Савол: “Пайғамбар худо эмас-ку, у ҳам инсон” ёки “Олимлар пайғамбар эмас, улар ҳам инсон. Масалан, имоми Аъзам ҳам хато қилади” дейиш тўғрими?
Жавоб: Ёмонлаш мақсадида айтилган бундай сўзлар ҳарқанча тўғри бўлса ҳам, нотўғридир. Мана шундай замирида ҳақорат яширинган бемаъни одамларнинг гапларидан бирнеча мисоллар келтириб ўтамиз. Гумроҳлар:
1) “Пайғамбар Аллоҳнинг ҳалол қилганини ҳаром қила олмайди” дейишади. Бу гаплари билан гўёки икки жаҳон сарвари бўлмиш Пайғамбаримиз шундай ишларни қилаётгандек тасаввур уйғотишга уринишади.
2) “Пайғамбар ҳам Аллоҳнинг сўзини ўзгартиролмайди” дейишади. Гўёки пайғамбаримиз ўзгартиришга бир-икки бор уриниб кўрганлар дегандай фикр уйғотишмоқчи.
3) “Пайғамбар ҳам одам, унга сиғинилмайди” дейишади. Гўёки Ул зотга сиғинаётганлар бордек, Расулуллоҳ ва унинг йўлида бўлганларни пастга уришга ҳаракат қилишмоқда.
4) “Пайғамбар ҳам одам, илоҳ эмас. У ҳам хато қилиши мумкин” дейишади.Тўғри, Пайғамбаримиз ҳам одам, лекин одам ва пайғамбарларнинг энг устуни, саййидул башардирлар (инсонларнинг жанобидир). Пайғамбаримиз билдирган диний ҳукмларда умуман хатолик бўлмайди. Чунки ижтиҳод билан айтганларида бирон хатолик рўй берса, дарҳол ваҳий орқали тузатиларди. Бунақа гапни айтадиганлар “Пайғамбар ҳам хатолашиши мумкин” деб диний ҳукмларда шубҳа уйғотишга уринишмоқда.
5) “Пайғамбар ҳам ғайбни билмайди” дейишади. Гумроҳ-(йўлдан адашган)лар тарафидан энг кўп суистеъмол қилинадиган гап мана шу. Расулуллоҳнинг ғайбни билмасликлари доимий эмасди. Бир куни Расулуллоҳнинг туяси йўқолиб қолди. Мунофиқлар буни бир имконият ҳисоблаб “Қани кўклардан, Жаннатдан, Жаҳаннамдан хабар берарди. Ҳатто ўзининг йўқолган туясининг қаердалигини билолмаяпти-ку” дедилар. Мунофиқларнинг бу сўзи Расулуллоҳга етиб келганида “Валлоҳи, мен фақат Раббимнинг билдирганларини биламан холос. Бошқасини билмайман. Ҳозиргина Раббим менга туямнинг қаердалигини маълум қилди. Ҳозир туя фалон жойда” деб марҳамат қилдилар. (Мавоҳиб-и ладунния)
Таъриф этилган жойга бориб, туяни бир дарахтга арқонланган ҳолда топдилар. Қуръони каримда ҳам ғайбни фақат Аллоҳу таологина билиши, истаса Пайғамбарига ҳам билдириши баён этилмоқда:
“Аллоҳ сизларга ғайбни билдирмайди, лекин Расулларидан хоҳлаганларини танлаб, уларга ғайбни маълум қилади. Шунинг учун Аллоҳга ва Расулларига имон келтиринглар. Агар имон келтириб, (гуноҳлардан) тийилсангиз сизларга катта мукофотлар бор.” (Ол-и Имрон, 179)
“Аллоҳ ғайбни ҳар кимга ҳам билдирмайди, фақат Ўзи тилаган (мўъжиза сифатида аён қилган) Расули бундан мустасно. Чунки ҳар Пайғамбарнинг олдидан ва орқасидан кузатувчилар (фаришталар) қўйган.” (Жин, 26-27)
Бемазҳабларнинг бу ояти карималарга хилоф равишда “Пайғамбар ғайбдан хабар беролмайди” дейишлари қасддандир. Ундайлар ташқаридан Қуръони каримга ишонгандек кўринганлари билан ичларида бунинг аксини гапиришади.
