...

Сафарга чиқаётганда ўқиладиган дуолар

Савол: Сафарга чиқаётганда қандай дуо ўқилади?

Жавоб: Сафарга чиқаётган киши икки ракат намоз ўқиши ва садақа бериши керак. Зоҳид Абул-Ҳасани Ғазвий ҳазратлари “Сафарга чиқаётганда Қурайш сурасини ўқиган одам бутун ёмонликлардан сақланади” деди. (Ширъа)

Уйдан чиқаётганда Оятил курсини ўқиган киши уйга қайтганига қадар балолардан омон бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:

“Уйдан чиқаётганда Оятил курси ўқиган кишига етмиш фаришта уйига қайтгунга қадар дуо ва истиғфор этади.” (Эй ўғил илмиҳоли)

“Уйидан чиқаётганда “Бисмиллоҳи таваккалту алаллоҳи, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳ” деган одам таҳликаларда сақланади, шайтон ундан узоқлашади.” (Термизий)

Савол: Тижорат, ҳаж, зиёрат, илм ўрганиш каби сабаблар билан сафарга чиқаётганда нималар қилиш керак?

Жавоб: Илм ўрганиш учун сафарга чиқаётганида ўрганадиган илми вожиб бўлган илм бўлса, сафарга чиқиш ҳам вожиб бўлади. Ўрганиладиган илм нофила илм бўлса, сафар ҳам нофила бўлади. Вожиб бўлган илмни ўрганиш учун сафарга чиқиш жуда фазилатлидир. Ҳадиси шарифда “Илм ўрганиш учун йўлга чиққан киши уйига қайтгунга қадар Аллоҳ йўлида ҳисобланади” деб марҳамат қилинди. (Термизий)

Бишри Ҳофий ҳазратлари “Саёҳат қилингки, тирикчилигингиз осонлашсин ва гўзал бўлсин. Оққан сув тоза бўлади, турган сув кирланади” деган.

Ҳаж, жиҳод каби ибодат мақсади билан ҳам йўлга чиқилади. Авлиёларнинг қабрларини зиёрат этиш ҳам савоб. Сафарда солиҳ олимлар зиёрат этилади. Чунки солиҳларнинг юзига боқиш ибодатдир. Инсон ёмон бир муҳитда бўлса, бир куни келиб ахлоқи бузилади. Ёмонлардан узоқ бўлиши учун сафарга чиқиш гўзал ишдир. Пайғамбаримизнинг суннатидир. Яхши инсонлар яшайдиган маҳаллага ёки шаҳарга бориш яхши бўлади. Тирикчилик ўтказиш қийин бўлган бир жойдан ишлари осон бўладиган жойга кўчишнинг сҳам зарари йўқ. Фақат ота-онага осий бўлиб, сафарга чиқиш тўғри эмас. Сафарга чиқаётганда қарзларини ўташи, қул ҳақлари қолмаслиги учун ҳалоллашиш, дуоларини олиш керак. Ҳадиси шарифда “Сизлардан бирингиз сафарга чиқишни истаганида дўстлари билан видолашиб, дуоларини олсин. Чунки Аллоҳу таоло уларнинг дуосида унинг учун баракат яратади” деб марҳамат қилинди. (Хараити)

Шу тариқа яқинларининг дуосини олгандан кейин йўлга эрта чиқиши керак. Ҳадиси шарифда “Аллоҳим, ишига эрта борган умматимнинг ишларини баракатли қил!” деб марҳамат қилинган. (Баззор)

Айниқса, узоқ сафарлар учун истиҳора қилган яхши. Мусофирликка қўли бўш кетмаган яхши. Боболаримиз бир жойга бўш қўл билан боришни тегирмонга буғдойсиз боришга ўхшатганлар. Ҳадя оз бўлса ҳам қадри бўлади. Ўз уйимизга ҳам бўш қўл билан бормаслигимиз керак. Ҳадиси шарифда “Сафардан қайтаётганингизда бола-чақангизга бир тош бўлса ҳам ҳадя келтиринг” деб марҳамат қилинди. (Ибн Асакир)

Савол: Автобус, поезд, самолёт, кема каби бир воситага минганида қайси дуоларни ўқиш керак?

Жавоб: Қуйидаги дуоларни ўқиш лозим:

1. Оятил курсини ўқиш керак. Оятил курси оятларнинг саййидидир. Уни ўқиган кишидан шайтон қочади, фаришталар унинг бало-қазодан сақланиши учун дуо қиладилар.

2. Бисмиллоҳиллази ла йадурру маасмиҳи шайун фил арди ва ла фиссамаи ва ҳувас-самиул алим дуосини уч марта ўқиган кимса ҳар турли бало-қазодан ва назар тегишидан сақланади.

3. Ҳуд сурасининг 41-ояти каримасини ўқиш керак. Ҳадиси шарифда “Кемага чиққанида бисмиллоҳ билан Худ сурасининг 41-оятини ўқиган киши сувга чўкишдан сақланади” деб марҳамат қилинди. (Табароний)

Бу ояти каримани автобус, самолёт, поезд каби ҳар воситага минганда ўқиган кимса қазодан, балодан сақланади. Яна бир ҳадиси шарифда кемага чиққанида Зумар сурасининг 67-ояти каримасини ўқиган одам сувга чўкишдан омон бўлиши айтилган. (Куртуби)

Савол: Бобом менга “Сафарга чиқаётганда етти Оятил курси ўқи. Сўнгра олдинга, орқангга, пастга, юқорига, ўнгга, чапга уфла, бир донасини ичингга ют. Ундан кейин калимаи тавҳид ўқи” деди. Бундай қилишимнинг зарари йўқми?

Жавоб: Зарари йўқ, жуда яхши бўлади.

Савол: Сафардан уйга кечаси хабар бермасдан қайтиш макруҳми?

Жавоб: Ҳа.