Ҳажнинг суннатлари қуйидагилардир:
1. Афаки (иҳромга кириладиган ерлардан узоқроқ мамлактлардан ҳаж ибодатини қилишга келганлар) бўлганларнинг зудлик билан Масжиди ҳарамга кириб тавофи кудумни бажаришлари. Каъба кўриниши билан такбир, тахлил ва дуо қилинади. Эркаклар Ҳажар-ул асвадга қўл ва юзларини суртади. Тавофи кудум ва икки ракат намоздан сўнг Сафо билан Марво орасида саъй этилади. Бундан кейин иҳромдан чиқмасдан Макка шаҳрида ўтириб, тарвия кунигача истаганича нофила тавоф қилиши мумкин. Муфрид ва карин бўлган ҳожилар тош отиб, соч-соқол олингунга қадар иҳромдан чиқмайдиган бўлганлари учун иҳромнинг тақиқлаган нарсаларидан ҳар кун сақланишлари лозим. Масжиди ҳарам ичида намоз ўқиётганларнинг олдидан ўтиш гуноҳ эмас.
2. Имомнинг уч жойда хутба ўқиши. Биринчиси Зулҳижжа ойининг 7 куни Маккада, иккинчиси 9 куни пешин намози кирганда пешин ва аср намозларидан олдин Арафотда, учинчиси 11 куни Минода ўқилади. Арафотда хутба битгач пешин ва дарров аср намози жамоат билан ўқилади. Имомга етиша олмаган аср намозини аср вақтида ўқийди. Намоздан сўнгра имом ва жамоат Масжиди Намрада Мавкифа қиблага қарши оёқда ёки ўтирган ҳолда вақфага турилади. Жабали Раҳма қоялари устига чиқиш ва вақфа учун ният қилиш лозим эмас.
3. Арафотга кириш учун Маккадан Тарвия (Зилҳижжанинг 8 куни) куни бомдод намозидан кейин йўлга чиқиш. (Маккадан Минога борилади.)
4. Арафа кунидан аввалги ва байрамнинг биринчи куни, иккинчи ва учинчи кечалари Минода ётиб қолиш. (Учинчи кеча ва куни Минода қолиш мажбурий эмас.)
5. Арафотга бориш учун Минода қуёш чиққандан кейин йўлга тушиш.
6. Арафа кечаси Муздалифада ётиш. Арафотдан Муздалифага келиб, хуфтон вақти киргач шом ва хуфтон намозларини бирин-кетин жамоат билан ўқийди. Шом намозини йўлда ёки Арафотда ўқиган хуфтон вақти чиқмасдан туриб Муздалифага келса, бу ерда такрор жамоат билан ёки ўзи хуфтон билан бирга ўқиши лозим.
7. Муздалифада вақфага тонг оқаргандан кейин туриш. Кечаси Муздалифада ётиб, тонг оқараётганда бомдод намозини ўқиб, сўнгра Машарилҳарам деган жойда атроф ёришгунча вақфада турилади. Қуёш чиқишидан олдин Минога қараб ҳаракат қилинади. Йўлда Муҳассар деган водийда тўхтаб турмаслик керак. Бу ер Асҳоби филнинг тўхташ жойидир.
8. Минога келгач Масжиди хифга энг узоқ бўлган ва Жамраи акаба дейилган жойда ўнг қўлнинг бош ва шаҳодат бармоқлари билан икки ярим метрдан ёки бироз узоқроқдан Жамра ўрнини кўрсатадиган деворнинг тагига нўхатдек етти тош отилади. Деворга, инсонга ёки ҳайвонга тегиб кейин девор тагига тушса, жоиз бўлади. Эртаси куни фажрга қадар жоиз бўлса ҳам, шу куни пешиндан аввал отмоқ суннатдир. Сўнгра у ерда турмасдан бориб, қурбонлигини сўйиши мумкин. Чунки сафарий бўлганга қурбонлик сўйиш вожиб эмас. Сафарий бўлган ҳожиларнинг муфрид бўлган вақтида қурбонлик сўйишлари вожиб бўлмайди. Қурбонликдан сўнгра соч-соқолини олиб, иҳромдан чиқади. Байрамнинг биринчи куни Минода бўлганлар ва бутун ҳожилар байрам намозини ўқимайдилар. Сўнгра шу куними, эртасигами ёки индинигами Маккага бориб, масжид ичидан ният этиб, тавофи зиёрат этадилар. Бунга тавоф-ул ифода ҳам дейилади. Тавофи зиёратни ва соч-соқол олишни байрамнинг учинчи куни қуёш ботгандан кейинга қолдириш макруҳдир ва қурбон сўйиш лозим бўлади. Фақат ўзидан кетиб қолган кишининг ўрнига бошқаси тавоф эта олади. тавофи зиёратда рамл ва саъй қилинмайди. Тавоф намозидан сўнгра Минога келинади.
