Савол: Ажралиш ҳақида динимизда нималар дейилган?
Жавоб: Ажрашиш учун ишлатиладиган гапларни эр киши, аёлига айтиши билан талоқ, яъни ажрашиш содир бўлади.
1) Ажрашиш учун ишлатиладиган ифодалар икки хил бўлади: очиқ ва кинояли сўзлар.
“Сен мендан озодсан”, “Мен сени қўйвордим” каби ифодалар очиқ сўзлардир. Бундай гапларни ҳазиллашиб ёки адашиб айтганда, маъносини билмаса ҳам, никоҳдан бир ришта узилади, яъни жуфтидан ажрашган бўлади.
“Сени ташлаб кетдим, сени тарк этдим” деган гаплар ҳам очиқ сўз деб қабул қилинади. Бир ёки икки марта мана шундай очиқ ифодалар билан ажрашишга, яъни ортга қайтариш мумкин бўлган ажрашишга талоқи рижъий дейилади. Лекин уч ҳақдан бири кетган бўлади. Бир одам ушбу ифодалардан хоҳлаганини бир марта айтиб, кейин пушаймон бўлса, эски никоҳига қайтиш нияти билан аёлининг қўлидан ушласа ёки ўпса, қайта никоҳ ўқимасдан икки боғ билан никоҳлари давом этади.
2) Никоҳда учта боғ-ришта бўлади. Бир эркак ажрашганини ифодаловчи гапларни уч марта такрорласа “Сени қўйдим, мендан озодсан, сени қўйдим” деса ёки “Сени уч марта қўйдим, уч талоқсан” деса учта боғни бирданига узган, ортига қайтмайдиган бўлиб ажрашган бўлади. Мана шундай учта талоқ билан ажрашганда талоқи рижьий талоқи боинга айланади.
3) “Отангнинг уйига кет!”, “Кет, йўқол!”, “Ана, катта кўча”, “Бундан буён эринг эмасман”, "Кўзимга кўринма!" қабилидаги бошқа маъноларда ҳам ишлатиладиган гаплар киноя, ёпиқ маъноли гаплардан ҳисобланади. Ушбу гаплар фақат ажрашиш нияти билан айтилгандагина талоқ содир бўлиб, ажрашилган бўлади. Бунга боин талоқ, яъни иддат вақти ичида ортга қайтариш мумкин бўлмаган қатъий ажрашиш дейилади.
Мана шу йўсинда талоқ берилганда, хотиннинг иддат муддати тугаб, қайтадан никоҳ ўқилмагунча жуфтлар бир орага келолмайдилар.
4) Қайнотасига “Мен қизингиз керак эмас, кимга хоҳласа тегсин” дейиш ва аёли кўчага чиқишга рухсат сўраганида “Мен сени ип билан боғлаб қўймаганман, бор кет”, “Қайтиб келма, ашқол-дашқолингни ҳам олиб кет” ёки “Сени кўргим келмайди”, “Сен билан ажрашаман” каби гаплар айтилганда ажрашишга ният қилмагунча талоқ воқеъ бўлмайди, ажрашган бўлиб ҳисобланмайди.
5) “Шарт бўлсин”, “Билганингни қил” кабилар ёки умуман юқорида ўтган гаплардан айримларини, баъзи вилоят-шаҳарлардаги аҳоли айнан ажрашиш, талоқ қилиш маъносида ишлатишга одатланган бўлиши мумкин. Шундай жойларда ажрашаётганда айтиш одат бўлган гаплардан биронтасини аёлига айтган эркак, ажрашишга ният қилмаган бўлса ҳам, бир боин талоқ содир бўлади.
6) Аёлига “Онам, қизим, синглим” деб мурожаат қилиш билан никоҳга зарар етмайди. Лекин “Бундан буён онамсан, синглимсан ёки қизимсан” деса, бир боин талоқ билан ажрашиш содир бўлади.
7) Кинояли гаплар билан ажрашганда содир бўлган боин талоқ асносидаги иддат муддатида эр аёлининг хонасига киролмайди. Аёл безана олмайди, атир-упа сепа олмайди, худди номаҳрам, бегона аёлдек талоқ берган эридан узоқ туради. Иддат вақти тугагач янгидан никоҳ қийдириш лозим бўлади.
