Мусулмон энг биринчи бўлиб қалбини тозалаши керак. Чунки қалб, бутун баданнинг раиси, раҳбаридир. Барча аъзолар қалбга итоат қилади. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам): “Инсон баданида бир парча гўшт бор. Агар у яхши бўлса, барча аъзолар яхши бўлади. У ёмон бўлса, бутун аъзолар бузуқ бўлади. Бу – қалбдир” деб марҳамат қилганлар. Яъни бу - юрак деган гўшт парчасида жойлашган дил, кўнгилдир. Унинг яхши бўлиши, ёмон ахлоқдан тозаланиб, яхши ахлоқ билан безаниши демакдир. Инсоннинг сурати, шакли-шамойилига “бадан”, “халқ” дейилади. Инсоннинг қалбидаги қувват, ҳол ва феъл-атворига “хулқ” дейилади. “Ахлоқи замима” [ёмон ахлоқ] – қалб иллатлари бўлиб, уларни даволаш жуда мушкил. Давосини, дори-дармонини пухта билиш ва ўринли фойдаланиш керак. Хулқ, яъни характер, қалбдаги малака ва қалбдаги орзу, ҳол деганидир. Одамнинг эътиқоди, сўзлари, ҳаракатлари доимо шу қувватдан ҳосил бўлади. Ихтиёрий ҳаракатлар характернинг асарларидир.
Ахлоқни, характерни ўзгартириш, ёмонини йўқотиб, ўрнига яхшисини жойлаш мумкин. Ҳадиси шарифда “Ахлоқингизни яхшиланг!” деб буюрилди. Исломият мумкин бўлмаган ишни буюрмайди. Тажрибалар ҳам буни тасдиқламоқда. [Тажриба - қатъий хулоса олишга ярайдиган уч воситадан биридир. Бу воситалардан иккинчиси Мухбири Содиқ [пайғамбаримиз]-нинг хабар беришидир. Учинчиси ҳисоб орқали тушунишдир.] Одамларнинг ўз ахлоқларини ўзгартириш истеъдодлари ҳаммада бир хил эмас.
Ахлоқнинг манбаи ва сабаби инсоний руҳнинг уч қувватидир. Булардан биринчиси руҳнинг “Идрок” қуввати бўлиб, унга “нутқ” ва “ақл” дейилади. Нутқ[ақл]нинг назарий қувватининг мўътадил, ўрта миқдорига “ҳикмат” дейилади. Ҳикмат яхшини ёмондан, ҳақни ботилдан ажратувчи қувватдир. Бу қувватнинг нормадан ортиқ бўлишига “жарбаза”, яъни салбий маънода "билимдон", маҳмадона дейилади. Жарбаза, маҳмадона одам имкон ташқарисидаги нарсаларни тушунишга уринади, маъноси очиқ бўлмаган оятларга ўзича маъно беради. Қазо-қадар, тақдир мавзусида гапиради. Макр, ҳийла, сеҳр каби зарарли ишлар билан шуғулланади. Бу қувватнинг нормадан кам бўлишига “Балодат”, яъни аҳмоқлик дейилади. Ундай одамлар хайрли-хайрсизнинг фарқига бормайди.
Нутқ[ақл]-нинг амалий қувватининг ўртача, мўътадил бўлишига “Адолат” дейилади. Адолатнинг ози-кўпи бўлмайди, яъни ё бор, ё йўқ бўлади.
Ахлоқнинг манбаи бўлган қувватлардан иккинчиси “Ғазаб” бўлиб, у ҳайвоний руҳнинг қувватидир. Ёқтирмаган, истамаган нарсасига дуч келганда қони қайнайди. Мазкур қувватнинг инсоний руҳ томонидан жиловланган ўртача миқдорига “Шижоат”, жасорат дейилади. Шижоат - керакли, фойдали ишларга отилиш, интилиш деганидир. Мусулмонларнинг икки мислидан ортиқ бўлмаган кофирлар билан жанг қилишлари, мазлумни золимдан қутқаришларига сабаб мана шу қувватдир. Бу қувватнинг ҳаддан ошган ҳолига “Таҳаввур”, яъни урушқоқ, қутурган дейилади. Ундай одамлар тез ғазабланади. Бу қувватнинг нормадан кам бўлиши – “Жубн”, яъни қўрқоқлик бўлиб, ўзига керакли нарсани қилишдан ҳам тортинади, чўчийди.
