Ғийбат қилмоқ

Маълум бирон мўмин ёки зиммийнинг (ғайри муслим ватандош) айбини уни ёмонлаш мақсадида орқасидан гапириш ғийбат бўлади. [Ёмонлаётган сўзлар тўғри бўлса, ғийбат, ёлғон бўлса, туҳмат бўлади. Ғийбат ва туҳмат сўзлар айтиш катта гуноҳ бўлганидек, уларни тинглаш ҳам ҳаромдир. Айтган ва тинглаган одам жаҳаннам оташида ёнади. Айтган одамни жим бўлишга ундаш керак. Жим бўлмаса у ердан туриб кетиш лозим. Ва уларга хайр дуо қилиш керак. Дўст-ёрлар исмини ёзиб деворга осиш, шу исмларни ҳар кўрганда, исм эгаларига хайр дуо қилиш лозим. Мозорлар бошига тош ўрнатиб, майит исми ёзилади, ўтиб кетаётиб кўрганлар, шу майитга раҳмат ва истиғфор ўқийдилар. Йиллар бўйи шундай дуоларга қовушган майитлар қабр азобидан қутулади.] Ғийбат ҳаромдир. Тинглаётган одам ғийбат қилинаётган кимсани танимаса, ғийбат бўлмайди. Ғийбат қилинган кимса буни эшитса, хафа бўлади. Баданида, насабида, ахлоқида, ишида, сўзида, динида, дунёсида ва ҳатто кийимида, уйида, ҳайвонида мавжуд бирор камчилик орқасидан гапирилганда уни эшитиб хафа бўлса, айтилганлар ғийбат бўлади. Қоғозга ўраб, киноя билан, имо-ишора, хатти-ҳаракат билан билдириш, ёзиб етказиш ҳам ғийбат ҳисобланади. Бир мусулмоннинг гуноҳи ва камчилиги гапирилганда қорилар, дин арбоблари, имомларнинг “алҳамдулиллоҳ биз ундай эмасмиз” дейишлари ғийбатнинг энг ёмони бўлади. Бирон киши ҳақида гап кетаётганда “алҳамдулиллоҳ Аллоҳ бизни ҳаёсиз қилмади” қабилида уни ёмонлаш энг жирканч ғийбатлардандир. “Фалончи ўзи яхши одам, лекин ибодатда фалон айби бўлмаса, ундан ҳам яхши бўларди”, дейиш ғийбатдир. “Ҳужурот” сураси ўн иккинчи оятида маолан “Бир-бирингизни ғийбат қилмангиз!” деб буюрилган. Ғийбат одамларни бир-бирига гиж-гижлаш деганидир. Ўзгани ғийбат қилиш - ўлган одамнинг гўштини еган билан бир, дейилган. Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни бир банданинг савоб дафтари очилади. “Ё Рабби! Дунёда мен фалон ибодатларни қилгандим. Саҳифада булар ёзилмай қолибди, дейди. Улар дафтарингдан ўчирилиб, ғийбат қилган одамларингни дафтарига ёзилди, дейилади” ва “Қиёмат куни бир кимсанинг ҳасанот [яхшилик] дафтари очилади. Қилмаган ибодатларининг савобини у ерда кўради. Булар сени ғийбат қилганларнинг савобларидир, дейилади”- деб марҳамат қилинган.

