Тамаъ

Қалб касалликларининг ўн биринчиси “Тамаъ”дир. Дунё лаззатларини ҳаром йўллардан излашга “Тамаъ” дейилади. Тамаънинг энг ёмони одамлардан ниманидир кутишдир. Кибрга, ужбга сабаб бўлувчи “нофила” ибодатлар ва охиратни унутдирувчи “мубоҳ”лар билан шуғулланиш ҳам тамаъ бўлади. Тамаънинг зиддига, аксига “Тавфиз” дейилади. Тавфиз - ҳалол ва фойдали нарсаларга эришишга ҳаракат қилиб, уларга етишни Аллоҳу таолодан кутмоқдир.

Шайтон, риёни ихлос ва тамаъни тавфиз тариқасида кўрсатиб, одамни алдашга уринади. Аллоҳу таоло ҳар бир одамнинг қалбида бир фариштага вазифа берган. Шу фаришта одамга яхши ўйларни “илҳом” қилади. Шайтон эса одам қалбига ёмон ўйлар – “васваса”лар солади. Нони ҳалол одамлар илҳом билан васвасани бир-биридан ажратади. Ҳаром ейдиганлар ажратолмайди. Инсоннинг нафси ҳам, қалбга ёмон ўйлар солади. Бундай ўй ва орзуларга “ҳаво” дейилади. (Нафси ҳаво деганлари мана шу.) Илҳом ва васваса давомли бўлмайди. Нафснинг ҳавоси эса давомли бўлиб, тобора ортиб боради. Васваса дуо ёки зикр орқали озаяди ва йўқолади. Ҳаво эса, фақат қаттиқ “мужоҳада”, яъни кураш орқали сусайиб йўқолади.

Шайтон итга ўхшайди. Итни қувлаганда қочса ҳам бошқа томондан яна айланиб келаверади. Нафс қоплонга ўхшайди. Ташланса, ўлдирмай қўймайди. Одамларга васваса берувчи шайтонга шунинг учун “ханнос” дейилган. Одам агар шайтоннинг бир васвасасига учмаса, иблис ундан воз кечади. Энди бошқа васвасани бошлайди. Нафси аммора [тарбияланмаган нафс] доимо зарарли нарсаларни хоҳлайди. Шайтон бўлса катта савоби бор яхшиликлар, хайрли ишларга тўғаноқ бўлиш учун камроқ хайрли ишни ҳам васваса қилиб дилга солади. Каттароқ гуноҳга ботириш мақсадида кичкина яхшиликлар қилишни одамга васваса қилади. Шайтоннинг васвасаси орқали дилга келган хайрли иш, одамга ёқимли, ширин туюлади ва тезроқ шу ишни қилгиси келади. Шу боис ҳадиси шарифда “Шошилмоқ шайтондандир. Беш нарса бундан мустасно: Қизини турмушга бериш, қарзини тўлаш, жаноза хизматларини тезроқ бажариш, меҳмон қорнини тўйғизиш, гуноҳ қилганида дарров тавба қилиш” деб марҳамат қилинган. “Ашиъа-тул-ламаот” китобида намозни кечиктирмаслик бобида келган ҳадиси шарифда “Ё Али! Уч нарсани кечиктирмагин! Намозни вақтининг бошида ўқи! Тайёрланган жаноза намозини дарҳол ўқи! Бева ёки қизни тенги сўраса дарҳол узат!” деб буюрилган. Яъни намозхон ва гуноҳдан сақланадиган, нафақасини ҳалол ишлаб топадиган одам топилса, тезроқ ўшанга эрга бер, дейилган. Илҳом қилинган хайрли иш, Аллоҳу таоло қўрқиш ҳисси билан аста-секин бажарилади ва охири ўйлаб қилинади. Бир ҳадисда “Малакдан келувчи илҳом исломиятга мос бўлади. Шайтондан келадиган васваса исломдан ажралишга сабаб бўлади” дейилган. Инсон қалбига илҳом қилинган нарсаларни қилиши керак. Дилга келан васвасани қилмаслик учун шайтоннинг ҳийласига қарши жиҳод қилиш, курашиш керак. Нафсига берилган одам васвасаларга ҳам бўйин эгади. Нафснинг ҳавосига учмаган одамнинг илҳомга бўйсиниши қулайроқ кечади. Бир ҳадиси шарифда “Шайтон қалбга васваса беради. Аллоҳнинг исми зикр этилса, айтилса қочади. Айтилмаса васвасаларини давом эттиради”, дейилган. [Зикр қилиш лозимлиги ушбу ҳадиси шарифдан ҳам англашилмоқда.] Қалбга келувчи ўй-фикр ва хотиранинг жинсини аниқлаш учун, унинг исломга мос ёки эмаслигига қаралади. Агар аниқлай олмаса, солиҳ бир олимдан сўралади. Солиҳ бўлмаган, динни мол-дунё йиғишга восита қилиб олган ёмон дин ходимларидан сўралмайди. Ёхуд Расулуллоҳгача (саллаллоҳу алайҳи васаллам) устозлар силсиласи маълум бўлган ҳақиқий раҳбар олимдан сўралади.

