Қалб касалликларининг, яъни ёмон ахлоқнинг асосийлари олтмишта эканини айтгандик. Улардан тўққизинчиси риё бўлиб, бир ишни бўяб, аксини кўрсатишдир. Риё - "хўжа кўрсин" деб сохта иш қилишдир. Охират амалларини қилиб, ўзини халққа охират йўлидаман деб кўрсатиб, дунёликка эришиш - риёдир. Қисқаси, дунёлик, мол-мулк қозониш йўлида диндан фойдаланишдир. Тоат-ибодатини ҳаммага кўз-кўз қилиб, одамлар орасида обрў орттиришга тириши риёдир. [Сўз ёки ибодатини риё учун қилаётган одамда диний билим бор бўлса, унга “мунофиқ” дейилади. Диний билими йўқ бўлса, “дин нодони, чала мулла” дейилади. Илм-фандан бехабару лекин ўзини фан арбоби сифатида танитиб, бемаъни фикрларини худди илмий маълумотдек тақдим қилиб, мусулмонларни алдаб-аврашга, дину-иймонларини бузишга уринадиган ислом душманларига “зиндиқ” ёки “фан нодони” дейилади. Дин ва фан нодонларига алданмаслик керак.] Риё, фақат мулжи икроҳ пайтида жоиз бўлади. “Икроҳ” – қўрқитиб мажбурлаш бўлиб, одамни хоҳламаган ишни зўрлаб қилдиришга айтилади. Ўлим билан ёки бирон аъзосини кесиш билан қўрқитиб зўрлашга “мулжи икроҳ” дейилади. [Золимлар ёки қароқчиларнинг қийноққа солишлари ҳам мулжи икроҳга киради.] Шундай вазиятда мажбурланган ишни қилиш зарурат бўлади. Ҳибсга олиш, калтаклаш билан қўрқитиб мажбурлашга "енгил икроҳ" дейилади. Енгил икроҳга учраган одамнинг риё қилиши жоиз эмас. Риёнинг зиддига, аксига “ихлос” дейилади. “Ихлос – дунё манфаатларини ўйламай, ибодатларини ёлғиз Аллоҳу таолонинг розилиги учун адо этишдир”. Ихлос соҳиби одам, ибодат қилаётганда ўзгаларга кўрсатишни умуман ўйламайди. Ундай кишининг ибодатларини ўзгаларнинг кўриши ихлосига зарар бермайди. Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таолони кўриб тургандай ибодат қил! Сен кўрмасанг ҳам, у кўриб турибди” деб марҳамат қилинган.
Халқнинг эъзозига, мақтовига эришиш учун дунё ишлари орқали уларга яхшиликлар қилиш риё бўлади. Ибодат орқали қилинадиган риё ундан ҳам ёмонроқ. Аллоҳу таолонинг ризосини ҳеч ўйламай қилинадиган риё ҳаммасидан ёмонроқдир. Ибодат қилиб Аллоҳу таолодан дунё манфаатларини сўраш-тилаш риё бўлмайди. Масалан ёмғир дуосига чиқиш, истиҳора қилиш шундай. Маош эвазига имомлик, хатиблик, муаллимлик қилиш; ташвиш, касаллик ва фақирликдан қутулиш учун ояти карималар ўқиш ҳам шунга киради, дейилди. Буларда ҳам ибодат, ҳамда манфаат ниятлари мавжуддир. Тижорат мақсадида ҳажга бориш ҳам шундай. Буларда ибодат нияти йўқ бўлса, риё ҳисобланади. Ибодат нияти кўпроқ бўлса, савоб ҳосил бўлади. Ибодатларини бошқаларга кўрсатиш, уларга ўргатиш ва қизиқтириш нияти билан қилса, яна риё бўлмайди ва кўп савоб ҳосил бўлади. Рамазон рўзасини тутишда риёкорлик бўлмайди. Аллоҳу таолонинг ризоси учун деб намозга киришгач бироздан кейин пайдо бўладиган риёнинг зарари бўлмайди. Риё билан қилинган фарзлар саҳиҳ бўлиб, ибодат бурчи ўталган бўлса-да, савоби бўлмайди. Оиламни гўшт билан таъминлайман деган ниятда қурбон сўйиш жоиз эмас. Аллоҳу таоло учун ва бир одам учун иккаласига бирга ният қилиб қурбон сўйиш жоиз бўлмайди. Аллоҳу таолонинг ризоси учун деб ният қилинмай, фақат ҳаждан, урушдан қайтганлар учун ёки келган раҳбар, раис шарафига сўйилган жонивор ўлакса бўлади. Бундай ниятда жонлик сўйиш ва гўштини ейиш ҳаромдир. Риёдан қўрқиб ибодатни тарк этиш жоиз эмас. Аллоҳу таолонинг ризоси учун намозга туриб, намозни охиригача дунё ишларини ўйласа ҳам, намози саҳиҳ бўлади. Шон-шуҳратга (номи чиқишига) сабаб бўладиган тарзда кийиниш ҳам риё бўлади. Дин ходимларининг доимо тоза, бежирим, қимматроқ либослар кийиши лозим. Шу боис имомларнинг жума ва байрам кунлари зийнатли кийимлар кийишлари суннатдир.
