...

Имом Молик

Жаннат билан суюнчиланган Аҳли суннат вал жамоатнинг тўрт буюк мазҳабидан бири бўлган Моликий мазҳабининг раисидир.

Исми Молик бин Анасдир. 90 (м. 709) йили Мадинада туғилди. 179 (м.795) йили Мадинада вафот этди. Бобоси Абу Амр Асҳоби киромдан бўлади.

Тобеъи тобеъиндан бўлган имом Молик илм ва ҳадис ривояти билан шуғулланган бир оила ҳамда муҳитда улғайди. Бобоси Молик, отаси Анас ва амакиси Суҳайл ҳадис ривоят қилардилар. Аввал Қуръони каримни ёд олди. Ўзининг истаги ва оиласининг ташвиқлари билан илм ўрганишни бошлади. Бу хусусда унга энг кўп онаси қизиқиш кўрсатди. Онасига илм ўрганишга бормоқчи эканлигини айтганида, унга энг гўзал либосларини кийдириб, салласини ўраб “Энди бор, ўқи, ёз” деган эди. Бундан ташқари, ўғлига замонин6инг машҳур олими Робиатур Райнинг ёнига боришини, ундан илм ва одоб ўрганишини айтди. Бу ташвиқот билан Робиа бин Абдуррахмоннинг дарсларига қатнашиб, ёшлигида раъйга (мужтаҳид ислом олимларининг очиқча билдирмаган бир масала ҳақида диний далиллардан, яъни Қуръони карим, ҳадис ва ижмодан чиқарган ҳукмлари) асосланган фиқҳ илмини ўрганди. Бошқа олимларнинг ҳам дарсларига қатнашди. Айниқса, ёнидан ҳеч айрилмаган устози Абдуррахмон бин Хуррузнинг дарсларидан кўп фойдаланди.

Бу устози ҳақида шундай деганди: Ибн Хуррузнинг дарсларига ўн уч йил қатнашдим. Ундан шундай илмлар ўргандимки, уларнинг бир қисмини ҳеч кимга айтолмайман. У бидъат аҳлини рад этиш ва инсонлар ихтилоф этган нарсалар хусусида уларнинг энг билимдони эди.

Имом Молик замонидаги бутун олимлардан фойдаланган ва илм бобида буюк фидокорлик кўрсатган эди. Бу хусусда ҳар турли қийинчиликларга тоқат қилиб, борини сарфлаган, ҳатто таҳсил олиш учун уйини ҳам сотган эди. ўзи шундай деганди: “Пешин вақти ҳазрати Умарнинг ўғли Абддуллоҳ озод этган Наҳлнинг олдига борардим ва эшигида кутардим. Нафл ҳазрати Умардан нақл этилган илмларни ва унинг ўғли Абдуллоҳнинг илмини биларди. Қуёшдан ва шиддатли иссиқдан сақланиш учун бир соя жой топа олмасдим. Нафл ташқарига чиққанида одоб билан салом бериб, уни ранжитмасдан ортидан уйга кирардим. Сўнгра “Абдуллоҳ бин Умар шу масалаларда нима деган?” деб сўрардим. У саволларимга жавоб берарди.”

Имом Молик Нафл воситаси билан ҳазрати Умарнинг ва ўғли Абдуллоҳнинг илмларини ўрганди. Бундан ташқари, Ибн Шиҳаб аз-Зуҳри ва Саййид бин ал-Мусаййиб каби Тобеъинлардан илм ўрганганди. Бу устозларидан дарс олиш учун ғайрат ва одоб кўрсатарди.

Имом Молик шундай билдирганди:

Бир байрам куни эди. Байрам намозини ўқигандан кейин бугун Ибн Шиҳабнинг бўш вақти бўлса керак деб уйига бориб, эшигининг олдига ўтирдим. Хизматчисига эшикнинг олдида ким бор, қара деганини эшитдим. Хизматчи келиб “Буғдойранг юзли талабангиз бор” дегач, у “Дарҳол ичкарига олинглар” деди. Мени ичкарига киритдилар.

Бироз кутдим, сўнгра Ибн Шиҳаб ёнимга келиб “Уйинги бормасдан тўғри шу ерга келибсан, ҳали ҳеч нарса емагандирсан, шундайми?” деди ва мен “Йўқ” дегунимча овқат тайёрлашни амр қилди. Мен “Овқатга ҳожат йўқ” деб қаршилик кўрсатдим. У “У ҳолда нима истайсан, қани гапир” деди. Мен ҳадиси шариф ўрганмоқчи эканлигимни айтгач “Ёзадиган нарсаларингни ол” деди. Мен дафтаримни олдим ва менга қирқ ҳадиси шариф ёздирди. Яна бироз айтишини истагандим “Ҳозирча шу етарли” деди.

Имом Молик Жаъфари Содиқ ҳазратларидан ҳам таҳсил олганди. Бу хусусда ўзи шундай билдиради:

Жаъфар бин Муҳаммаднинг олдига қатнардим. У жуда юмшоқ ва кулар юзли эди. Ёнида Расулуллоҳнинг исми эсланганда юзи порларди. Унинг мажлисига узоқ вақт қатнадим. Қачон бормай, ё намоз ўқиётган, ё рўза тутган ёки Қуръони карим ўқиётган бўларди. Таҳоратсиз ҳадиси шариф ривоят қилмасди. Маъносиз сўзларни ҳеч оғзига олмасди. У тақво соҳиби, зоҳид, обид ва олимлардан эди. Ёнига келганимда суяниб ўтирган ёстиғини олиб, менга берарди.

