...

Имом Мотуридий

Аҳли суннатнинг икки эътиқод имомидан биринчисидир. Исми Муҳаммад бин Муҳаммад Мотуридий. Куняси Абу Мансурдир. Туғилган жойи Самарқаднинг Мотурид ноҳиясидир. Ҳижрий 333 (м.944) йили Самарқандда вафот этди.

Имом Мотуридий имом Аъзам Абу Ҳанифанинг нақлан билдирган ва ёзган аҳли суннат эътиқодини, калом билимларини ундан нақл этганлар воситаси билан китобларга туширди, исбот ва изоҳ қилди. Калом илмида, ақоидда мужтаҳид бўлган имом Мотуридий калом ва фиқҳ илмини Абу Наср Ияддан ўрганди.

Илмда жуда яхши мутахассис бўлган имом Мотуридий турли китоблар ёзиш ва талабалар етиштириш билан аҳли суннат эътиқодини ёйган.

Етиштирган талабаларининг бошида Ал-Ҳаким ас-Самарқандий номи билан машҳур Абул Қосим Исҳоқ бин Муҳаммад, Абу Муҳаммад Абдулкарим бин Мусо ал-Паздавий, Абул Лайс ал-Бухорий ва Абул Ҳасан бин Саид каби илм ва тақвода юксак даражаларга етган олимлар келади.

Имом Мотуридий яшаган давр Аббосийлар давлатининг заифлаша бошлаган ва янги ислом давлатлари қурилаётган, турли сиёсий кучлар ҳамда эътиқодий фирқалар орасида қаршиликлар ортган бир вақтга тўғри келади. Имом Мотуридий ҳазратлари ҳам бошқа ислом олимлари каби ўз замонида аҳли суннат эътиқодини ҳимоя этган, очиқ бир шаклда изоҳ этиб ёйган ва мусулмонларнинг бу тўғри эътиқодга эргашишларини таъмин этганди.

Асарлари:

Ҳаётини илмга ва аҳли суннат эътиқодини ёйишга сарфлаган ва бу хусусда буюк хизматлар берган Мотуридий ҳазратлари ўхшаши йўқ қийматли асарлар ёзган. Асосий асарлари қуйидагилар:

1. Китоб-ут-тавҳид. Бу китобда бузуқ фирқаларнинг сўзи нотўғри эканлигини исботлаб, тўғри эътиқод бўлган аҳли суннат эътиқодини жуда мукаммал шаклда очиқлаган.

2. Тавилат-ул Қуръон. Тафсирга доир ўхшаши кам бўлган бир асардир. Самарқандий бу асарга катта бир шарҳ ёзган.

3. Радду Аваилил Адилла лил Каъби ва баёни ваҳмил Мутазила. Мутазилани рад этувчи бир асардир.

4. Ар-радду ала усулил Карамита. Карамита фирқасини рад этувчи асар.

5. Радду китоб-ул-имома ли Базир Равофиза. Асҳоби киромга душман бўлганларга қарши ёзилган асар.

6. Китоб-ул макалат фил қалам. Калом илмига доир асар.

7. Маҳоз-уш-шариа. Фиқҳ илмига доир асар.

8. Китоб-ул жадал. Усули фиқҳ илмига доир бўлган  бу асаридан бошқа китоблари ҳам бор.

Имом Мотуридийнинг нақлан билдирган аҳли суннат эътиқодининг асосларидан баъзилар шулардир:

Аллоҳу таоло қадим бўлган зоти билан бор.

Ҳамма нарсани У яратган. Бирдир, ибодатга ҳаққи бўлган ҳам Удир. Ундан бошқа ҳеч бир нарса ибодат этилишга лойиқ эмас. Комил сифатлари бор. Бу сифатлари ҳаёт, илм, самъи, басар, қудрат, ирода, калом ва таквиндир. Бу сифатлари ҳам азалийдир. Аллоҳу таолонинг исмлари тавкифийдир, яъни динимизда билдирилган исмларни айтиш тўғри бўлиб, булардан бошқасини айтиш тақиқланган.