8) Ажрашиш мақсадида айтилган гапларда сон билдирилмаса, бир талоқ ҳисобланади. Уч ёки ундан кўп марта такрор айтилса, уч талоқ билан ажрашган бўлади. “Баданимдаги туклар сонича...”, “Денгиздаги балиқлар сонича...”, “Кўкдаги юлдузлар қадар...” ёки “Учдан тўққизгача талоқсан”, "Минг марта қўйдим" дейилганда ҳам, барибир уч талоқ содир бўлган ҳисобланади.
9) Аёли билан ажрашаётган эркакнинг ақли жойида ва ҳушёр бўлиши керак. Маст, касал ёки таҳдид остида айтган кишининг сўзи ёки мактуб, электрон почтаси, факс орқали юборган ажрашиш хабари ҳам, талоқни содир қилади. Бу хабарлар аёлига етиб боргандан бошлаб оилада талоқ-ажрашиш содир бўлади. Яъни аёли бундан хабардор бўлганида ажрашиш жараёни юзага келади.
10) Телба, эс-ҳуши жойида бўлмаган, беҳуш, уйқидаги, касалликдан ёки асабий тангликдан паришон ҳолатдаги кишиларнинг беихтиёр оғзидан чиққан гаплари билан ажрашиш-талоқ воқеъ бўлмайди. Асабий тангликдан паришон бўлиш, нима гапиргани билмайдиган аҳволга тушиш деганидир. Бу ҳам икки турли бўлади:
а) Маъносини билмасдан, қасд қилмай ва истамай айтиш. Бу кинояли гапларга тегишли бўлиб, талоқ бўлмайди. Маъноси очиқ гапларда, яъни “Сени талоқ қилдим” деса, қасдий ва хоҳиш билан айтмаган бўлса ҳам, талоқ ҳосил бўлади.
б) Маъносини билиб туриб ўз хоҳиши билан айтиш, лекин кейин айтганини хотирламаслик. Бу сўзини агар икки гувоҳ эшитиб, кейинроқ унга айтсалар, ажрашиш-талоқ содир бўлади. Яъни "сени талоқ қилдим" деса-ю, сўнгра ҳеч эслай олмаса, "сен шундай дединг" деганида, "йўқ, ундай деганим эсимда йўқ, ундай демаганман" деса, икки гувоҳ биз эшитдик десалар, ўшанда талоқ воқеъ бўлади. Агар гувоҳлар тасдиқламаса, киши инкор этгани учун ажрашиш содир бўлмайди.
11) Жуфтлар орасида жинсий яқинлик бўлмаса ёки бир хонада, танҳороқ жойда иккаласи ёлғиз қолишмаган бўлса, бир марта талоқ бериш билан аёл иддат муддатини кутмасдан шу куни бошқаси билан турмуш қура олади.
12) Эрига ва бошқаларга тили, қилиқлари билан озор берадиган, зиммасидаги фарзларни бажармайдиган, масалан, намоз ўқимайдиган, фаҳш ишларда гумон қилинган аёлдан ажрашиш шарт бўлмаса ҳам, мустаҳабдир. Ундай хотиндан ажрашган яхши бўлади.
13) Фарзни бажармайдиган, масалан, намознинг фарз эканлигига ишонса ҳам, ўқимайдиган аёлидан ажрашмаслик гуноҳ эмас. Эри унга мулойимлик билан намоз ўқитишга ҳаракат қилиши керак. Агар ҳаракат қилмаса, гуноҳкор бўлади.
Эрлик вазифасини бажара олмайдиган, масалан, сеҳр-жоду натижасида жинсий ожизликка тушган эркакнинг аёли ажрашишни талаб қилса, уларнинг ажрашиши вожиб бўлади.
14) Аёлига бошқа-бошқа уч вақтда бир мартадан талоқ берса, уч марта “Талоқ қилдим” ёки “Ажрашдим” ёки “Уч талоқ қилдим” деса ортга қайтариш мумкин бўлмаган тарзда никоҳлари бузилади.
