Молларингизни закот билан муҳофаза қилинг

Савол: Закотнинг аҳамияти нимада?

Жавоб: Қуръони каримнинг кўп жойида намоз билан закот бирга зикр қилинади. Масалан “Намоз ўқинг, закот беринг” деб буюрилади. Закот бермаганларга Аллоҳ лаънат қилади. Ундайлар қаҳатчиликка мубтало бўлишади, тоза молини кирлатган бўлади, натижада моли талафотга учрайди. Ҳадиси шарифларда бу ҳақда шундай марҳамат қилинган:

“Аллоҳга ва Расулига имон келтирган одам закот берсин!” (Табароний)

“Закот бериш билан мусулмонлигингиз мукаммал ҳолга келади.” (Баззор)

“Энг фазилатли ибодат намоз, ундан кейин закотдир.” (Табароний)

“Хастани садақа билан, молингизни закот билан ҳимояланг.” (Дайламий)

“Аллоҳу таоло мол-мулкингиз покланиб, гўзал бўлсин деб закотни фарз қилди.” (Ҳаким)

“Закот бермаган одамнинг намози қабул бўлмайди.” (Табароний) (Закот бермаслик ҳаром бўлгани учун бундай гуноҳкорнинг ўқиган намози саҳиҳ бўлиб, қарзидан қутулса ҳам, намоздан ҳосил бўладиган савобларга эриша олмайди.)

“Закот бермаган кимсага Аллоҳу таоло лаънат қилади.” (Насаий)

“Закот бермаган киши тоза молини кирлатган бўлади.” (Табароний)

“Закот бермаган кимса қиёматда оташ ичида бўлади.” (Табароний)

“Бойларнинг закоти фақирларга етарли бўлмаганида эди, Аллоҳу таоло фақирларнинг ризқини бошқа йўллардан берарди. Агар шунда ҳам оч қолаётган фақир бўлса, бу бойларнинг зулмидандир.” (Ал-Аскарий) (Қўл-оёғи соғ, ишга ярайдиган кимсанинг закот сўраши ҳаромдир. Ўзи истамаган ҳолда унга закот берилса, олиши гуноҳ бўлмайди. Закот, бойлиги нисоб даражасида бўлмаган, ишлай олмайдиган хастага, ногиронларга ва ишласа ҳам қийинчилик билан кун кечирадиганларга берилади. Аллоҳу таоло бундай фақирларни халқ ичида қирққа бир нисбатда яратган.)

“Закот бермаган бир жамоат раҳматдан, яхшиликдан маҳрум қолади. Агар уларнинг ҳайвонлари бўлмаганида эди, ҳеч марҳамат кўрмасдилар.” (Табароний)

“Закоти берилмаган моллар қуруқликда, денгизда талафотга учрайди.” (Табароний)

“Закотини берган киши ўша молнинг ёмонлигидан ҳимояланган бўлади.” (Байҳақий)

Расулуллоҳ жанобимиз “Закоти берилмаган моллар аждарҳо бўлиб, эгасининг бўйнига ёпишади” деб марҳамат қилиб, шу маолдаги ояти каримани ўқидилар: “Ҳақ таоло эҳсон қилган молининг закотини бермаган одам "яхши қилдим, бойлигимни сақлаб қолдим" деб ўйламоқда. Ҳолбуки ўзлари ўзларига ёмонлик қилмоқдалар. Бу моллар Жаҳаннамда азоб асбоби бўлиб, илон шаклига кириб, бўйинларига ўралиб, бошдан оёқларигача уларни чақадилар.” (Ол-и Имрон, 180)

Бу аччиқ азоблардан қутулиш учун молларининг закотларини, полиз ҳосилининг, мева ва сабзавотларнинг ушрини бериш шарт. Закот сифатида молнинг қирқдан бири, ушр сифатида эса ҳосилнинг ўндан бири берилади. Қуръони каримда “Мол-мулк, пул тўплаб закотини бермаганларга жуда қаттиқ азоблардан хабар бер. Закоти берилмаган мол ва пул Жаҳаннам оташида қиздирилиб, эгасининг бўйнига, ёнбошига ва орқасига муҳр қилиб босилади” деб буюрилди. (Тавба 34,35)

Намоз ўқимайдиган, рўза тутмайдиган мусулмоннинг ҳам закот бериши керак.

Закот бермаслик ва қарзини ўтамаслик ҳаромдир.  Дин китобларида “Ҳаром иш билан машғул бўлган, ҳаром ейдиган одамнинг дуоси қабул бўлмайди” ва “Зиммасида фарз қарзи бўлган одамларнинг нофилалари қабул бўлмайди” деб айтилган. Закот бермаган бой мингларча фақирнинг ҳақини егани ва Аллоҳу таолонинг амрини бажармагани учун унинг ҳеч бир хайр-ҳасаноти қабул бўлмайди. Имкони бўлиб туриб, қарзини ўтамаган одам ҳам шундай қарзлар ва қул ҳақлари остида қолмоқда.

Фақирга берилган олтин уни бой қиладиган даражада кўп бўлмаслиги керак. Қарзи йўқ фақирга нисоб миқдорича ёки ундан кўп закот бериш макруҳ бўлса ҳам жоиздир. Фақирнинг 10 гр олтиндай қарзи бўлса, 100 гр олтин олиши макруҳ бўлмайди. Олтин билан кумуш қандай мақсадда сақланса ҳам, ҳаммма вақт тижорат ашёси ҳисобланади. Агар нисоб миқдорига етган бўлса, закоти берилади. Бир кунлик егулиги бор кишининг закот ёки садақа сўраши ҳаромдир. Фақат ўзи сўрамасдан берилган закот ва садақани олиши жоиз. Закотни муҳтожларга бериш керак.

Савол: Тавба сураси 34-ояти каримасида “Олтин ва кумуш тўплаб, уни Аллоҳ йўлида сарфламаган одамга жуда қаттиқ азоблар бор” дейилган. Бу билан уйда пул йиғиш тақиқланяптими?

Жавоб: Жаноби Пайғамбаримиз Қуръони каримни ўзлари тўлиқ изоҳлаб кетганлар. Бир ҳадиси шарифда “Закоти берилган мол канз (йиғиб қўйилган мол) эмас” деб марҳамат қилинган. (Абу Довуд, Ҳаким, Хатиб) (Канз бу – тўплаб сақланган, фойдаланилмай турган мол, хазина деганидир.)

Мусулмоннинг ҳалол тери билан ишлаб топган, йиққан-терган молида, закотдан бўлак, ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Расулуллоҳ жанобимиз “Молда закотдан бошқа ҳақ йўқдир” деб марҳамат қилдилар. (Аҳком-ус-султония)