Руҳнинг қувватларидан учинчиси “Шаҳват”дир. Бу ҳайвоний руҳнинг ўзига ёқимли туюлган нарсаларга талпинишидир. Бунинг инсоний руҳ томонидан жиловланган ўртача миқдорига “Иффат”, ор-номус дейилади. Иффат соҳиби инсон, табиати тусаган, баданига лозим бўлган эҳтиёжларига исломиятга ва одамийликка муносиб ҳолда эришади. Ушбу қувватнинг нормадан ошиб кетишига “Шараҳ”, хирс ва ҳаёсизлик дейилади. Ундайлар кўнгли тусаган ҳар нарсага, ҳалол-ҳаромлигига қарамай эришишга уриниб, ўзгалар зарарига бўлса ҳам эҳтиёжини қондиради. Шаҳватнинг нормадан кам бўлишига “Хумуд”, лапашанглик дейилади ва бундай ҳолатдаги одам касаллигидан ёки ҳаддан зиёд уятчанглигидан ёхуд қўрқоқлигидан, кибридан ўзига керак нарсаларга эришишда дармонсизлик, иродасизлик қилади.
Юқорида айтилган тўртта ўрта даража, яъни ҳикмат, адолат, иффат ва шижоат яхши ахлоқнинг асосидир. Инсон, агар руҳнинг шу уч қувватидан ҳикматга тобе бўлса, нариги иккитасига, яъни ғазаб билан шаҳватга ҳоким бўлиб, уларни ўрта даражали иффат билан шижоатга келтириб, саодатга эришади. Агар ақлнинг назарий қуввати, ўрта даражали ҳикматга ета олмай, икки ёмон томонга майл қилса, у ҳолда одамда ёмон хулқлар ҳосил бўлади. Нормада бўлмаган олтита хулқ эса, доимо ёмондир. Ўрта даражадаги тўрт хулқ ҳам агар ёмон ният билан иш қилса, ёмонга айланади. Масалан мол-дунё, шон-шуҳрат, обрў ва лавозимга эришиши мақсадида диний савод очиш; риё билан хўжа кўрсинга намоз ўқиш, жиҳод қилиш, ҳикматни суи истеъмол қилиш бўлади. Бирон орзусига ёки обрўга эришиш мақсадида баъзи завқларидан воз кечиш, иффатини суи истеъмол қилиш бўлади.
Асосий тўрт яхши хулқдан ҳар бирининг ўзига хос асарлари ва аломатлари бор. Ҳикматнинг етти асари бор. Шижоат ва иффатнинг ўн биттадан асари – таъсири мавжуд.
Ёмон хулқларнинг давоси – ёмон хулқларнинг ҳаммаси учун муштарак даво: ушбу иллат, унинг зарари, сабаби, зидди ва дорисининг фойдаси ҳақида маълумотга эга бўлишдир. Ундан кейин шу иллатнинг ўзида бор-йўқлигини текшириш, излаш ва ташхис қилиш келади. Ташхисни [диагнозни] ҳамма ўзи қўяди. Ёки бирор олим, раҳбарнинг айтиши орқали англайди. Мўмин – мўминнинг ойнасидир. Одам одатда ўз қусур-камчиликларини кўрмайди. Шунинг учун мўмин, ишонган дўстидан сўраб камчилигини билади. Содиқ дўст, уни хавф-хатардан ҳимоя қилувчи одамдир. Ундай дўст топиш жуда қийин. Шу сабабли Имоми Шофиъий:
Содиқ дўст ва холис кимё
Кимга насиб, кимга рўё! – деганлар.
Ҳазрати Умар (розиаллоҳу таоло анҳ) ҳам:
Айбимни кўрсатиш дўстнинг амали,
Биродарлик суннатининг будир тамали! – деганлар.
Душманларнинг ўзингга қарши ишлатган калималари ҳам одамга айбини билиш имконини беради. Чунки душман, одамнинг айбини юзига солади. Яхши оғайнилар эса инсоннинг айбларини унча яхши кўрмайдилар. Бир киши Иброҳим Адҳам ҳазратларига айбини, кусурини билдириш учун унга ялиниб-ёлворганида “Сен билан дўст тутинганман, сенинг ҳамма қилиғинг, ҳаракатларинг менга гўзал кўринади. Айбингни бошқалардан сўра” дейди. Бошқа бировда қандайдир айб борлигини кўриб, шундай айб ўзимда ҳам борми деб, ўзининг қусурини қидирса ва топса-ю, ундан қутулиш йўлини изласа, бу ҳам ёмон феълларнинг давосидир. “Мўмин – мўминнинг ойнасидир” ҳадиси шарифининг маъноси ана шу. Яъни бошқаларнинг айбларида ўз айбларини кўради. Исо алайҳисалломга бу гўзал ахлоқнинг кимдан ўргандинг, деганларида, “Бировдан ўрганганим йўқ, одамларга қарадим. Менга ёқмаган феъл-атворларини қабул қилмадим. Маъқул келганларини қабул қилдим” дедилар. Луқмони Ҳакимдан “Адабни кимдан ўргандинг?” деб сўрашди. “Адабсиздан!” деб жавоб бердилар. Салафи солиҳнинг, Асҳоби киромнинг, Валийлар (раҳматуллоҳи таоло алайҳим ажмоин)нинг ҳаётига оид ҳикояларни ўқиш ҳам яхши феълли бўлиш сабабларидандир.
