Савол: Отамизнинг ва устозимизнинг расмларини деворга осиш тўғрими?
Жавоб: Яхши эмас. Уч зарари бор:
Биринчиси, инсон ва ҳайвон расмини белдан юқори жойга осиш ҳаромдир. Ўсимлик ва жонсиз нарсаларнинг расмини осиб қўйишнинг ҳеч зарари йўқ.
Иккинчиси, жонли расм илинган хонага раҳмат фаришталари кирмайди. Ҳатто расмли газета бўлса ҳам кирмайди. Газетани ўқиб бўлгандан кейин ёпиқ бир жойга қўйиш керак. Фоторасмларни альбомда сақлаш лозим. Расмлар берк, ёпиқ жойда бўлса, раҳмат фаришталари киради.
Учинчиси, деворида расм осилган хонада намоз ўқиш макруҳдир.
Савол: Орқадан олинган суратни деворга илиш жоизми?
Жавоб: Жоиз, намозга ҳам зарари йўқ.
Савол: Намозни макруҳ этмайдиган расмли хонага раҳмат фариштаси кирадими?
Жавоб: Киради. Чунки улар расм ҳукмида бўлмайди.
Савол: Инсон ва ҳайвонларнинг расмини деворга илиш ҳаром дейилади. Агар деворга илмай, стол ёки бошқа бир нарсанинг устига қўйса бўладими?
Жавоб: Агар белдан юқори бўлса, ҳаром бўлади. Белдан паст жой бўлса ҳаром эмас, лекин расм очиқда тургани учун у хонага раҳмат фаришталари кирмайди. Ёпиқ бўлган бир жойда, масалан, альбомда сақлаш керак.
Савол: Бир ҳадисда инсон ёки ҳайвонларнинг расми очиқда турган уйга раҳмат фаришталарининг кирмаслиги айтилган. Агар уйнинг бир хонасида расм бўлса, раҳмат фаришталари бошқа хоналарига ҳам кирмайдими?
Жавоб: Бу ерда байт деганда уй эмас, хона назарда тутилмоқда. Шу сабабдан раҳмат фаришталари бошқа хоналарига киради. Байт сўзи одатда хона маъносида қўлланилади. Бунга бир неча мисол келтирамиз:
1. Байтуллоҳ: Аллоҳнинг уйи, яъни Каъба деганидир. Ёлғиз хона шаклидадир.
2. Байти макдис (муқаддас): Масжид-и Ақсодир.
3. Байти атик: Каъбаи муаззама.
4. Байтулмол: Хазина хонаси.
5. Байт-ул анкобут: Ўргимчак уйи, ўргимчак уяси, ўргимчак тўри.
6. Байт-уз-зифоф: Чимилдиқ хонаси. Буни чимилдиқ уйи деб таржима қилиш нотўғри бўлади. Чимилдиқ уйнинг бир хонасида бўлади, бутун уйга чимилдиқ дейилмайди.
7. Байт-ул аруз: Келин хонаси.
8. Байт-ул адаб: Ҳожатхона, туалет. Байт-ур-рахати ҳам дейилади. Роҳатланиш уйи дегани. Уй эмас, хонадир. Авваллари таҳоратхона дейиларди, таҳорат уйи маъносида. Уй дейилса ҳам, бир хонали кичик бир ердир.
9. Байт-ул хала: Уй бўшлиғи, яъни туалет.
10. Луғатларда дар калимаси маскан сифатида билдирилади. Фуқаҳо эса дар калимасини ичида бир неча байти (хонаси) ва ҳовлиси бўлган ер деб таърифламоқдалар.
Шу сабабли “Расмли уйга раҳмат фаришталари кирмайди” ҳадиси шарифидаги байт калимасини уй маъносида эмас, хона маъносида тушуниш керак. Агар янглишиб, уй дейилса, уйнинг беш хонаси бўлса, уларга раҳмат фаришталари кирмайди. Ҳатто кўп қаватли уйлардаги бошқа хонадонларга ҳам кирмайди. Хоналар мустақил бўлгани учун уйлар ҳам мустақилдир. Бўлмаса бир хонада расм бўлса, бутун бинодаги уй ва хоналарга раҳмат фаришталари кирмайди. Ҳатто ёндош биноларга ҳам кирмайди. Бундай тушуниш жуда нотўғридир. Ҳар бир хона мустақилдир. Уйнинг бир хонаси туалет бўлганидек, бошқаси масжид бўла олади.
