...

Зам сураларнинг ўқилиш тартиби

Савол: "Саодати Абадия" китобида “Имомнинг биринчи ракатда иккинчи ракатда ўқийдиган зам сурасидан икки баробар узунроқ сура ўқиши суннатдир” дейилган. Масалан имом биринчи ракатда 5 оятлик "Фил" сурасини, иккинчи ракатда 4 оятлик "Қурайш" сурасини ўқиса, макруҳ бўладими? Ёки биринчи ракатда 3 оятлик "Наср", иккинчи ракатда 4 оятлик "Таббат" сурасини ўқиса, макруҳ бўладими? Макруҳ ва суннат бўладиган ҳолатларга мисол келтирасизми?

Жавоб: Келтирилган мисолларнинг ҳеч қайсиси макруҳ бўлмайди. Иккинчи ракатда биринчи ракатда ўқилган сура билан оятлар сони бирдек бўлса, ҳатто ундан икки оят узун бўлса ҳам, макруҳ бўлмайди. Уч оят узун бўлса, макруҳ бўлади. Яъни иккинчи ракатда биринчи ракатда ўқиган сурадан 3 оят узунроқ сура ўқилса, макруҳ бўлади.

Бунга бир неча мисол келтирамиз:

Қурайш сурасидан кейин Моун сурасини, Кавсар сурасидан кейин Кофирун сурасини ўқиш макруҳ бўлади. Кавсар сурасидан кейин Нос сурасини ўқиш ҳам макруҳ бўлади. Чунки бу мисолларда иккинчида ўқилаётган суралар биринчида ўқилган суралардан 3 оят узун. Ихлос сурасидан кейин Фалақ сурасини ёки Фалақ сурасидан кейин Нос сурасини ўқиш макруҳ бўлмайди. Чунки иккинчи ракатда ўқилган суралар биринчи ракатда ўқилган суралардан фақат 1 оятгина узун, агар 3 оят узун бўлганида эди, макруҳ бўларди. Бу қоида қисқа сура ва оятлар учундир. Узун бир оятдан кейин 3 ёки ундан кўп оят ўқиш макруҳ бўлмайди. Масалан, биринчи ракатда Оятал курси оятини иккинчи ракатда 6 оятдан иборат Кофирун сураси ўқилса, макруҳ бўлмайди.

Имомнинг аввало Моун сурасини сўнгра Кавсар сурасини, аввал Кофирун сурасини кейин Наср сурасини ўқиши суннатдир. Чунки биринчи ракатда иккинчи ракатда ўқиган сурасидан икки баробар узунроқ сура ўқимоқда. Шунингдек аввал Алақ сурасини кейин Қадр сурасини ўқиш ҳам суннат. Чунки Алақ сураси Қадр сурасидан икки мартадан ҳам кўпроқ узун.

Имомнинг ўнг тарафига салом бераётганда чап тарафига берадиган саломидан баландроқ овозда айтиши ҳам суннатдир. Икки тарафга ҳам бир хил тонда салом берса, макруҳ бўлмаса ҳам, суннатга эргашмаган бўлади.

Савол: Хуфтонни кечиктириб, кеча ярмидан ошгандан кейин, яъни макруҳ вақт кирганда ўқиганда макруҳ вақтда суннатлар ўқилмаганлиги сабабли хуфтоннинг суннатлари ўқилмайдими?

Жавоб: Тўғри, макруҳ вақтда суннатлар ўқилмайди. Лекин шомдан бомдодгача ҳеч қандай макруҳ вақт йўқ. Бу оралиқда нофила ёки суннатлар ўқилади. Бу ерда макруҳ бўлаётган нарса нофила ёки суннат намозини ўқиш эмас, хуфтон фарзини ярим кечагача кечиктиришдир. Хуфтонни кечиктириб, фарзини макруҳ қилиб ўқиса ҳам, суннатларини тарк қилмаслик керак. Илк суннатини ҳам, сўнгги суннатини ҳам ўқиш лозим. Витр намози шундоғам кеча намозидир, у имсок (фажр) вақтигача ўқилиши мумкин.

Бомдоднинг суннати билан асрнинг суннати фарздан кейин ўқилмайди. Буларни фарздан кейин ўқиш макруҳ. Шом киришига 40 дақиқа қолгандан бошлаб макруҳ вақт киргани учун шу куннинг аср фарзи ўқилмаган бўлса, фақат шу намоз ўқилади. Суннати ўқилмайди.

Савол: Зайтун ёғи менинг ошқозонимни оғритади. Аммо баъзи дўстларим “Зайтун ёғида шифо бор, ейишнинг ҳеч зарари йўқ” дейдилар. Зайтун ёғи есам бўладими?

Жавоб: Хасталигингиз нима эканлигини биз билмаймиз. Буни шифокордан сўраш керак. Ҳақиқатан меъданигизни оғритаётган бўлса, емаслик керак. Зайтун ёғи нормал ошқозонлар учун яхши. Асал ҳам шундай. Асалнинг шифо эканлиги Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда билдирилган. Лекин қанд касали билан оғрийдиган хастанинг зарар берадиган даражада асал ейиши ҳаром бўлади. Зайтун ёғи агар кишининг соғлигига зарар берадиган бўлса, унинг ейиши ҳам жоиз эмас. Шунингдек балиқ ва қулупнай ҳам баъзи кишиларда аллергия қўзғатади. Аллергия берадиган нарсаларни ейиш уларга ҳам жоиз эмас.