Ўзида ёмон феъл-атвор борлигини билган инсон бунга қандай дучор бўлганининг сабабини қидириши, шу сабабни йўқотиши, бунинг аксини қилиш ҳаракатида бўлиши лозим. Ёмон феълдан қутулиш, унинг аксини қилиш учун кўп шуғулланмоқ керак. Чунки одам ўрганган нарсасидан воз кечиши, қутулиши жуда мушкул. Ёмон нарсалар нафсга ширин кўринади.
Одам ёмон иш қилиб қўйиб, орқасидан риёзат чекиш, нафсга оғир келувчи ҳаракатда бўлишини одат қилса ҳам, фойдали даводир. Масалан, бирор ёмонлик қилсам, шунча садақа бераман ёки рўза тутаман, кечки намозларни ўқийман деб қасам ичиш мумкин. Нафс, бундай оғир ишларни бажармаслик учун уларга сабаб бўлувчи ёмон одатларни ташлайди. Ёмон ахлоқнинг зарарларини ўқиш, эшитиш ҳам фойдали даводир.
Мазкур зарарларни билдирадиган ҳадиси шарифлар кўп. Буларнинг баъзилари қуйидагилар:
1. “Аллоҳ олдида ёмон феъл-атвордан катта гуноҳ йўқ.” Чунки одам бунинг гуноҳ эканини билмайди. Тавба қилмайди. Ҳар ишлашида гуноҳи ортиб бораверади.
2. “Одамларнинг ҳеч тортинмасдан, сиқилмасдан қилган гуноҳлари – ёмон феълли бўлишдир”.
3. “Ҳар гуноҳнинг тавбаси бор. Ёмон ахлоқнинг тавбаси бўлмайди. Одам ёмон феълининг тавбасини қилмай туриб, янада ёмонини қилади”.
4. “Иссиқ сув музни эритгани каби яхши ахлоқ ҳам хатоларни эритади. Сирка асални бузгани сингари ёмон ахлоқ хайротни, ҳасанотни маҳв этади”.
Ёмон ният билан бўлмаган ҳикмат, адолат, иффат ва шижоат яхши ахлоқнинг манбаи, асосидир. Яхши феълли бўлиш учун ва яхши ахлоқни ҳимоя қилиш учун солиҳ одамлар, яхши феъл-атворлилар билан дўст бўлиш керакдир. Одамнинг ахлоқи ўртоғининг феълига ўхшаш бўлади. Ахлоқ касаллик сингари юқумли бўлади. Ҳадиси шарифларда “Одамнинг дини ўртоғининг дини кабидир” деб марҳамат қилинади. Фойдасиз нарсалардан, ўйин-эрмаклардан, зарарли ҳазиллардан, баҳслардан тийилиш лозим. Илм ўрганиш ва фойда амаллар билан шуғулланиш керак. Ахлоқни бузувчи, шаҳватни қўзғатувчи секс, фаҳш китобларни ўқимаслик, телетомошаларни кўрмаслик лозим. Яхши феълларнинг фойдалари, ҳаромларнинг зарарлари ва дўзахдаги азобларни ҳамиша эсда тутиш шарт. Мол-мулк ва мавқе-мартаба орқасидан қувгувчиларнинг ҳеч қайси бири мақсадига етмаган. Мол ва мавқени хайр учун излаган ҳамда хайрли ишлар учун қўллаган кимса роҳатга, ҳузур-ҳаловатга эришади. Мол, мавқе ғоя бўлмаслиги керак, хайрли ишларга восита бўлиши керак. Молу давлат, мавқею мартаба дарёга ўхшайди. Кўплар ана шу дарёда ғарқ бўлганлар. Аллоҳ таолодан қўрқмоқ, шу дарёнинг кемасидир. Ҳадиси шарифда “Дунёда қолувчи каби эмас, йўловчи каби яшаш керак! Ўлим хақлигини асло унутмаслик керак!” дейилади. Инсон дунёда боқий эмас. Дунё завқларига берилгани сари дардлари, ғам-ғуссалари, қийинчиликлари ортиб боради. Қуйидаги ҳадиси шарифларни асло унутмаслик керак:
1. “Ибодатлари кам бўлган бир банда яхши феъли билан қиёматда юксак даражага кўтарилади.»
