Ҳасад

Ёмон хулқларнинг ўн бешинчиси ҳасаддир. Ҳасад – қизғаниш, кўролмаслик, ичи торлик бўлиб, Аллоҳ эҳсон қилган неъматнинг одамлардан кетишини хоҳламоқдир. Фойдасиз, зарарли нарсанинг кишидан соқит бўлишини хоҳлаш ҳасад эмас, ғайрат бўлади. Илмини мол-мулк ва обрў-эътиборга эришиш ёхуд гуноҳ ишларда фойдаланадиган дин ходимидан илмнинг йўқолишини хоҳлаш ҳам ғайрат бўлади. Бойлигини ҳаромга, зулмга, исломни бузишга, бидъат ва гуноҳларни ёйишга сарфловчи одамнинг мол-мулкини йўқотишини хоҳлаш ҳам ҳасад бўлмайди, балки дин ғайрати бўлади. Кишининг қалбида ҳасад бўлса-ю, ўзи бундан норози ва хафа бўлса, буни хоҳламаса, гуноҳ бўлмайди. Қалбдаги ўй-тушунча, хотира гуноҳ саналмайди. Чунки хотиранинг қалбга келиши инсон ихтиёрида эмас. Агар қалбида ҳасад борлигидан ғам чекмаса ёки ўз орзуси билан ҳасад қилса гуноҳ ва ҳаром бўлади. Шу ҳасадини гап-сўзлари ва хатти-ҳаракатлари билан маълум қилса, гуноҳи янада кўпаяди. Ҳадиси шарифда “Инсон уч нарсадан қутулолмайди: Суи зан [ёмон гумон], таяра [шумланиш], ҳасад. Суи зан, яъни гумонга берилсангиз, унга мос ҳаракат қилманг. Шумланган, хосиятсиз деб ҳисоблаган ишингизни Аллоҳу таолога таваккул қилиб бажаринг. Ҳасад қилган одамингизни асло ранжитманг!” деб буюрилган. Таяра – шумланиш, омадсизлик, хосиятсизликка ишонишдир. Суи зан бировни ёмон деб гумон қилишдир. Ушбу ҳадиси шарифдан англашиладики, қалбда ҳасад ҳосил бўлиши ҳаром эмас. Лекин шу ҳолдан рози бўлиш, давомини хоҳлаш ҳаром бўлади.

“Ҳадиқа” китобида бундай дейилган: “Қалб [дил]га келадиган ўйлар беш даражада бўлади. Биринчиси дилда турмайди, даф этилади. Бунга “хожис” дейилади. Иккинчиси қалбда маълум вақт қолади. Бунга “хотир” дейилади. Учинчиси қилсамми қилмасамми деб тараддудга туширади. Бунга “ҳадис-ун-нафс” дейилади. Тўртинчиси шуни қилишга мойиллик ҳосил қилади. Бунга “ҳамм” дейилади. Бешинчисида ушбу мойиллик кучайиб, қарор қилинади. Бунга “азм” ва “жазм” дейилади. Дастлабки уч даражани фаришталар ёзмайди. Ҳамм агар ҳасана [яхши] бўлса, ёзилади. Сайия [ёмонлик] бўлиб, тарк этилса, савоб ёзилади. Азм қилса, бир гуноҳ ёзилади”. Агар бош тортса, у ҳам авф этилади. Ҳадиси шарифда “Кўнгилга келган ёмон ўй айтилмагунча [оғиздан чиқмагунча] ва шунга мос ҳаракат қилинмагунча авф этилиб, кечирилаверади.” деб марҳамат қилинган. Одам қалбига куфр ёки бидъат эътиқод туркумидан бирон ўй келганда бунга хафа бўлиб, дарров рад этса, ушбу қисқа ўй куфр бўлмайди. Лекин дилда йиллар ўтгач кофир бўлишга қарор қилса, ҳатто буни бирон шартга боғласа ҳам, қарор қилган заҳоти кофир бўлади. Бирқанча йилдан кейин бир кофирга турмушга чиқаман деб қалбига тугган аёл ҳам шундай бўлади.