Абу Ҳурайра (розиаллоҳу анҳ) айтадилар: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўтирган эдик. Орамиздан бири туриб кетди. Ё Расулаллоҳ! Ёқтирмагани учун кетди, дейишди. “Ўртоғингизни ғийбат қилдингиз, гўштини едингиз”, дедилар. Оиша (розиаллоҳу анҳо) айтадилар: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида бир хотиннинг бўйи узунлигини айтдим. “Оғзингдагини чиқариб ташла!” дедилар. Туфладим. Оғзимдан бир парча гўшт тушди. Аллоҳу таоло сифатлар ва хусусиятларни жисм тариқасида кўрсатишга қодир. Ғийбат - диндош биродари ёки зиммий эшитса хафа бўладиган бир камчилигини орқасидан гапиришдир. Аллоҳу таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий юбориб бундай деди: “Ғийбат қилиб, тавба этган банда жаннатга ҳаммадан кейин киради. Ғийбат қилиб, тавба этмаган банда жаҳаннамга ҳаммадан олдин киради”. Иброҳим Адҳам (раҳима-ҳуллоҳу таоло) бир зиёфатга таклиф қилинганди. Дастурхонга чақирилганлардан бири ҳали келмагани айтилганда “у ўзи шунақа кечикиб юради” дейилди. Иброҳим бин Адҳам (раҳима-ҳуллоҳу таоло) бу ерда ғийбат қилинди, деб зиёфатдан туриб кетдилар. Ҳадиси шарифда: “Бир кимса ҳақида айтилган қусур унда бор бўлса, бу сўз ғийбат бўлади. Йўқ бўлса, бўҳтон, ифтиро, яъни туҳмат бўлади” деб марҳамат қилинган. Кишининг диндаги қусурларини айтиш, масалан, намоз ўқимайди, шароб ичади ёхуд ўғрилик қилади, гап ташийди ва дунёвий қусурларини айтиш, масалан, қулоғи кар, кўзи ғилай,- дейиш ғийбат бўлади. Диндаги камчиликлари агар уни ёмонлаш мақсадида айтилса, ғийбат бўлади. Унинг ислоҳини ўйлаб айтилса, ғийбат бўлмайди. Ачиниб айтилса ҳам ғийбат бўлмайди, дейилди. Бу маҳаллада бенамозлар бор ёки коммунистлар [динсизлар] бор, ўғрилар бор, дейиш ғийбат бўлмайди. Чунки, аниқ бир шахс айтилмаяпти.

Бир киши намоз ўқиб, рўза тутиб юриб қўли билан одамларга зарар етказса. Масалан, калтакласа, молларини зўравонлик билан тортиб олса, ўғирласа. Ёки тили билан халққа зарар етказса. Масалан, сўкса, иғво қилса, ғийбат қилса, гап ташиса, булар ҳаммаси ошкора қилинаётган гуноҳга ётади. Кишининг ҳеч кимдан яширмай, ошкора қилаётган фисқу фасоди ва ҳаромлари ҳақида гапириш ғийбат бўлмайди. Ундайларни тегишли жазо бериши учун ҳукуматга [органларга] арз қилиш гуноҳ бўлмайди. Бир киши отасидан яшириб ҳаром ишлар қилса, отасининг уни йўлга сола олишини билган одам, уни отасига айтиши ёки ёзиб хабар бериши лозим. Агар йўлга сола олиши номаълум бўлса, хабар бериш жоиз бўлмайди. Чунки душманликка сабаб бўлади. Кишининг ёмонлигини, зарарларини унга ачинганидан ёки ўзгаларнинг ундан эҳтиёт бўлишлари учун айтса, ғийбат бўлмайди. Уни ёмонлаш учун айтса, ғийбат бўлади. Олти ҳолатдаги одамнинг камчилик ва айбларини орқасидан айтиш ғийбат бўлмайди: Унга ачинганидан айтиш; унга чора кўришлари учун айтиш, фатво олиш учун айтиш; мусулмонларни унинг ёмонлигидан эҳтиёт қилиш учун айтиш. Ўша айб унга ном бўлиб қолган бўлса, уни шу ном билан танитиш мажбуриятида бўлиш. Ҳамма биладиган фисқи [гуноҳи], бидъати ва зулмини айтиш. Аччиқланиб, уни ёмонлаш ниятида айтилса, ғийбат бўлади. Сотуқдаги молнинг айбини харидорга айтиш сотувчини ғийбат қилиш бўлмайди. Уйланадиган йигитга никоҳига олмоқчи бўлган қизнинг айбларини айтиш ғийбат эмас, насиҳат бўлади. Бир нарсадан бехабар одамга насиҳат бериш вожибдир. Очиқча ҳаром иш қиладиган, зулм ўтказадиган кимсанинг очиқ бўлмаган бошқа айбларини айтиш ғийбат бўлади. Ҳадиси шарифда: “Ҳаё жилбобини ечган одам ҳақида гапириш ғийбат бўлмайди” деб марҳамат қилинган. Жилбоб – аёлларнинг кенг бош ёпинчиғи, рўмоли. Бу ерда “ҳаё жилбобини ечиш” ҳеч кимдан яширмай очиқчасига ҳаром иш қилиш деганидир. Ҳадиси шариф, ундай кимсаларнинг ҳаёси йўқлигига ишора қилмоқда. Имоми Ғазолий ва баъзи олимлар (раҳима-ҳумуллоҳу таоло) “очиқча гуноҳ қилувчи ва бошқалар айбини айтишнинг ғийбат бўлишида уни ёмонлаш шарт эмас”, деганлар. Шунинг учун ғийбатдан жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Инсонни ғийбат қилишга ундовчи сабаблар кўп. Бу ерда шулардан ўн биттасига тўхталиб ўтилади: Унга нисбатан адоват; ҳамсуҳбатларининг фикрига қўшилиш тушунчаси; ёқтирмаган кимсани ёмонлаш; ўзининг ўша гуноҳни қилмаганини билдириш; ўзининг ундан ортиқ эканлигини кўз-кўз қилиш; уни ҳасад қилиш; ҳамсуҳбатларини кулдириш; ҳазиллашиш; уни масхара қилиш; кутмаган одамининг ҳаромга қўл урганига ҳайратини, унга хафа бўлганини, унга ачинганини айтиш; ҳаром иши учун уни ёмон кўриб қолганини айтиш.

