Қурбонликка сўйилган мол гўштини нима қилиш керак?

Савол: Қурбонликка сўйилган молнинг гўштини нима қилиш керак?

Жавоб: Моддалар ҳолида билдирамиз:

1) Агар қурбон моли йирик ҳайвон бўлиб, бир-неча ҳиссадор иштирокида сўйилган бўлса, гўштини тарозида тортиб, тенг бўлиш керак. Ёғ, ичак-қорин, жигар, калла, туёқлари ва ейиладиган барча аъзоси тенг бўлинади. Тарозида тортмасдан бўлишиб, ҳалоллашиш жоиз эмас, бу фоиз ҳисобланади. Етти кишидан тўрттасига гўшт билан бир-бир туёқ, бешинчисига гўшт билан териси, олтинчисига гўшт билан калласи берилса, тортмасдан ҳалоллашиш жоиз бўлади. Еттинчисига ҳеч нарса қўшиш керак эмас. Ёки етти ҳиссадор қурбонлик сигирни ораларидан бирига топшириб “Сўйишга, сўйдиришга, гўштини истаганингдек сарфлашга сени умумий вакил қилиб тайинладик” дейишса, умумий вакил гўштини бўлмасдан хоҳлаганига бера олади ёки тарозида тортмасдан шериклар ичида кўз билан чамалаб, бўлиштириши мумкин.

2) Қурбонликнинг гўштини тенг тортгандан кейин эгаларига улашиш учун қуръа ташлаган яхши. Бир молни шериклар (ҳиссадорлар) орасида бўлиш учун қуръа ташлаш жоиз ва суннат амал.

3) Қурбон гўшти тортилмасдан бўлиниб, ҳиссадорларнинг бир-бирларига дастрўмол, дафтар, қалам каби бирон нарса беришса, гўштларнинг бўлиниш иши саҳиҳ бўлади.

4) Бўлмасдан олдин гўштнинг бир қисмини пишириб, шериклар бирга ейишлари жоиз.

5) Ошхоналари ва дастурхонлари бир бўлган эр-хотин ёки ота-ўғил ҳам сўйган қурбонликларини тарозида тортиб, тенг бўлишишлари керак. Бўлиб олгандан кейин истаса, бири олган гўштни наригига ҳадя қила олади. Бўлиб олмасдан туриб, ҳадя қила олмайди. Ёки юқорида айтилган усул билан бўлишиш жоиз бўлади.

6) Бир мусулмон сўйган ва ғайримуслим терисини шилган қурбонликнинг гўштини ейиш жоиз.

7) Қурбонликнинг ва ҳар қандай ҳайвоннинг қуйидаги етти аъзоси ейилмайди: Оққан қони, закари, эркаклик безлари, бошқа безлар, ўти, урғочи ҳайвоннинг олди ва сийдик қопи.

8) Ўлик ё тириклиги номаълум ҳайвонни сўйганда қон чиқса ва қимирласа, гўшти ейилади.

9) Қурбонликни сўйган одам ўзи ҳам ейиши мумкин. Хоҳ фақир, хоҳ бой истаганига бера олади. Гўштнинг учдан бирини уйига, бирини қўшниларга, қолганини фақирларга бериш мустаҳаб. Барини фақирларга бериши ҳам мумкин.

10) Қурбонлик гўштини уйида уч кундан ортиқ қолдира олади. Қурбонлик сўйган кимса бой бўлмаса, бола-чақасининг гўшт эҳтиёжини таъминлаш мақсадида гўштнинг ҳаммасини уйида олиб қолиши ҳам мумкин.

11) Қурбон сўйгандан кейин гўшти талаф бўлса (ёниб кетса, ит еб кетса), вожиб бўйнидан соқит бўлади. Бошқатдан сўйиш керак эмас. Қон оқизиш билан вожиб бажарилган бўлади.

12) Қурбонликнинг ҳеч қайси парчаси сотилмайди. Агар бир қисми сотилса, сотилганининг бадалини садақа сифатида бериш керак. Фақат қурбонликнинг гўшти билан бирга ейиладиган нарса олиб ейилса, масалан териси сотилиб пулига қовуриш учун ёғ олинса, садақа бериш лозим бўлмайди.

13) Қурбонлик териси намоз ўқийдиган фақирга берилади. Кимлиги номаълум шахсларга, ташкилотларга бериш керак эмас. Уйда ҳам қўлланиш мумкин. Пулга сотилмайди. Териси, гўшти сотилса, пули фақирларга садақа қилиб берилади.

14) Ҳиссадор шериклардан бири қурбон сўйишдан аввал вафот этса, улуши меросхўрларига берилади.

15) Қорни ёрилиб, боласи олингандан кейин, шу жароҳат туфайли ўлаётган қўй бўғизланса, унинг гўшти ейилмайди.

16) Жонли ҳайвоннинг кесиб олинган узвлари ҳаромдир. Сўйилгандан кейин зарари тегмайдиган кишига гўштни, думба ёғини пиширмасдан ейиши жоиз. (Масалан, хом котлет, колбаса ва пастурма ейиш тақиқланган эмас.)

17) Бирон каттароқ лавозимдаги одамга ҳурматан сўйилган ҳайвон ўлакса ҳисобланади. Ёлғиз "фалончининг ҳурмати учун" деган ният билан мол сўйиш жоиз эмас. "Агар фалончи келса, Аллоҳ учун бир қўй сўяман” деб ният қилган бўлса, ўша киши келганида сўйилади. Бу ҳайвон назр бўлгани учун, унинг гўштидан эгаси ва бойлар ея олмайди. Ҳаммаси фақирларга тарқатилади. Демак, сафардан қайтаётган кишига атаб, меҳмонга ёки бирон лавозим соҳибига ҳурмат юзасидан эмас, уларга таом едириш мақсадида мол сўйиш жоиз.

Савол: Икки-уч киши пул йиғиб қурбон сўйишса, молнинг калласини ва жигарини бир тиланчига берсалар, қолганини бўлиб олиш жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз.