Савол: Инсонларнинг органларини, қонини сотиш ёки қўлланиш ҳаромдир. Бунинг устига “Ҳаромда шифо йўқ” ҳадисига кўра ҳаром билан даволаш жоиз эмаслигига қарамай, орган донорлиги қанақа қилиб жоиз бўлиши мумкин? Агар мусулмон бир кишининг органи бир кофирга қўйилса, охиратда бу орган қандай жавоб беради?
Жавоб: Инсон органлари мулк бўлмаганлиги учун бировга сотилмайди, ҳадя этилмайди. Фақат зарурат ҳолида қўлланиш учун изн берилган. Изн берилгандан сўнг органни пулга ёки пулсиз олиш ва зарурат ҳолида қўлланиш жоиздир.
Мусулмон ва мутахассис бир доктор бир хаста учун тирик ёки ўликдан бир органни олиб қўйишдан бошқа чора йўқлигини айтганида орган кўчириш жоиз бўлади. Динга хилоф иш ҳисобланмайди. (Ал-ҳадиул-ислами)
“Жарроҳлик амалиётида инсон азият чекади. Азият эса ҳаромдир. Шундай экан жарроҳлик амалиёти ҳам ҳаромдир” деганлар чиққани каби “Пайғамбар “Ўликнинг суягини синдириш, уни тирик ҳолида синдирган кабидир” деганлари учун ўликнинг қорнини ёриш, тирикнинг қорни ёришдек ҳаромдир. Жарроҳлик амалиёти ва органни олиш билан ўликка азият етказилганда “Мусулмонга азият берган менга азият берган бўлади. Менга азият берган эса, Аллоҳу таолога азият берган бўлади” ҳадиси шарифига кўра Аллоҳга азият этилган ҳисобланади” деганлар ҳам бўлди. Ҳолбуки олимларимиз “Бир органни қутқариш, ҳаётни қутқариш каби зарурийдир” деб айтганлар.
Зарурат ҳолида бир қанча тақиқлар мубоҳга айланади. Ўликнинг ҳам, тирикнинг ҳам бирор жойини кесиш ҳаромдир. Аммо зарурат туғилганда бу ҳаромлик йўқолади, чунки динимизда “Заруратлар ҳаром бўлган нарсаларни мубоҳ қилади” деган қоида бор. (Мажалла)
Инсоннинг аъзо ва парчаларини, масалан, сочини, буйрагини, сутини заруратсиз қўлланиш, сотиш ҳаром бўлади. Фақат зарурат туғилганда бу парчаларни қўлланиш, яъни орган кўчириш жоиз бўлади. (Ислом ахлоқи)
Ўлган одамнинг бир органини кесиш ҳам ўликка азиятдир. Аммо олинган орган бир мусулмонга қўйилса, ўлик бундан завқ олади. Бир кимса бошқасига яхшилик қилиш учун қаттиқ чарчаса, чарчаганидан шикоят қилмайди, аксинча “Хизмат қилдим, яхшилик қилдим” деб завқ олади. Пулини йўқотиб қўйган кимса қайғуради, аммо пулини ўзи истаб хайр ишга, бир фақирга берган кимса эса севинади. Чунки катта фойда келадиган жойдан кичик фидокорликни аямаслик керак. Шу каби қурбонликка сўйилган қўй ҳам бир мусулмонга фойдам тегди деб севинади. Бу азият унга завқ беради. Ҳолбуки ҳайвонга ҳам азият бериш ҳаромдир. Инсонга азият беришдан ҳам ортиқроқ гуноҳдир. Демак, динимиз бўйича иш тутилса, азият берган эмас, балки фойдали иш қилган бўлади.
Ўлим аччиғи дунё азобларининг барчасидан аччиқдир. Бир кимса уйқу дори ичиб ёки наркозда ҳеч нарса сезмайдиган ҳолатда ўлса ҳам, жуда шиддатли бўлган ўлим азобини ҳис этади. Фақат мужоҳидлар ўқ ёмғирига дучор бўлса ҳам, бу аччиқни ҳис этмайди. Бир ҳадиси шарифда “Шаҳид ўлим аччиғини сезмайди” деб марҳамат қилинди. (Байҳақий)
она раҳмидаги боланинг яшаб қолишига умид бўлганда ўлган онасининг қорнини ёриб, гўдакни амалиёт ёрдамида чиқариб олиш жоиз. Чунки мужтаҳид олимларнинг энг буюги бўлган Имом Аъзам ўлган бир аёлнинг қорнини ёриб, гўдакни чиқариб олишни амр этган. Қутқарилган бола узоқ йиллар умр сурган. (Ашбоҳ, 123-бет) (Ўликка азият бўлади деб, онанинг қорнини ёришдан воз кечмаслик керак. Жоҳиллар Имом Аъзам ҳазратларига ўликка азият берди деб қанчалик таъна қилсалар ҳам, у она фарзандим қутулди деб қанчалик севинади.)
Имом Аъзам ҳазратларининг бу қўлланмаси жарроҳлик амалиёти ёрдамида хастанинг ёки ўликнинг бир ерини кесиш, қорнини ёриб буйрак ёки бошқа органини олишнинг, яъни орган кўчиришнинг жоиз эканлигини кўрсатмоқда.
“Бир мусулмоннинг органи кофирга ўтқазилса, бу орган охиратда қандай жавоб беради? Мусулмоннинг органи қандай қилиб Жаҳаннамда ёнади?” дейилди. Астағфируллоҳ, Аллоҳу таоло ожиз эмас.
Ҳар бир инсон худди шу бўй ва шаклда, фақат бошқа зарралардан яратилган бир бадан билан қабрдан туради. Ҳозирги бадани чириб, тупроққа айланиб кетади. (Кимёи саодат)
Чириган орган эмас, янги яратилган орган жавоб беради. Кўчириб ўтқазилган орган “Мен мусулмон кимсадалигимда фалон яхшиликларни қилардим, кофирга ўтқазилгач фулон ёмонликларни қилдим” деёлмайдими? Аллоҳу таолонинг ҳисоб-китобида ҳеч нотўғрилик, ожизлик бўладими? Аъзоларнинг тилга кириб сўзлашлари Қуръони каримда билдирилган. (Нур, 24; Ёсин, 65)
Бир инсон ёниш билан йўқ бўлиб кетмайди. Фақат аъзолари йўқ бўлади. Охиратда унга берилган янги аъзолар билан агар мўмин бўлса, Жаннатга, кофир бўлса, Жаҳаннамга кетади.
Руҳ ўзига берилган вужуд ортидан ё неъматга қовушади, ё азобга дучор бўлади. Руҳнинг моҳиятини билмаган ёки Аллоҳу таолонинг қудратидан шубҳа этган кимса инсон ёнадиган бўлса, йўқ бўлиб кетади, қабр саволи ва азобига тушмайди деб ўйлайди. Ҳолбуки ҳадиси шарифда “Қабр азоби ҳақдир” деб марҳамат қилинди. (Бухорий)
Зарурат туғилганда ҳаром нарса дори сифатида қўлланилиб, даво топиш мумкин. Зарурат туғилганда ҳаром мубоҳга айланади. Ҳаром бўлгани учун эмас, мубоҳга айлангани учун шифо ҳосил бўлади. Ҳаром бўлган шаробни сиркага айлангач, қўлланиш мубоҳ бўлади. Буйраги бўлмаганга, бошқа бировнинг буйраги ўтқазилганда буйрак ишлайди. Бу иш мубоҳ бўлмаганида эди “Ҳаромда шифо йўқ” ҳадиси шарифи (астағфируллоҳ) нотўғри бўларди. Бу ҳолатда шифо топгани учун ҳаром мубоҳга айланган бўлади. Бу нозик нуқтани фаҳмлай олмаганлар “Ҳаромда шифо бўлмайди” деб орган кўчириб ўтқазиш ва қон қуйишга ҳаром деб ўзларининг жоҳилликларини кўрсатмоқда. Ибн Обидин ҳазратлари айтдики: “Ниҳоя”, “Хония” ва “Таҳзиб” китобларида “Мусулмон ва мутахассис бўлган доктор шифо беришини ҳамда бошқа давоси йўқлигини айтганида хастанинг сийдик, қон ичиши, ўлакса ейиши жоиз бўлади. Шароб ҳам шундай дейилди. Ўлимдан қутулиш учун бўлса, иттифоқ билан ҳалол дейилди” деб ёзилган. “Фатҳ-ул-қодир” китобида “Ўзи мусулмон ва мутахассис бўлган доктор аёл сутининг муҳаққақ шифо бўлишини ва бошқа давоси йўқлигини айтса, хастанинг аёл сутини ичиши ва сотиб олиши жоиз бўлади” деб ёзилган. (Радд-ул-мухтор, 5-жилд, 249-бет; 4-жилд, 215-бет)
Бундан кўриниб турибдики, ўзгаларга ҳаром бўлган аёл сути, қон ва сийдикнинг хастага шифо эканлиги аниқланса, уларни ичиш мубоҳ бўлади. Улар ўша хаста учун мубоҳга айлангани туфайли “Ҳаромда шифо йўқ” ҳадиси шарифи буларга тегишли эмас. Қон ичиш ва қон олиб-бериш аслан ҳаром бўлгани ҳолда юқорида зикр қилинган сабаблар натижасида мубоҳга айланади. Орган кўчириб ўтқазиш ҳам худди шу сингари жоиз бўлади.
Савол: “Буйрак кўчириб ўтқазилганда буйраги олинган одамнинг одатлари, қилиқлари ўтқазилган кишига ўтади. Масалан, буйрак эгаси хасис бўлса, у киши ҳам хасис, динсиз бўлса, у ҳам динсиз бўлади” деб айтилади. Шулар тўғрими?