Савол: Бир расмга таъзим этишга баъзан ҳаром, баъзан куфр дейилади. Таъзим этиш нима дегани?
Жавоб: Бир расмни белдан баландга илиш унга ҳурмат ҳисобланади, бу ҳаромдир. Инсон расмига таъзим этишнинг икки сабаби бор:
1. Устозининг, отасининг, бошлиғининг, авлиёнинг расми бўлгани учун ҳурмат қилади. У кимсада илоҳийлик, яъни Аллоҳу таолога хос сифатлардан бирининг бўлишига ишонмайди. Уни махлуқ деб билади. Уни севганини билдириш ёки уни севинтириш учун ҳурмат қилади. Бундай ҳурмат этиш куфр бўлмаса ҳам, ҳаромдир. Ғайри муслимларнинг расмига бундай таъзим этиш куфр бўлади.
2. Расм эгасида ёки олов, қуёш, сигир каби ҳар қанақа нарсада ёки хочда илоҳийлик сифати борлигига ишониб, истаганини яратади, истаганини қилади, деб таъзим этса, куфр бўлади.
Савол: Ов ҳайвонларининг ичига похол тўлдириб, тулуп (чучело) қилиб безак сифатида фойдаланиш жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. Расмдан ҳам зарарлидир.
Савол: Инсон ва ҳайвоннинг расмини чизиш бир эҳтиёж бўлмагунча жоиз эмаслигига қарамай, фотоаппаратда суратга тушириш жоиз. Шу сабабдан фотосуратларни очиқда қолдириш, белдан баландга осиш жоиз эмасми? Фотосурат бўлган хонага раҳмат фаришталари кирмайдими?
Жавоб: Расм чизиш ва фотоаапаратда суратга туширишнинг ҳукмлари ҳар хил бўлса ҳам, расм каби фотосуратни ҳам белдан баландга илиш жоиз эмас. Фотосурат очиқда турган хонага раҳмат фаришталари кирмайди.
Савол: Бир манқибада раҳмат фаришталари бир авлиё зотга “Гилам тагида расмлар бор экан, вафот этганларнинг ёнига кирмаймиз” деган экан. Расмларни ёпиқ ҳолатда сақлаш ҳам жоиз эмасми?
Жавоб: Манқибалардан ҳукм чиқариш адашишга олиб келади. Расмларни ёпиқ жойда, усти бекилган ҳолатда сақлаш жоиздир. Намозни ҳам макруҳ этмайди. (Ҳадиқа)
Савол: Деворга турли гиламларни илиш жоизми?
Жавоб: Деворга совуққа қарши жун ёки ипак гилам осиш жоиз. Зийнат, яъни безак учун бўлса, макруҳдир. Агар гилам устида жонлининг расми бўлса, ҳаромдир.
Савол: Инсон ёки ҳайвон расмлари илинган хонага раҳмат фаришталари кирмаслигини ва шу хонада намоз ўқиш макруҳ эканлигини биламиз. Фақат ҳурмат қилмаслик шарти билан, намоз ўқилмайдиган ёки доимо ўтирилмайдиган хонага, масалан, ошхонанинг, балконнинг деворига жонлининг расмини осиш жоиз эмасми?
Жавоб: Йўқ, жоиз эмас. Баландга илиш, ҳурматни билдиради. Жонлининг расмини белдан баландга илиш, бу расмларга ҳурмат бўлиб, ҳаромдир.
Муборак зотларнинг расмларини баландга илиш ҳаром бўлгани каби буларни пастга ташлаш ҳам ҳаромдир. (С.Абадия)
Баландга илиш жонлиларнинг расмларига ҳурмат ҳисоблангани учун пастга қўйиш ҳам бу зотларга ҳақорат бўлгани учун ҳаром бўлади. Ёпиқ жойларда, альбомда сақлаш керак.