Чўчқанинг териси ҳам нажсдир

Савол: Баъзилар “Тўнғизнинг фақат гўшти ҳаром, ёғи, териси ва қолган нарсалари ҳаром эмас, бундан ташқари “Ҳайвон териси ошлангандан кейин пок бўлади” ҳадисига кўра, тўнғизнинг териси ошлангандан кейин тоза бўлади, ундан кийим, камар, сумка ясаш мумкин” дейдилар. Тўнғизнинг териси ошлангандан кейин тоза бўладими?

Жавоб: Шунақа ўзбошимча "мужтаҳидлик" қилинса, мана шундай бемаъни наттижалар чиқарилади. Ояти каримада “Тўнғизнинг сийдиги нажс” деган бир сўз йўқ экан деб, унинг сийдигини ҳам тоза деб қабул қилиш керакми? Бу хил иддаоларни дин душманлари қилмоқда.

Тўнғизнинг ҳамма нарсаси ҳаром. Териси ошланса ҳам тоза бўлмайди. Одатда ҳамма нарсанинг бир истисноси бор. Истиснолар қоидани бузмайди. Бир неча мисол келтирамиз:

1) Бутун мўъжизалар махлуқдир (яратилган ярятиқ), аммо истисно сифатида Қуръони карим махлуқ бўлмаган мўъжизадир.

2) Ҳамма бир ота-онадан дунёга келади, аммо ҳазрати Одам ота-онасиз дунёга келган.

3) Ҳазрати Исо ҳам отасиз яратилган.

4) Ояти каримада Жаҳаннамда кофирларнинг азоби ҳеч енгиллашмаслиги билдирилади. Фақат Абу Лаҳаб Расулуллоҳ жанобимизнинг дунёга келгани ҳақида хушхабар етказган жориясини севинганидан озод этган эди. Шунинг учун ҳар йил шу кеча азоби енгиллашади.

5) Қуръони каримда “Ўлакса ва қон сизларга ҳаром қилинди” деб буюрилди. (Моида, 3) Ўлакса - бу сўймасдан ўлдирилган ҳайвон деганидир. Ҳадиси шарифда: “Сизларга икки ўлакса ва икки қон ҳалол қилинди. Икки ўлакса балиқ билан чигирткадир. Икки қон эса, жигар билан талоқдир” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)

Демак, бўғзидан сўйилмаса ҳам балиқ ва асли қон бўлса ҳам талоқ ейилади.

6) Аёл билан эркак ёнма-ён туриб намоз ўқиса, эркакнинг намози бузилади. Аммо Каъбада бузилмайди. Бу Каъбага хос, истиснодир.

7) Мусулмон камбағал бўлиш шарти билан илм толиби ўқувчига закот бериш мумкин. Бой ўқувчилардан бири истиснодир.

“Жоми-ул фатаво”да билдирилган ҳадиси шарифда “Илм ўрганаётган талабанинг қирқ йиллик нафақаси бўлса ҳам, унга закот бериш жоиз” деб марҳамат қилинди. (Радд-ул-мухтор)

8) Мусулмон аёл соч ва қўлларини очолмайди. Жория бундан мустаснодир, унга ҳаром эмас.

9) Итлар охиратда тупроққа айланади. Истисно сифатида Қитмир лақабли ит Жаннатга киради.

10) Ҳар бир кимса мерос ҳақига эга. Фақат кофир бўлса, мерос ололмайди. Бир ҳадиси шарифда (Жуда яқини бўлса ҳам) Мусулмон кофирга, кофир мусулмонга меросхўр бўлолмайди” деб марҳамат қилинди. (Бухорий) (Масалан, ғайри муслим бир аёлнинг эри мусулмон бўлса, аёли мерос ололмайди. Бир мусулмон отанинг ўғли муртад бўлса, мерос олиш ҳақига эга эмас.)

Булар бир истисно бўлганидек, ошланган ҳамма терилар тоза бўлишига қарамай тўнғиз териси бундан истиснодир. Дин китобларида айтиладики: “Тўнғиз, илон, сичқон ва инсон териси ошланса ҳам тоза бўлмайди.” (Радд-ул-мухтор)

“Тўнғиз ва илон териси ошланса ҳам тоза бўлмайди.” (Халабий, Ҳидоя, Ҳиндия)

Имом Аъзам “Тўнғиз териси ошланган билан тоза бўлмайди” деди. (Мезон-ул-кубро)

“Илон ва тўнғиз териси ошлангани билан тоза бўлмайди.” (Мазоҳиб-ил арбаъа)

“Чўчқа терисига ишлов берилса ҳам пок бўлмайди.” (Неъмати ислом)

“Шофеъий мазҳабида тўнғиз ва ит териси ошланса ҳам тоза бўлмайди.” (Мисбоҳ-ун-нажот)

“Тўнғиз териси ошланган билан тоза бўлмайди.” (Буюк ислом илмиҳоли)

Зайдия фирқасига мансуб бўлган мазҳабсиз Шавконий “Тўнғиз териси ошланганда пок бўлади” деса ҳам, унинг сўзи аҳли суннат мусулмонлари учун далил бўлмайди.