Савол: Эрнинг аёли устида қандай ҳақлари бор?
Жавоб: Эрнинг аёли устида ҳақлари кўп. Аёл эри билан яхши муомалада бўлиш керак. Ҳадиси шарифда “Аёлнинг жиҳоди бу – эри билан яхши муомалада бўлишдир” деб марҳамат қилинди. (Табароний)
Бир аёл эрини чиройли кутиб олар, ширин гаплар гапириб кайфиятини кўтаришга ҳаракат қиларди. Пайғамбар жанобимиз аёлнинг бу ҳаракатларини билиб “Аёлингга салом сўзла, ярим шаҳид савобига қовушганини хабар бер!” деб марҳамат қилдилар. (Ширъа)
Аёлларнинг Жаннатга киришлари эркакларга қараганда осондир. Бир ҳадиси шарифда “Аёл беш вақт намозини ўқиса, рўзасини тутса, ўзини бегона эркаклардан сақласа ва эрининг амрига бўйсунса, Жаннатга киради” деб марҳамат қилинди. (Ибн Ҳуббан)
Эрини рози қилган аёл учун қўрқув йўқ. Ҳадиси шарифларда “Эрини рози қилиб, вафот этган аёл Жаннатга киради” (Термизий) ва “Эрига меҳр-муҳаббатли бўлган, фарзанд туққан, хафа бўлганда ёки эри ундан жаҳли чиққанда эрини рози этмагунча ухламаган аёл Жаннатидир” (Табароний) деб марҳамат қилинди.
Аёл киши учун зеб-зийнат ашёлари мубоҳдир. Зийнат ашёларини олиш учун эрини қийин аҳволга солмаслик, зийнатларини бегона эркакларга кўрсатмаслик керак. Шунда зийнатлари Жаннатга киришига моне бўлолмайди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Жаннатда аёлларнинг оз эканлигини кўрдим. Сабабини сўрадим. “Уларни олтин ва зийнатлар чалғитди” деб жавоб бердилар.” (И.Аҳмад)
Эрига қўлидан келганича кулар юз билан муомала этиб, севги кўрсатиш керак. Тили билан ҳам уни ранжитмаслик лозим. Ҳадиси шарифда “Қиёматда Аллоҳу таоло эрига тили билан азият берган аёлнинг тилини 70 аршин узун қилиб, бўйнига ўрайди. Эрига ёмон қараган аёлни ҳам боши кесилган ва бадани парчаланган ҳолга келтиради” дейилди. (Ширъа)
“Сендан нима кўрдим” деб ношукр бўлмаслик керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Агар эрига нисбатан ношукр бўлмасалар эди, барча намоз ўқийдиган аёллар Жаннатга кирардилар.” (Ширъа)
“Жаҳаннам аҳлининг аксарисини аёллар ташкил этганини кўрдим. Сабаби кўп қарғайдилар ва эрига нисбатан ношукр бўладилар.” (Бухорий)
Эрига бир яхшилик қиладиган бўлса, уни кейин юзига солмаслик керак. Ейиш-ичиш ва кийим масаласида уни ранжитмаслик, қилолмайдиган ишини ундан истамаслик лозим. Эрининг шаънини ҳимоя қилиши, ҳар ишда уни рози қилиб, кўнглини хушнуд этишга ҳаракат қилиш керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинадики: “Эрнинг аёли устидаги ҳақи менинг сизларнинг устингиздаги ҳақим кабидир. Шундай экан, эрининг ҳақини ўрнига қўймаган, Аллоҳу таолонинг ҳақи эътибор бермаган бўлади.” (Ширъа)
Аёл эрини ранжитмаслик керак.
Бир куни ҳазрати Фотима отасининг ҳузурига йиғлаб келди. Расулуллоҳ жанобимиз сўрадилар:
- Ё Фотима, нимага йиғлаяпсан?
- Бехосдан гапириб юборган бир гапимга Али мендан аччиқланди. Узр сўрадим. Лекин уни ранжитиб қўйганим учун йиғлаяпман.