Пешин намозни Маккада ёки Минода ўқийди. Байрамнинг иккинчи куни пешин намозидан сўнгра Минода хутба ўқилади. Хутбадан сўнгра учта алоҳида ерда етти мартадан тош отилади. Масжиди хифга яқин бўлган ердан бошланади. Учинчи куни ҳам шу тариқа тош отилиб, жами қирқ тўққиз тош отилади. Буларни пешиндан аввал отиш жоиз эмас ёки макруҳдир. Учинчи куни қуёш ботишидан аввал Минодан чиқилади. Тўртинчи куни ҳам Минода қолиб, қуёш чиққандан ботгунига қадар истаган вақти йигирма бир тош отмоқ мустаҳабдир.
Тўртинчи куни фажргача Минода қолиб, тош отмасдан чиқиб кетса, қўй сўйиши лозим бўлади. Биринчи ва иккинчи ерларидан тош отгач, қўллар елка баробар кўтарилиб ва кафтлар самога қаратилиб ҳамда қиблага ўгирилиб дуо қилиш керак. Отиладиган етмиш тош Муздалифада ёки йўлда тўпланади. Ҳайвон устида ўтириб, тош отиш жоиздир. Тавофи садрдан сўнгра Замзам суви ичилади. Каъбанинг эшиги ўпилади. Кўкси ва ўнг ёноқ Мултазам деган жойга суртилади. Сўнгра Каъба пардасига ёпишиб, билган дуоларини ўқийди. Йиғлаган ҳолда масжиддан ташқарига чиқади.
9. Арафотда вақфадан аввал ғусл этиш.
10. Минодан Маккага сўнгги қайтишда аввал Абтаҳ дейилган водийга келиб, бу ерда бироз туриш керак. У ердан Маккага келиб, истаганича қолиши мумкин.
11. Ҳажга кетиларкан муҳтож бўлмаган ота-онадан, қарздорларидан, кафилларидан изн олиш суннатдир. Ота-она муҳтож бўлса, изнсиз бориш ҳаромдир. Нафақа қолдирмаган бўлса, аёлидан изнсиз ҳам бориши ҳаромдир. Макка шаҳрига Муалла эшигидан ва масжидга Бобуссаломдан ҳамда кундуз кириш мустаҳамдир.
Ҳажнинг суннатини бажармаганга жазо берилмайди. Фақат макруҳ бўлади, савоби камаяди.
Иҳром билан боғлиқ бўлган суннатлар:
1. Иҳромга кираётганда ғусл ёки таҳорат олиш.
2. Иҳромга киришдан олдин икки ракат намоз ўқиш.
3. Эркаклар изар ва ридо дейиладиган икки парча ёпинчиқ билан ўраниш.
4. Иҳромли бўлагнидан кейин ҳар фурсатда талбия сўзлаш.
5. Талбияни ҳар бошлашда уч марта қайтариш.
6. Талбиядан сўнг саловат, саловатдан сўнг дуо ва ниёзда бўлиш.
Макка ва Каъба билан боғлиқ бўлган суннатлар:
1. Маккага иложи бўлса, кундуз кириш (мустаҳаб).
2. Маккага киришдан олдин иложи бўлса, ғусл ёки таҳорат олиш.
3. Каъбани кўриши билан дуо этиш.
4. Каъбанинг олдига келгач, такбир ва тахлил айтиш.
5. Мултазамдан юзи ва кўксини Каъба деворига ёпиштириб дуо ва ниёзда бўлиш.