6) “Ҳадислар мўъжиза эмас, аммо важиз (ўзи қисқа, лекин кўп маъноларни англатадиган) сўздир” дейишади. Тўғри, ҳадиси шарифларнинг сўзлари ояти карималардаги каби мўъжиза эмас, аммо Пайғамбаримизнинг динга оид сўзларининг барчаси ваҳий маҳсулидир. Расулуллоҳ келажакдан хабар беувчи жуда кўп мўъжизавий сўзларни айтганлар. Масалан, қиёматнинг катта ва кичик аломатлари ҳақида айтганлари бунга мисол бўла олади. Ҳозирда кичик аломатларининг кўпи кўринган. Бу сўзлар мўъжизадир. Мазҳабсизлардан баъзилари ҳадларидан ошиб “Қуръон турганда, суннатга эҳтиёж йўқ!” дейишади. Шу тариқа ҳадиси шарифларни инкор қилишга уринишади. Ҳолбуки Қуръони каримнинг бир қанча жойида “Аллоҳга ва Расулига тобе бўлинг, итоат қилинг!” деб буюрилган. Уч ояти карима маоли:
“Аллоҳга ва унинг уммий набий бўлган Расулига имон этинг. Унга тобе бўлсангиз тўғри йўлда бўласиз.” (Аъроф, 158)
“Айтинг: Аллоҳга ва пайғамбарга итоат қилинглар! Агар юз ўгирсалар, билсинларки, Аллоҳ кофирларни севмайди.” (Ол-и Имрон, 32)
“Аллоҳга ва Расулига итоат қилинг!” (Анфол, 1)
Нима учун “Ёлғиз Аллоҳга итоат қилинг” демасдан “Аллоҳга ва Расулига итоат қилинг” деб буюрилмоқда? Расулуллоҳнинг билдирганларига эргашиш, ҳаром деганларида қочиш ва амр этганларига тобе бўлиш учун шундай буюрилган. Бир ҳадиси шарифда: “Пайғамбарнинг ҳаром қилиши, Аллоҳнинг ҳаром қилиши кабидир” деб марҳамат қилинди. (Термизий)
Фақат Аллоҳу таолога эмас, Расулига ҳам итоат қилиш амр қилинмоқда: “Расулга итоат этган одам Аллоҳга ҳам итоат этган бўлади.” (Нисо, 80)
Демак, Расулуллоҳнинг ҳадиси шарифларига тобе бўлиш Аллоҳга тобе бўлиш деганидир.
7) “Олимлар пайғамбар эмас-ку, уларнинг ҳам хатоси бўлади” дейишади. Бу билан олимларнинг сўзларида хатолар бор, уларнинг қавлларига эргашишнинг кераги йўқ демоқчи бўлишяпти. Бир ҳадиси шарифда “Олим ижтиҳодида хатолашса бир, хатолашмаса (исобат қилса) икки савоб олади” деб марҳамат қилинган. (Бухорий)
У ҳолда олимнинг хатоси ҳам динда далил ва ҳужжатдир. Уларнинг хато қилганини биз билолмаганимиз учун ҳам, Расулуллоҳнинг ворислари бўлмиш олимларнинг хатолашганини айтиш дуруст бўлмайди. Бир ҳадиси шарифда “Уламо анбиёнинг ворисидир” деб марҳамат қилинган. (Термизий)
Олимларнинг сўзлари-қавллари динда далил-ҳужжатдир. Қуръони каримда улар мадҳу сано қилинади:
“Берган бу мисолларимизни фақат олимларгина тушунади.” (Анкобут, 43)
“Билмасангиз зикр аҳли олимлардан сўранг.” (Наҳл, 43)
“Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган олимлардир.” (Фотир, 28)
Пайғамбарларнинг меросхўр-ворисларига тил текказиш, вориснинг соҳиби бўлмиш пайғамбарга тил текказиш билан тенг.