Суизан - ёмон гумон

Қалб касалликларининг йигирма тўртинчиси “суизан”дир. Гуноҳим кечирилмайди деб гумон қилиш – Аллоҳу таолога нисбатан суизан [ёмон гумон қилиш] бўлади. Барча мусулмонларни ҳаром иш қилувчи фосиқ, гуноҳкорлар деб гумон қилиш уларга нисбатан суизан бўлади. Суизан ҳаромдир. Кишининг ҳаром қилаётганини билиб, кўриб, уни ёқтирмаслик суизан бўлмайди, аксинча буғди-филлоҳ [Аллоҳ учун ёқтирмаслик] ва савоб бўлади. Диндош биродарининг айбини кўрганда, унга ҳуснизан [яхши гумон] қилиб, бирон узрли сабаби бордир деб оқлашга ҳаракат қилиш керак. Уни ислоҳ қилиш лозим. Қалбга келган ёмон ўй-фикр дарров суизан бўлиб қолмайди. Зан этиш, гумон қилиш, яъни қалбнинг ўша ёмон фикрга майл қилиши суизан бўлади. “Ҳужурот” сурасининг ўн иккинчи оятида маолан: “Эй, иймон келтирганлар! Гумонга берилишдан ўзларингни ҳимоя қилинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир!”- деб буюрилган. Ҳадиси шарифда: “Гумон қилманглар. Гумон нотўғри қарор беришингизга сабаб бўлади. Одамларнинг яширин нарсаларини суриштирманглар, айб қидирманглар, муноқаша қилманглар, ҳасад этманглар, бир-бирларингга душманлик қилманглар, бир-бирларингни гиж-гижламанглар, ака-укадек меҳр-оқибатли бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг қариндошидир. Қариндошлар бир-бирига зулм қилмайди, ёрдам беради, биродарини ўзидан паст кўрмайди”- деб марҳамат қилинган. Мусулмоннинг мусулмонни ўлдириши ҳаромдир. Бир ҳадиси шарифда “Мусулмон мусулмоннинг молига, жонига ва номусига қасд қилмайди. Аллоҳу таоло баданларингизни қувватига, чиройига, бичимига қарамайди. Амалларингизга ҳам қарамайди. Қалбларингизга қарайди”- дейилган. Аллоҳу таоло қалблардаги ихлосга ва Аллоҳ қўрқувига қарайди. Амал ва ибодатларнинг қабул бўлиши учун, яъни уларга савоб ёзилиши учун, ҳам шартларига мос бўлиши, ҳамда ихлос билан ният қилинган бўлиши керак. “Ибодат саҳиҳ бўлса, бас, қабул бўлади. Ниятга қаралмайди” дейиш илҳод [дин чегарасидан ошиш] ва зиндиқлик [динсизлик]  бўлади. Аллоҳ ризоси учун қилинмаган ҳеч қайси ҳайру ҳасанот ва ибодатлар қабул бўлмайди. “Аллоҳу таоло қалбга қарайди. Яхши ният бўлса бас, ҳамма нарсани қабул қилади” дейиш ҳам жоҳил шайхлар билан жоҳил тариқатчиларнинг сўзидир.

[Улар кўнглимиз тоза, қалбимиз пок деб баъзи ҳаром, чиркин ва ёмон нарсаларни қилиб, “яхши ният билан қилинган ҳамма нарса яхшилик ва ибодат бўлади”,- дейишмоқда. Мана шундай очиқча гуноҳ қиладиганларни ва мусулмонларни алдаб ўзларига мурид йиғувчиларни ёқтирмаслик, уларга эргашмаслик керак. Уларнинг фосиқ эканликларини айтиш суизан бўлмайди.]