Имом Молик илмини имом Зуҳрий, Яҳё бин Саид, Муҳаммад ибн Мункадир, Ҳишам бин Амр, Зайд ибн Аслам, Робиа бин Абдуррахмон ва кўплаган бошқа буюк олимлардан олди. Уч юзи Тобеъиндан, олти юзи уларнинг талабаларидан, жами тўққиз юз устоздан ҳадиси шариф олди. Бундан ташқари, Асҳоби киромнинг буюкларидан ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон, Абдуллоҳ бин Умар, Абдуррахмон бин Авф, Зайд бин Собитнинг фатволарини, ваҳий келишига гувоҳ бўлган, Пайғамбар жанобимизни кўриб, Унинг ҳидоят нуридан ойдинлаган, Ундан ўрганганларини нақл этган бошқа Асҳобнинг фатволарини ҳамда ўзи кўришолмаган Тобеъиннинг фатволарини ҳам ўрганди. Ақоида доир билимларини ва бошқа бутун илмларни ўрганиб, замонининг энг буюк олимларидан бўлиб, ижтиҳод даражасига юксалган эди.

Пайғамбар жанобимиз “Шундай замон келадики, инсонлар ҳар тарафдан излаб, Мадинадаги олимдан ҳам олимроқ бўлган инсонни тополмайдилар” деб марҳамат қилдилар. Суфён ва Абудллоҳ бин Умарнинг озод этгани Нафл ва Зуҳрий Мадинадаги олим бу – имом Моликдир дедилар. Бу ҳадиси шарифда унинг келиши ва устунлиги билдирилган.

Имом Молик ҳазратлари таҳсилини тугатиб, илмда юксак даражага етишгандан кейин дарс беришни, ҳадис ривоят этишни ва фатво беришни бошлади. Бу ишни бошлашдан аввал змонида бўлган буюк олимлар ва фазилатли кишилар билан маслаҳатлашиб, уларнинг ҳам розилиги олди.

Ўзининг мутахассис эканлигига доир етмиш олимнинг гувоҳлигидан кейин илк бор Пайғамбар жанобимизнинг масжидида дарс беришни бошлади. Ҳазрати Умар ўтирган жойда ўтирар ва Абдуллоҳ бин Масъуд яшаган уйда яшарди. Шу тариқа улар яшаган муҳитда бўларди. Имом Молик ҳам имом Аъзам каби дарсларни масжидда берарди.

Ал-Вакидий айтади:

Имом Молик масжидга келар, беш вақт ва жаноза намозларида бўларди. Хасталарни зиёрат этар, керакли ишларини қилар, сўнгра масжидга келиб ўтирарди. Бу вақтда талабалари атрофига тўпланиб, дарс оларди. Анчадан кейин соғлиги сабабли уйида дарс беришни бошлади.

Ҳаж мавсумидан ташқари, бошқа вақтларда Мадиналиклардан истаган киши унинг дарсига қатнаша оларди. Дарсларни бутунлай уйида беришни бошлагандан кейин ҳаж мавсумида дарс тинглашга келганлар шунчалик кўп бўлардики, келганлар уйга сиғмасди. Шунинг учун аввал Мадиналикларни қабул этиб, уларга ҳадис ривояти ва фатво бериб бўлгандан кейин навбати билан бошқаларни қабул қиларди.

Имом Молик ҳазратлари дарсларида виқорли ва жиддий бўлиб, кераксиз гапларни умуман гапирмасди. Бу хусусни илм таҳсил олаётганлар учун ҳам шарт қилиб қўярди.

Имом Молик ҳазратлари эллик йил давомида дарс ва фатво бериш билан инсонларнинг мушкулларини осон қилди ҳамда талабалар етиштирди. Унинг талабаларидан ҳар бири мамлакатларининг мурожат этилувчи олимлари ва раҳбарлари бўлдилар.

Имом Молик ҳазратлари тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмида буюк бир олим эди. Тафсир илмида ояти карималардан минглаган диний ҳукмлар чиқарган буюк муфассир ва мужтаҳид эди.

Ҳадис илмида эса жуда машҳур бир олим ва муҳаддисдир. Амир бин Абудуллоҳ ибн Зубайр бин Аввом, Нуайм бин Абдуллоҳ, Зайд бин Ашлам, Нафл Мавло ибн Умар, Салама бин Динор, Кади Шурайк бин Абдуллоҳ Наҳоий, Солиҳ бин Кайсан, имом Зуҳрий, Сафвон бин Салим ва бошқа кўплаган ҳадис олимларидан ҳадис ривоят этган эди.

Асарлари:

“Муватта” номли ҳадис китоби жуда қадрлидир. “Муватта” қирқ йилда ёзилган. Кўп олимлар буни шарҳ этган. Бу шарҳларнинг энг машҳури “Ал-мудаввана” ноили асардир. Бу китоб ҳадиси шарифларни фиқҳ мавзуларига кўра ичига олган бўлиб, ёзилган илк ҳадис китобидир. Бу китобда бундан ташқари, имом Моликнинг ижтиҳод этган фиқҳ мавзулари ҳам бор. Бу асаридан бошқа Абдуллоҳ бин Абдулҳаким Мисрий тарафидан ривоят этилган “Китоб-ус Сунан” номли фиқҳга доир бир асари, тақдирга, қазо ҳукмларига доир ва фатволарни билдирган “Рисола фил фатво” каби асарлари бор.