Сенга Расулуллоҳнинг саломи бор

Қарзини тўлолмасдан юрган бир фақир Равзаи Мутаҳҳарага келиб “Ё Расулуллоҳ, шафоат эт, қарзимни тўлай олмаяпман” деб аҳволидан арз этди. Бироздан кейин уйқу босиб, ухлаб қолди. Тушида Пайғамбар жанобимизни кўрди.

Расулуллоҳ “Фалон жойга бор, у ерда шундай бир бадавлат зот бор. Унга саломимни айтиб, қарзингни узадиган миқдорда пул сўра. Тўғри гапираётганингга далил сўраса, ҳар куни менга 100 саловот айтмасдан ухламасди, кеча унутди. Шуни эслатгин, бу оқшом унутган саловотини ҳам айтсин” дедилар.

Ҳаяжонда уйғонган фақир бадавлат одамни қидира-қидира топди. Бу одамнинг уйига борганида уни сомонхонада сомон элаётганини кўрди. У сомон ичига беш тийин тушириб қўйиб, шуни топиш учун бутун сомонхонани элакдан ўтказмоқда эди. Фақир кимса унинг бу ҳолини кўриб таажжубланди, аммо мен ўз вазифамни бажарайин деб Расулуллоҳнинг саломини айтди: “Расулуллоҳнинг сенга саломи бор. Саловот келтиришни кеча оқшом унутибсан, шуни бугун кечқурун айтишингни буюрди. Мен эса қарздор бир кимсаман. Менинг 300 дирҳамлик қарзимни тўлашинг учун Пайғамбар жанобимиз мени сенга юборди” деди.

Пайғамбар жанобимиздан салом келиши бу одамга жуда ёқди. Нима деди, нима деди деб уч марта такрорлатди. Яна такрорлашини сўраганида фақир кимса мени масхара қиляпти деб ўйлаб, ортига қайтмоқчи бўлди. Аммо бадавлат киши унинг йўлини тўсиб “Мен сенинг оғзингдан Расулуллоҳ жанобимизнинг саломини кўпроқ эшитиш учун уч марта такрорлатдим. Ҳар айтганингга 300 дирҳамдан бераман. Агар яна такрорлаганингда уларга ҳам 300 дирҳамдан берардим” деб фақирга 900 дирҳам бериб, уни жўнатди.