Савоб бағишлаш

Савол: Ҳанафий мазҳабига мансуб бир мусулмон қилган ибодатларининг савобини ўлганларга ва тирикларга ҳадя қилиб, бағишлай оладими?

Жавоб: Ҳа, бағишлай олади. Ибодатлар уч турлидир:

1) Закот, садақа ва каффоротлар каби мол-мулк билан амалга ошириладиган ибодатларнинг савобини ўлик-тирик, хоҳлаган кишига ҳадя қилиш жоиз.

2) Ҳаж каби бадан ва мол билан бирга бажариладиган ибодатларнинг савобини ўзгаларга бағишлаш жоиз.

3) Фақат бадан билан бажариладиган намоз, рўза, тасбиҳ, таҳлил, таҳмид, Қуръони карим ўқиш, дуо қилиш каби ибодатларнинг ҳам савобини бағишлаш жоиз. Бир киши ҳар қандай бир ибодатни қилаётганда ёки қилиб бўлгандан кейин, масалан, намоз, рўза, садақа, Қуръони карим ўқиш, ҳаж, умра, авлиё қабрини зиёрат этиш ва ўликка кафан беришдек ибодатларда савобини ўлганларга ёки тирикларга ҳадя қилишга ният эта олади. (Атфол-ул-муслимин)

Имоми Шофиъий ва имоми Молик ҳазратлари “Фақат бадан билан амалга оширилган ибодатларнинг савоби ўликларга ҳадя қилинмайди” дедилар. Лекин кейин келган Шофиъий мазҳабидаги олимлар “Ё Рабби! Ўқиганимдан ҳосил бўлган савобнинг мислини ўликларга ҳам восил қилгин!” деб дуо қилса, савоби етиб боришини билдирдилар.

Кўриб турганимиздек, вафот этганлар учун Қуръони карим ўқилади. “Ўқилган Қуръоннинг савоби ўликларга бормайди” деганларнинг адашганлиги аниқ. Ҳадиси шарифда: “Қабристон ёнидан ўтаётган кимса 11 марта Ихлос сурасини ўқиб, савобини қабрдагиларга ҳадя этса, унга майитлар сонича савоб берилади” деб марҳамат қилинди. (И. Ахлоқи)

Бир кимса хоҳ фарз, хоҳ нофила ҳар қандай ибодатининг савобини майитларга ҳам, тирикларга ҳам бағишлаши, яъни ҳадя қилиши мумкин.

Намоз, рўза, ҳаж, умра, садақа, Қуръони карим ўқиш, авлиё қабрини зиёрат қилиш, қурбон, зикр сингари ибодатларнинг савобини ўзга мусулмонларга ҳадя қилиш мумкин. Ҳадя қилган кишининг савоби ҳеч ҳам камаймасдан, бутун мўминларга бирдек боради. Яъни савоб тақсимланмасдан, ҳар бирига бутун ҳолатда боради.

Ҳар бир ибодатнинг савобини Расулуллоҳ жанобимизнинг муборак руҳларига ҳам ҳадя қилиш мумкин. Ибн Умар ҳазратлари Пайғамбаримиз учун умра қилган эди.

Ибн-ис-Саррож ҳазратлари ҳам Расулуллоҳ учун Қуръонни ўн мингдан ортиқ хатм қилиб, савобини муборак руҳларига бағишлаб қурбонлик сўйган эди. (Ҳидоя)

У ҳолда, ҳар бир мўмин қилган ибодатларининг савобини Пайғамбариздан бошлаб, ота-онасига ва бутун мўминларга ҳадя этиши керак. Савоби барчасига бирдай тегади. Ўзининг савобидан ҳам ҳеч камайиб қолмайди.

 ИСТИҒФОР ҚИЛИШ

 Савол: Китобларда "вафот этган яқинларингиз учун истиғфор ўқинглар" дейилади. Ўликлар учун истиғфор қандай  ўқилади ёки қилинади? Истиғфор қилиш билан истиғфор ўқиш бўлак нарсаларми?

Жавоб: Иккаласи бир-биридан фарқли амаллар. Истиғфор ўқиш бу “Астағфируллоҳ” калимасини айтиш ёки истиғфор дуосини ўқишдир. Истиғфор қилиш эса, маййитнинг орқасидан хайр-ҳасанотлар қилиб, марҳумнинг гуноҳларининг кечирилишига сабаб бўлишдир. Савобини ўтганларга бағишлаб, Қуръон ўқиш, масжид қуриш истиғфор қилишга мисол бўлади.