Бу аёлга қайта уйланиш учун ҳулла керак бўлади. Ҳулла - иддат муддати тугагач, аёл бошқа бир эркак билан никоҳланиб, тўй бўлиб, иккови алоқада бўлиб, сўнгра ўша эркак ҳам ажрашиб, орадан яна бир иддат муддати ўтиши керак. Фақат шундан кейингина биринчи эри янги никоҳ билан унга уйлана олади.
Бу эса, бир эркак учун хўрликнинг ўзгинасидир!. Аллоҳу таоло эркакларга талоқ бериш ҳуқуқини берган бўлса ҳам, бу ҳуқуқдан пала-партиш фойдаланишларининг олдини олиш ва аёлларнинг эркаклар қўлида ўйинчоқ бўлмаслиги учун эркаклар зиммасига мана шу ҳулла шартини юклаган. Ҳулладан қўрққани учун мусулмон эркак талоқ сўзини оғзига ололмайди. Оилада ажрашишнинг номи ҳам, ҳазили ҳам юрмайди.
Уч талоқ бериш билан ажрашган аёл фақат ҳулладан ўтгачгина биринчи эри билан қайта турмуш қуриши мумкин. Бундай ҳолатда агар дастлабки никоҳлари Шофиъий мазҳабига мос ўқилмаган бўлса, бошқа кишига эрга тегмасдан, яъни ҳуллага ҳожат қолдирмасдан, шофиъий мазҳабни тақлид этиб, ўша мазҳабга мос никоҳ ўқитишлари жоиз бўлади. (Радд-ул мухтор)
15) Эркак шунчаки қўрқитиб қўйиш ёки ҳазиллашиш мақсадида ҳам, "талоқ" сўзини умуман ишлатмаслиги керак. Ҳатто ажрашишга бел боғлаган пайтларида ҳам, аёлига "талоқсан, талоқ қилдим" деган гапларни айтмаслиги керак. Чунки, кўпинча жаҳли ёки хафагарчилиги тарқаганда ажрашишдан воз кечиши мумкин. Дўстлари, яқинлари билан маслаҳатлашиб қатъий қарорга келгандан кейингина бир талоқ бериш керак. Ҳеч қачон уч талоқ бирданига бермаслик керак. Чунки уч талоқни бирданига бериш бидъат ва ҳаромдир.
16) Идда(т) - ажрашилгандан кейин аёлнинг турмушга чиқиши ҳаром бўлган маълум муддат. Бу муддат - биринчи тозалик вақтидан учинчи ҳайзнинг сўнггига қадар бўлган вақтдир. Агар ҳайз кўрмайдиган аёл бўлса, талоқ иддати уч ой, ўлим иддати эса, тўрт ой ўн кундир.
17) Аёлига ҳамиша яхши муомалада, илиқ ва мулойим муносабатда бўлиш керак. Унинг нотўғри ҳаракатларига, ақлга тўғри келмайдиган ишларига ва сўзларига сабр қилиш лозим. Ўзини ва аёлини шубҳага, туҳматга дучор қиладиган вазиятлардан, ҳолатлардан сақланишга катта аҳамият бериш керак. Аёлини бегона эркаклар бўлган жойга юбормаслик, номаҳрам кўзи тушадиган жойларда олиб ўтирмаслик, номаҳрамлар билан учрашиб-кўришиб қолиши мумкин бўладиган ҳолатларнинг олдини олиш лозим.
Савол: Инсон куфрга сабаб бўладиган гап гапирганда имони ҳам, никоҳи ҳам кетадими?
Жавоб: Ҳа, имони ҳам, никоҳи ҳам кетади. Ажрашиш бўлак, куфрга тушиш бўлак. Бу талоқ ҳисобланмайди. Яъни боғлар узилмайди. Минг марта куфрга тушса, минг марта никоҳни тозалаш керак. Фақат бу талоқ ҳисобланмайди.
Савол: Аёлига “Сендан ажрашишни истайман” дейиш билан талоқ бўладими?
Жавоб: Истайман дейиш билан талоқ бўлмайди.
Савол: Узоқ вақт бир-биридан алоҳида яшаш билан никоҳ бузиладими?
Жавоб: Узоқ вақт алоҳида яшаш билан никоҳ бузилмайди. Талоқ бермагунча ажрашган бўлмайди.
Савол: Талоқи баин билан талоқи рижи орасидаги фарқ нимада?