“Қутби мадор” деб номланувчи авлиёлар оз бўлса ҳам қиёматгача мавжуд бўлади. “Қутби иршод” деб аталувчи Аҳли суннат олими ҳар даврда ва ҳамма диёрда учрайвермайди. Улар узоқ вақт оралиқларида сийрак учрайди. Ҳар диёрда кўп учрайдиган жоҳил тариқатчилар ва ёлғончи шайхларни ҳақиқий устоз, пир ва олим деб билмаслик керак. Ундайларнинг тузоқларига илиниб, дунё ва охиратда саодатдан маҳрум бўлмаслик учун ҳушёр бўлиш лозим. Қалбга келадиган ўй-фикр, хотира агар нафсга оғир, аччиқ туюлса, унинг хайрли эканлиги маълум бўлади. Аксинча ширин туюлиб, дарров қилгиси келса, ёмонлик эканлигидан дарак беради.

Шайтоннинг ҳийлалари кўп. Ўн донаси муҳим:

Биринчиси, "Аллоҳу таоло сенинг ибодатингга муҳтож эмас", дейди. Бунга қарши "Бақара" сураси, олтмиш иккинчи оятининг “Амали солиҳнинг фойдаси уни бажаргангадир” маоли шарифини эслаш керак.

Шайтоннинг иккинчи ҳийласи: "Аллоҳу таоло раҳийм, карийм [кечирувчи], сени ҳам авф этиб, жаннатга юборади" дейди. Бунга жавобан "Луқмон" сураси ўттиз учинчи оятининг “Аллоҳнинг карийм бўлиши сизни алдамасин” ва "Марям" сураси олтмиш учинчи оятининг “Жаннатга бандаларимиздан муттақий-тақводорларни ворис қилгаймиз” маоли шарифларини эслаш лозим.

Учинчи ҳийласи: "Ибодатларинг барчаси пуч. Риё, хато аралашган. Бундай ибодатлар билан тақводор бўлолмайсан. Аллоҳ "Моида" сурасида “Аллоҳ фақат тақво аҳлининг ибодатларини қабул қилади” дейилган. Сенинг ибодатларинг қабул бўлмайди. Беҳуда уринма. Бекорга калтак еган жонивордек азият чекяпсан", дейди. Бунга жавобан "Мен Раббимнинг азобларидан қутулиш ва амрига бўйсуниш учун ибодат қиляпман. Менинг вазифам буйруқни бажо келтиришдир. Қабул бўладими, йўқми у ёғи Раббимнинг хоҳишига боғлик, менга эмас. Шартларига мос ва фарзлари адо этилган ибодатнинг саҳиҳ бўлиши муҳаққақдир", дейиш лозим. Фарзларни тарк этиш катта гуноҳдир. Бу гуноҳлардан халос бўлиш учун ибодатларни бажариш лозим. Ибодат қилмай жаннатга кириш учун дуо қилиш гуноҳдир. Ҳадиси шарифда “Ақл-хуши бор одам нафсига эргашмайди, ибодат қилади. Аҳмоқ одам нафсига эргашиб, кейин Аллоҳнинг раҳматини кутади”, дейилган. Охират учун керакли нарсаларни ушбу фоний дунёда тайёрлаш керак.

Шайтоннинг ҳийлаларидан тўртинчиси: "Аввал ишлаб, мол-дунё йиғиб, аҳволингни ўнглаб ол. Кейин роҳатланиб, қийналмай ибодат қиласан", деб ибодат қилишга тўғаноқ бўлади. Бунга жавоб сифатида "Ажалим ўз қўлимда эмас. Ҳамманинг умрини Аллоҳу таоло азалда тақдир этган. Балки яқинда ўламан. Ибодат вазифаларимни ўз вақтида бажаришим керак" дейиш лозим. Ҳадиси шарифда “Ҳалакал мусаввифун” дейилганки, бугунги ишни эртага қолдирганлар зарар кўрди, ҳалокатга учради, демакдир.