Тавоф билан боғлиқ бўлган суннатлар:
1. Тавофни бошлаётганда Ҳажар-ул асваднинг қаршисига Рукни ямани тарафдан келиш.
2. Тавофга бошлаётганда ва ҳар шавт (Ҳажар-ул асваднинг олдидан бошлаб бир айланиб шу ерга қайтиб келиш)нинг сўнггида Ҳажар-ул асвадни ўпиш.
3. Сўнггида саъй этиладиган тавофларда эркаклар истибо (иҳромни ўнг қўлтиқ тагига олиб, учини чап елкага ташлаш) ва рамал (тавофнинг илк учтасида калта қадамлар билан елкасини силкитиб юриш) қилишлари.
4. Бутун шавтларни орасини узмасдан бирин-кетин бажариш.
5. Нофила тавофни кўп бажариш.
6. Тавоф асносида зикр, тахлил ва дуо қилиш.
7. Зиёрат тавофини байрамнинг илк куни қилиш.
8. Зиёрат тавофини шайтонга тош отиш, қурбонлик ва соч-соқол олишдан аавал қилиш.
Саъй билан боғлиқ бўлган суннатлар:
1. Тавоф тугаши билан орасини узмай саъйни бошлаш.
2. Саъйга кетаркан, Ҳажар-ул асвадни ўпиш.
3. Сафо ва Марвода Каъба кўринадиган даражада баландликка кўтарилиб, такбир, тахлил ва дуо қилиш.
4. Эркаклар яшил рангга бўялган устунлари орасида югуриши, бошқа жойларда секин юришлари.
5. Бутун шавтларни орасини узмай бажариш.
6. Саъйни таҳоратли қилиш.
7. Саъй асносида такбир, тахлил ва дуо қилиш.
Арафот ва Вақфа билан боғлиқ бўлган суннатлар:
1. Арафотга арафа куни қуёш чиққандан кейин Минодан йўлга чиқиш керак.
2. Пешин ва аср намозлари жамлаш.
3. Пешиндан сўнгра иложи бўлса, вақфага ғусл ёки таҳорат олиш.
4. Вақфани Жабали раҳма этакларида бажариш.
5. Кун бўйи талбия, тахлил, такбир, тасбих, саловат, намоз ва дуо билан машғул бўлиш.
Муздалифа ва вақфаси билан боғлиқ бўлган суннатлар:
1. Арафотдан арафа куни қуёш ботгандан кейин Муздалифага сукут билан оғир-оғир бориш ва Муздалифада Машариҳарам атрофида тунаш.
2. Бомдод намозини эрта ўқиш.
3. Вақфани атроф яхши ёришгунча давом эттириш.
Мино ва шайтонга тош отиш билан боғлиқ бўлган суннатлар:
1. Байрам тонгги атроф яхши ёришгач, қуёш чиқмасдан Муздалифадан ҳаракат қилиб, Минога келиш.
2. Вақт ўтказмасдан катта шайтонга тош отиш.
3. Тош отаётганида Маккани чап, Минони ўнг тарафига олиш.
4. Тошларни тахминан 3,5-5 метр узоқликдан отиш.
5. Иккинчи ва учинчи байрам кунлари тошларни кичик-ўрта-катта шайтон навбати билан отиш.
6. Кичик ва ўрта шайтонга тош отгандан кейин дуо қилиш. Катта шайтонга тош отилгандан кейин ҳамон кетиш.
7. Тошларни илк байрам куни пешиндан олдин, бошқа кунларида эса пешиндан кейин қуёш ботгунча отиш.
8. Минода Маккага қайтишга шошилганлар байрамнинг учинчи куни қуёш ботишдан аввал Минодан кетиш керак.
Сочларнинг олиниши билан боғлиқ бўлган суннатлар:
1. Эркакларнинг сочларининг ҳаммасини олиб ташлаши ёки барини қисқартириши.
2. Соч олишни тавофи зиёратдан олдин қилиш.
Замзам билан боғлиқ бўлган суннатлар:
1. Видо тавофини бажариб, тавоф намозини ўқигандан сўнгра кўп-кўп замзам ичиш.
2. Замзамни Каъбага қарши оёқда ва Байтуллоҳга қараб ичиш.