Савол: Истиҳора нима ва истиҳора намози қандай ўқилади?
Жавоб: Истиҳора деб бир иш ҳақида хайрли ёки хайрсизлигини билиш учун таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқигандан сўнгра бу хусусдаги дуони ўқиб, бу иш билан алоқадор туш кўриш учун ётиб ухлашга айтилади.
Имом Ғазолий ҳазратлари айтадики:
Тўрт нарсани қилган киши тўрт нарсадан маҳрум қолмайди:
1. Шукр этган неъматнинг ортишидан;
2. Тавба этган қабул қилинишдан;
3. Истиҳора қилган хайрдан;
4. Истиҳора қилган тўғрисини билишдан, ҳақиқатга етишдан маҳрум қолмайди.
Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал, масалан, уйланаётганда, уй олаётганда истиҳора қилиш керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Бахтлилик истиҳора қилиш билан рўёбга чиқади.” (Ҳаким)
Уйланишдан аввал бир неча марта истиҳора қилиш, Ҳақ таолога сиғиниш керак. Нафсининг ва ёмон кимсаларнинг ўрталарига тушмаслиги учун ялиниб-ёлвориш лозим. Солиҳ, ишончли кишилар билан маслаҳатлашгандан кейин истиҳора қилиш керак.
Бир ишни бошлаётганда ёки бир нарсадан қутулмоқчи бўлганда икки ракат намоз ўқиб (қуйида келтирилган арабча дуони ўқиб) “Агар шу ишим (масалан шу қиз билан уйланишим ёки шу уйни олишим) дунё ва охиратим учун хайрли бўлса, буни менга муборак эт. Агар хайрли бўлмаса, уни мендан узоқлаштир ва хайрли бўлганини яқинлаштир. Мени тақдирингга рози бўлганлардан этгин, ё Архамаррохимин” дейиш лозим.
Аввало гуноҳлардан тавба этилади. Тавба учун қисқача “Ё Рабби, балоғатга етганимдан шу кунга қадар қилган гуноҳларимга пушаймон бўлдим. Бундан кейин иншаллоҳ ҳеч гуноҳ ишламасликка сўз бераман” дейилади. Сўнгра ғусл этилади. Ғуслдан кейин шу кеча “Истиҳорага ният этдим” деб икки ракат нофила намоз ўқилади. Илк ракатда субҳонака ва Фотиҳадан кейин Кофирун, иккинчи ракатда Фотиҳадан кейин Ихлос ўқилади. Истиҳора намози тугагандан кейин шу дуо ўқилади: “Аллоҳумма инни астахирука би илмика ва астакдирука би қудратика ва асалука мин фадликал азим фа иннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта алломул ғуюб.”
Бу шаклда истиҳора ўқишда етти кеча давом этилади. (Кундуз ҳам истиҳора қилиб, ётиш мумкин.) Ғусл фақат биринчи куни олинади, бошқа кунлари ғусл олиш шарт эмас.
Истиҳора бошқа бировга қилдирилмайди. Ҳар ким ўзи қилиши керак. Бадан билан бажариладиган ибодатларни бошқа бировга қилдириш жоиз эмас.
Истиҳора намозини ўқигандан кейин гапирмасдан ётиб ухлаш керак. Эҳтиёж бўлса, гаплашиши мумкин. Аслида хуфтон намозини ўқигандан кейин эҳтиёж бўлмаса, гаплашмаган мустаҳаб, яхши бўлади.
Истиҳорадан кейин таҳоратли ҳолда қиблага қараб ётилади. Туш кўрса ҳам, кўрмаса ҳам истиҳорада 7 кун давом этади. Тушида оқ ёки яшил ранг кўриш хайрга, қора ёки қизил кўриш ёмонликка аломатдир. Агар тушида ҳеч нарса кўрмаса, қалбга боқилади. Шу ишни қилиш орзуси бўлса, шунга қарор қилади. Қарор беролмаган бир неча марта истиҳора қилиши керак.
Қилинадиган ҳар бир иш учун истиҳора қилиш суннатдир. Фақат истиҳора қилгандан кейин бу ишни қилиши ёки қилмаслигини кўрсатган бир нарсанинг, уйғоқлигида ёки тушида кўриниши шарт эмас. Истиҳорадан кейин қалбига боқмоқ лозим. Бу ишни қилиш орзуси аввалгидан ҳам кўпроқ бўлса, уни қилиш керак. Агар орзуси ортмаган ва камаймаган бўлса ҳам бу ишни қилиши мумкин. Бу ҳолатда ишни қилиш орзуси ортгунига қадар такрор-такрор истиҳора қилиш лозим. Истиҳоралар етти мартагача такрорланади. Истиҳорадан кейин бу ишни қилиш орзуси камайганини билса, бу ишни қилмаслиги керак. бу ҳолатда ҳам истиҳоралар такрорланади. Ҳатто қандай ҳолатда бўлмасин истиҳораларни такрорлаш яхши бўлади. Бу ишни қилиш ёки қилмасликда эҳтиёткорлик қилган бўлади.
Бошқа бир истиҳора
Бир муроди бўлган кимса таҳорат олиб, тоза жойга ўтиради. Уч марта саловоти шарифа ўқийди, сўнгра ҳар бирига бисмиллоҳ айтиб ўн Фотиҳа, сўнгра ўн бир Ихлос, сўнгра уч саловот айтади. Ундан кейин ўнг тарафи билан юзини қиблага қаратиб, ўнг қўлини ўнг ёноғи тагига қўйиб ётади. Ният қилган нарсасининг яхши ёки ёмон эканлигини би-изниллоҳ тушида кўради. (Фатавои кариул ҳидоя)
Савол: Истиҳора қилганимиздан кейин тушимизда кўрган нарсага амал қилишимиз керакми?
Жавоб: Истиҳора бир ишнинг биз учун хайрли ёки хайрли эмаслигини билиш учун қилинади. Шу сабабдан истиҳора шартларига мос қилинган бўлса, амал қилиш керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Истиҳора қилиш ва тақдирига рози бўлиш кишининг бахтли бўлишига, бунинг акси эса бахтсиз бўлишига аломатдир.” (Термизий)
“Истиҳора этган кимса маҳрум қолмайди, маслаҳат қилган эса пушаймон бўлмайди. Тежамкор бўлган етишмовчилик кўрмайди.” (Табароний)
Савол: Истиҳора қилганда эр-хотин алоҳида-алоҳида ётиши керакми?
Жавоб: Йўқ, керак эмас.