Хиёнат

Қалб касалликларининг йигирма иккинчиси хиёнатдир. Хиёнат қилиш ҳам ғазабга сабаб бўлади. Хиёнат ҳаром бўлиб, мунофиқлик аломатидир. Хиёнатнинг зидди омонат, яъни амин бўлмоқдир. Хиёнат - бировга ўзини амин, ишончли қилиб танитгандан сўнг шу ишончни бузадиган иш қилиш деганидир. Мўмин деб, ҳамманинг моли ва жонини бемалол ишониб омонат қила оладиган ишончли одамга айтилади. Омонат ё хиёнат мол-мулкда бўлганидек сўзда ҳам бўлади. Ҳадиси шарифда “Машварат [маслаҳат] қилинадиган одам амин, ишончлидир” деб марҳамат қилинган. Яъни унинг тўғри гапиришига ва сўралганни ўзгалардан яширишига ишонилиб, сир, савол, мушкил ё мақсад омонат қилинади. Ундай кишининг тўғри гапириши вожиб. Инсон мол-мулкини ишонган одамига топширганидек, тўғри гапиришига амин бўлган одам билан машварат қилади. “Оли Имрон” сураси юз эллик тўққизинчи оятида маолан “Қиладиган ишингни аввал кенгаш, маслаҳатлашиб ол” деб буюрилган. Кенгашиш, машварат, яъни маслаҳатлашиш одамни пушаймон бўлишдан муҳофаза қиладиган қалъага ўхшайди. Кенгашиладиган киши, одамларнинг ҳол-аҳволини, давр ва мамлакат шароитини билиши лозим. Бунга сиёсат билими дейилади. Ундан ташқари ақли, фикр кучли, узоқни кўра оладиган, ҳатто соғлиги жойида бўлиши керак. Маслаҳат сўраб борилган одамнинг, ҳожат эгасига билмаганини ёки билганининг аксини айтиши гуноҳ бўлади. Хатолашиб айтиши гуноҳ бўлмайди. Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган одам билан машварат қилинса, кенгашилса, икки томонга ҳам гуноҳ бўлади. Дин ва дунё ишларида билмасдан туриб фатво берган кимсани фаришталар лаънатлайди. Бирон киши зарарли эканини билиб туриб буйруқ берса, хиёнат қилган бўлади.

[“Ҳадиқа” китобида ёзилишича, Абдуллоҳ бин Масъуд (розиаллоҳу таоло анҳ) бундай деганлар: “Динингиздан илк йўқотадиган, айрилиб қоладиган нарсангиз – омонат [ўзаро ишонч] бўлади. [Иймон намоздан аввал йўқолади] Энг охирги бўлиб намозни йўқотасизлар. Дини [иймони] йўқ бўлишига қарамай намоз ўқийдиган кимсалар кўпаяди.” Ҳадиси шарифда “Дўстлик қилган одамини ўлдирган кимса менинг умматимдан эмас. Ўлдирилган киши кофир бўлса ҳам шундай” деб таъкидланган.]