 ГУНОҲГА САБАБ БЎЛМОҚ

 Савол: Бир оят ва ҳадисда “Киши ўзганинг қилган гуноҳига жавоб бермайди” дейилган. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса “Бир ёмонликка сабаб бўлган одам шу ёмонликни қилган одамнинг гуноҳига жавоб беради” дейилади. Бу икки ҳадис бир-бирига зид эмасми?

Жавоб: Бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ. Иккинчи ҳадиси шарифнинг маъноси қуйидагича: “Бир одам агар бирон суннати ҳасана чиқарса (яхши бир йўл очса), унинг савобига ва қиёматгача шу амални қилганларнинг савобига тенг савобга эришади. Бир одам суннати саййия чиқарса (ёмон бир йўл очса), унинг гуноҳига ва қиёматгача шуни қилганларнинг гуноҳи қадар гуноҳга ботади” деб марҳамат қилинди. (Муслим)

Бу ҳадиси шарифда яхшиликка, яхши одатларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлган кишининг савоб олишини, ёмон бир одат, қилиқ, амал тарқалишига сабаб бўлган кишининг гуноҳкор бўлишини хабар бермоқда. Бу вазиятда гуноҳ ишни бошлаб берганнинг гуноҳи камаймайди ва ё унинг гуноҳи олиб бошқага берилмайди. Гуноҳга сабабчи бўлган киши ҳам ўзига эргашувчиларнинг гуноҳига шерик бўлади. Ҳеч ким бировнинг гуноҳининг жазосини тортмайди, ҳамма ўз қилмишидан жавобгар бўлади.

 АГАР МУРТАД БЎЛИБ ЎЛСА

 Савол: Битта мусулмон бизга дуо қилиб, савобларини бағишласа, ундан кейин муртад бўлиб ўлса, унинг бизга ҳадя қилган савоблари ҳам қайтариб олинадими?

Жавоб: Йўқ, қайтариб олинмайди.

 ҚУРЪОН ЎҚИБ САВОБИНИ БАҒИШЛАШ

 Савол: Ўқиган Қуръони каримнинг савобини кимларга бағишлаган яхши?

Жавоб: Аввало Сарвари олам бўлган Пайғамбаримизга, кейин барча Пайғамбарларга, Аҳли байтга, Асҳоби киромга, Тобеинга, мазҳаб имомларимизга, Силсилаи олияга, улуғ авлиёларга, ҳамма мўминларга бағишлаган, яъни ҳадя қилган яхши.

 БИР САВОБНИ БИРНЕЧА МАРТА ҲАДЯ ҚИЛИШ

 Савол: Ўқиган дуо ва тасбеҳларимиздан ҳосил бўлган савобни бир зотга ҳадя қилиб қўйгандан кейин яна бошқа бир зот эсимизга тушса, унга ҳам "ҳалиги ўқиганларимни бунга ҳам бағишладим" десак бўладими?

Жавоб: Ҳа, албатта. Битта амалдан ҳосил бўлган савобни бир кишига ундан анча вақт ўтказиб яна бошқа кишига ҳадя қилиш мумкин. Шу тариқа хоҳлаган миқдорда мўминга ҳадя қила олади. Исмларини алоҳида-алоҳида атаб ҳадя қилиши мумкин бўлганидек ҳаммасига бирдан деб жумлатан ҳадя қилиши ҳам жоиз. Лекин аввал ҳадя қилган маййит ёки тирикка худди ўша савобни такрор ҳадя қила олмайди. Масалан, 70 минг калима тавҳид ўқиб тугатган киши ушбу хатми таҳлилни вафот этган бир танишига ҳадя этса, бироз вақт ўтгач яна бири вафот қилса, унга ҳам ҳадя қила олади. Шу йўсинда бошқа маййитларга ҳам ҳар хил вақтларда ҳадя қилиши мумкин. Лекин ўша хатми таҳлилни яна такроран ҳалиги исмини санаб ўтган яқинларига ҳадя қила олмайди, чунки уларга бу савобдан аввалроқ ҳадя қилиб бўлган.

