Савол: Баъзилар “Намоз ўқимайдиган, ичкилик ичадиган, очиқ-сочиқ юрадиган ёки бошқа гуноҳ қиладиганлар рўза тутиб овора бўлишмасин” деб насиҳат қилишади. Бу гап тўғрими?
Жавоб: Йўқ, бунақа гап динимизга хилоф. Бир неча гуноҳ иш қиладиган одамнинг бошқа гуноҳларни ҳам қилиши шарт эмас. Ҳам рўза тутиб, ҳам гуноҳ иш қилувчи кимса рўза тутишдан ҳосил бўладиган савобга қовуша олмайди. Лекин охиратда "нимага рўза тутмадинг?" деб ҳисобга тортилмайди. Ундайлар зиммасидаги рўза қарзини узган бўлади, ҳатто рўзанинг баракати билан бошқа гуноҳлардан қочиш имконига ҳам эга бўла олади. Имом Раббоний ҳазратлари айтадиларки: “Қилган барча гуноҳларига тавба қилиб, уларнинг ҳаммасидан бирданига бош тортиш одам учун жуда катта неъмат саналади. Агар буни уддалай олмаса, ақалли баъзи гуноҳларига тавба қилишнинг ўзи ҳам зўр неъматдир. Балки мана шу жуъзий тавбасининг баракати билан қолган барча гуноҳларига ҳам батамом тавба қилиши насиб бўлиши мумкин. Бир нарсанинг тамомини қўлга кирита олмасанг, ҳеч бўлмаса борини ҳам қўлдан чиқариб олмагин.”
Динимизда намоз рўзага нисбатан аҳамиятлироқ бўлса ҳам, намоз ўқимайдиган одамга “сен рўза ҳам тутмагин” деб айтиш нотўғри. Аксинча “Намоз ўқий олмаётган бўлсанг, ҳеч бўлмаса рўзани ташлаб қўймагин” дейиш керак. Намоз ўқимасдан катта гуноҳга ботган одам, агар рўза ҳам тутмаса, гуноҳга ундан ҳам баттарроқ ботади. Шунинг учун "Агар намоз ўқимайдиган бўлсанг рўза тутишнинг фойдаси йўқ" дейдиган "насиҳатгўйлар" ўша бенамозларнинг гуноҳларига шерик бўлишади.
Бир неча гуноҳ иш қилиб юрган кимса булардан биттасини ташламоқчи бўлса, унга “Наригиларини ташламагандан кейин, буни ташлагандан не фойда”, "Ташласанг ҳаммасини ташла ёки ҳаммасини ишла" деб ақл ўргатиш жуда ножўя маслаҳат. Гуноҳлар миқдори қанчалик камайтирилса, инсон учун шунчалик яхши бўлади. Аллоҳдан қўрқиб, битта гуноҳдан бош тортишнинг ўзи у одамнинг имонли эканлигига далолатдир. Ҳадиси шарифда: “Умрида бир маротаба бўлса ҳам, Аллоҳни эслаган ёки Ундан қўрққан мусулмон жаҳаннамдан чиқади” деб марҳамат қилинди. (Термизий)
Баъзи гуноҳлардан тийила олмай юрган одам рўза тутса ёки закот берса, унга “офарин, энди буларни ҳам ташлаб қўймагин” деб дастак бўлиш керак. Агар юқоридагидай "насиҳатгўйлар" дуч келиб, мана шу ибодатларни ҳам қилишларига тўсқинлик қилишса, у ҳолда ҳалиги бечоралар диндан бутунлай узоқлашади. Ундайларга насиҳат қилаётганда қўрқитишдан кўра хушхабар берувчироқ бўлиш доимо афзал. Муҳтарам пайғамбаримиз: “Аллоҳнинг раҳматидан умид уздириб, диндан нафрат қилдирадиганларга лаънат бўлсин. Осонлаштиринг, қийинлаштирманг!” деб марҳамат қилганлар. (Бухорий)
Бир йигит Расулуллоҳга келиб “Шу уч гуноҳдан қутула олмаяпман” деди. Бу уч гуноҳ ёлғон, зино ва ичкилик эди. Расулуллоҳ жанобимиз “Мана шу уч гуноҳдан ёлғонни Мен учун ташлагин” дедилар. Йигит буни қабул қилиб, изига қайтди. Орадан вақт ўтиб, нариги икки гуноҳни қилмоқчии бўлганида “Шу гуноҳларни қилиб, эртага Расулуллоҳнинг ҳузурларига борганда "қилмадим" десам. ёлғон гапирган бўламан. Агар "қилдим" десам, мени жазолайдилар” деб ўйлади. Шу тариқа нариги икки гуноҳдан ҳам воз кечди. (Ширъа)
Калимаи шаҳодатни тил билан айтиб, қалб билан тасдиқ қилган киши бешак мусулмондир. Мусулмон гуноҳ қилиш билан Исломдан чиқиб қолмайди. Бир ҳадиси шарифда: “Жаброил алайҳиссалом “Умматингга хабар бергин, ким мушрик бўлмасдан ўлса Жаннатга киради” деди. Мен зино ёки ўғирлик қилган ҳам кирадими деб уч марта сўрадим. Жаброил алайҳиссалом “Ҳа, зино ёхуд ўғирлик қилган мўмин ҳам Жаннатга киради” деди. Бироз ўтиб “Ичкилик ичган одам ҳам охирида жаннатга киради” деб қўшиб қўйди.” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий)
Бундай ишониш - аҳли суннат эътиқодидир, гуноҳларни енгил кўриш эмас. Лекин бундай ақида инсонни гуноҳга етакламаслиги керак. Ҳар бир гуноҳ қалбни қорайтиради, инсонни куфрга судраб, жаҳаннамда абадий қолишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун катта-кичик ҳар қандай гуноҳдан йироқ бўлиш керак, чунки Аллоҳу таолонинг ғазаби гуноҳларнинг тагига яширилган. Балъом Баура исмли одам кўп ибодат қиладиган олим бўлса ҳам, бир гуноҳи сабабли нариги дунёга имонсиз кетди. Гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилиши керак! (К.Саодат)