Суннат дегани нима?

Савол: "Суннат" сўзи айнан қайси маънода ишлатилади?

Жавоб: "Суннат" сўзи гапда келган ўрнига қараб ҳар хил маънога келади:

1) "Китоб ва суннат" ифодасидаги "суннат" ҳадиси шарифлар деганидир. Ҳадиси шарифда “Аллоҳнинг китобига, Пайғамбарнинг суннатига ёпишсангиз ҳеч йўлдан адашмайсиз” деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)

2) "Фарз ва суннат" ифодасидаги "суннат" Расули акрамнинг (алайҳиссалом) қилган фарзлардан ташқари ишларидир. Ҳадиси шарифда “Умматим бузилганда, суннатимга эргашганга шаҳид савоби берилади” деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)

3) Суннат калимаси гапда ёлғиз ўзи келганда "исломият" деган маънони англатади. Ҳадиси шарифда “Шундай замонлар келадики, жамиятлар бузилганидан суннатим (исломият) билан амал этиш ҳовучида олов тутиб туришдек бўлади” деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)

4) Суннат "йўл", "сўқмоқ" деган маъноларда ҳам ишлатилади. Масалан, "суннати ҳасана" яхши йўл, "суннати саййия" ёмон йўл деганидир. Ҳадиси шарифда “Бир кимса суннати ҳасана чиқарса (яхши бир йўл очса), унинг савобини ҳамда қиёматгача у билан амал этганларнинг савобича савоб олади. Бир кимса суннати саййия чиқарса (ёмон бир йўл очса), унга ўша қилмишининг гуноҳи ва қиёматгача уни ишлаганларнинг гуноҳи қадар гуноҳ ёзилади” деб марҳамат қилинди. (Муслим)

Яна суннат "одат", "иш" деган маъноларда ҳам ишлатилади. Масалан, "Суннатиллоҳ" атамаси Аллоҳнинг одати, Аллоҳнинг иши деганидир. Ҳазрати Умарнинг суннати дейиш, ҳазрати Умарнинг одати демакдир.

5) "Аҳли суннат" атмасидаги "суннат" - қутуладиган фирқанинг номидир. Имом Раббоний ҳазратлари айтадики: “Термизий билдирган ҳадиси шарифда “Умматим 73 фирқага бўлинади. 72 таси Жаҳаннамга кетади, фақат бир фирқа қутулади. Бу фирқа менинг ва Асҳобимнинг йўлидан юрганлардир” деб марҳамат қилинди. Бу фирқага “Аҳли суннат валжамоат” дейилади.”

6) Кичик ёшдаги ўғил болаларни хатна қилишга ҳам "суннат" дейилади.

 Савол: Суннатни ўзгартиришнинг хавфи борми? Масалан, тасбеҳни 33 та эмас, савоби кўп бўлсин деб 44 марта айтса ва соқолни бир тутам эмас, ундан узунроқ ёки калтароқ қилиб қўйса бўладими?

Жавоб: Пайғамбар жанобимиз қилган ишларга суннат дейилади. Ҳатто Расулиллоҳ саҳобалардан бирининг бир иш қилаётганини кўриб, унга эътироз билдирмаса, ўша ишга ҳам суннат дейилади. Пайғамбаримиз бу ишларни ё ибодат, ё одат сифатида бажарарди. Одат бўлгани учун қилган ишларига суннати завоид дейилади. Узун кўйлак кийиши, сочларининг узун ёки қисқа бўлиши, соқол қўйиши кабилар шунга киради. Бир кимса “Пайғамбаримиз аёлларга ўхшаб узун кўйлак кийган экан” деб масхара қилса, имони кетади. Соқолни хуш кўрмаган ёки суннатга мос ҳолда соқол қўйганни "чамбар соқол", "тўп соқол" деб ҳақорат этган киши кофир бўлади. Чунки пайғамбаримиз қилган ишларни, яъни суннатни ёқтирмаган бўлади. Аллоҳу таолонинг бутун одамзоддан энг устун қилиб яратган ва оламларга раҳмат қилиб юборган Пайғамбарини ёқтирмаслик Аллоҳнинг ўзини ёқтирмаслик бўлади. Аллоҳни ёқтирмаганнинг кофир бўлиши аниқ. Қуръони каримда Пайғамбаримизнинг буйирганларини бажариш, тақиқлаганларидан тийилиш кераклиги билдирилган. (Ҳашр, 7)