Жавоб: Талоқ ажрашиш деганидир. Талоқи баин қатъий ажрашиш дегани. Талоқи рижи ихтиёрий ажрашишдир. Масалан, сени талоқ қўйдим деса, рижи талоқ бўлади. Аммо истаган вақтида эски никоҳига қайта олади. Идда муддати битгунга қадар қайтмаса, талоқи рижи талоқи баинга айланади. Уч талоқ ҳақидан бирини йўқотган бўлади.
Талоқи баинда эса кинояли сўзлар билан аёл талоқ этилади. Масалан ажрашиш нияти билан “Отангнинг уйига кет” дегани каби. Идда муддати битмагунча у аёл билан уйлана олмайди. Ажрашиш нияти бўлмасдан гапирса, талоқ бўлмайди.
Талоқи рижининг талоқи баиндан фарқли тарафлари:
1. Никоҳни янгилаш керакмас. Эски никоҳга қайтдим деб аёлининг қўлини ушлаши етади. Баинда эса идда битмай, никоҳ қилолмайди. Идда муддати битиб, аёл рози бўлсагина никоҳ қилинади.
2. Маҳр пулини кўпайтишга ҳожат қолмайди. Баинда эса янги никоҳ ўқилгани учун истаган маҳр пулини хоҳлаши мумкин.
3. Гувоҳсиз уйланиши мумкин. Баинда эса янги никоҳ бўлгани учун икки гувоҳ шарт. Чунки бу янги бир никоҳ.
4. Аёл рози бўлмаса ҳам эркакнинг мен эски никоҳимга қайтдим дейиши етарлидир. Баинда эса аёл рози бўлмай туриб, уйлана олмайди.
5. Идда муддати ичида эр-хотиндан бири вафот этса, иккинчиси унга меросхўр бўлади. Баинда эса бўлолмайди.
6. Идда муддати ичида эри вафот этса, аёлнинг иддаси ўлим иддаси бўлади, яъни тўрт ой ўн кун кутади. Баинда эса нормал иддаси тугагач, бошқага турмушга чиқа олади.
7. Аёл рижидан сўнгра безаниши мумкин. Аммо баинда идда муддати тугамагунча безана олмайди.
8. Аёл эри билан бир уйда қолиши мумкин. Баинда эса қололмайди. Фақат бошқа хонада қолиш мумкин.
9. Талоқи рижи никоҳни таг-туги билан юлиб ташламайди, уни ожизлантиради. Рижи яралашга, баин эса ўлдиришга ўхшайди.
10. Ила, зиҳар яроқли бўлиб, қазф этса лиан лозим бўлади.
Ила: Аёлига тўрт ой ёки ундан кўп вақт гапирмаслик. “Сенга яқинлашмайман” деб сўз беришдир. Тўрт ой ичида яқинлашмаса, бир талоқи баин бўлади. Тўрт ой ичида қасамини бузса, ажрашган бўлмайди. Қасам каффорати беради.
Зиҳар: Эр аёлини ёки юз, бош каби аъзоларини маҳрамининг боқиши ҳаром бўлган ерига ўхшатиши. “Сенинг бошинг онамнинг орқаси каби” деган каби. Каффоратсиз аёлига ёпишиши, ўпиши, бирга ётиши ҳаром бўлади. Зиҳар каффорати рўза каффорати кабидир.
Лиан: Аёлига фоҳиша ёки бу бола мендан эмас деса, аёли қозидан лиан истаса, қози лиан қилинишини амр этади. Лиан қилиш учун аввал эркак “Сўзим тўғри” деб қасам ичади. Тўрт марта такрорлайди. Бешинчисида “Ёлғон гапираётган бўлсам, Аллоҳнинг лаънати менга бўлсин” дейди. Сўнгра аёл тўрт марта “Аллоҳ шоҳид бўлсинки, бу одам менга фоҳиша деб ёлғон гапирди” деб қасам ичади. Бешинчисида эса “Агар тўғри гапирган бўлса, Аллоҳнинг ғазаби менга бўлсин” дейди. Сўнгра қози буларни бир талоқи баин билан ажраштиради.
Қазф: Номусли бир аёлга зино этди деб туҳмат қилмоқ.