Ҳижрий янги йил

Бу оқшом, Ҳижрий тақвимга кўра янги йилнинг илк кечаси, эртага (19.07.2023) илк куни бўлади. 

Муҳаррам ойи - Исломий қамарий йилнинг биринчи ойи ва Қуръони Каримда эҳтиром қилинган тўрт ойдан биридир. Муҳаррам ойининг биринчи кечаси мусулмонларнинг қамарий янги йил кечасидир. Бу кечани ибодат билан ўтказиб, унга ҳурмат кўрсатиш керак. Ҳурмат кўрсатиш гуноҳ қилмаслик орқали амалга ошади. Зул-ҳижжа ойининг сўнгги куни ва Муҳаррам ойининг биринчи куни рўза тутган одам бутун йил рўза тутгандек савобга эришади. Бир ҳадиси шарифда “Рамазондан кейин энг фазилатли рўза Муҳаррам ойида тутилган рўзадир” деб марҳамат қилинди.

Ҳижрий қамарий тақвим, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган (кўчган) йилларидан бошланади. Муҳаррамнинг биринчи кунидан бошланган дастлабки қамарий йил боши, григориан (милодий) тақвими бўйича 622 йил 16 август, жума кунига тўғри келган эди. Қамарий тақвим (ой йили) бўйича, бир йилда 354,357 кун мавжуд бўлиб, бу муддат ойнинг ер атрофида тўлиқ 12 марта айланиб чиқишига тенг. Ой йили бўлмиш қамарий йил, Қуёш йилига нисбатан 10,875 кунга қисқа. Шу боис, 32,5 йилда қуёш йилидан бир йил ортиб боради. Чунки барча муборак кунлар, қуёш тақвимидаги ойлар бўйича эмас, балки қамарий ойлар бўйича нишонланади. Исломиятда қуёш йилининг ойлари ичида ҳеч қандай муборак кун ёки кеча йўқ. Туғилган кун ва муборак кечалар ҳар доим ҳижрий йил бўйича нишонланади. Бутун ибодатлар ва диний фаолиятларда қамарий ойлар асос қилиб олинади. Ҳаж, рўза, қурбон ва ҳайит кунлари қамарий ойларга кўра нишонланади. Ҳаж амалини Аллоҳу таоло билдирган Зул-ҳижжа ойида эмас, масалан григориан тақвимидаги январь ойида бажариш, рўзани Рамазон ойида эмас, февраль ойида тутиш динни тубдан ўзгартиришга уриниш бўлиб ҳисобланади. Динда реформа эса, энг катта даҳрийликдир.

Христианлар ўз янги йиллари бўлган 1 январь кечасида Рождествони (Christmas) нишонлаб, гўёки христиан дини буюрган (!) гуноҳларни қилади. Мусулмонлар ҳам ўз янги йил кечаларида мусофаҳа (қўл олишиб), телефон ёхуд хат орқали бир бирларини табриклайдилар. Бир бирларининг уйларига меҳмон бўлиб, совға-салом берадилар. Газета, журнал саҳифаларида табрик матнлари нашр қилиб, янги йилнинг бутун мусулмон оламига тинч, баракали ва хайрли бўлишини тилайдилар. Ёши катталарнинг, қариндош-уруғларнинг ва илм соҳиби зотларнинг хонадонларига бориб, дуоларини оладилар. Ушбу кунда худди байрамдагидек тоза, янги либослар кийиниб, фуқарога (қашшоқларга) садақа улашадилар. Муҳаррамнинг дастлабки 10 куни билан туни муборак кун ва тунлар жумласидандир.

 Исломиятдан аввал, араблар Муҳаррам ойида жанг қилишни исташса, Муҳаррам ойининг номини кейинги ойга қўйиб, кейинги ойни Муҳаррам деб аташарди. Шу тариқа ҳаром ишланмайдиган ой гўё Муҳаррам ойидан кейинги ой бўлиб қоларди.

“Бир ойнинг ҳаромлигини бошқа ойга кечиктириш, фақат куфрни орттиради. Кофирлар бу билан бутунлай йўлдан тоядилар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг сонини тенг келтириш учун ҳаром ойни бир йил ҳалол санаб, кейинги йили уни яна ҳаром санайдилар. Шу тариқа Аллоҳнинг ҳаром қилганини ҳалол қилишга уринади” маолидаги Тавба сурасининг 37-ояти каримаси орқали ойларнинг ўрнини алмаштириш тақиқланди.

Муборак тўрт ойлардан бири

Муҳаррам ойининг,  Зул-қаъда, Зул-ҳижжа ва Ражаб ойлари билан бирга Қуръони каримда қиймат берилган тўрт ойдан бири эканлиги билдирилган. (Тавба, 36) 

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Ойларнинг бошчиси Муҳаррам, кунларники эса Жумадир.” (Дайламий)

“Рамазондан кейин энг фазилатли рўза, Аллоҳу таолонинг ойи Муҳаррам ойида тутилган рўзадир. Фарзлардан кейинги энг фазилатли намоз, кечаси ўқилган намоздир.” (Муслим)

“Нофила рўза тутадиган бўлсанг, Муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳу таолонинг ойидир. Бу ойда бир кун борки, бу куни Аллоҳу таоло ўтган қавмлардан бирининг тавбасини қабул қилди. Яна шу куни тавба этувчиларнинг гуноҳларини ҳам авф этади.” (Термизий)

Нофила ибодатларнинг савобига эриша олиш учун, аҳли суннат эътиқодида бўлиш; ҳаромлардан тийилиб, гуноҳларга тавба қилиш; фарзларни нуқсонсиз адо этишга ҳаракат қилиш; шу амални ибодат сифатида бажаришга ният қилган бўлиш ҳам шарт.

Янги йил дуоси 

Ҳадиси шарифда айтилдики:

“Кимки Муҳаррам ойининг илк кечасида қуйидаги дуони уч марта ўқиса, Аллоҳу таоло у кишини келаси Муҳаррамгача ҳар хил бало-қазолардан муҳофаза қилади:

Алҳамдулиллоҳи Раббил оламин. Вассалоту вассалому аъла саййидина Муҳаммадин ва аъла олиҳи ва соҳбиҳи ажмоин. Аллоҳумма антал абадиййул-Қадим, ал-Ҳаййул-Карим, ал-Ҳаннон, ал-Маннон. Ҳазиҳи санатун жадидатун. Асъалука фиҳал исмата минаш-шайтониррожийм, вал авна аъла ҳазиҳин нафсил аммороти биссуъи вал иштиғола бима йуқаррибууни илайка ё зал Жалоли вал Икром, бираҳматика ё Арҳамар-Роҳимин. Ва соллаллоҳу ва саллама аъла саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва аъла олиҳи ва саҳбиҳи ва аҳли байтиҳи ажмоин.”

Ушбу дуони Ошуро куни (Муҳаррамнинг 10-чи куни) 3 марта ўқиган одамнинг келаси Муҳаррамгача ўлимдан ҳам омон қолиши, чунки тақдирида ажали етгани ёзилган одамга ушбу дуони ўқиш насиб бўлмаслиги ҳам билдирилган.