2. “Ибодатнинг энг осони ва фойдаси кўпи бу – оз гапириш ҳамда яхши хулқли бўлишдир.”
3. “Бир банданинг ибодатлари кўп бўлса ҳам ёмон феъли уни дўзахнинг энг тагига ташлайди. Баъзан куфрга етаклайди.”
4. Бир кишининг кундузлари рўза тутиши, кечалари намоз ўқиши, лекин ёмон феълли бўлгани, тили билан қўшниларига, оғайниларига азоб бергани айтилганда, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Бундай бўлиш яхши эмас. Борадиган жойи жаҳаннам оташидир” деб марҳамат қилдилар.
5. “Яхши ахлоқни такомиллаштириш, жой-жойига қўйиш учун юборилдим”. Самовий динларнинг ҳаммасида яхши феъллар бор эди. Бу дин шуларни такомиллаштириш учун юборилди. Бу дин бор экан, яхши феълни билдирувчи бошқа манбага, бошқа бировга ҳожат йўқ. Бунинг учун Муҳаммад алайҳисаломдан кейин бошқа пайғамбар келмайди.
6. “Яхши феълли бўлганлар дунё ва охират саодатига эришади.” Чунки яхши феълли одам Аллоҳу таолога ва бандаларига бўлган ҳақ вазифаларни бажаради.
7. “Cурати ва феъли яхши бўлганни дўзах ўти куйдирмайди.”
8. “Ўзидан узоқлашганларга яқинлашмоқ, зулм қилганларни авф этмоқ, ўзини маҳрум қилганларга эҳсон бермоқ яхши феълли бўлишдир.” Яхши феълли одам унга аразлаб қолган одамга яхшилик қилади. Эҳсон беради. Молига, шаънига, баданига зарар берганни кечиради.
9. “Жаҳли чиққанда ғазабини босишга уринганнинг қалбини Аллоҳу таоло хотиржамлик ва иймон билан тўлдиради.” Қўрқмас ва амин бўлади. Ёмонлик қилганга яхшилик қилиш, яхши феълларнинг энг аълосидир. Бу комил инсон аломатидир. Бу душманларни дўст қилади. Имом Ғазолий (раҳматуллоҳу таоло) айтадики: “Инжил”да кўрдим: Исо алайҳиссалом “Ёмонлик қилганга ёмонлик билан жавоб берманглар! Ўнг юзингизга урганга, чап юзингизни тутингиз! Чопонингизни олганга кўйлагингизни ҳам қўшиб беринг!” деб буюрганлар. Христианларнинг ҳозир қўлларида мавжуд бўлган сохта “Инжил” китобларида ҳам шундай ёзилганлигини “Жавоб бера олмади” китобимиз маълум қилади. Христианларнинг Испанияда, Қудусда, Ҳиндистонда ва Босня-Герцеговинода мусулмонларга ва яхудийларга қилган ёзув зулмлари ва инквизиция судларида бир-бирига қилган исканжалар китобларда ёзилган. Бундай ваҳшиёна ҳаракатлар ҳақиқий “Инжил”га тобе эмасликларини кўрсатмоқда.
Ҳар бир мусулмон қалбида барча ёмон феълларни чиқариб ташлаб, ўрнига яхши ахлоқни жойлаштириш вожибдир. Бир нечтасини чиқариб, бир нечтасини жойлаштириш билан инсон яхши феълли бўлиб қолмайди. Тасаввуф одамни – камолга етказувчи йўлдир. Бундай бўлмаган йўлга тасаввуф дейилмайди. Ҳар бир илмнинг, ҳар бир санъатнинг сохталари, қалбакилари бўлганидек, диндан, исломиятдан, исломнинг гўзал ахлоқларидан хабари бўлмаган кўзбўямачилар, ёлғончилар ўзларини тариқатчи, шайх дегувчилар бўлади. Буларга ишонмаслик, жоҳиллар, алдамчилар ва ахлоқсизларнинг китобларини ўқимаслик, радиосини тингламаслик, тузоқларига тушмаслик керак.
Ёмон ахлоқнинг машҳурлари олтмиштадир. Булардан қирқтаси таржима қилиниб, қирқ модда ҳолида қуйида баён қилинмоқда. Булардан эҳтиёт бўлиб, ўзини асраган ва аксини қилган ҳар бир одам яхши ахлоқ соҳиби бўлади.