Шайтон ҳийлаларидан бешинчиси: ибодатларни тарк эттиролмагач, "Тез-тез ўқи, вақти чиқиб кетмасин", деб шартлари ва фарзларини нуқсон қилдирмоқчи  бўлади. Бунга жавобан "Фарзлар ўзи жуда кам. Уларни шошилмай, шартларига мос равишда адо этиш керак. Фарз бўлмаган амалларни ҳам шартларига риоя қилган ҳолда кам бажариш, шартларига риоя қилмай кўп бажаришдан яхшироқдир", дейиш лозим.

Олтинчи ҳийла сифатида шайтон одамга риёни тавсия қилади. "Ҳамма кўриб қўйсин, намоз қандай ўқилишини", дейди. Бунга жавоб тариқасида "Ҳеч кимниг қўлида ўз-ўзига фойда ё зарар келтириш салоҳияти йўқ. Ўзгаларга эса асло. Шу ҳолдаги одамлардан бирон нарса кутиш беҳуда ва ботилдир. Фойда ва зарар берувчи ёлғиз Аллоҳу таолодир. Ёлғиз Унинг кўриши менга кифоя." дейиш лозим.

Еттинчи ҳийла: шайтон ибодатларнинг олдини ололмаслигига кўзи етгач, энди одамга ужб [манманлик, ўзини ёқтириш], яъни ўз ибодатига ўзи маҳлиё бўлиш васвасасини беради. "Сендек ақли расо, доно, талабчан одам бўлмаса керак? Бу даврда, ҳамма ғафлат босиб юрганда сен ибодат қиляпсан", дейди. Бунга жавобан, "Мендаги ақлу интибоҳ мендан эмас, балки Раббимнинг эҳсони. Унинг эҳсони бўлмаса, ибодат ҳам қилолмасдим," дейиш керак.

Саккизинчи ҳийла: "Ибодатларингни яшириб қил. Шунда Аллоҳ сенинг муҳаббат ва обрўнгни одамлар қалбига жойлайди", дея яширин риёга туширмоқчи бўлади. Бунга жавобан, "Мен Аллоҳнинг бандаси, қулиман. У менинг соҳибим, эгам ва хожамдир. Ибодатимни хоҳласа мақбул, хоҳламаса рад этади. Одамлар дилига солиш-сомаслигига аралаша олмайман," дейиш керак.

Тўққизинчи ҳийла: "Ибодатга не хожат? Кимнинг саид [жаннатий], кимнинг шақий [дўзахий] бўлиши азалда тақдирига битилган. Саид киши ибодатни тарк этса, авф этилиб, жаннатга киради. Азалда шақий бўлган кимса қанча ибодат қилмасин, барибир бефойда, албатта жаҳанамга кетади. У ҳолда ўзингни бекорга оввора қилма! Бор, ўйнаб кул," дейди. Бунга жавобан, "Мен қулман, қулнинг вазифаси эгасининг буйруғини бажаришдир," дейиш керак. Агар шайтон: “Бажармаса, азобга дучор бўлиш хавфи бўлсагина буйруқ бажарилади. Азалдан жаннатий бўлган одам ундай хавфдан холи-ку” деса, унга жавобан “Раббим ҳамма нарсани билади ва хоҳлаганини қилади. Хоҳлаган бандасига яхшилик, хоҳлаганига ёмонлик беради. Ҳеч кимнинг Ундан ҳисоб сўрашга ҳаққи йўқ” дейиш керак. Иблис Исо алайҳисалломга кўриниб “Барибир азалда Аллоҳнинг тақдир қилганларигина бўлади” деяпсан, шундайми? – деб сўради. "Ҳа, шундай", дедилар. "Ундай бўлса, ўзингни шу тоғдан пастга ташла. Агар азалда соғ қолишинг тақдир қилинган бўлса, сенга ҳеч нарса қилмайди"- деди иблис. Исо набий: "Эй малъун! Аллоҳу таоло бандаларини имтиҳон қилади. Қулнинг ўз эгасини имтиҳон қилишга ҳаққи йўқ",- дедилар.

