...

Ухлашга ётганда ўқиладиган дуолар

Савол: Кечқурун ётганда ўқиладиган дуоларни тартиби билан айтиб берасизми?

Жавоб: Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари айтадики:

Ётоғингга таҳоратли ҳолда, аузу бисмиллоҳ ўқиб кир. Ўнг тарафинг билан қиблага қараб ёт. Ўнг кафтингни ўнг ёноғинг тагига қўй. Аузу бисмиллоҳ билан бир Оятал курси ўқи. Сўнгра ҳар бири учун бисмиллоҳ айтиб, уч Ихлос, бир Фотиҳа, бир Фалақ ва бир Нос сураларини ўқи. Сўнгра уч марта истиғфор дуоси, яъни Астағфируллоҳалазим аллази ла илоҳа илла ҳу ўқи. Учинчи ўқишда ал-хаййул қаййума ва атубу илайҳни қўшиб ўқи. Сўнгра ўн марта Таваккалту алаллоҳ ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳ ўқи. Ўнинчисида хил алиййул азим аллази ла илоҳа илла ҳуни қўш. Сўнгра Аллоҳуммағфирли ва ли валидаййа ва лилмўминина вал мўминат, бир марта Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад, бир марта Аллоҳумма Раббана отина фиддунё ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қина азабаннор би рахматика ё архамаррахимин, 3, 10, 40 ёки 70 марта истиғфор, яъни Астағфируллоҳилазим ва бир калимаи тавҳид, яъни Ла илоҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ ўқи! (Ислом ахлоқи)

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:

“Ётоққа кирганида уч мартаАстағфируллоҳалазим аллази ла илоҳа илла ҳувал-хаййул қаййума ва атубу илайҳўқиган кишининг гуноҳлари денгиз кўпиги қадар кўп бўлса ҳам, авф бўлади.” (Термизий)

“Ухлашга ётаётганида Фотиҳа ва Ихлос сураларини ўқиган киши ўлимдан ташқари, барча нарсадан сақланади.” (Баззор)

“Ухлашга ётганида Кофирун сурасини ўқиган одам ширкдан нари бўлади.” (Термизий)

“Ётганида Мулк (Табарока) ўқимасдан ухлама. Чунки ўлсанг, қабрда сенга йўлдош бўлади.” (Эй ўғил илмиҳоли)

“Қуръонда бир сура борки, ўттиз оятдир. Ўқиган кишига авф этилгунга қадар шафоат этади. Бу сура “Таборакаллази би йадиҳил мулк” деб бошланадиган сурадир.” (И.Аҳмад)

“Расулуллоҳ Сажда ва Мулк сурасини ўқимасдан ухламасди.” (Термизий)

Ҳар кеча Аманаррасулуни ўқиган кечаларини ибодат билан ўтказгандек савобга қовушади. Кечқурун ётаётганда Таборака сурасини ўқиган қабр азобидан сақланади, Қадр кечасини ибодат билан ўтказгандек савобга қовушади.

Ҳар кеча Ёсин сурасини ўқиган кимса тонгда гуноҳлари авф этилган ҳолда уйғонади.

Ҳар кеча ётаётганда 100 марта “Субҳоналлоҳи валхамдулиллоҳи ва ла илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” ўқиган кимса ўзини ҳисобга тортиб, гуноҳларини авф эттирган бўлади.

Савол: Кундуз куни ёки бомдод намозидан кейин ухлаётганида кечқурун ётганидек ётоққа таҳоратли кириш ва дуо ўқиш шартми?

Жавоб: Кечқурун ётаётганда ҳам таҳоратли бўлиши ва дуо ўқиши шарт эмас. Аммо имкон бўлса, ташлаб қўймаслик керак. Кундуз куни ухлаганда ўлмаслигимизга ким кафолат бера олади? Шунинг учун кундуз куни ухламоқчи бўлганимизда ҳам таҳоратли бўлишга ва оз бўлса ҳам дуо ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Ётоққа бисмиллоҳ айтиб киришимиз, ҳеч бўлмаса бир калимаи тавҳид ўқишимиз лозим.

Савол: Кечаси уйқудан уйғониб кетганимизда ўқиладиган дуо борми?

Жавоб: Ҳа, бор. Бир неча ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Уйқудан уйғонганда Аллоҳуммағфирли деса, дуоси қабул бўлади.” (И.Абиддунё)

“Кечаси уйғониб кетганда “Ла илоҳа иллаллоҳу вахдаҳу ла шарика лаҳ лаҳул мулку ва лахул хамду ва ҳува ала кулли шайин қодир деган кишининг гуноҳи денгиз кўпиги қадар кўп бўлса ҳам Аллоҳу таоло унинг гуноҳларини кечиради.” (Ибн Сунний)

“Кечаси уйғонганида шу дуони ўқиган ҳар истаганига қовушади: Ла илоҳа иллаллоҳу вахдаҳу ла шарика лаҳ лаҳул мулку ва лахул хамду ва ҳува ала кулли шайин қодир. Субҳоналлоҳи валхамдулилллоҳи ва ла илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва ла ҳавла вала қуввата илла ибллоҳил алиййул азим. (Ислом ахлоқи)

“Шайтон ухлаган киши ғафлатда ухлаши учун уч тугун тугади. Агар бу киши уйғониб, Аллоҳни зикр этса, тугуннинг бири ечилади. Таҳорат олса, иккинчи тугун ечилади. Намоз ўқиса, барча тугунлари ечилади.” (Бухорий)

Савол: Ухлашдан олдин ўқиладиган саловот, калимаи тавҳид ва бошқа тасбеҳларни ётиб ўқиса ҳам бўладими ёки тўшак устида ўтириб ўқиш керакми?

Жавоб: Ётоқда ётиб, тонгга қадар зикр этишнинг ҳеч зарари йўқ. Ҳатто ётоқда ётиб, тонгга қадар Қуръони карим ўқишнинг ҳам зарари йўқ. Бир ояти каримада маолан “Улар оёқда турганда, ўтирганда, ёнбоши билан ётганида Аллоҳни зикр этадилар” деб буюрилди. (Ол-и Имрон, 191)

Бу ердаги зикр сўзининг маъноси Аллоҳу таолони ёдга олиш билан бирга намоз ўқиш деганни ҳам билдиради. Яъни намозни оёқда туриб қила олмайдиган хастанинг ўтириб ёки ётиб ўқиши мумкинлигини билдиради. (Баҳр-ур-раик)

“Шират-ул ислом” шарҳида “Қуръони каримни оёқда туриб, ётганда ёддан таҳоратсиз ўқиш жоиз ва савобдир. Фақат бошини кўрпадан чиқариши ва болдирларини бирлаштириш керак” дейилади. (С.Абадия)

Бу ерда икки шарт билдирилмоқда:

1. Бошини кўрпадан чиқариш керак, чунки аврат ерлари, болдирлари очиқ бўлса, бу ҳолатда ўқиши макруҳ бўлади. Агар пижама кийиб ётган бўлса, бошини кўрпадан чиқариши керак эмас. Ёки кўрпа ёпинмай ётган бўлса ҳам, ўқиши мумкин.

2. Болдирларни бирлаштириш лозим. Оёқлар дуч келган тарафга узатилган бўлса, бу ҳолда Қуръони карим ўқиш одобга тўғри келмайди. Оёқлар бирлаштирилиб ўқилса, ҳеч зарари бўлмайди.