Замон ўзгариши билан ибодатга оид ҳукмлар ўзгармайди. Ибодатларни ўзгартириш - динни ўзгартириш, яъни динсизлик бўлади. Бир кофир бир сўз (калимаи шаҳодат келтириш) билан мусулмон бўлади. Худди шунингдек бир мусулмон ҳам куфрга туширувчи битта сўз билан кофир бўлиши мумкин. Динимизнинг ҳар қандай бир ҳукмини ёқтирмаган, масалан “Ҳижоб кераксиз нарса” деган кимсанинг имони кетади. Шу боис ҳар ишда Расулуллоҳга эргашишнинг аҳамияти жуда катта. Қуръони каримда маолан “Расулга итоат этган, Аллоҳга итоат этган бўлади” деб буюрилди. (Нисо, 80)

Пайғамбаримиз ҳам шу маънода “Менга итоат этган мўмин Аллоҳга ҳам итоат этган бўлади. Менга исён қилган одам эса, Аллоҳга қарши исён қилган бўлади” деб марҳамат қилганлар. (Бухорий)

Қуръони каримда Расулуллоҳга итоатнинг Аллоҳга итоат эканлиги ҳамда У зотга қарши исённинг Аллоҳга қарши исён эканлиги билдирилмоқда. “Аллоҳ ва Расулига итоат”, “Аллоҳ ва Расулига исён” ифодалари кўп оятларда такрорланмоқда. (Нисо, 13-14)

Ҳадиси шарифларда ҳам марҳамат қилинадики: “Суннатимдан юз ўгирган киши мендан эмас.” (Муслим)

“Бир бидъат чиқарилганда, бир суннат унутилади.” (И.Аҳмад)

Ибодат мақсади билан динга бирон нарса илова қилиш бидъатдир, катта гуноҳдир. Чунки динимиз нуқсон, кемтик эмас. Ё бўлмаса (астағфируллоҳ!) Аллоҳу таоло ва Пайғамбаримиз динда бирор нарсани нуқсон қилиб қолдирган-у, биз уни улардан ҳам яхшироқ тўкислай оламизми? Шундай экан, ибодатга бидъат аралаштириш Аллоҳу таоло юборган динни кам, нуқсон деб билиш, Унинг ҳукмларини ёқтирмаслик, динни ўзгартириш бўлади. Масалан, шом намозининг 3 ракат фарзи ўрнига кўпроқ ибодат қиламан деб, 4 ракат қилиб ўқиш бидъатдир. Бу намози 3 ракатнинг ўрнига ҳам ўтмайди, намози ҳам қабул бўлмайди. Шунга ўхшаб, тасбеҳларни ҳам 33 марта эмас, кўпроқ савоб бўлсин деб ундан кўпроқ айтиш бидъатдир. Бидъат эса катта гуноҳ бўлади. Намоздан кейинги тасбеҳлар бутунлай айтилмаса ҳам, гуноҳ бўлмайди. Лекин суннат савобидан маҳрум қолади.

Бир дин китобини таҳқирлаш, ислом олимларидан бирини мазах қилиш, ҳурмат кўрсатишимиз амр этилган бир нарсани таҳқирлаш, таҳқирлашимиз буйрилган бирон нарсага ҳурмат кўрсатиш куфр бўлади. Бундай қилганлар эса кофир бўлади. (Биргивий)

Суннат деб калта соқол қўйиш ёки фақат иякда қолдириш бидъатдир. Чунки у ҳолда Расулуллоҳнинг соқол шакли ёқтирилмаган бўлади. Ҳадиси шарифда “Ибодатларини бизга ўхшатиб бажармаганлар биздан эмас” деб марҳамат қилинди.