Шуҳрат учун (номим чиқсин деб) ваъз бериш, насиҳат қилиш, китоб ёзиш ҳам риё бўлади. “Ваъз” - амри маъруф ва наҳйи мункар демакдир. [Маъруза - арз-додини, эълонини етказиш демакдир. Шунинг учун масжидларда маъруза қилинмайди.] Муноқаша (гап талашиш, айтишиш) қилиш, бошқалардан устунроқ кўриниш ва мақтаниш учун илм ўрганиш ҳам риё бўлади. Дунёлик йиғиш, яъни мол, мавқе, лавозим қозониш учун илм ўрганиш ҳам риё ҳисобланади. Риё ҳаромдир. Аллоҳу таоло учун ўрганиладиган илм, Аллоҳу таолодан қўрқишни орттириб, ўз айбларини кўришга сабаб бўлади. Шайтоннинг алдашига моне бўлади. Илмини дунё манфаатларига, мол-мулк, обрў-эътибор, мансаб-лавозимга етишга восита қиладиган дин аҳлига “уламои суъ”, яъни ёмон дин ходимлари дейилади. Уларнинг борар жойи жаҳаннамдир. Халқ олдида суннатларигача риоя қилиб, ёлғизлигида одобларини тарк этиб қилинадиган ибодатлар риё бўлади. Ўн биринчи модданинг охирига қаранг!
Адо этилган ибодатнинг савобини ўлик-тирик хоҳлаган одамга бахшида қилиш жоиз. Ҳаж, намоз, рўза, садақа, Қуръони карим тиловати, мавлуд ўқиш, зикр ёки дуо савобларини ўзгаларга ҳадя қилиш, ҳанафий мазҳабида жоиздир. Лекин ушбу ибодатларни ҳақ эвазига, савдолашиб адо этиш жоиз эмас. Аллоҳу таоло учун Қуръони карим ўқилганда сўрамасдан берилган ҳадяни қабул қилиш мумкин. Моликий ва шофиъий мазҳабларида садақа, закот, ҳаж сингари пул сарфлаб адо этиладиган ибодатларнинг савобини ўзгаларга ҳадя қилиш жоиз бўлиб, намоз, рўза ёки Қуръони карим тиловати сингари бадан билан бажариладиганлари жоиз бўлмайди. Ҳадиси шарифда “Қабристон ёнидан ўтадиган одам ўн бир ихлос сурасини ўқиб, савобини қабрдагиларга бахшида қилса, унга майитлар сонича савоб берилади” деб марҳамат қилинган. Ҳанафийлар савобини ҳадя қилади. Моликий ва шофиъийлар эса, майитнинг авфи учун дуо қилади.
Ибодатларнинг саҳиҳ бўлиши учун, уни Аллоҳу таолонинг ризоси учун бажаришга ният қилиш лозим. Ният қалб билан дилда қилинади. Ёлғиз тилда айтилса, ният қилинган бўлмайди. Қалбдан ўтказиш шарти билан тилда айтилсагина ният жоиз бўлади, дейилди. Дилдаги ният билан тилдаги ният бир хил бўлмай қолса, дилдаги ниятга қаралади. Лекин онт-қасам ичишда ундай эмас. Қасамда сўзга эътибор берилади. Ибодатларда ниятнинг тилда бўлишини кўрсатувчи биронта ҳадиси шариф ё хабар мавжуд эмас. Тўрт мазҳаб имомлари ҳам тилда ният қилиш мумкинлигини айтмаганлар. Ният – ибодат қилишни дилига келтириш ва хотирлаш эмас. Балки, Аллоҳу таоло учун бажаришни ирода қилиш, исташ демакдир. Ният ибодатга киришишолдидан қилинади. Анча олдинроқ, масалан, бир кун аввал қилинса, ният бўлмайди. Бунга – амал, орзу, режа, ваъда дейилади. Масалан, ҳанафий мазҳабида рўзага ният қилиш вақти бир кун аввал, қуёш ботишидан бошлаб, эртаси куни “Даҳваи кубро” пайтигачадир.