[Ҳаром иш қилишнинг гуноҳи, уни қилишга қарор беришдан ҳам каттароқдир. “Ҳаром” деб Аллоҳу таоло тақиқлаган нарсага айтилади. Гуноҳ – “исм” бўлиб, ҳаром ишлаганга бериладиган жазо деганидир. Гуноҳ қилди дегани – жазо ва азобга сабаб бўладиган бирон иш қилмоқ, яъни ҳаром ишламоқ деганидир. “Савоб” – яхшилик, эзгулик ва ибодат қилган одамга охиратда бериладиган мукофот деганидир. Аллоҳу таоло дунёда яхшилик ва ибодат қилганларга охиратда савоб беришини ваъда қилган. Яхшилик ва ибодат қилганларга охиратда савоб берилиши аслида вожиб ҳам, лозим ҳам эмас. Лекин Аллоҳу таоло ўз лутфу карами, раҳми билан буларга охиратда савоб беришини ваъда қилган. Аллоҳу таоло ваъдасидан қайтмайди, муҳаққақ бажаради.]

Ҳадиси шарифда “Инсон ҳаром иш қилишни кўнглидан ўтказса-ю Аллоҳу таолодан қўрқиб қилмаса, ҳеч қандай гуноҳ ёзилмайди. Ҳаром ишни содир қилганида бир гуноҳ ёзилади” дейилган.

Кофир [Аллоҳ душмани] бўлишга ва бидъатчи бўлишга ният қилиш ҳаром бўлиб, шу заҳоти нияти рўёбга чиқади. Чунки, бу икки ниятнинг ўзи аслан ёмон ва ҳаром. Ҳаромга ниятланиш эса, ҳаромга сабаб бўлгани учун ёмон бўлади. Дилдаги ўй-хаёлни ўзи эмас, балки уни содир қилиш, амалга ошириш ёмондир. Дилдаги ёмонлик содир қилинмаганда, бандага ҳаром ва гуноҳ бўлмаслиги Аллоҳу таолонинг раҳмидандир ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳурматига, ушбу раҳмати илоҳия ул зотнинг умматига махсус қилинган.

Киши ўзгада кўрган неъматнинг ундан кетишини истамай, ўзига ҳам насиб этилишини хоҳласа, ҳасад қилган бўлмайди. Бунга “ғибта” – интилиш, ҳавас дейилади. Ғибта чиройли ахлоқдан саналади. Ислом аҳкомига, яъни фарзларини бажариб, ҳаромлардан тийилишга риоя қиладиган солиҳ инсонга ғибта қилмоқ, яъни ўхшашга интилмоқ вожибдир. Ўзгалардаги дунёлик неъматларга ғибта қилиш танзиҳан макруҳ бўлади.

Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло мўмин [иймонли] бандасига ғайрат қилади. Мўмин ҳам мўминга ғайрат қилади” дейилган. Аллоҳу таоло мана шу ғайрати туфайли бандаларига фаҳш ишларни ҳаром қилган. Аллоҳу таоло: “Эй, Одам фарзандлари! Сизларни Ўзим учун яратдим. Бошқа ҳамма нарсани эса сизлар учун яратдим. Сен учун яратганларим, сени ўзим учун яратилганингдан ман, ғофил ва машғул қилмасин” дея буюрган. Бошқа бир ҳадиси шарифда “Сени ўзим учун яратдим. Бошқа нарсаларга чалғима! Ризқингга кафилман, ўзингни қийнама!” деб марҳамат қилинган.

Юсуф алайҳиссаломнинг “Султон [Фиръавн]нинг ҳузурига чиққанда менинг исмимни айт!” дейиши ғайрати илоҳияга [Аллоҳнинг ғайратига] тегиб, неча йиллар зиндонда қолиб кетишига сабаб бўлганди. Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исмоил дунёга келганига севиниши ғайрати илоҳияга тегиб, уни қурбон қилиши буюрилди. Аллоҳу таолонинг суюкли бандаларига, баъзи авлиёларига мана шундай ғайрат қилган пайтлари кўп кузатилган.