Намозлардан сўнг дарров Оятал курси ўқилади. Сўнгра тасбеҳлар айтилади ва ундан кейин дуо этилади. Дуо қилинаётганда салотан тунжина ёки бошқа дуолар ҳам ўқилади. Лекин намоз тугагач оятал курси ўқишни ўрнига салотан тунжина ёки бошқа бир нарса ўқиладиган бўлса, бу ҳаракат суннатни ўзгартириш бўлади, бидъатдир. Пайғамбаримиз қандай ибодат қилган бўлсалар, мазҳабимиз буни қандай билдирган бўлса, худди шундай ибодат қилиш керак. “Уни ҳам ўқийман, буни ҳам қўшиб ўқийман” дейиш динни ўзгартириш бўлади. (Ҳадиқа)

“Кимки динда бўлмаган бир янгилик чиқарса, мардуддир” ҳадиси шарифидан кўринадики, динда бўлмаган бирор эътиқод, бирор сўз, бирор иш ёки бирор бир ҳол чиқариб ва бунинг ибодат эканлигига ишонса ёхуд исломиятга қандайдир бир қўшимча қўшса, ибодатлардан бирон нарса олиб ташласа ҳамда булардан савоб кутса, бу янгиликлар, ўзгартиришлар бидъат бўлади.  Буни қилган кишилар исломиятга тобе бўлмаган, динга ўз ҳолича имон этмаган бўлади.

Имом Раббоний ҳазратлари айтадики: “Бугун қалблар қорайганидан баъзи бидъатлар кўзимизга чиройли кўринса ҳам булардан қочиш керак. Қиёматда барчасининг зарарли эканлиги маълум бўлади. Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир бидъат залолат (адашувчилик)дир” деб марҳамат қилинди. (Муслим)

Дин бир бутундир. Унинг атиги битта ҳукмини ёқтирмаган ёки ўзгартирган киши кофир бўлади. Масалан, суннат бўлган соқолни ёқтирмаган ҳам кофир бўлади. Ёқтирган ҳолда ўзи бажармаса, кофир бўлмайди. Суннатни ўз ҳохиши бўйича ўзгартирса, бидъат аҳлидан бўлади.” (Ҳадиқа, Бариқа, Биргивий васиятномаси, Мактуботи Раббоний)

 Савол: Суннатга ёпишиш дегани нима?

Жавоб: Ҳадиси шарифда: “Умматим орасида ихтилофлар, бўлинишлар рўй берганда Менинг суннатимга ва Хулафои рошидиннинг суннатига ёпишинглар!” деб марҳамат қилинди. (Термизий) Бу ҳадиси шариф уммат орасида турли қарама-қаршиликлар, низолар чиқишидан хабар бермоқда. Ўша пайтларда умматдан Расулуллоҳнинг ва унинг тўрт халифасининг йўлида бўлганларга эргашинглар демоқда. Суннат бу – Расулуллоҳнинг сўзлари, бутун ибодатлари, ишлари, эътиқодлари, ахлоқи ва қилинаётганини кўриб эътироз билдирмаган ишларидир. Бир ҳадиси шарифда: “Фитна-фасод ёйилган вақтда суннатимга эргашганга юз шаҳид савоби берилади” деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)

Яъни нафсга, бидъатларга ва ўз калта ақлига эргашиб исломиятдан ташқарига чиқиб кетилган вақтларда менинг суннатимга ёпишганга қиёматда юз шаҳид савоби берилади. Чунки фитна-фасод ёйилган вақтда исломиятга тобе бўлиш, кофирлар билан жанг қилишдек қийин бўлади. Бир ҳадиси шарифда: “Ислом дини ғариб бўлиб бошланди. Охири ҳам ғариб бўлади. Бу ғарибларга суюнчилар бўлсин! Улар одамлар бузган суннатларимни тузатадилар” деб марҳамат қилинди. (Муслим)

Яъни исломиятнинг бошланғич йилларида одамларнинг аксарияти мусулмонликни билмаганлари, ундан бегонасираганларидек охир замонда ҳам динни билувчилар камаяди. Ўша пайтларда ҳеч қандай давлат дастаги бўлмаган ғариб мусулмонлар мендан кейин бузилган суннатимни тузатадилар. Шу мақсадда амри маъруф ва наҳйи мункар қиладилар. Суннатга, яъни исломиятга тобе бўлишда бошқаларга ўрнак бўладилар. Ислом илмларини олимлар билдиргандек ўзи бўйича ёзиб, китобларини тарқатишга ҳаракат қиладилар. Буларга қулоқ солувчилар кам, қарши чиқувчилар эса кўп бўлади.