Қайси ҳайвонлардан қурбонлик бўлади?

 Савол: Қайси ҳайвонлар қурбонликка ярайди ва улар қандай бўлиши керак?

Жавоб:

1) Майда мол, сигир ва туядан қурбонлик бўлади. Бошқа ҳайвонлардан қурбон бўлмайди. Майда мол дейилганда қўй, эчки; сигир дейилганда ғунажин, буқа, буйвол, ҳўкизча тушунилади.

2) Урғочи мол ҳам, эркак мол ҳам қурбонликка ярайди. Қўйнинг эркаги ва оқи қорасидан кўпроқ бўлганини ҳамда эчкининг урғочиси қурбон қилинса, савоби кўпроқ. Баҳоси бир бўлса, қўй сўйиш сигир сўйишдан савоблироқдир.

3) Жуни қирқилган қўйни қурбон қилиш ёки қурбонликка сотиб олиш макруҳ.

4) Майда молнинг 1, сигирнинг 2, туянинг 5 ёшдан ўтган бўлиши керак. 6 ойдан ошган қўзи йирик бўлса, қурбонликка бўлади.

5) Бир кўзи кўрмайдиган, чўлоқ бўлиб юролмайдиган, тишларининг ярми йўқ бўлган, қулоғининг ёки қуйруғининг ярмидан кўпи бўлмаган, бир оёғи кесилган ёки ўлим устида бўлган касал ҳайвондан қурбон бўлмайди.

6) Кийик каби гўшти ейиладиган ов ҳайвонларидан қурбонлик қилиб бўлмайди. Ёввойи ҳўкиз (бизон), ёввойи туя (лама), ёввойи қўйдан ҳам қурбон бўлмайди. Чатиштирилган бўлса, масалан, ёввойи қўчқор бирлан хонаки бир қўйдан туғилган ҳайвон қурбон қилиниши мумкин. Аксинча бўлса, яъни бир така билан кийик жуфтлашувидан туғилган ҳайвон қурбон қилинмайди. Чунки ҳукмда онага эътибор берилади. Онаси хонаки бўлса, боласи қурбон қилинади.

7) Эркаклик безлари кичик, иккиқат, жунлари тўкилган ҳайвонни қурбонликка сўйиш макруҳ.

8) Бурни, тили кесилган ёки ярмидан кўпи талаф бўлган ҳайвон қурбон қилинмайди.

9) Майда молда бир, сигирда икки елини кесилган бўлса, қурбон этилмайди.

10) Икки қулоғи кесилга ёхуд бир қулоғи тагидан кесилган, думи кесилган, бир ёки икки қулоғи бўлмаган молдан қурбон бўлмайди.

11) Тиззасидай бир бўғинидан суяк учигача синган ҳайвон қурбон бўлмайди.

12) Қурбонлик ҳўкизга миниш ва у билан ер ҳайдаш макруҳ.

Савол: Онасидан қулоғи жуда кичик бўлиб туғилган ҳайвон қурбонликка ярайдими?

Жавоб: Ҳа.