Бойлик тўплаш

Савол: Динимизда бойлик тўплаш учун кўпроқ ишлаш жоизми?

Жавоб: Ҳар бир мусулмонга ўзининг, бола-чақасининг нафақасига ва қарзларини узишга етадиган миқдорда пул топиб келиш учун меҳнат қилиши фарз. Шундай ният билан ишлаган кимса қарзини тўлай олмасдан вафот этиб кетса ҳам, азоб чекмайди. Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир эркакнинг меҳнат қилиб, нафақасига етарли даражада пул топиши фарздир” деб марҳамат қилинган. Нафақасидан ортиғи учун ҳам ишлаб пул топиш жоиз. Бола-чақасининг бир йиллик нафақасига етадигандек ишлаб пул топиш мубоҳ. Мусулмонларга ёрдам бериш учун, динга хизмат қилиш учун ундан ҳам кўпроқ ишлаб пул топиш эса, мустаҳаб, яхши бўлади. Ҳадиси шарифда: “Инсонларнинг энг яхшиси ўзгаларга фойдали бўлганидир” деб марҳамат қилинди. (Дора Қутний, Худоий)

Оиласининг нафақасига етадиган даражада пул топиш учун ишлаш фарз. Ўзга эҳтиёжларини ҳам таъминлай оладиган даражада пул топиш учун кўпроқ ишлаш суннат. Кўз-кўз қилиш ва мақтаниш учун эҳтиёжидан ортиқ пул топиш таҳриман макруҳ ёки ҳаром бўлади. Бой бўлиш учун меҳнат қилиш гуноҳ эмас. Лекин бойликка кўнгил кўйиш, дунё муҳаббати гуноҳ бўлади. Зийнатга кирадиган нарсаларни ишлаб топиш мубоҳ. Эҳтиёж ва зийнат ашёсини исломиятга мос ҳолда қозониш ибодат бўлади.

Узлатга чекиниб, доим ибодатда бўлиб, уйланиш, саёҳат қилишдек мубоҳ ишларни ва ҳалолдан пул топишни тарк қилиш таҳриман макруҳдир. (Татархония)

Айниқса ўзини муҳтож аҳволга тушириш асло жоиз эмас. Бир ҳадиси шарифда: “Ишламасдан ўзини садақа сўрайдиган ҳолатга туширган одам 70 нарсага муҳтож бўлади” деб буюрилган. (Термизий)

Шундай экан, динимиз буюргандек ҳалол йўлда меҳнат қилиб, пул топиш керак. Ҳаракат қилиш ризқни орттирмайди, лекин шу орқали сабабларга мурожаат қилинган бўлади. Сабабларга ёпишиш эса суннатдир.