Жавоб: Бу умуман нотўғри. Инсон - руҳ демакдир. Эшитадиган ва тасарруф соҳиби бўлган руҳдир. Ишлаганда бадан чарчаса ҳам, руҳ чарчамайди. Руҳ камайиб, кўпаймайди. Масалан, қўли кесилган кимсанинг руҳидан ҳечнарса камиб фолмайди. Бошқа бировнинг юраги қўйилган кимсанинг руҳида ўзгариш бўлмагани учун ахлоқсиз одамнинг юраги ўтқазилса бу одамга ҳеч қандай салбий таъсири бўлмайди. Қалб билан юрак бир нарса эмас. Юрак деган гўшт парчаси ҳайвонда ҳам бўлади. Инсонларга хос бўлган қалбга кўнгил дейилади. Кўнгил кўзга кўринмайди, фақат таъсирлари орқали тушунилади. Қалб электрик жараёни, юрак лампа (чироқ) кабидир. Лампадаги электрнинг борлигини у ёруғлик тарқатган вақтда тушунамиз. Электр каби қалб ҳам модда эмас, жой эгалламайди. Юракда асарлари кўрингани учун қалбнинг ўрни юракдир, дейилади. Юракни алмаштириш, худди лампани алмаштиришга ўхшайди. Лампанинг алмашиши билан шаҳар электр тармоғида қувватлар камайиб-кўпаймаганидек, юрак алмашиши билан қалб (кўнгил, дил) қувватининг таъсири ўзгармайди. Янги ўтқазилган юрак анча яхши ишлайди. Масалан синган ёки 40 ваттлик лампа ўрнига 100 ваттлик лампа қўйилса, сочадиган ёруғлиги кўпаяди. Фақат шаҳар электр токида ўзгариш бўлмайди. Ёниб турган бир лампа куйиши билан, яъни ток билан алоқаси узилганда, токнинг бир қисми кесилиб қолмайди. Бошқа бир лампа қўйилса, унинг ҳам ёруғлик сочишига сабаб бўлади. Яхши одамнинг юраги ёмон ёки фосиқ бирига қўйилса, уларнинг қалби яна аввалгидек фақат гуноҳ ишлашни, ёмонлик қилишни ўйлайди. Юракнинг маънавий бир функцияси йўқ. Ўлгандан кейин чириб йўқ бўлиб кетади. Ёниб кетса ҳам фарқи йўқ, чунки инсон дегани руҳдир. Бадан ўзгаради, руҳ ўзгармайди.
Инсон руҳи ёрдамида яшайди. Ақли, фикри руҳи туфайли бор. Вужуднинг органлари дурадгорнинг асбоблари кабидир. Инсон ўлгач, аъзолари ишламаганидан руҳ бу аъзолар билан бир иш қилолмайди. Лекин руҳ ўлик бўлмагани учун инсолнларни танийди. Ҳатто вафот этган авлиёларнинг руҳлари инсонларга ёрдам беради. Бу ёрдами баданидаги аъзолари билан эмас. Аллоҳу таоло руҳларга бадансиз ҳам иш бажариш хоссасини берган. Вафот этган Хизр алайҳиссаломнинг руҳи кўплаган кимсаларга турли ёрдамлар кўрсатмоқда. Бир мўминнинг бутун аъзоларининг ўрнига кофирнинг аъзолари ўтқазилса, унинг тушунчасида янгиланган бадани туфайли зиғирча ўзгариш бўлмайди. Бу дурадгорнинг эски асбоблар ўрнига янгиларини олганига ўхшайди холос. Асбоб алмашиши билан дурадгорнинг билими, қобилияти ўзгариб қолмайди. Ўтмайдиган арра ўрнига яхши, ўткир арра олса, ишларини осонроқ битиради. Кўрмайдиган кўзнинг ўрнига соғлом кўз қўйилса, кўз кўришни бошлайди. Қони, юраги ва мияси алмашса ҳам, тушунчасида ўзгариш бўлмайди. Соғлом орган ўтқазилса, вазифасини яхши ва осон бажаради. Бу ишни бажартирадиган руҳдир. Бир инсон вафот этиши ёки ёниб кетиши билан руҳ йўқ бўлмайди. Фақат бадани йўқ бўлади. Охиратда унга янги бир бадан яратилади.
Савол: Қон сотиш гуноҳ эканлиги маълум. Эҳтиёж ҳолида қон сотиб олиш ҳам гуноҳми?
Жавоб: Қон ва инсоннинг бутун органлари дин бўйича мол-мулк бўлмагани учун олиниб-сотилмайди. Эҳтиёж бўлганда қўлланиш учун қон бера олади. Қон ва орган сотганга гуноҳ бўлса ҳам, зарурат пайтида, уни сотиб олганга гуноҳ бўлмайди.