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳу таолога ҳуснизан [яхши гумонда бўлинглар] қилинглар” дейилган. “Зумар” сураси эллик учинчи оятида: “Эй гуноҳи кўп бўлган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан умидларингни узманглар! Албатта Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилади. У чексиз мағфират ва бениҳоя марҳамат соҳибидир.” дейилган. Шартларига мос тавба қилинса, ҳар қандай куфр ва гуноҳни албатта кечиради. Хоҳласа, куфрдан ўзга гуноҳларни тавбасиз ҳам кечиради. Ҳадиси қудсийда: “Бандам мени қандай деб гумон қилса, унга ўзи гумон қилгандай муомала қиламан”- деб марҳамат қилинган. Қабул бўлишини гумон қилиб, тавба этган одамни кечиради.

[Аллоҳу таолонинг ўз пайғамбарларига (салавотуллоҳи таоло ва таслимотуҳу алайҳим ажмаин) хабар юборишига, билдиришига “ваҳий” дейилади. Ваҳий икки хил бўлади: Жаброил исмли фаришта Аллоҳу таолодан олган хабарларни элтиб пайғамбарга ўқийди. Бунга “ваҳий-и матлу” дейилади. Бу ваҳийнинг калималари ҳам, маънолари ҳам Аллоҳдан келган бўлиб, Қуръони Карим ваҳий-и матлудир. Ваҳийнинг иккинчиси “Ваҳий-и ғайри матлу”деб номланиб, у Аллоҳу таоло тарафидан тўғридан пайғамбарнинг (алайҳиссалоту вассалом) қалбига билдирилади. Пайғамбар бу ваҳийни ўз сўзлари билан ёнидагиларга айтиб беради. Бу сўзларга “ҳадиси қудсий” дейилади. Ҳадиси қудсийнинг сўзлари пайғамбарга, маъноси Аллоҳга оиддир. Пайғамбарнинг (алайҳиссалоту вассалом) сўзлари ҳам, маънолари ҳам ўзига тегишли бўлган сўзларига “ҳадиси шариф” дейилади.]

Ҳадиси шарифларда: “Аллоҳу таолога ҳуснизан қилмоқ ибодатдир”; “Ундан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳу таолога қасам ичаманки, Аллоҳу таоло ўзига ҳуснизан билан қилинган дуони, албатта қабул қилади”“Қиёмат куни Аллоҳу таоло бир бандасининг жаҳаннамга ташланишини буюради. Дўзахга олиб кетилаётганда орқасига ўгирилиб: Ё Рабби! Дунёда доим сенга ҳуснизан қилгандим деганида, “Уни жаҳаннамга элтманглар! Бандамни менга бўлган гумони бўйича кутиб оламан, деб буюради”- деб марҳамат қилинган.

Солиҳ ёки фосиқлиги номаълум мўмин ҳақида доим ҳуснизан [яхши гумон] қилиш керак. Агар кишининг фосиқ ва солиҳ бўлиш эҳтимоли тенг бўлиб қолса, бунга “шак”, шубҳа дейилади. Тенг бўлмаса, оғир босган томонига “зан” [гумон], камига “ваҳм” [ваҳима] дейилади.

 

Бу ёшга келибсан, не амал қилдинг?

Умринг ўтиб кетди, пушаймон бўлдинг?

Ҳузуримга қайси юзинг-ла келдинг?-

деса Аллоҳ, сен қандай жавоб берасан?

 

Икки йўлни кўрсатдим, ҳам ақл бердим,

Биттасин танлашинг-чун эркингга қўйдим.

Шариатни тарк этиб, нафсингга уйдинг,-

деса Аллоҳ, сен қандай жавоб берасан?

 

Таҳорат олмадинг, иссиқ-совуқ деб,

Намоз ўқимадинг ҳеч, дунё ғамин еб,

Ғусл нима билмадинг, жанобат кезиб,-

деса Аллоҳ, сен қандай жавоб берасан?

 

Нега ўқимадинг ҳеч, покланиб намоз,

Ёлвориб Холиққа, этмадинг ниёз?

Ғусл олиш керак, доим қиш ва ёз,-

деса Аллоҳ, сен қандай жавоб берасан?