Ўзгалар гуноҳга ботмасин деб, бир одамнинг мубоҳларни тарк этиши яхшироқ бўлади. Лекин суннатларни, ҳатто мустаҳабларни тарк этиш жоиз бўлмайди. Масалан, кўрганлар ғийбат, гап-сўз қилмасин деб мисвок ишлатишни, салла ўрашни, ҳижобсиз юришни, эшакка минишни тарк этиш яхши эмас. Мисвок – тиш тозалаш учун мисвок дарахти ёки зайтун, тут дарахтлари шохидан олинадиган бармоқ қалинлигида, бир қаричлик таёқчадир. Аёлларнинг мисвок ўрнига сақич чайнашлари ҳам жоиз. Мисвок тополмаган одам бош ва кўрсатгич бармоқларини тишларига суради. Бишр Хофий кўчада яланг бош юрарди.
Гуноҳ қиладиган одам, шу гуноҳдан учта сабаб билан воз кечади: Аллоҳу таолодан қўрққани учун ёки одамлардан уялгани ёхуд бошқаларнинг шу гуноҳни қилишига сабаб бўлмаслик учун. Аллоҳу таолодан қўрқиб, тарк этишнинг аломати - ўша гуноҳни яшириб ҳам қилмасликдир. Одамлардан уялиш - уларнинг гап-сўзидан, ёмонлашидан ҳайиқиш демакдир. Бошқаларнинг гуноҳ қилишига туртки бўлиш, танҳода қилишдан анча каттароқ гуноҳ ҳисобланади. Бошқалар ҳам бундан кўриб, шу гуноҳни қилса, уларнинг гуноҳи ҳам қиёматгача сабаб бўлганларга ёзилади. Ҳадиси шарифларнинг бирида “Одам ўз гуноҳини дунёда яширса, Аллоҳу таоло ҳам қиёмат куни бу гуноҳни бандаларидан яширади” деб марҳамат қилинади. Ҳаммага ўзининг вароъ соҳиби тақводор эканлигини кўз-кўз қилиш мақсадида гуноҳини бекитиб, яширинча давом этиш риё бўлади.
Ибодатларини бошқаларга кўрсатишдан ҳаё қилиш жоиз эмас. “Ҳаё” деб гуноҳлари, айбу қабоҳатларини кўрсатмасликка айтилади. Шу боис, ваъз беришдан, амри маъруф-наҳйи мункар қилишдан [дин китоби, илмиҳол китоби ёзишдан ва сотишдан], имомлик, муаззинлик қилишдан, Қуръони карим ва мавлуд ўқишдан ҳаё қилиш, ийманиш жоиз эмас. “Ҳаё иймондандир” ҳадиси шарифидаги "ҳаё" ёмон, гуноҳ ишларини кўрсатишдан уялиш деганидир. Мўмин аввало Аллоҳу таолодан ҳаё қилиши керак. Бу учун ибодатларини сидқидилдан, ихлос билан адо этиши керак. Бухоро олимларидан бири султоннинг ўғилларини кўчада бемаъни ўйин ўйнаётганларини кўриб, ҳассаси билан уларни савалади. Ўсмирлар қочиб, оталарига шикоят қилдилар. Султон олимни ҳузурига олдириб “Султонга қарши чиққан одамнинг зиндонга ташланишини билмайсизми?” – деди. Олим жавобан: “Раҳмонга қарши чиққан одамнинг дўзахга ташланишини билмайсизми?” деди. Султон: “Амри маъруф қилиш вазифасини сизга ким берди?” деди. Олим: “Сизни ким султон қилди?” деганда у “Мени халифа султон қилди” деди. “Менга ҳам бу вазифани ўша халифанинг Рабби берди,” – деди олим. Султон: “Сизга Самарқандда амри маъруф қилиш вазифасини топширдим”, деганида олим: “Мен эса, ўзимни ўша вазифадан бўшатдим”, деди. “Қизиқ одам экансиз-ку тақсир”- деди султон, - “Сизга ҳали рухсат берилмасдан туриб вазифа бажаряпман дедингиз. Энди рухсат берганимда ишдан бўшадим дейсиз?" Шунда олим: "Сиз бугун рухсат берсангиз, эртага бўшатиб юборасиз! Раббим берган вазифадан эса, мени ҳеч ким бўшата олмайди!” деди. Бу гапга тан берган султон: “Мендан хоҳлаганингизни тиланг, бажо келтиришга тайёрман”,-деди. "Менга ёшлигимни қайтаринг"- деди олим. "Бу қўлимдан келмайди"- деди султон. "Унда менга атаб шундай бир фармон ёзингки, жаҳаннам фаришталарининг раиси Молик мени ўтда куйдирмасин",- деди олим. "Буни ҳам қилолмайман"- деди султон. Шунда олим: "Менинг шундай бир султоним борки, мен барча тилагимни фақат ундан сўрайман. Бугунгача нима тиласам, ҳаммасини эҳсон қилди. Ҳеч қачон бу қўлимдан келмайди демади"- деди. Султон бошини эгиб: "Илтимос менга дуо қилишни унутманг"- деб олимни қўйиб юборди.
