Уч турли ҳаж бордир:
1. Ифрод ҳаж: Бу ҳажга бориб-келганга муфрид ҳожи дейилади. Иҳромга кираётганда фақат ҳаж этишга ният этган кимса. Маккада ўтирганлар фақат муфрид ҳожи бўладилар.
2. Кирон ҳаж. Бу ҳажни бажарганларга карин ҳожи дейилади. Ҳаж билан умрага бирга ният этган кимсадир. Аввал умра учун тавоф ва саъй (ҳаж ибодатида Сафо ва Марво тепалари орасида етти марта бориб-келиш) этади, сўнгра иҳромини ечмасдан ва соқолини олмасдан ҳаж кунлари ҳаж учун такрор тавоф ва саъй этади.
3. Таматту ҳаж. Бу ҳажни бажарганга мутаматти ҳожи дейилади. Ҳаж ойларида, яъни Шаввол, Зилқада билан Зулҳижжанинг илк ўн кунида умра қилиш учун иҳромга кирган ва умра учун тавоф ва саъй этиб бўлгач, соқолларини олиб, иҳромни ечади. Кейин мамлакатига кетмасдан шу йили тарвия кунида ёки бироз аввал ҳаж учун иҳромга кириб, муфрид ҳожи каби ҳаж қилади. Фақат тавофи зиёратдан кейин саъй этади. Карин ва мутаматти ҳожиларнинг шукр қурбонлиги сўйиши вожибдир.
Таматту ва кирон ҳажини қилганлардан қурбонлик ҳайвони бўлмаслиги ёки сотиб оломаслиги сабаби билан қурбонлик сўйиш имкони бўлмаганлар уч кун ҳаж мобайнида ва етти кун ҳаждан кейин, жами ўн кун рўза тутиш керак. Илк уч кунини иҳромга киргандан кейин ҳаж ойлар ичида ва қурбон байрамидан аввал Маккада тутилган бўлиши зарурийдир. Қурбонлик сўйиш имкони бўлиш умиди билан бу уч кунлик рўзанинг сўнгги вақтига қадар кечиктиришига, яъни Арафа куни тамом бўладиган қилиб 7, 8 ва 9 Зулҳижжа кунлари тутилгани афзалдир. Таматту ҳажида бу рўза ҳануз ҳаж учун иҳромга кирмаган, умра иҳромидан кейин ҳам тутилади.