Қуръони карим Аллоҳ каломидир. Унинг сўзи. Аллоҳу таоло Қуръонни ҳарф ва калима қилиб юборди. Бу ҳарфлар махлуқдир. Бу ҳарф ва калималарнинг маъноси Каломи илоҳияни билдиришдир. Бу ҳарфларга, калималарга Қуръон дейилади. Бу ҳарф ва калима қолиплари ичидаги Каломи илоҳий бўлган Қуръон махлуқ эмас. Аллоҳу таолонинг бошқа сифатлари каби азалий ва абадийдир.

Аллоҳу таолони мўминлар Жаннатда тарафсиз ва қаршисида бўлмасдан ҳамда қандай эканлиги тушунилмайдиган, тўсиқсиз, яъни шаклсиз ҳолда кўрадилар. Қандай кўриниши ўйлаш мумкин эмас. Чунки Уни кўришни ақл тушуна олмайди. Аллоҳу таоло бу дунёда кўринмайди. Бу дунё ва инсоннинг бу дунёдаги яратилиши Уни кўриш неъматига қовушишга яроқсиз. Дунёда кўринади деган ёлғончидир. Ҳазрати Мусо пайғамбар бўлгани ҳолда бу дунёда кўролмади. Пайғамбар жанобимиз Меърож кечаси кўрган бўлса ҳам, бу дунёда эмасди. Дунёдан чиқди, охиратга аралашди. Жаннатга кирди ва у ерда кўрди.

Аллоҳу таоло инсонларни яратгани каби инсонларнинг ишини ҳам У яратади. Яхши ва ёмон ишларнинг барчаси Унинг тақдири, хоҳлаши биландир. Фақат яхши ишлардан рози, ёмон ишлардан рози эмас. Инсон қилган ишида ўзининг қуввати ҳам таъсир қилади. Бу таъсирга “Касб” дейилади.

Пайғамбарлар Аллоҳу таоло тарафидан танланган ва юборилган инсонлардир. Уларнинг Аллоҳу таолодан келтирган ҳар бир хабари тўғри ва хатоси йўқ.

Қабр азоби, қабрнинг сиқиши, қабрда Мункар ва Накир деган фаришталарнинг савол-жавоб қилиши, қиёматда ҳамма нарсанинг йўқ бўлиши, кўкларнинг ёрилиши, юлдузларнинг йўлидан чиқиб парчаланишлари, ер куррасининг ва тоғларнинг парчаланиши, барча инсонларнинг қабрдан чиқиши, маҳшар ерида тўпланиши, яъни руҳларнинг жасадларга кириши, қиёмат кунининг зилзиласи, бу куннинг даҳшати, қўрқуви, қиёматдаги ҳисоб-китоб, яхшилик ва гуноҳларнинг у ерда махсус тарозида тортилиши, Жаҳаннам устида Сирот кўпригининг бўлиши бордир. Буларнинг бари бўлади.

Мўминларга мукофот ва неъмат учун ҳозирланган Жаннат, кофирларга азоб учун тайёрланган Жаҳаннам ҳозирда ҳам бор. Ҳар иккисини ҳам Аллоҳу таоло йўқдан бор этган. Жаннат ва Жаҳаннам абадий, сўнгсиз қолинадиган жойдир. Зарра қадар имони бўлган ва бу имони билан охиратга кўчган Жаҳаннамда абадий қолмайди.

Ибодатлар имонга тегишли эмас. Фарзларнинг фарз эканлигига ишониб, дангасалик билан қилмаган киши кофир бўлмайди.

Мўмин киши қанча катта гуноҳ ишласа ҳам имони кетмайди. Фақат фарзларга ва ҳаромларга ишониши керак. Амр ва тақиқлардан истаган бирига ишонмаслик, мазах қилиш, ўзгартиришга уриниш имонни кетгизади ва абадий Жаҳаннамда ёнишига сабаб бўлади.

