Савол: Салафий эътиқодли бир йигит: “Мазҳаб имомларининг йўлидан юриш - ота-боболарнинг йўлидан юриш демакдир. Боболар йўлидан юришни таъқиқловчи шунча оятлар тушганига қарамай ота-бобо йўлига кўр-кўрона эргашиш ширк”, - дейди. Шу тўғрими?
Жавоб: Албатта нотўғри. Салафий йигит кофирлар учун нозил бўлган оятни мусулмонларга тўнкап, ўз залолатини ўзгаларда кўришга интилмоқда. Унинг рўкач қилаётган оятлари кофир-мушрик ота-боболар ҳақида нозил бўлган. Мавзуимизга алоқадор бўлган оятлар қуйидагилар:
“Қачон (мушрикларга): “Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз” дейилса, улар: “Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз”, дейишади. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган, тўғри йўлни тополмаган бўлса ҳамми? Кофирларнинг ҳоли бақириб-чақиришдан бошқа нарса эшитмайдиган, шунда ҳам бақираверадиган кишига ўхшайди. Кофирлар кар, кўр ва соқов бўлганликлари учун ақл етказиб тушунмайдилар.” (Бақара, 170-171)
“Кофирлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқда ва уларнинг кўпи ақлсиздир. Қачон уларга: “Келинглар, Аллоҳ туширган китобга ва унинг Расулига тобе бўлинглар” дейилса, улар “Оталаримизнинг йўли (дини) бизга кифоя” дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақли етмайдиган, ҳақ йўлни топа олмайдиган тоифадан бўлсалар ҳам-а?!” (Моида, 103-104)
Ушбу оятларнинг иккаласи ҳам мушриклар ҳақида тушган. Уларга “Аллоҳ ва Расулига тобе бўлинг” дейилганида биз ота-боболаримиздек бутларга сиғинамиз,- дейишди. Бу боболарнинг мазҳаб имомлари билан зиғирча алоқаси йўқ!
Бутпарастлар Ҳуд пайғамбарга: “Сен бизга, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк этишимиз учун келдингми? Агар гапларинг тўғри бўлса, қўрқитаётган азобингни келтиргин-чи?” дедилар. (Аъроф, 70)
Кофирлар Пайғамбарларга дедиларки: “Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Фақат бизни оталаримиз сиғинган нарсалардан (бутлардан) қайтармоқчи бўлаяпсизлар, холос.” (Иброҳим, 10)
“У ҳам худди сизларга ўхшаган одам. Сизлардан устун бўлиб олиб, устингиздан ҳукмронлик қилмоқчи. Агар Аллоҳ истаганида, албатта (пайғамбар қилиб) фаришталарни юборарди. Биз ота-боболаримиздан бунақа нарсани (Яккаю ягона Аллоҳга ибодат этиш) эшитган эмасмиз.” (Муминун, 24)
Ҳазрати Иброҳим бутга сиғинувчиларга: “Оталаринг ва ўзларинг нимага сиғинаётганларингни энди кўрдингларми? Сиғинаётган бутларинг менинг душманимдир. Дўстим фақат оламларнинг Раббисидир”- деди. (Шуаро, 75-77)
“Мусо кофирларга очиқ-ойдин мўъжизалар билан келганида (кофирлар) “Бу уйдирма бир сеҳрдир. Биз оталаримиздан бундай (ёлғиз Аллоҳга ибодат этиш деган) нарсани эшитмадик” дедилар.” (Қасос, 36)
“Улар (кофирлар-мушриклар) оталарини йўлдан озган ҳолда, бузуқликда топдилар ва ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар.” (Саффот, 69-70)
Кўриб турганимиздек бу оятлар мушриклар ва бутпарастларга хитобан нозил бўлиб, уларни мушрик бўлиб ўтиб кетган ота-боболарининг одатларини ташлай олмаганликлари учун койимоқда. Мусулмонлар Расулуллоҳнинг ворислари, меросхўрлари бўлмиш олимларга эргашсалар, мушрикларга эргашган бўлишадими? Ал-ҳазар! Оятларни маъносини шундай бемаъни томонга буриш фақат ўша оятларда ўтган беақл мушрикларга хос бўлса керак. Агар мусулмонларнинг ота-боболари дунёдан имонли ҳолда, тўғри йўлда яшаб ўтган бўлса, уларга албатта эргашиш керак. Негаким, Яъқуб алайҳиссалом вафот этаётганида ўғилларидан: “Мен ўтиб кетгандан кейин кимга ибодат қиласизлар?”- деб сўради. Ўғиллари: “Сизнинг ва оталарингиз Иброҳим, Исмоил ҳамда Исҳоқнинг илоҳи бўлган ёлғиз Аллоҳга ибодат қиламиз”- дедилар. (Бақара, 133)
Ҳазрати Юсуф ҳам: “Ота-боболарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларининг динига эргашганман.” деди. (Юсуф, 38)
Демак, ота-боболаримиз мусулмон бўлса, мушрик бўлмаса, уларга эргашишимиз, тобе бўлишимиз лозим. Бундан ҳам табиий нарса бўлиши мумкинми? Ҳазрати Юсуф мусулмон бўлган ота-боболарининг йўлидан-изидан кетганига кўра, биз ҳам мусулмон ота-боболаримиз, яъни мазҳаб имомларимиз, аҳли суннат олимларининг йўлидан юришимиз керак. Бир ҳадиси шарифда: “Охирзамонда баъзилар сизларнинг ва ота-боболарингизнинг йўлидан ажралиб, суннатимдан узоқлашадилар. Улардан узоқ бўлинглар” - деб марҳамат қилинган. (Муслим)