Ғайрат - бир одамдаги ўз ҳаққига ўзгани шерик қилишини истамасликдир [яъни ундаги ҳақини ўзгадан қизғанишдир]. Аллоҳу таолонинг ғайрат қилиши [қизғаниши] - бандасининг ёмон, чиркин иш қилишига рози бўлмаслигидир. Банданинг вазифаси хоҳлаганини қилиш эмас, балки Аллоҳга қуллик қилиш, Унинг амрлари ва тақиқларига итоатдир. Хоҳлаганини ясаш, яратиш, содир қилиш Аллоҳга хос бўлиб, ёлғиз Унинг ҳақидир. Банданинг ўз хоҳишларини қилиши, гуноҳ содир қилиши Аллоҳу таолонинг ҳақига шерик бўлишга уриниш демакдир. Мўмин киши гуноҳ ишда ўз-ўзига ғайрат қилиши лозим. Бу ҳам гуноҳ қилаётганда ҳаяжон босиши, юрагининг така-пука бўлиши, сиқилиши орқали амалга ошади. Мўминнинг қалби Аллоҳу таолонинг уйи бўлиб, чиройли феълларнинг маконидир. Қалбида ёмон, жирканч хаёлларга жой берган киши жирканчларни гўзалларга шерик қилган бўлади. Шу пайтда қалбнинг бунга рози бўлмаслиги, гупиллаб уриб монелик қилиши ғайрат бўлади. Ансорлар раиси бўлмиш Саъд бин Убода (розиаллоҳу таоло анҳ) “Ё Расулаллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам)! Завжамни бегона эркак билан бир тўшакда кўрсам, тўртта гувоҳ бўлмаса-да ўлдира олмайманми?” деб сўраганида, “Ҳа, ўлдиролмайсан” дедилар. Саъд бунга жавобан “Тўрт гувоҳ керак бўлса ҳам, бунга чидай олмайман. Шу заҳоти ўлдираман” деганида, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: “Раисингизни сўзини эшитяпсизларми! У жуда ғаюр [ғайратли] экан. Мен ундан ҳам кўпроқ ғаюрман. Аллоҳу таоло мендан ҳам ғаюрроқдир” дедилар. Яъни бунақа ғайрат, рашк бўлмайди. Мен ундан ғайратлироқ бўлишимга қарамай асло ислом чегарасидан ташқарига чиқмайман. Аллоҳу таоло барчамиздан ғайратлироқ бўлгани ҳолда бундай фаҳшнинг жазосини дарров бермайди, демоқчи бўлдилар. Саъдга ҳақли бўлган жазони шошилиб беришининг тўғри бўлмаслигига ишора қилдилар. Ҳаром иш қилинаётганда уни кўриб қолган ҳар бир мусулмоннинг таъзир жазоси бериши лозим. Кўрганларнинг шу иш қилиниб бўлгандан кейин жазо беришлари жоиз эмас. Бундай пайтда фақат ҳукумат ва ҳоким [судья]-нинг таъзир жазоси бериши лозим бўлади. Зино қилаётганда кўриб, ушлаб олиб ўлдирган киши маҳкама [суд]-да тўрт гувоҳ кўрсатиши лозим. Биргина қасам ичиши қабул қилинмайди. Тўртта гувоҳ топиб келолмаса, қотил сифатида ҳоким томонидан жазога маҳкум этилади.

Хотиннинг шеригини [кундошини] ғайрат қилиши, қизғаниши жоиз эмас. Расулуллоҳ (салаллоҳу алайҳи васаллам) бир кеча ҳазрати Оишанинг уйидан чиқдилар. Ҳазрати Оиша (розиаллоҳу таоло анҳо) ул Зотнинг бошқа завжларидан бирининг ёнига кетаяптилар, деб ўйлаб ғайрат қилди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) қайтиб келганларида хафалигини кўриб:

–   Ғайрат этдингми? – деб сўрадилар.