- Қизим, билмасмидинг, Аллоҳу таолонинг розилиги эрнинг розилигига боғлиқ. Доимо эрини рози қилишга ҳаракат қилиб, эри ундан рози бўлган аёл қандай бахтли аёлдир. Аёллар учун энг устун ибодат эрига итоатдир. Эри аёлидан рози бўлса, бу аёлнинг истаган эшигидан Жаннатга кириш ҳуқуқи бўлади. Эрини ранжитган аёл уни рози қилгунга қадар Аллоҳу таолонинг лаънатида бўлади. (Р.Насиҳин)
Эр ҳақига риоя қилиш аёлга жиҳод этишдек савоб қозондиради. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Эр ҳақига риоя қилиш Аллоҳ йўлида жиҳод этиш кабидир.” (Табароний)
“Аёл эридан рухсатсиз нофила рўза тутолмайди. Агар рухсатсиз рўза тутса, оч ва сувсиз қолади, ҳеч қандай савоб қозонмайди. Эридан рухсатсиз уйидан чиқолмайди. Агар рухсатсиз чиқса, кўкдаги фаришталар уйига қайтиб киргунча лаънат этадилар.” (Табароний)
“Эри аёлини бир эҳтиёж учун чақирса, аёл тандир бошида бўлса ҳам ҳамон эҳтиёжига жавоб берсин!” (Термизий)
“Эри тўшакка чақирганда келмаган аёлга фаришталар тонгга қадар лаънат этадилар.” (Бухорий)
“Эрининг рухсатисиз кўчага чиққан аёлга эри рози бўлгунга қадар қуёш ва ой нури тушадиган барча нарса лаънат этади.” (Дайламий)
“Аёл эридан рухсатсиз (ота-она, ака-укаларидан ташқари) ҳеч кимни уйига киритолмайди, нофила намоз ўқиёлмайди.” (Табароний)
“Аёлларингизнинг кўзни оладиган даражада безаниб кийинишларига моне бўлинглар. Бани Исроил аёллари ҳашамдор кийиниб, кибрланиб масжидга борганлари учун лаънатланганлар.” (Ибн Можа)
“Эри рози бўлмагунча аёлнинг намозлари ва ҳеч бир яхшилиги қабул бўлмайди.” (Табароний)
“Аёлнинг намозлари қабул бўлмайди” дегани намоз қарзидан қутулади, фақат намоз ўқишдан ҳосил бўладиган катта савобларга қовушолмайди деганидир. Намози бекорга кетади дегани эмас.
Бир аёлдан эри рози бўлмайдиган бўлса, бу аёл гуноҳининг азобини тортгандан кейин Жаннатга киради. Жаннатга фақат кофирлар кирмайди. Мусулмон одам гуноҳи кўп бўлса ҳам, охирида албатта Жаннатга киради.
Эр-хотин яхши муносабатда бўлиб, бир-бирининг розиликларини олиш керак.
Савол: Эримдан рухсатсиз мавлуд учун, ваъз тинглаш учун, намоз ўқиш учун масжидга, қўшниникига борсам бўладими?
Жавоб: Зарурий керак бўлган диний илмларни эри ўргатмаган аёл муносиб бир аёл устоздан буни ўрганиш учун рухсатсиз уйидан чиқа олади. Эрингиз рухсат берса ҳам қўшниларникидаги бекорчи, динга мос бўлмаган гаплар гапириладиган йиғинларга қатнашишингизни тавсия этмаймиз. Аёлларнинг масжидга боришлари ҳам дуруст эмас. Бир неча аёлнинг йиғилиб, яхши бир илмиҳол китобини ўқишлари жуда яхши бўлади.
Савол: Ҳар сафар ташқарига чиқишимда эримдан рухсат олишим керакми?
Жавоб: Бир марта рухсат олинади. Яъни истаган вақтим ташқарига чиқишим мумкинми деб сўрайсиз. Ҳа деса, ҳамма вақт чиқишингиз мумкин. Чиқмайсан деса, ишга ҳам бора олмайсиз. Уйда унга оид молларни тиланчига ёки меҳмонга рухсатсиз бера олмайсиз. Яъни меҳмонга бир пиёла чой ҳам бера олмайсиз. Аммо “Истаган нарсангни истаган жойингга сарфлай оласан ва истаган вақтинг истаган ерингга бора оласан” деган каби рухсат олсангиз, истаган нарсангизни истаган жойингизга сарфлашингиз ва истаган ерингизга боришингиз мумкин. Рухсатсиз қилмаслик керак.
Савол: Аёл борган ерида ғийбат этса, ёлғон гапирса, ишлаган гуноҳлари эрига ҳам ёзиладими?
Жавоб: Агар билмаса ёзилмайди. Гуноҳ ишланишини билиб туриб юборса, ёзилади.
Савол: Муқим бўлган бир аёл бошқа шаҳардаги эрининг ёки маҳрам қариндошининг ёнига маҳрамсиз бора оладими?
Жавоб: Муқим бўлса, бора олмайди. Сафарда бўлса, бора олади. Масалан, эри билан Истанбулда яшайди. Эри билан Анкарага борган. Сўнгра эри Истанбулга қайтган. Аёли бир ҳафтадан кейин ёнида маҳрами бўлмасдан Истанбулга эрининг ёнига келиши мумкин.
