Савол: Фарзанднинг ота-она устида қандай ҳақлари бор?
Жавоб: Фарзанднинг ота-она устидаги ҳақлари қуйида келтирилган:
1. Келажакда фарзандни онаси учун мазах қилмасликлари, ёмонламасликлари учун фарзандига она бўладиган қизни яхши ердан танлаш керак. Солиҳа эканлигига эътибор бериш лозим.
2. Фарзандига чиройли исм қўйиш. Ҳадиси шарифда “Фарзандига чиройли исм бериш, фарзанднинг ота-она устидаги ҳақларидан бири” деб марҳамат қилинди. (Байҳақий)
Аҳмад, Муҳаммад, Маҳмуд каби Пайғамбар жанобимизнинг исмларини қўйиш керак. Аллоҳу таоло “Ҳабибимнинг исми билан аталган мусулмонга азоб беришга ҳаё қиламан” деб буюрган. Расули ҳам “Уч ўғли бўлиб, улардан бирига менинг исмимни бермаган жоҳиллик қилган бўлади” деб марҳамат қилган. (Табароний)
3. Фарзандига яхши тарбия бериш лозим. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Фарзандини гўзал тарбия этиш, фарзанднинг ота устидаги ҳақларидан бири.” (Байҳақий)
“Фарзандингизга илтифот кўрсатинг, уларни одобли ва тарбияли қилиб вояга етказинг.” (Ибн Можа)
“Фарзандига тарбия бериш, невараларига садақа беришдан кўра савоблироқ.” (Термизий)
4. Фарзандига шафқатли бўлиш. Пайғамбар жанобимиз невараларидан бирини ўпаётганини кўрган бири “Ё Расулуллоҳ, менинг ўн фарзандим бор, аммо ҳеч бирини ўпмайман” деди. Расулуллоҳ унга “Марҳамат этмаган, марҳамат кўрмайди” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий)
Ҳадиси шарифларда “Фарзандларингизни кўп ўпинг, ҳар ўпганингизда Жаннатдаги даражангиз ошади” (Бухорий) ва “Гўдак ҳиди Жаннат ҳидидир” (Табароний) деб марҳамат қилинди.
5. Фарзандларини қарғамаслик, баддуо этмаслик керак. Ибн Муборак ҳазратлари фарзандидан шикоят этган кишидан “Фарзандингни қарғадингми?” деб сўради. У киши “Ҳа” деб жавоб бергач “Фарзандингнинг ахлоқини сен буздинг” дедилар.
6. Фарзандларга яхшилик қилиш керак. Ҳадиси шарифда “Фарзандингизга илтифот кўрсатинг, ота-онангизни сизда ҳақлари бўлгани каби фарзандингизнинг ҳам сизда ҳақлари бор” деб марҳамат қилинди. (Табароний)
7. Фарзандини ҳалол едириб-ичириш лозим. Ҳаром таомнинг таъсири боланинг ўзига ишлайди, дуруст бўлмаган ишларнинг юзага чиқишига сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда “Еб-ичадиганларингиз тоза, ҳалол бўлсин. Фарзандларингиз шундан ҳосил бўлади” деб марҳамат қилинди. (Р.Насиҳин)
8. Отанинг фарзандига илм, одоб ва касб ўргатиши фарздир. Энг аввал Қуръони карим ўқишни ўргатиш керак. Етти ёшидан намозни ўқишга одатлантириш лозим. Дунё ва охиратда қутулиш илм биландир. Фарзанди дин илмларини ўргангандан кейин мактабга бериш, коллеж ва университетларда ўқитиш керак. Динни ўргатмасдан мактабга берилса, буларни ўрганишга вақт бўлмайди. Дин душманларининг тузоғига тушиб, уларнинг ёлғонларига алданиб қолади. Динсиз ва ислом ахлоқидан маҳрум бўлиб етишади. Дунё ва охиратда фалокатларга тушади. Миллатга зарарли бўлади. Ўзига ва бошқаларга қиладиган ёмонликларининг гуноҳи ота-онасига ҳам ёзилади.
9. Фарзанди оқил ва балоғатга етиб, уйланганидан кейин унга “Болам, сени тарбия қилдим. Ўқитиб, уйлантирдим. Дунёда фалокатга, охиратда азобга тушмаслигинг учун Аллоҳу таолога сиғинаман. Эс-ҳушингни йиғиб ҳаракат қил!” дейиш керак.
10. Аҳнаф бин Қайс ҳазратлари “Фарзандлар учун қийинчиликларга чидашимиз, уларнинг оёқлари остида юмшоқ ер, бошлари устида соя бўлишимиз керак! Улар билан қаттиққўл бўлиб, ўзимиздан узоқлаштирмаслигимиз лозим. Биз жонларига тегиб, ўлимимизни кутмасин. Зиёни йўқ хоҳишларини бажаришимиз, аччиқлансалар таскин беришимиз керак” деган.
11. Фарзандлар орасида адолат билан муносабатда бўлиш керак. Ҳадиси шарифда “Ҳадя бераётганда фарзандларингиз орасида тенгликка риоя қилинг” деб марҳамат қилинди. (Табароний)
12. Фудайл бин Лияд ҳазратлари “Ота-онасига яхшилик қилган, қариндошини зиёрат этган, дин қардошига иззат-икромда бўлган, оиласи ва хизматчиси билан яхши муносабатда бўлган, динини муҳофаза этган, молини яхши жойларга сарфлаган, тилини тийган, кўзини ҳаромлардан сақлаган, бекорчи, фойдаси бўлмаган ишлардан узоқ турган ва Раббига ибодат этган мурувват аҳлидир” деган.