–   Мендек бечора, Сиздек мавжудотнинг энг шарафлиси, жонзотларнинг энг марҳаматлиси бўлган Зотни қизғанмайдими? – деб жавоб берди.

–   Шайтоннинг васвасасига учибсан.

–   Менинг ёнимда шайтон борми, ё Расулаллоҳ? – деб сўраганида

–   Албатта, бор, – дедилар.

–   Эй, Аллоҳнинг Расули, Сизнинг ёнингизда ҳам борми?

–  Ҳа, менинг ёнимда ҳам бор. Лекин Аллоҳу таоло мени унинг васвасаларидан муҳофаза қилмоқда, – дедилар. Яъни менинг шайтоним мусулмон бўлган. У мени хайрли ишларга ундайди. Бир ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло ҳеч кимга эҳсон қилмаган икки неъматини менга эҳсон қилди: шайтоним кофир эди, уни мусулмон қилди. Исломни ёйишда барча завжаларимни менга ёрдамчи айлади” деб марҳамат қилинган. Одам алайҳиссаломнинг шайтони кофир эди. Завжаси ҳазрати Ҳавво жаннатда шайтоннинг онт ичганига алданиб, Одам алайҳиссаломнинг хато қилишига сабаб бўлди.

Одамларнинг Аллоҳу таолога нисбатан ғайратлари ҳаром ишлар содир бўлишини истамаслик орқали амалга ошади.

Ҳасаднинг зиддига “Насиҳат” қилиш дейилади. Насиҳат - Аллоҳнинг бирон бандасига берган неъмат унда қолиб, дини ва дунёсига фойдали бўлишини хоҳлаш деганидир. Насиҳат қилиш барча мусулмонларга вожибдир. Ҳадиси шарифларда “Хайрли ишга сабаб бўлган одамга шуни қилган одамнинг ажрича савоб берилади”, “Ўзига хоҳлаганини дин биродарига ҳам хоҳламаган одам иймон келтирган бўлмайди” ва “Диннинг асоси насиҳатдир”, деб марҳамат қилинган.

Одамларга Аллоҳу таолонинг борлигини, бирлигини, барча камол ва жамол сифатларининг Унда жамланганини; Унга нолойиқ сифат, айб, камчилик ва нуқсонларнинг Унда йўқлигини; холис ният билан Унга ибодат қилиш лозимлигини; кучи етгунча Унинг розилигини олишга ҳаракат қилишни; Унга исён қилмасликни; дўстларига муҳаббат, душманларига мухолифат қилиш кераклигини; Унга итоат қилганларни севиб, исён қилганларни севмасликни; неъматларини билиб шукр қилишни; барча махлуқотларига меҳр-шафқат қилишни; Унда бўлмаган сифатларни Унга иснод қилмасликни ўргатиш, эслатиш, уқдириш Аллоҳу таоло учун насиҳат қилиш бўлиб ҳисобланади. Шукр - Аллоҳу таоло берган неъматлардан исломиятга мос равишда фойдаланиш деганидир.

Қуръони каримда келган таълимотларга ишонишни; буйруқларни бажаришни; сураларни ўз қисқа ақли, шахсий тушунчаси бўйича таржима қилишдан тийилишни; уни кўп ва тўғри тиловат қилишни; таҳоратсиз унга қўл теккизиш жоиз эмаслигини одамларга етказиш, ўргатиш Қуръони карим учун насиҳат қилиш бўлиб ҳисобланади.