Шайтоннинг ушбу ҳийласига қарши “Ибодат қилиш фойдалидир. Чунки азалдан жаннатлик бўлсам, савобларнинг ортиши, даражаларнинг кўтарилиши учун ибодат қилиш лозим. Мабодо дўзахлик бўлсам ибодат қилмаслик азобидан халос бўлиш учун ибодат қиламан” дейиш керак. "Ибодатнинг менга зиғирча зарари бўлмайди. Чунки Аллоҳу таоло ҳакийм бўлиб, ибодат қилувчиларга азоб бериш, Униг ҳикматига ярашмайди. Ибодатни тарк этишнинг азалда саид [жаннатий] бўлган одамларга зарари бўлмаса ҳам, фойдаси йўқ. Шундай экан, тарк этиш қанақасига афзал бўлсин? Ақлли одам фойдали ишни танлайди, фойдасизини тарк этади. Агар азалда шақий [жаҳаннамлик] бўлсам, Раббимга итоат қилган ҳолда дўзахга киришни, осий ҳолда киришдан афзал деб биламан. Бундан ташқари, Аллоҳу таоло ибодат қилганларни жаннатга киритишини, ибодат қилмаганларга жаҳаннамда азоб беришини ваъда қилган. Аллоҳу таоло ваъдасига содиқдир. Унинг ваъдасидан қайтмаслиги иттифоқ билан хабар берилган."

Аллоҳу таоло ҳар бир нарсани бир сабабга боғлаб яратган ва яратмоқда. Чунки илоҳий одати шундай. Баъзида мўъжиза ва каромат сифатида одатидан ташқари ишлар ҳам яратади. Тоат-ибодатларни жаннатга кириш учун сабаб қилганини Ўзи хабар берган. Яъни жаннат неъматларини ибодатларнинг эвази тариқасида яратган. Ҳадиси шарифда “Ҳеч ким жаннатга ибодати орқали кирмайди” дейилган. Эваз бошқа, сабаб бўлмоқ бошқадир.

Шайтон ҳийлаларининг ўнинчиси: "Банданинг ибодат қилиши агар азалда тақдир қилинган бўлсагина мумкин. Аллоҳнинг тақдири ўзгармайди. Ибодат қилиш ва тарк этишда одамлар мажбур бўлмоқда", дейди. Шайтоннинг бу сўзи аввалгиси билан бир. "Азалда саид [жаннатлик] қилинган одамларга ибодат қилиш насиб бўлади. Бадбахт, шақий [жаҳаннамлик] кимсаларга эса, ибодатни тарк этиш лозим бўлади" демоқчи. Шайтоннинг бу ҳийласига қарши "Ҳамман нарсани, одамларнинг яхши-ёмон ҳар бир феълини Аллоҳу таоло яратаётган бўлса ҳам, инсонлар билан жониворлаарга “иродаи жузъийя” [қисмий ирода-ихтиёр] берган. Иродаи жузъия инсондан содир бўлади. Лекин "инсон буни яратди" дейиш мумкин эмас. Чунки ирода ташқарида мавжуд эмас. У инсон қалбида ҳосил бўлади. Ташқарида мавжуд бўлган нарсанинг пайдо бўлишига “халқ этмоқ” [яратмоқ] дейилади. Аллоҳу таолонинг “Иродаи куллия”си эса ташқарида мавжуд бўлган бир қувватдир. Аллоҳу таоло одамнинг ихтиёрий ҳаракатини яратиш учун ўша одамнинг ирода-ихтиёрини сабаб қилган. У шарт бўлмаса ҳам яратади. Лекин шу шарт, шу сабабга боғлаб яратиш Унинг одатидир. Пайғамбарлари (алайҳимуссаловату ваттаслимот) ва авлиёларида (каддасаллоҳу таоло асрораҳумул) ушбу одати ташқарисида ҳеч қандай сабабсиз, яратган пайтлари ҳам кўп кузатилган. Бунга “каромат” дейилади.

Одамларнинг ишлари ёлғиз иродаи жузъиялари орқали амалга ошмайди. Яъни одамнинг ҳар хоҳиши бўлавермайди. Ёлғизгина Ўз иродаси билан хоҳлаганини яратавериш ҳам Аллоҳнинг одати эмас. Шу боис одамлар ишларида мажбур эмаслар. Инсон аввал ихтиёр-ирода қилади. Ҳаракат қилишни хоҳлайди, ўз қудратини ишга солади, шунда Аллоҳу таоло ҳам ирода қилса, ўша феъл содир бўлади. Шайтон: “Одамзот Аллоҳ хоҳласагина ибодат қилади. Хоҳламаса қилмайди. У ҳолда одам ишларни қилиш ё қилмасликда жабрланмоқда. Одам ишласа ҳам, ишламаса ҳам, барибир азалдаги қазо-қадар ҳосил бўлади” деб алдамоқда. Инсоннинг ишлари азалдаги тақдирга биноан содир бўлаётса-да, содир бўлиши учун аввал одам ўз иродаи жузъиясини ишлатиб, ишнинг бажарилиши ёки бажарилмаслигини ихтиёр қилмоқда. Одамнинг ишларини Аллоҳнинг азалда тақдир қилиши дегани, одамнинг нималарни ихтиёр қилишини билиши ва хоҳлаши демакдир. Буларни Лавҳул-маҳфузга ёзган. Шундай бўлгани учун банданинг мажбур бўлиши тақозо қилмайди.