13. Ота қилмайди деб ўйлаган амрини фарзандига буюрмаслик керак. бу ишни унга буюриб, уни итоатсизликка етаклаган бўлади. Бир солиҳ зот ўғлидан ҳеч нарса истамасди. Сабабини сўраганларида “Бир нарса истаганимда ўғлимнинг менга қарши чиқишидан қўрқаман. Қарши чиқса, Жаҳаннамга дучор бўлади. Мен эса ўғлимнинг оташда ёнишига рози бўлолмайман” деб жавоб берди. Ҳадиси шарифда “Қуйидагилар саодат аломатларидир: Солиҳа аёл, итоаткор фарзандлар, солиҳ дўст” деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)
Фарзанднинг ҳам ҳақи бор
Бир одам ҳазрати Умарга ўғлидан шикоят этади. Ҳазрати Умар бу кишининг ўғлига айтади:
- Имондан кейин биринчи вазифамиз ота-онанинг кўнглини оғритмаслик. Улар қанчалик ёмон бўлсалар ҳам, барча нарсада уларнинг ҳақлари бор. Уларнинг кўнглини оғритганларнинг ибодати қабул бўлмайди. Мусулмон бўлиб туғилишимизга ва мусулмон бўлиб вояга етишимизга сабаб бўлган ота-онамизнинг кўнглини оғритсак, Жаннатга қандай кирамиз? Улар бизни ҳақорат этса ҳам ялиниб-ёлвориб уларнинг кўнглини олишимиз керак. Мусулмон ота-онамиз биздан рози бўлмагунча, Аллоҳу таолонинг севгили қули бўлишимиз қийин.
Фарзанд ҳазрати Умарга жавоб беради:
- Ё Амир-ул муминин, айтганларингизни қабул этаман. Фақат фарзанднинг ота-она устида ҳақи йўқми?
- Ҳа, фарзанднинг ҳам ҳақи бор. Ота уйланаётганда фарзандига она бўладиган аёл ёки қизни яхши жойдан танлаши, фарзандига чиройли исм қўйиши ва динини ўргатиши керак.
- Отам менга тарбия бермади. Онам эса ҳабаш мажусийнинг қизи эди. Исмимни “Қорақўнғиз” деб қўйган ва Аллоҳнинг китобидан менга бир ҳарф ҳам ўргатмади. Афсуски, диним ҳақида ҳеч нарса билмайман.
Ҳазрати Умар отага дедики:
- Менинг олдимга келиб фақат ўғлингдан шикоят этасан. Ҳолбуки, сен унинг ҳақини егансан ва у сенга ёмонлик қилмасдан аввал, сен унга ёмонлик қилгансан.
Савол: Баъзи кимсалар “Бола дин илмини нафақат мактаб, ҳатто университетни тугатгандан кейин ўрганиши керак. Ёшлигида ўрганса, фикри чалғийди. Фан билимларини ўрганиши қийин бўлади” дейдилар. Фарзандга кичиклигидан дин ўргатиш керак эмасми?
Жавоб: Фан билими дин билимидан бўлак эмас. Фан билими исломий илмларнинг бир тармоғидир. Ислом илмларини ўрганган фан билимларини ҳам ўрганади. Ҳар бир мусулмон фарзандига ва қўли остидагиларга динини ўргатишга масъул. Ҳадиси шарифда “Ҳар бирингиз бир сурувнинг чўпони кабисизлар. Чўпон сурувини зарардан ҳимоя этгани каби сиз ҳам оилангизни ва қўл остингиздагиларни Жаҳаннамдан ҳимоялашингиз керак. Уларга мусулмонликни ўргатмасангиз, жавобгар бўласиз” деб марҳамат қилинди. (Муслим)
Бир оятда маолан “Эй имон этганлар, ёқилғиси инсон ва тош бўлган Жаҳаннам оташидан ўзингизни, оила аъзоларингизни ҳимоя этинг” деб буюрилган. (Таърим, 6)
Яхшиликка ва ёмонликка сабаб бўлганлар буларни қилган одамга шерик бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:
“Динимизда яхши бир йўл очган бу билан амал этганлар каби савобга қовушади. Уларнинг савобидан ҳам ҳеч нарса камаймайди. Кимки динимизда ёмон йўл очса, уни қилганларнинг гуноҳи очганга ҳам берилади. Уларнинг гуноҳидан ҳам ҳеч нарса камаймайди.” (Муслим)
“Хайрли ишга сабаб бўлган бу ишни қилган каби савобга эришади.” (Табароний)
“Бир мусулмоннинг фарзанди ибодат этганда, у қозонган савоб қадар савоб отасига ҳам берилади. Бир кимса фарзандига динни ўргатмасдан, гуноҳ бўлган нарсаларни ўргатса, бу фарзанд қанча гуноҳ ишласа, отасига ҳам шунча гуноҳ ёзилади.” (С.Абадия)
“Дарахт ёшлигида эгилади”, “Темирни қизиғида босиш керак” деган мақоллар машҳурдир. Ҳамма нарса ўз вақтида қилинади. Ҳадиси шарифда “Ёшликда ўрганган илм, тошга ўйилган нақш кабидир. Қаригандан кейин ўрганган илм сув устига ёзув ёзишга ўхшаган ишдир” деб марҳамат қилинди. (Хатиб)
Шунинг учун фарзандларимизга энг аввал динимизнинг амр ва тақиқларини, Қуръони каримни ўргатишимиз керак. Кейинга қолдирмаслик лозим. “Хайрли ишларингизни дарров бажаринг. Эртанги кунга қолдирманг. Бўлмаса ҳалок бўласиз” деган ҳадиси шариф мавжуд. Хайрли ишларнинг энг биринчиси ва аҳамиятлиси бола-чақасига исломиятни ўргатиш. Ҳар мусулмон бу биринчи вазифасини ҳамон бажариши, эртага қолдирмаслиги керак.