Муҳаммад алайҳиссалом баён қилган нарсаларнинг ҳаммасига ишониш кераклигини; Зот ва исмларига ҳурмат лозимлигини; суннатларига риоя қилиш ва ёйишни; Расулуллоҳнинг чиройли ахлоқлари билан ахлоқланишни; ул зотнинг оиласи, саҳобалари ва умматини севишни одамларга гапириб бериш, Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи ва саллам) учун насиҳат қилиш бўлади. Ул зотни ҳурмат қиладиган, динини ҳимоя қиладиган, шу динга эргашишда, тоат-ибодатда халққа эркинлик берган ҳукуматларга ёрдам бермоқ; уларга ҳақни, тўғрини етказмоқ; мусулмонмонларнинг ҳақ-ҳуқуқига риоя қилишларини эслатиб турмоқ; уларга исён қилмаслик; қонунларга қарши чиқмаслик, уларнинг исломиятга ва аҳолига хизмат қилишлари учун дуо қилмоқ; орқаларида туриб намоз ўқимоқ; кофирларга қарши жиҳодларида мол, жон ва дуо орқали ёрдамга шошилмоқ; закот ва солиқларни тўламоқ; қурол билан ҳеч кимга ҳужум қилмаслик; зулм ва ҳақсизлик қилганларида ҳам исён қилмай, ширин сўз билан уларни тўғри йўлга, адолатга чорламоқ; уларга ялтоқлик қилмаслик; тўғри йўлдан чалғишларига сабаб бўлмаслик; ҳукумат раҳбарларига қарши чиқмаслик кераклигини ҳаммага уқдирмоқ; Аҳли суннат олимларининг (раҳматуллоҳи таоло алайҳим ажмоин) фиқҳ, илмиҳол ва ахлоқ китобларига эргашиш лозимлигини тушунтирмоқ, давлат учун насиҳат қилиш бўлади.

Одамларга дунё ва охиратда фойдали бўлган амалларни қилиш ва зарарлилардан тийилиш кераклигини; ҳеч кимга озор етказмаслик; кўнгил оғритмаслик; билмаганларини ўргатмоқ; айбларини яширмоқ; фарзларни амр этмоқ; ҳаромлардан қайтармоқ; булар ҳаммасини яхшилик ва мулойимлик билан ачиниб тушунтириш кераклигини; кичикларга раҳм, катталарга ҳурмат кўрсатилишини; ўзлари учун хоҳлаган муомалани ўзгаларга ҳам кўрсатиш кераклигини; ўзларига раво кўрмаган ишларни ўзгаларга ҳам қилмасликларини; инсонларга баданлари, моллари билан кўмаклашишни ўргатмоқ, бутун одамзот учун насиҳат қилиш бўлади.

Ҳадиси шарифда: “Мусулмонларга ёрдам бермаган, уларнинг яхшилиги ва ҳаловати учун жон куйдирмаган одам улардан эмас. Кеча-кундуз, Аллоҳ учун ва Қуръони карим учун, Расулуллоҳ учун ва давлат раиси учун ва барча мусулмонлар учун насиҳат қилмаган одам ҳам улардан эмас” деб марҳамат қилинган.

Ҳасад ибодатларнинг савобини кетказади. Ҳадиси шарифда: “Ҳасад қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Билингларки, ўт ўтинни ёқиб йўқ қилгандай, ҳасад ҳам ҳасанотларни йўқ қилади!” дейилган. Ҳасадчи ҳасад қилган одамини ғийбат қилади, бошқаларга қарши гиж-гижлайди. Унинг молига, жонига тил ва қўл югуртади. Қиёмат куни шу зулмлари эвазига ҳасаноти [яхшиликлари]  олиниб, ҳасад қилган одамига берилади. Ҳасад қилган одамидаги неъматларни кўрганида юраги қисилиб, ҳаёти азобда ўтади, уйқулари қочади. Хайр-ҳасанот қилганларга ўн баравар савоб берилади. Ҳасад шуларнинг тўққизини йўқ қилиб, атиги биттаси қолади. Куфрдан (Аллоҳга душман бўлмоқдан) бошқа ҳеч бир гуноҳ ҳасанот савобларининг барини йўқ қилмайди. Гуноҳ эканлигига ишонмай ёки исломни менсинмай ҳаром иш қилиш ва куфрга, диндан чиқишга сабаб бўлувчи ишларни содир қилиш савобларнинг ҳаммасини йўқ қилади. Чунки ундай қилганлар муртад бўлади. Ҳадиси шарифда: “Ўтган умматлардан икки ёмонлик сизларга ҳам юқди: Ҳасад ва тарош. Бу билан уларнинг сочларини  тарош қилганини айтмоқчи эмасман. Балки, динларининг илдизини кавлаб, тарошлаб, йўқ қилганларини айтяпман. Қасам ичаманки, иймони йўқ кимсалар жаннатга кирмайди. Бир-бирингизни севмагунча, бир-бирингизга меҳр қўймагунча иймонга эриша олмайсиз. Ўзаро меҳр-оқибат пайдо қилишни истасанглар, кўп саломлашинглар!” деб марҳамат қилинган.