Халифалик ҳақида баҳслашиш диннинг асос билимларидан эмас. Тўрт халифанинг юксаклиги халифалик навбатларига кўрадир. Асҳоби киромнинг барчасини истисносиз севиш ва ҳурмат кўрсатиш керак. Барчаси олим ва дин илмларида мужтаҳид эдилар.

Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтирганлар бошқа Пайғамбарларнинг умматидан устун бўлади.

Мотам тутиш динда йўқ. Ғам чекиш бошқа, мотам бошқа. Ҳадиси шарифда “Икки нарса инсонни куфрга етаклайди. Бири инсоннинг ота-онасини сўкиш, иккинчиси ўлик учун мотам тутиш” деб хабар бердилар.

Расулуллоҳни, Асҳоби киромни, Тобеинни ва авлиёни восита қилиб, дуо қилиш дуонинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Диний далиллар мужтаҳидлар учун тўрттадир: Китоб, суннат, ижмои уммат, қиёси фуқаҳо. Авомнинг далили мужтаҳиднинг фатвосидир.

Таносуҳга (реинкарнация), яъни ўлган инсон руҳининг бошқа бир чақалоққа кириб, такрор дунёга келишига ишониш динга тескаридир. Бундай ишонганнинг имони кетади. Қиёмат куни Аллоҳу таолонинг изни билан яхши инсонлар ёмонларга шафоат этади. Пайғамбар жанобимиз “Шафоатим умматимдан гуноҳи катта бўлганлар учундир” деб марҳамат қилдилар.

Пайғамбарнинг мўъжизаси, авлиёнинг каромати ва солиҳ мўминларнинг сабабини билмай, илҳом асари билан келадиган сезгиси ҳақ.

Авлиёнинг каромати вафотидан кейин ҳам давом этади.

Ҳар бидъат далолатдир, бузуқликдир. Бидъат динда кейиндан қўшилган нарсадир. Пайғамбаримиз ва тўрт халифа замонларида бўлмаган ва кейинчалик динда пайдо бўлган, эътиқод ва ибодат сифатида бошланган ўзгаришлардир. Бу катта фалокатдир.

Маҳсининг устига масҳ тортиб таҳорат олинади. Ялангоёқ устига масҳ тортилмайди.

Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари иродаи жузия ҳақида шундай деганди:

Иродаи жузия бир борлиқ эмас. Бор бўлмаган нарса яратилган бўлмайди. Иродаи жузия қулларда бир ҳолдир. Унинг қуввати бир нарсани қилиш ёки қилмасликда ишлатилади. Қуллар иродаи жузияларини қўлланишлари ихтиёрийдир. Мажбур эмаслар. Шайтонга “Ирода менда бир ҳолдир. Яхшиликка ишлатсам, Аллоҳу таоло яхшиликни яратади. Ёмонликка сарфласам, уни яратади. Агар иродамни ишлатмасам, иккисини ҳам яратмайди” деб жавоб бериш керак.

Аллоҳу таолонинг қул ирода этмасидан яратиши жоиз бўлса ҳам ихтиёрий ишларда қулларнинг иродаларини сабаб қилади. Иродаи жузиямизнинг сабаб бўлиши ҳам Аллоҳу таолонинг иродаси билан. Қул бир ишни қилишни ирода этса-да, Аллоҳу таолони ҳам буни ирода этса, уни яратади. Қул ирода этмаса, ихтиёрий бўлган бу ишни яратмайди. Шундай экан, қул иродаи жузиясини ибодатга сарф этса, Аллоҳу таоло ибодатни яратади. Агар гуноҳларга сарф этса, гуноҳларни яратади. Бу ҳолда қул дунёда хор бўлади, охиратда азоб кўради. Бундай эканлигини билган кишига шайтон ҳеч нарса дея олмайди.