Ҳадиси шарифларда: “Ҳаммага кўрсатиш учун намозини чиройли ўқиб, ёлғиз пайтида ундай қилмаган одам, Аллоҳу таолони таҳқирлаган бўлади” ва “Сизлар учун энг хавфсираган нарсам ширки асғар (кичик ширк)-га чалинишингиздир. Ширки асғар – риё демакдир” ҳамда “Дунёда риёкорлик билан ибодат қилувчига қиёмат кунида: – эй ёмон инсон! Бугун сенга савоб йўқ. Дунёда кимлар учун ибодат қилган бўлсанг, савобини ўшалардан сўра дейилади” ва “Аллоҳу таоло айтдики: Менинг шеригим йўқ. Ўзгани менга шерик қилганлар борсин, савобларини ўшандан сўрасин! Ибодатларингизни ихлос билан адо этинг! Аллоҳу таоло, ихлос билан бажарилган ишларни қабул қилади” деб марҳамат қилинган. Ибодат, Аллоҳу таолонинг ризосига эришиш учун адо этилади. Ўзгаларнинг меҳр-муҳаббатига, эҳсонига эришишни кўзлаб қилинган ибодат, ўзгага сиғиниш, ўзгага топиниш бўлади. Аллоҳу таолога ихлос билан ибодат қилишимиз буюрилган. Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таолонинг бирлигига иймон келтирган ҳамда намоз ва закотини ихлос билан адо этган бандадан Аллоҳу таоло рози бўлади” дейилган. Расулуллоҳ (салаллоҳу алайҳи вассаллам) Муъоз бин Жабални (розиаллоҳу таоло анҳ) Яманга волий қилиб юбораётиб “Ибодатларингни ихлос билан адо этгил. Ихлос билан бажо келтирилган озгина амал қиёматда сенга кифоя қилур” ва “Ибодатларини ихлос билан адо этганларга суюнчи бўлсин. Улар ҳидоят юлдузлари бўлиб, фитналарнинг зулматини йўқ этгайлар” ва “Дунёда ҳаром қилинган нарсалар малъундир. Ёлғиз Аллоҳ учун қилинган ишлар қийматлидир” деб марҳамат қилганлар. Дунё неъматлари ўткинчидир. Муддатлари ҳам жуда қисқа. Уларни қўлга киритиш учун динини бериш аҳмоқликдир. Одамларнинг ҳаммаси ожиздир. Аллоҳу таоло хоҳламагунча ҳеч ким ҳеч кимга фойда ва зарар етказа олмайди. Инсонга Аллоҳу таоло кифоядир.
Аллоҳу таолодан қўрқиш лозим, Унинг раҳматидан умид узмаслик керак. Умиднинг хавфдан кўпроқ бўлмоғи даркор. Шундай одамнинг ибодатлари завқли бўлади. Ёшларда хавфнинг, кексаларда умиднинг кўпроқ бўлгани маъқул дейилди. Беморларда умид кўпроқ бўлиши керак. Хавфсиз умид ва умидсиз хавф жоиз эмас. Биринчиси амин бўлиш, иккинчиси умидсиз бўлишдир. Ҳадиси қудсийда “Бандамни, мени қандай ўйлаганига қараб қарши оламан” дейилган. "Зумар" сурасининг эллик учинчи ояти каримасида маолан: “Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этади. У ғафур ва раҳимдир” дейилган. Булардан умиднинг кўпроқ бўлиш кераклиги англашилмоқда. “Аллоҳ қўрқувидан йиғлаган одам дўзахга кирмайди" ва “Менинг билганимни билганингизда, оз кулиб, кўпроқ йиғлаган бўлардингиз” деган ҳадиси шарифлар эса, хавфнинг кўпроқ бўлиши кераклигини кўрсатмоқда.
Ҳеч кимга қилмам шикоят, йиғлайман ўз ҳолимга,
Титрайман мужрим каби, боқиб истиқболимга!