Ғийбат одамнинг савоблари камайишига, бошқаларнинг гуноҳлари ўзига берилишига сабаб бўлади. Буларни ҳамиша ўйлаб юриш ғийбат қилишига моне бўлади.

Ғийбат уч хилдир: Биринчисида, “мен ғийбат қилмадим, унда бор нарсани гапирдим”, дейди. Бундай гапириш куфр бўлади, чунки ҳаромга ҳалол деган, бўлади. Иккинчисида, ғийбат қилинаётган кимсага эшиттиришдир. Бу жуда катта гуноҳ ва ҳаром бўлади. Тавба билан кечирилмайди. У билан ҳалоллашиш ҳам керак бўлади. Учинчисида, ғийбат қилинаётган кимсанинг бундан хабари бўлмайди. Тавба ва истиғфор қилиш ҳамда унга хайр дуо қилиш билан афв этилади.

Ёнида ғийбат қилинаётганини эшитган одам дарров унга моне бўлиши керак. Ҳадиси шарифларда: “Дин биродарига, унинг хабари бўлмасдан ёрдам берган одамга Аллоҳу таоло дунёда ва охиратда ёрдам беради” ва “Ёнида дин биродари ғийбат қилинганда, кучи етгани ҳолда унга ёрдам бермаган кимсанинг гуноҳи дунёда ва охиратда ўзига кифоя қилади”“Бир одам дунёда дин биродарининг ор-номусини ҳимоя қилса, Аллоҳу таоло бир фаришта юбориб, уни дўзах азобидан ҳимоя қилади”“Бир кимса дин биродарининг ор-номусидан бирон нарсани ҳимоя этса, Аллоҳу таоло, уни жаҳаннам азобидан ҳимоя қилади” деб марҳамат қилинган. Ғийбат қилинаётганда ўша ерда бўлган одам қўрқмаса сўз билан, қўрқса қалби билан рад этмаса, ғийбат гуноҳига шерик бўлади. Гапини бўлиш ёки ўрнидан туриб кетиш мумкин бўлса, шундай қилиш керак. Қўли, боши, кўзи билан ман қилиши етарли бўлмайди. Очиқча “ёп оғзингни, жим бўл!” дейиши керак.

Ғийбат қилишнинг каффорати - пушаймон бўлиш, тавба қилиш ва у билан ҳалоллашишдир. Пушаймон бўлмасдан ҳалоллашиш риё бўлиб, яна бир гуноҳ қилган бўлади. [Ўлган одамни ва зиммий кофирни ғийбат қилишнинг ҳаром эканлиги Ибн Обидин, 5-жилд, 263-бетида ёзилган.]

 

Ҳақ ирода айласа, йўл бергай ҳамма сенга,

Халқ этиб сабабларин, мўл бергай ҳарна сенга.