...

Имом Аҳмад бин Ханбал

Жаннат билан суюнчиланган аҳли суннат вал жамоатнинг тўрт буюк мазҳабидан бири бўлган Ханбалий мазҳабининг раисидир.

164 (м.781) йили Бағдодда туғилди. 241 (м.855) йили Бағдодда вафот этди. Асли Басраликдир. Отасининг исми Муҳаммад бин Ханбалдир.

Отаси у жуда кичиклигида вафот этган. Унинг тарбияси билан онаси шуғулланган. Кичиклигидан илм ўрганишни бошлаган. Бу вақтда Бағдод аҳамиятли илм маркази эди. Бу ерда ҳадис олимлари, қироат олимлари, тасаввуфда етишган буюк зотлар ва бошқа илмларда мутахассис бўлган қийматли олимлар бор эди. Аввал Қуръони каримни ёд олди. Ундан кейин луғат, ҳадис, фиқҳ, Саҳоба ва Тобеин ривоятларини ўрганди.

Тенгдошлари орасида жиддийлиги, тақвоси, сабр-матонати ва бардошлилиги билан машҳур эди. Бу ҳоли ҳали 15-16 ёшларида олимларнинг диққатини тортди. Ҳусайм бин Жамил  шу вақтларда у ҳақида шундай деганди: “Бу йигит яшаса, замонидагиларнинг илмда раҳбари бўлади.”

Дастлаб имом Аъзамнинг талабаси бўлган имом Абу Юсуфдан фиқҳ ва ҳадис илмидан дарс олди. Бундан кейин уч йил Ҳусаймнинг дарсларига қатнашди. Ундан ҳадиси шарифлар тинглади. Бундан бошқа Бағдодда бўлган машҳур олимлардан ҳам дарс олди.

Сўнгра илм таҳсил олиш учун саёҳатларга чиқди. Басра, Куфа, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Шом ва Ал-Жазирага бориб ҳадис илмини ўрганди. Ҳадис ровийларини шахсан кўриб, улардан ҳадислар тинглади. Басра ва Ҳижозга беш марта саёҳат қилди. Маккаи мукаррама ва Бағдодда имом Шофеъийдан илм ўрганди.

Имом Аҳмад илм ўрганиш учун жуда кўп ислом ўлкаларида бўлди. Бу борада кўп машаққатларга сабр қилди. Китоб солинган халталарни елкасида орқалаб юрарди. Бир сафар уни таниган бири ёд олган ҳадиси шарифлари ва ёзган ёзувларининг кўплигини кўриб “Бир Куфага, бир Басрага борасан. Қачонгача бундай давом этмоқчисан?” деб сўради. Аҳмад бин Ханбал ҳазратлари “Сиёҳ ва қалам билан қабргача...” деб жавоб берди.

Имом Аҳмад хотираси қувватли бўлишига қарамай эшитган бутун ҳадиси шарифларини ёзишга қаттиқ эътибор берарди. Имом Аҳмад дин илмларини ўрганиб, айниқса, тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларида юксак савияга эришди. Замонида яшаган Зуннуни Мисри, Бишри Хафи, Сиррийи Сакати, Маъруфи Кархи каби кўплаган авлиёлар билан кўришиб, улар билан суҳбат этган. Язид бин Хорун, Жарир ибн Абдулхамид, Валид бин Муслим, Ваки бин Жарраҳ, имом Абу Юсуф, Иброҳим бин Саъд, Яҳё бин Саид Каттон, Суфён бин Уйайна, фиқҳ илмида устози Муҳаммад бин Идрис Шофий, Абдураззоқ бин Ҳаммам ва яна кўплаган олимлардан илм ўрганди. Сўнгра такрор Бағдодга қайтди. Бундан кейин илмини ёйиб, инсонларга кўп фойдаси тегди.

Аҳмад бин Ханбал ҳазратлари дастлабки йилларда фатволар бериш билан бирга дарс ва фатво бериш ишига қирқ ёшида бошлади. Бундан кейин ҳадис ривоятида ва фатвода аҳамиятли бир манба бўлди. Чунки у илм ва гўзал ахлоқи билан машҳур бўлганди.

Икки хил дарс синфи бор эди. Бири талабаларига берадиган мунтазам дарслари, иккинчиси ҳам талабаларининг, ҳам халқдан истагани қатнашадиган дарслар эди. Унинг илм мажлисига жуда кўп киши қатнашарди. Баъзи ривоятларга кўра дарсига қатнашадиганлар сони беш мингдан ортиқ эди.  Ундан дарс олиб, илмда мутахассис бўлганларнинг сони 900 киши атрофидадир.