[Саломлашишнинг жуда муҳим эканлигини ушбу ҳадиси шариф кўрсатмоқда, саломлашишни буюрмоқда. Икки мусулмон учрашганда бирининг “Ассалому алайкум” дейиши суннат. Иккинчисининг жавобан “Ва алайкум-салом” дейиши фарз. Кофирларга хос сўзлар билан ва қўл, вужуд ҳаракатлари билан саломлашиш жоиз эмас. Учрашиб қолган икки мусулмон бир-биридан узоқроқда кетаётган бўлса, овозлари бир-бирига эшитилмаслиги маълум бўлса, яна салом бериб, ўнг қўлини қоши чеккасига кўтаришнинг ҳам жоиз эканлиги таъкидланган. Кофирлар билан учрашганда мусулмон саломидан бўлак кўришиш-сўрашиш маъносидаги бошқа сўзлар ишлатиб саломлашиш орқали фитнага йўл бермаслик керак. Фитна уйғотиш ҳаромдир. Ундай ҳаромни олдини олиш катта савоб бўлади.]

“Мусулмонлар хайрли бўлади. Агар ҳасад қилса, хайри қолмайди” дейилди ҳадиси шарифда. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ҳасад, намима [гап ташиш] ва каҳонат [фолбинлик] эгалари мендан эмаслар” деб марҳамат қилинган. Намима - фитна, иғво чиқариш, нифоқ солиш мақсадида одамлар орасида сўз ташишдир. Коҳинлик билмаган нарсасини гапириб, ундан ҳукм, маъно чиқаришдир. [Номаълум нарсалардан ўзича хабар берадиган фолбинларга “коҳин” дейилади. Коҳинга ишонмаслик керак.] Ушбу ҳадиси шарифдан ҳасадчининг шафоатдан маҳрум қолиши англашилмоқда. Яъни шафоат тилашга ҳаққи бўлмайди.

Ҳадиси шарифда: “Олти кимса олти нарсадан ҳисобга тортилиб, маҳшарда азоб тортгандан кейин жаҳаннамга ташланади: Давлат бошчилари ва амалдорлар зулмдан, араблар уруғ-аймоқчилик ва ирқчиликдан, маҳалла-кўй оқсоқоллари кибрдан, савдо аҳли хиёнатдан, қишлоқ аҳли жаҳолатдан, олимлар ҳасаддан” дейилган. Тижорат билан шуғулланадиганлар ёлғон сўзлаш, фоиз, ҳийла ва фосид [ношарий] сотиш орқали ўзганинг молини ўзлаштириш нималигини ва бу ҳаромлардан қутулиш чораларини ўрганишлари керак. Қишлоқ аҳли, яъни ҳар бир мусулмоннинг аҳли суннат эътиқоди билан фиқҳини ўзрганиши лозим. Ушбу ҳадиси шариф ҳасаднинг дин арбобларида кўпроқ бўлишидан дарак бермоқда.

