Пайғамбарсиз дин бўлмайди

Савол: Нима учун намозда Қуръонда бўлмаган "Субҳонака, аттаҳияту, солли-борик" дуолари ўқилади? Агар ҳадисларда бор десангиз, мен ҳадисларга ишонмайман. Чунки ҳадисларни Умавий араблари ўйлаб топишган. Солли-борик ўқиш билан одам пайғамбарга сиғинган бўлиб қолмайдими?

Жавоб: Қуръони карим Расулуллоҳга тушмадими? Расулуллоҳ намоз ўқимадиларми? Намозни умр бўйи узмай ўқиганлари қувватли хабарлар билан, яъни ижмо билан билдирилмадими? Ўша пайғамбар ўқигандек намоз ўқиш энди нимага хато бўлсин? Намознинг қандай ўқилиши, қанча ракъат эканлиги, қандай вақтларда ўқилиши, намозни бузадиган ва бузмайдиган нарсалар ҳадиси шарифлар орқали маълум қилинган.

Ҳадиси шарифга ишонмаган одам Қуръони каримга ҳам ҳеч қачон ишонмайди. Чунки Қуръони каримни тўплаб, мусҳаф ҳолиги келтирганлар саҳобалар эди. Уларнинг гувоҳликлари билан тўпланган ояти карималарига ишонган одамнинг улар ривоят қилган ҳадиси шарифларга ҳам ишониши керак бўлмайдими?

Қандай қилиб ҳадиси шарифларга ўйлаб топилган нарса дейиш мумкин? Шунда Пайғамбаримиз 23 йил бўйи ҳеч маъноли нарсалар айтмай, фақат бекорчи гаплар гапирдиларми? Масалан намоз мана бундай ўқилади, деб ҳам айтмаганларми? Рукуъ, саждаларнинг қандай қилинишини кўрсатмаганларми? Уйларида ёлғиз умматидан яшириниб намоз ўқидиларми? Умрларида ҳеч масжидга бормадиларми? Сўнгги хасталикларини санамаганда барча намозларини Расулуллоҳ жамоатга имом бўлиб ўқитмадиларми?

Саҳобалар намозда Расулуллоҳдан кўриб, субҳонакани ўқишди, аттаҳиётуни ўқишди, солли-борикни ўқишди, раббанони ўқишди. Сиз нимага асосланиб буларни Умавийлар чиқарган деб айтяпсиз?

Умавийлар деб аталувчи хонадон ё одамларнинг тарихда бўлганини қаердан билдингиз? Китобларда ёзилганми? Ундай бўлса ўша китобларда ҳадиси шарифлар ҳам ёзилган. Китобда тарихда Умавийлар деб аталувчи халқ яшагани ҳақида ёзилганларга ишонасизу ҳадисларга нимага ишонмайсиз? Бу зиддиятни қандай изоҳлайсиз?

Қуръонда бошидан охиригача “Расулимга бош эгиб, итоат қилинглар, Унга бўйсунинглар” деб буюрилган. Расулуллоҳнинг айтганларига бўйсуниш агар унга сиғиниш бўладиган бўлса, нимага унда Аллоҳу таоло “Расулимга итоат қилган одам менга итоат қилган бўлади” деб марҳамат қилди. Тавба! (Астағфируллоҳ) Шунда “Мен билан бирга Расулимга ҳам сиғининглар” деб буюрганими бу?

Пайғамбарсиз ҳам дин бўладими? Пайғамбарни бекордан бекорга юборган деб ўйлайсизми? Тавба! Ҳошо (Астағфируллоҳ) ундай бўлса Аллоҳу таоло умуман ҳеч бир умматга пайғамбар юбормасди, фақат китоб тушириб “Олинглар, ўқинглар шунга амал қилинглар” дерди. Лекин аксига ҳар бир асрда пайғамбарлар юборилди. 124 мингдан ортиқ пайғамбар юборилгани ҳақида ривоятлар бор. (Астағфируллоҳ) Сизнинг мантиғингиз бўйича шунча элчи бекордан бекор юборилдими? “Далил Фақат Қуръон” деб суннатларни инкор қилган одам дин душманидир. Эҳтиёт бўлинг!