Улуғ ислом олими саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари “Азалдаги қазо-қадар [тақдир], бандаларининг нималар қилгиси келишини Аллоҳу таолонинг азалда билишидир, азалда амр этиши эмас” деганлар. Яъни, қазо ва қадар амри азалий [азалий буйруқ] эмас, илми азалий [азалий илм]дир. Бошқа ифода билан, тақдир - жабри мутаҳакким [жабрловчи ҳокимлик] эмас, илми мутақаддим [қадимий илм]дир. Бир одам бошқа бирининг бир кунда қиладиган ишларини билса ва бажарилишини хоҳлаб, ҳаммасини қоғозга ёзса, шуларни қиладиган одам ёзган одам олдида мажбур бўлмайди. "Қиладиган ишларимни билардинг, бажарилишини хоҳлаб қоғозга ёздинг. У ҳолда буларни сен қилдинг" ҳам дея олмайди. Чунки буларни ўз хоҳиш-иродаси билан ўзи қилди. Асло ҳалиги одам билгани, хоҳлагани ва ёзгани учун қилмади. Худди шунга ўхшаб, Аллоҳу таолонинг азалда билиши, хоҳлаши ва лавҳул-маҳфузга ёзиши ҳам бандаларини мажбурлаш бўлиб ҳисобланмайди. Аллоҳу таоло азалда хоҳлагани учун лавҳул-маҳфузга ёзган. Банданинг қилажак ишини билгани учун шу ишнинг қилинишини хоҳлаган. Аллоҳу таолонинг азалдаги билими, банданинг ўз хоҳиш-иродаси билан қиладиган ишга боғлиқ. Банданинг иши ҳам Аллоҳу таолонинг ўша илми, иродаси ва яратиши оқибатида вужудга келади. Агар банда ўз ирода-ихтиёрини ишлатмаса, Аллоҳу таоло бу бандасининг иродасини ишлатмаслигини азалда билади ва билгани учун ирода қилмайди ва яратмайди. Демак, илм маълумга тобе. Бордию одамларда ирода-хоҳиш [танлаш, ҳаракат эркинлиги] бўлмай, ишлари фақат Аллоҳнинг хоҳиши бўйича яратилганда эди, одамзот ҳамма нарсага мажбур дейилса арзирди. Аҳли суннат мазҳаби бўйича, одамларнинг ишлари, одам қудрати билан Аллоҳу таоло қудратининг биргаликда таъсири орқали вужудга келади.

[Инсон қалби, яъни кўнгли, дили модда эмас. Балки электр ва магнит тўлқинлари сингари жой эгалламайди. Лекин кўксимизнинг чап томонида жойлашган, юрак деган гўшт парчасида қуввати, таъсирлари ҳосил бўлади. Ақл, нафс ва руҳ ҳам худди қалбга ўхшаган латиф мавжудотлар бўлиб, учаласининг ҳам қалб билан алоқа-иртиботи бор. Одамнинг кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва териси орқали ҳис қиладиган ранг, товуш, ҳид, таъм, иссиқ-совуқ ҳамда қаттиқ-юмшоқлик сингари сезгилар асаб-ҳис толалари орқали мияга етказилади. Мия буларни шу заҳоти қалбга узатади. Ундан ташқари ақл, нафс, руҳ ва шайтоннинг орзу-истаклари ҳам қалбга келади. Қалб нима қилиш кераклигига қарор бериб, ирода-ихтиёр қилади, танлайди. Бу истакларни ё рад этиб, йўқотади ёки маъқуллаб мияга билдиради. Мия эса буларни ҳаракат асаблари орқали тана аъзоларига буйиради. Аъзолар эса, Аллоҳу таоло хоҳласа ва қувват берсагина, ҳаракатга тушиб, қалб ирода ва ихтиёр қилган нарсалар бажо келтирилади.]

 

                     Ёмон хулқлардин сафар этса киши,

                     Ҳусни ахлоқ шаҳрига кирса киши!

                    

                     Зикри Ҳақдин бир нафас дур бўлмаса,

                     Зоти Ҳақни ҳеч фаромуш қилмаса.

 

                     Нафси осий оқибат мутеъ бўлур,

                     Руҳи мўмин Сидрадан айлар убур.

 

                     Куфру инкордин кечиб нафси даний,

                     Бунда бўлур холисият маъдани.