Тафсири кабир”да бундай дейилган: “Ҳасад ўн қисмдан иборат. Улардан тўққизи дин арбобларида бўлади. Дунё ташвишлари ҳам ўн хил. Тўққизи солиҳларда. Зиллат ўн қисм бўлиб, тўққизи яҳудийларда. Тавозу [камтарлик] ўн қисм. Тўққизи насорода. Шаҳват ўн қисм. Тўққизси аёлларда, биттаси эркакларда. Илм ўн қисм. Бири Ироқда. Иймон ўн қисм. Тўққизи Яманда. Ақл ўн қисм. Тўққизи эркакларда. Ер юзининг баракати ўн қисм. Тўққизи Шомда”. Фаҳриддин Розий ҳазратлари ушбу тафсирида ўз замонидагиларни баён қилган.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи ва саллам) дунёга ташриф қилишларидан олдин яҳудийлар жанг қилмоқчи бўлса “Ё Рабби! Юборишни ваъда қилган ва ҳаммадан кўп севишингни айтган ўша шарафли пайғамбар ҳурматига...” деб дуо қилишарди. Дуолари қабул бўлиб, Аллоҳу таоло уларга ёрдам берарди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) халқни исломга даъват қила бошлаганларида, ул зотнинг ўша ваъда қилинган пайғамбар эканликларини тушундилар. Лекин ҳасад қилиб, кўролмасдан инкор этишди. Ҳасадлари ўзлари билан келажак авлодларининг абадий фалокатга, азобларга тушишларига сабаб бўлди.

Аллоҳу таоло шайтон шарридан [балосидан] эҳтиёт бўлишимизни буюрганидек, ҳасадчининг шарридан ҳам эҳтиёт бўлишимизни буюрди.

Ҳадиси шарифда: “Неъмат соҳибларидан илтимос қиладиган нарсаларингни яширинча сўранглар. Чунки неъмат эгаларига ҳасад қилинади” дейилган. Эҳтиёжларингиз олиб берилгани маълум бўлганда сизга ҳам ҳасад қилинади. Сири бор одам хоҳласа уни айтади, хоҳламаса йўқ. Сирини очган одам кўпинча айтганига пушаймон бўлади, ғамга ботади. Инсон айтмаган сўзининг ҳокимидир. Айтса ҳам, айтмаса ҳам ўз эрки ўзида. Лекин айтган сўзининг маҳкуми [тутқуни]. "Кошки айтмасайдим"- дейди. Мол-мулк, пул-буюм сақлашда амин [ишончли] бўлган одамларнинг анчаси сир сақлашда амин эмас. “Заҳабингни, зиҳобингни ва мазҳабингни сир сақла!” деган машҳур сўз бор. [Заҳаб – олтин, зиҳоб – эътиқод, мазҳаб эса ишларида тутилган йўл деганидир.]

Ҳасад қилиш Аллоҳу таолонинг тақдирини ўзгартирмайди. Ҳасадчи бекорга ўзини қийнаган, чарчатган бўлади. Орттиргани фақат гуноҳ бўлади. Муовия (розиаллоҳу анҳ) ўғлига насиҳат тариқасида “Ҳасаддан жуда эҳтиёт бўл! Ҳасаднинг зарарлари сенда душманингга нисбатан олдинроқ ва кўпроқ ҳосил бўлади” деганлар. Суфён Саври (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) "Ҳасад қилмаган одамнинг зеҳни очиқ бўлади", деганлар. Ҳеч қайси ҳасадчи муродига етмаган, ҳеч кимдан ҳурмат кўрмаган. Ҳасад асабларни бузади, умрни қисқартиради. Асмоъий бундай деган: "Бир қишлоқига дуч келдим. Юз йигирма ёшда эди. Узоқ умрининг сирини сўрадим. “Чунки, ҳеч ҳасад қилмаганман” деди." Абуллайс Самарқандий (раҳматуллоҳи таоло алайҳ): “Уч одамнинг дуоси қабул бўлмайди, улар: ҳаром егучи, ғийбатчи ва ҳасадчи” деганлар.

Ҳасад қилинган одамга дунё ва охиратда бундан ҳеч қандай зарар етмайди. Ҳатто аксига фойдаси бор. Ҳасадчининг умри ғам-аламда ўтади. Ҳасад қилган одамида неъматлар камаймагани ва ҳатто кўпайганини кўриб, асаби ўйнаб, жиғибийрон бўлади. Ҳасаддан қутулиш учун ҳасад қилган одамига совға-салом бериш, насиҳат қилиш, уни мадҳ этиш керак. Уни олдида доимо тавозе кўрсатиши керак. Ундаги  неъматларнинг ортиши учун дуо қилиш керак.