Савол: Аёлнинг жиҳоди қанақа бўлади?
Жавоб: Риёд-ун Насиҳинда айтиладики: Расулуллоҳ жанобимиз уй ишларини ҳазрати Фотимага, кўча ишларини ҳазрати Алига топширган ва бу хусусда шундай марҳамат қилгандилар:
“Аёлининг уйда ўтириши учун шароитларни қилиб берган, уни бегона эркакларнинг назаридан сақлаган, уммати Муҳаммадийнинг душманга асир тушганларини сотиб олиб, озод этгандек савобга қовушади.”
“Ё Фотима, эри ундан рози бўлган аёл қандай бахтли аёлдир. Аллоҳу таолонинг фарзларини бажаришдан, эрига итоат қилишдан кейин аёллар учун жун титиш, ип йигиришдан устун иш йўқ. Бир соат жун титиш, ип йигириш ёки тўқиш аёллар учун бир йил ибодатдан кўра савоблироқдир. Тўқиган ҳар толалари учун амал дафтарига бир шаҳид савоби ёзилади.”
“Беш вақт намозини ўқиган, молининг закотини берган, Рамазон рўзасини тутган, эрининг гуноҳ бўлмаган ишларида унга итоат этган ва ҳижобда (аврат ерларини бекитиб) юрган аёл Жаннатга истаган эшигидан киради.” (Эр-хотин ҳақлари баҳси)
Пайғамбар жанобимиз ўз қизига ва бошқа аёлларга шаҳид савобини қозониш учун уй ишлари билан машғул бўлишни амр этмоқдадир. Бошқа бир ҳадиси шарифда “Аёлнинг жиҳоди эри билан яхши муомалада бўлмоқ” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)
Савол: Ахлоқсиз эрга ҳам дин амр этган шаклда муносабатда бўлиш керакми?
Жавоб: Золимга ҳам, мазлумга ҳам дин амр этган шаклда муносабатда бўлиш керак. Яхшилик қиладиган, аёлини ранжитмайдиган эрнинг нимасига сабр қилади? Аёли ёмон ахлоқли бўлса, эр сабр этади, эри ёмон ахлоқи бўлса, аёли сабр этади. Бу имтиҳонда сабр этган жуда кўп савоб олади. Ёмонлик қилган, ўзига қилади.
Мазлумларнинг, сабр этганларнинг ёрдамчиси Аллоҳдир. Аллоҳу таоло ҳеч кимнинг ҳақини бошқа бирида қолдирмайди. Сабр этганларга ҳисобсиз мукофотлар беради.
Савол: Эрнинг бир жойга кетаётганида аёлидан рухсат олиши керак эмас-у, нега аёл эридан рухсат олиши керак?
Жавоб: Динимиз энг оғир жавобгарликни эрнинг бўйнига юклаган. Эрнинг вазифаси меҳнат қилиб, уйнинг бекаму-кўст қилмоқ, аёлини гуноҳлардан ва ҳар турли таҳликалардан сақламоқдир. Аёл ишлашга мажбур бўлмагани каби уй ишларини бажаришга ҳам мажбур эмас. Эрининг ишлаган гуноҳларига ҳам жавобгар бўлмайди. Фақат эр аёли ишлаган гуноҳларга ҳам жавоб беради. Шунинг учун эри аёлининг гуноҳ ишланадиган ерга боришига рухсат бермайди, агар рухсат берадиган бўлса, ўзи ҳам гуноҳкор бўлади. Шу сабабдан аёл бир жойга бормоқчи бўлганида эридан рухсат олишга мажбур.
Савол: Бир аёл эрининг ёнида тарбияга мос бўлмаган ҳолатда ўтира оладими?
Жавоб: Яхши эмас. Расулуллоҳ жанобимиз ҳатто қизининг ёнида оёқларини узатиб ўтирмасди.
Савол: Қўшнимизнинг аёли жуда шаллақи. Эри ҳам, атрофидагилар ҳам унинг қилиқларидан безор бўлган. Намоз ҳам ўқимайди. Эри “Агар гуноҳ бўлмаса, ажрашаман” дейди. Бундай аёл билан ажрашиш гуноҳми?
Жавоб: Тузалиши ва яхшиланиши мумкин бўлмаса, эрига ва қўшниларига озор берган ёки намоз ўқимайдиган, бошқа фарзларни бажармайдиган аёл билан ажрашиш гуноҳ эмаслиги дин китобларида ёзилган.