” дейиш душманликка, жанжалга сабаб бўлади. Унга фойдали бўлган бир китоб, масалан ҳақиқий ислом олимларининг китобларидан бериш керак.

Ҳозирги кунда амри маъруф қилишнинг энг яхши ва осон йўли дуруст бўлган бир китоб беришдир. Насиби бўлса, ўқиб ўрганади. Насиби йўқ бўлса, биз китоб берганимиз учун савоб қозонамиз.

Савол: Қўшнимизнинг ҳовлисидаги дарахтларнинг шохлари девордан ошиб бизнинг ҳовлимизга ўтиб туради. Шохлардаги ва пишиб тўкилган меваларни ейишимиз жоизми?

Жавоб: Дарахт шохларидаги ҳам, ерга тўкилган меваларни ҳам эгасининг рухсатимиз ейиш жоиз эмас. Рухсат берган бўлса, ейиши мумкин.

Савол: Банкдан кредит олиб уй ёки автомобил сотиб олиш жоизми?

Жавоб: Уй нафақадан ҳисоблангани учун уйи бўлмаганнинг кредит орқали уй олиш жоиздир. Зарурат бўлмасдан автомобил ёки тижорат учун фоиз билан кредит олиш жоиз эмас.

Савол: Баъзан таҳорат олаётганда бир аъзомни уч марта ювдимми ёки икки марта ювдимми деб шубҳа қиламан. Учдан кам ёки ортиқ ювиш макруҳ бўлгани учун бу ҳолда нима қилишим керак?

Жавоб: Ҳар доим шундай шубҳага тушаётган бўлсангиз, бу васвасадир, ҳеч нарса қилиш керакмас. Камдан-кам юз берадиган бўлса, яна бир марта ювилади, бу ҳолда тўрт марта ювилган бўлса ҳам макруҳ бўлмайди. Чунки қасддан тўрт марта ювилаётгани йўқ. Қасддан, яъни билиб туриб бир аъзосини уч мартадан кам ёки кўп ювиш макруҳ бўлади.