Имом Аҳмад ҳазратлари ҳадис илмида замонининг энг буюк олимларидан эди. Уч юз мингдан ортиқ ҳадиси шарифни далиллари билан бирга ёддан биларди. Ундан кўплаган олимлар ҳадиси шариф нақл этганлар. Илм ва амалда илғор, аҳли суннат бўлган тўрт имомнинг тўртинчиси эди.

Имом Шофеъий ҳазратлари “Бағдод шаҳридан кетаётганимда у ерда Аҳмад бин Ханбалдан ҳам олим бўлган, фоқиҳ, ҳаромлардан ва шубҳалилардан сақланадиган киши қолмаганди” деган.

Абу Довуд Сижистоний шундай деганди: “Икки юз машҳур олим билан учрашдим. Лекин Аҳмад бин Ханбалдек олимни кўрмадим. У ҳеч бир хусусда инсонлар машғул бўлган дунё ишлари билан шуғулланмасди. Фақат илмдан гап очилгандагина гапирарди.”

Имом Аҳмад ҳазратлари буюк бир муфассир, юксак бир муҳаддисдир. Тафсири юз йигирма минг ҳадиси шарифдан пайдо бўлган. Асарлари муфассирлар учун бир файз манбасидир. Шу сабабдан “Устод-ул муфассирин” номи билан ёд олинади. Бир қанча муҳаддис етиштирган.

Имом Аҳмад ҳазратларининг талабаларининг ва ўзидан савол сўраганларнинг мушкулларини ҳал этишда фойдаланган усуллари Ханбалий мазҳабининг асосий қоидалари бўлди. Имом Аҳмад ҳазратлари диний мушкулларни ҳал этишда навбати билан шу тўрт манбага мурожат этган:

1. Китоб ва суннат. Бутун мужтаҳидлар каби Аҳмад бин Ханбал ҳам бир ишнинг қандай қилинишини Қуръони каримда очиқ топа олмаса, ҳадиси шарифларга қарар, булардан топса шунга кўра ҳукм берарди.

2. Ижмо ва Саҳоба қавли. Ҳадиси шарифларда ҳам очиқча тополмаган бир иш учун ижмо бор бўлса, шундай қилиниши кераклигини билдирарди. Ижмо Асҳоби киромнинг сўзбирлигидир. Асҳоби киромдан кейин келган Тобеъиннинг ҳам ижмоси далил сифатида қабул қилинган эди. Саҳобалар қавли бўлган бир масалада ўз ижтиҳодига кўра ҳукм бермасди. Саҳобанинг сўзига кўра ҳукм берарди. Ҳатто саҳобаларнинг сўзларини тополмаган вақтда Тобеъиннинг буюкларидан бўлган мужтаҳидларнинг ижтиҳодини ўз ижтиҳодидан устун кўрарди.

3. Бир масала ҳақида Саҳоба ёки Тобеъинга оид бир ижтиҳод тополмаса, заиф ва мурсал (Асҳоби киромнинг исми айтилмасдан Тобеъинларнинг тўғридан-тўғри Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадислари) ҳадисларга амал қилар, унга кўра ҳукм чиқарарди. Заиф ҳадиснинг ҳам саҳиҳ ҳадиснинг бир тури эканлигини назардан қочирмасди.

4. Қиёс. Ҳадиси шарифларнинг бир-бирини қувватлантиришига қараб, ўзига хос бир усул билан ижтиҳод қиларди.

Ханбалий мазҳабидан кўплаган олимлар етишиб чиқди. Бу олимларнинг бошида имом Аҳмад ҳазратларинингўз ўғиллари Солиҳ ва Абдуллоҳ келади. Абу Бакир ал-Асрам, Абдулмалик ал-Меймуний, Абу Бакир ал-Марказий, Ҳарб бин Исмоил, Иброҳим бин Исҳоқ ал-Ҳарбий каби олимлар, имом Аҳмаднинг шахсан ўзидан фиқҳ илмини ўрганган эдилар. Бу мазҳабнинг асосини ёйиш учун ғайрат кўрсатган олимлардан бири Абу Бакир ал-Халлалдир. Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари ҳам Ханбалий мазҳабининг асосларини ёйган олимлардан.

Асарлари:

1. Муснад. Ўттиз минг ҳадиси шарифни ўз ичига олган.

2. Китоб-ус-сунна.

3. Китоб-уз-зуҳд.

4. Китоб-ус-салот.

5. Китоб-ул Вера вал имон.

6. Фадоил-ус-саҳоба.

7. Ат-Тафсир.

8. Ан-насиҳ вал мансуҳ.

9. Ат-Тарих.

10. Вужубат-ул Қуръон.

11. Китоб ул радди алал жамиййа ваз Занадика.

12. Ал жарху ват тадил.

13. Китоб-ул-илал ва маърифат-ур-рижол.