 Савол: Ибодатларимизнинг савобини қабрдагиларга ҳадя этсак, улар Дорулбақода буни кўриб жуда севинишади. Лекин тирикларга ҳадя этсак, то Қиёмат бўлмагунча уларнинг бундан умуман хабари бўлмайди. Шу боис тирикларга савоб ҳадя қилинмагани тўғрироқми?

Жавоб: Хоҳ тирик, хоҳ раҳматлик, қайси дунёдалигидан қатъий назар, ибодатларимизнинг савобини хоҳлаган одамимизга ҳадя қилишимиз мумкин. Бизнинг савобимиз ҳеч қанақа нуқсонликка учрамай, уларга ҳам шу миқдорда берилади. Савобнинг қабул бўлиши ёки бағишланган кишининг руҳига, амал дафтарига етиб бориши учун уларнинг хабардор бўлишлари шарт эмас. Яъни хабардор бўлсалар ҳам, бўлмасалар ҳам савоб керакли одамнинг амал дафтарига ёзилади.

"Хатми таҳлилнинг ўлик-тирик барчага фойдаси бор." (Макотиб-и шарифа)

Бир ҳадиси шарифда “Ўзига ёки бошқа бир мусулмонга 70 минг калима-и тавҳид ўқиган одамнинг гуноҳлари кечирилади” деб марҳамат қилинган. (Мақомоти Мазҳарийя)

 САВОБЛАРНИ БАҒИШЛАШ

   Савол: Кўпинча қариялардан "ҳосил бўлган савобни жами авлиё-анбиёларнинг руҳи шарифларига бағишладик" деганларини эшитиб қоламиз. Бу ерда "бағишламоқ" қайси маънога келади?

Жавоб: Замонавий тилимизда "бағишламоқ" феъли бирмунча фарқлироқ маънони англатса ҳам, бу ерда айнан "совға, ҳадя, тортиқ қилиш" деган маъноларда ишлатилади.

 Савол: Бир мусулмон ўқиган намозларидан, тутган рўзаларидан, берган закотларидан, авлиё қабрини зиёратдан, бировга қарз беришдан, илм ўрганаётганида, аҳли суннат китобларини тарқатаётганида ҳосил бўлган савобларини, қисқаси ҳаётда қозонган фарз ёки нофила бутун савобларини истаганига совға қила оладими?

Жавоб: Ҳа, ҳар бир мусулмон барча савобларини хоҳлаган мусулмон биродарига совға қила олади. Бу аснода ўзига тегадиган савобдан зиғирча ҳам камаймайди. Лекин буларни худди хатми Қуръондагидек хатм дуосини ўқиши учун бошқаларга билдириш одати динимизда йўқ. Масалан, 40 йил ўқиган намозларимнинг, тутган рўзаларимнинг савобларининг дуосини ўқиб беринг дейилмайди. Савоб совға қилиш билан буларнинг дуосини ўқитиш учун ўзгаларга ҳадя қилиш фарқли нарсалар.

Савол: Мен имом Раббоний ҳазратларининг “Мактубот”ини ўқиб тугатгач, бир дўстимга “Ўқиганимдан ҳосил бўлган савобни сенга бағишладим” дедим. У эса “Китоб ўқишдан ҳосил бўлган савобни бировга бағишлаш бидъат бўлади” деди. Савоб бағишлаш-ҳадя қилиш бидъатми?

Жавоб: Ҳар турли савобни ўлик-тирик хоҳлаган мусулмонга ҳадя қилиш мумкин. Масалан, берган закотнинг, ҳажнинг, тутган рўзанинг, сўйган қурбонликнинг, ўқиган Қуръони каримнинг савобини ўлган ёки ҳаётдаги истаган мўминга бағишлашимиз мумкин. Авлиё қабрини зиёрат қилишдан ҳосил бўлган савобни ҳам ўзгаларга ҳадя қилиш мумкин. Ҳатто саломлашганда ҳам фарз савоби ҳосил бўлади. Бу савобни ҳам бағишласак бўлади. Илм ўрганиш учун китоб ўқисак, бундан ҳосил бўлган савобни ҳам бағишлай оламиз. Қисқаси бағишланмайдиган, яъни совға қилина олмайдиган савоб йўқ.